muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 13 июнь 2017 00:00

Ёш Қуръон ҳофизи

Бангладешлик Муҳаммад Халил Раҳмон Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳридаги араб тили она тили бўлмаганлар учун мўлжалланган “ал-Ҳади” номли Қуръон академиясида таҳсил олади. Академия директори Муҳаммад Шафи Абдулҳакимнинг айтишича, бу болакай уч йил олдин ўқишга келган бўлиб, у Қуръони карим оятларини хотирасида тез сақлаб қолиши билан бошқа болалардан  ажралиб турган.

“Ўқитувчиси у Қуръонни пора, оят рақамлари ҳатто, китоб бетидаги рақамлари бўйича ҳам ёддан ўқиётганини айтган”, деди Абдулҳаким.

Бу бола ўтган йили энг ёш ҳофизи Қуръон мақомини олган эди. Бундан ташқари қисқа вақт ичида бу ёш ҳофиз 500 та ҳадисни ҳужжатлари билан ёдлаб олган.  

М.Зуфарова тайёрлади.

Вівторок, 13 июнь 2017 00:00

Рўзадорлар (шеър)

Келинг эй рўзадорлар, бирга ифтор этайлик, 
Беҳуда сўзни ташлаб ширин гуфтор этайлик. 

Ўлтириб дастурхон атрофида ёронлар, 
Шукрони неъмат айлаб, қуллик изҳор этайлик. 

Саҳар туриб Худога тавба тазарруъ айлаб, 
Нури имонимизни соф, беғубор этайлик. 

Рўзани амр этибдур Исломга Ҳақ таоло, 
Адо этиб бу фарзни талаб дийдор этайлик. 

Сабр ила бу кечирган очлик ва ташналикдан, 
Ибрат олиб муҳтожлар кўнглин шуккор этайлик. 

Моҳи шариф келганда журму-хатодин ўзни, 
Сақлаб қилиб ибодат, таввоб саййор этайлик. 

Рўза билан баробар нафс йўлини беркитиб, 
Гуноҳ лойига ботмай элни ҳушёр этайлик. 

Рўзани ажрини хос Тангри Ўзи берармиш, 
Дамни ғанимат айлаб, тоатни ёр этайлик. 

Бир кечани бу ойда пинҳон этибдур Субҳон, 
Истаб ани ёронлар ўзни бедор этайлик. 

Фазилати бу кечани қадри минг ойга тенгдир, 
Муборак хислатини хўп эътибор этайлик. 

Аллоҳнинг изни бирла фаришталар тушарлар, 
Алар билан баробар тасбеҳ такрор этайлик, 
Ҳушнудни ҳам қаторда соҳиб асрор этайлик. 

Зарифа Маҳкам қизи оққа кўчирди. 

 

Вівторок, 13 июнь 2017 00:00

Хайриялар давом этмоқда

Ойларнинг султони бўлган муборак Рамазон ойи мўминлар учун меҳр- оқибат ва саховат ойи бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу ойда бошқа ойларга нисбатан хайру саховатда ортиқ бўлар эдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойида шамолдан ҳам сахийроқ бўлиб кетар эдилар. Бу ойда меҳрга муҳтож ва боқувчисини йуқотган оилалар холидан хабар олиш, уларга кўмаклашиш айни динимиз кўрсатмаларидан ҳисобланади.

Аллох таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси 261-оят).

Ушбу оятда бандаларни қилаётган хайр-эҳсонлари Аллоҳ таоло томонидан савоби етти юз баробар ва ундан зиёда бўлиши хабари берилмоқда.

Муборак Рамазон ойи муносабати билан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти муҳтасиби иштирокида Риштон туманидаги 9 та масжид томонидан хайриялар амалга оширилди. Жумладан, Фарғона вилояти Риштон тумани Амирабод МФЙда яшаган марҳум Бахтиёржон Хайитов ва марҳума Гулшаной Хайитованинг вафотларидан сўнг қолган икки нафар вояга етмаган фарзандлари Ихтиёр Баракаев ҳамда синглиси Наргиза Баракаевага 3.000.000 (уч миллион) сўмлик бир бош қора мол ҳадя қилинди.  

 

ЎМИ Фарғона вилоятидаги

муҳтасиби 

М.Орипов

Бугун, 13 июнь куни Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти зиёратчиларидан иборат гуруҳлар жорий йил Рамазон ойида умра ибодатини адо этиш учун махсус ташкил этилган чартер рейсларда Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.

Муборак сафар олдидан зиёратчиларимиз учун Тошкент шаҳридаги “Новза” масжидида ифторлик ва саҳарлик дастурхони ёзилди. Нуроний отахон ва онахонларимиз дастурхон атрофида дуога қўл очиб, аввало юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб, қолаверса, бу каби шароитларни ташкил этилишига сабабчи бўлган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда шу каби эзгу ишларни давом эттираётган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳақларига дуолар қилинди.

Зиёратчиларимизни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ходимлари кузатиб қўйдилар.

Юртдошларимиз “Умра-2017” Рамазон мавсумида Мадина шаҳридаги “Мавадда Нур” меҳмонхонасида 3 кун бўлиб, бу муддатларда Пайғамбаримизнинг муборак масжидларида зиёрату ибодатларда бўладилар.

Сўнгра, умра амалини адо этиш учун Макка шаҳрига бориб, у ерда беш юлдузли, барча қулай шароитларга эга бўлган “Аброж ал-Меридиан” меҳмонхонасида 7 кун давомида истиқомат қилишлари белгиланган.

Мазкур сафар давомида зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, қўли ширин ошпазлар ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади. 

“Умра-2017” Рамазон мавсумида жами 650 нафар фуқароларимиз умра ибодатини адо этишлари режалаштирилган.  

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

 

Британия парламентияга бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, 650 депутат мандатидан 15 тасини  турли партиялардан номзодини илгари сурган мусулмонлар қўлга киритди, эътиборли жиҳати, уларнинг 8 нафари аёллардир, деб ёзади «Ал-Арабия».

2015 йилги сайловларда мусулмонлар атиги 8 ўринга бўлишган эди. 

Расмий манбаларга кўра, британия аҳолиси бугунги кунда 63 миллиондан иборат.  Шундан 3,5 миллиони, яъни мамлакат аҳолисининг  5,5 фоизи мусулмонлардир.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top