muslim.uz
Рўзанинг умумий тавсифи
Рўза қачон фарз қилинган?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан бир ярим йил ўтиб, ҳижрий иккинчи йилда Шаъбон ойида фарз қилинган.
Рўзанинг таърифи.
Рўза соғлом ва қодир кишининг ният билан субҳи содиқдан шомгача еб-ичиш, жинсий алоқа ва рўзани очувчи бошқа нарсалардан тийилишидир.
Рамазон ойида рўза тутиш Исломнинг беш асосий рукнларидан бири бўлиб, у Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган.
Рамазон рўзаси кимларга фарз?
Рамазон рўзаси фарз бўлиши учун банда мусулмон, ақлли ва балоғатга етган бўлиши керак. Ушбу тоифадагилар Рамазон ойи кириши билан рўза тутишлари ёки мазкур ойда бирон узрлари бўлса, кейин қазосини ўташлари керак бўлади.
Рамазон рўзасининг шартлари.
Янги ойни кўриб рўза тутиш ва рўза тутишни ният қилиш.
Рўзанинг вожиб бўлиш шартлари.
Рўза тутишга тўсқинлик қиладиган оғир касаллиги бўлмаслик, аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлишлари ва муқим бўлиш рўза тутишни вожиб қилади.
Рўза тутишнинг тўғри бўлиш шартлари.
Рўза тутишни ният қилиш, рўзани бузадиган амаллардан узоқ бўлиш ва аёлларнинг ҳайз ва нифосдан пок бўлишлари рўзанинг тўғри бажарилиш шартлари саналади.
Рўзанинг рукни.
Рўза тутган одам қорин ва жинсий аъзолар майлини қайтариши ва рўзани очувчи бошқа ишлардан тийилиши шарт. Шундагина у рўза тутган саналади. Акс ҳолда унинг рўзаси тўғри бўлмайди.
Рўзанинг одоблари.
Рамазон ойида ношаръий ишлардан тийилиш, асосан тилни кераксиз сўзлар, ғийбат ва туҳматдан сақалаш, кўзни номаҳрамларга қараш ва қўлни зулмдан тийиш, яхши хулқли, меҳр-шафқатли ва карамли-сахий бўлиш рўзанинг одобларидандир.
Рўзанинг фойдалари.
Рўзанинг ухровий – руҳий фойдалари.
– рўза бандада тақводорлик ҳиссини оширади;
– рўза тутган банда ўзи тўқ бўлса-да, оч-наҳор юрган бева-бечоралар ҳолини ўз танасидан ўтказади ва уларга нисбатан раҳмдил бўлади;
– рўза шаҳватларни тийишга, инсонга тартибли бўлишга ўргатади ва ҳоказо;
Рўзанинг дунёвий – тиббий фойдалари.
– рўза банданинг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатади, унинг иммунитетини оширади;
– рўза тутган банданинг баданидан кераксиз моддалар, жумладан, ёғлар, туз ва бошқа нарсалар чиқиб кетади.
– олимлар рўзанинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиб, ажойиб илмий янгиликларни эълон қилдилар. Улар ҳатто саратон касаллигига ҳам рўза орқали шифо топиш мумкинлигини исботладилар.
Рўза тутиш натижаси.
Рамазон рўзасини тутган банда бўйнидаги фарзи айнни бажарган бўлади ва охиратда Аллоҳ томонидан улуғ мукофот ва ваъда қилинган неъматларга эришади.
Рўза турлари
Рўза тўрт хил бўлади. Булар: фарз рўза, вожиб рўза, нафл рўза ва макруҳ рўза.
- Фарз рўза.
Рамазон рўзасини ўз вақтида тутиш ёки бирон сабаб билан ўша ойда тута олмаса, унинг қазосини ўташ, каффорат ва назр рўзалар фарз рўза турига киради.
Қазо рўза Рамазон ойида бирон сабаб – узр билан рўза тута олмаганлар бошқа кунларда рўза тутишларидир. Аллоҳ таоло Бақара сурасида рўза оятида бандалар ичида ким касал ёки мусофир бўлса, рўзани бошқа кунларда тутиши жоизлигини баён қилган.
Банда қуйидаги ҳолатларда каффорат рўза тутади:
- Рамазон рўзасини билиб туриб бузганда. (Масалан, банда рўзадор, рўзани шомгача давом эттиришга қодир. Аммо у ўз хоҳиши билан рўзадорлигини билиб туриб бирон нарса еса, ичса ёки хотини билан жинсий алоқа қилса, унга каффорат вожиб бўлади);
- Одам ўлдирганда;
- Зиҳор қилганда, яъни киши ўз хотинини ёки унинг бир аъзосини онасига ёки онасининг ўша аъзосига ўхшатганда.
Бу уч ҳолат учун икки ой орасини узмасдан рўза тутиш лозим бўлади.
Қасамни бузгани учун уч кун, ҳажда эҳромда бўлиб, ов қилса, ҳайвон турига қараб турли миқдорда рўза тутади.
Каффорат билан қазо рўза орасидаги фарқ шундаки, қазо рўзада банда Рамазон ойида узрли бўлиб, кейин тузалгач, бир кун ўрнига бир кун рўза тутади. Каффорат рўзада эса банда рўзани қасддан бузади ва Рамазондан кейин бир кун учун олтмиш кун пайдар-пай рўза тутади.
Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мақсадида банда ўзига-ўзи вожиб қиладиган рўза назр рўзадир. Шунингдек, банда “фалон иш содир бўлса” ёки “касалликдан тузалиб кетсам, Аллоҳ учун рўза тутаман”, деб назр қилса ва ният қилган иши амалга ошса ёки тузалиб кетса, назр қилган рўзасини тутиши фарз бўлади.
Аслида ҳар куни рўза тутиш жоиз эмас. Лекин ким умр бўйи рўза тутишни назр қилиб, кейин назрини бажаролмаса, рўза тутиш ўрнига фидя беради. Агар фидяга қодир бўлмаса, истиғфор айтади.
- Вожиб рўза.
Нафл рўза нияти билан тутилган ва соҳибининг ихтиёри билан бузилган рўзанинг қазосини тутиш вожибдир. Нафл рўза тутган одам ўз нафсига ўзи эгалик қилади, унинг ихтиёри ўзида. Лозим бўлган ҳолларда у рўзасини очиши мумкин. Лекин бунда унинг қазосини ҳам тутишни ёддан чиқармаслик керак.
- Нафл рўза.
Банда Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун тутадиган, бироқ фарз ёки вожиб бўлмаган рўза нафл рўза саналади. Қуйидаги ҳолатларда рўза тутиш нафл саналади:
– Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи ёки ўнинчи ва ўн биринчи кунлари;
– Ҳижрий ойнинг 13, 14 ва 15-кунлари;
– Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари;
– Шаввол ойида олти кун рўза тутиш;
– Ҳожилардан бошқалар учун Арафа куни рўза тутиш;
– Шаъбон ойида рўза тутиш;
– Яна ҳадиси шарифларда айтилган, номи ва вақти маълум бўлмаган, макруҳ саналмаган рўзалар нафл ҳисобланади. Масалан, Довуд алайҳис салом рўзаси энг афзал рўзалардандир. У киши кунора рўза тутардилар.
Нафл рўза тутган одам бирон узр билан ёки узрсиз бўлса ҳам рўзасини очиб юбориши мумкин. Фақат ўша очиб юборилган рўзанинг қазосини тутиб бериш вожиб бўлади.
- Макруҳ рўза.
Макруҳ рўза танзиҳий ва таҳримий макруҳ рўзаларга бўлинади. Муҳаррам ойининг тўққизинчи ёки ўн биринчи кунларини қўшмасдан, фақат ўнинчи куни рўза тутиш таҳримий макруҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишдан қайтарганлар. Яҳудийлар Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутишларидан хабар топганларида, келаси йили тўққизинчи куни ҳам тутамиз, деб ният қилганлар. Аммо у зотга бу ишни қилиш насиб этмаган. Бироқ шундай бўлса-да, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари ва ниятлари шаръий қонундир. Шунингдек, икки кун кетма-кет улаб рўза тутиш, йил бўйи рўза тутиш ҳам танзиҳий макруҳдир.
Қуйидаги ҳолатларда рўза тутиш таҳримий макруҳ саналади:
- Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари;
- Ташриқ кунлари;
- Шак кунлари;
- Эри ёнида (муқим) бўлган хотиннинг эридан рухсатсиз рўза тутиши;
- Ҳайз ва нифосли аёлнинг рўза тутиши;
- Фақат жума ва шанба кунларини хослаб рўза тутиш.
- Рўза тутса, ҳалок бўлиши ёки соғлиғига катта зарар етишини билиб туриб рўза тутиш.
Икки ҳайит ва ташриқ кунлари нафл нияти билан рўза тутган одам, рўзани бузса, унга қазо тутиш вожиб бўлмайди. Сабаби бу кунларда рўза тутиш мумкин эмас.
Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош
имом хатиби Одилхон қори Исмоилов
Экстремистик мафкурага қарши курашиш Халқаро маркази
Робот шаҳри
Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро Ислом ташкилоти (ISESCO) экстремистик мафкурага қарши курашувчи Халқаро марказ ташкил этилганини олқишлади.
Мазкур халқаро марказни Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида мамлакат подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз очиб берди.
Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO) Бош котиби Абдулазиз бин Усмон ат-Тувайжирий бу ҳақда: “Ушбу марказ турли экстремистик оқимларнинг оммавий ахборот воситалари орқали тарқатадиган бузғунчи ғояларига қарши курашувчи халқаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришда ва мазкур соҳа мутахассисларига зарур ахборотларни етказишда қулайлик яратади”, деб таъкидлади. Шу билан бирга, ISESCO мазкур марказ билан унинг экстремистик ғояларга қарши курашувида тарбиявий ва маданий дастурлар ишлаб чиқиш орқали ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёс АҲМЕДОВ тайёрлади.
Барокатли ой остонамизда
Масжидларга ибодатга келувчи юртдошларимизнинг эмин-эркин ибодат қилиши учун муносиб шарт-шароит яратиш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилади. Ҳар йил муборак Рамазон ойи яқинлашганда ўзгача тайёргарлик кўрилади. Чунки бу қутлуғ ойни ҳар доимгидан-да файзли, шукуҳли ўтказиш учун ғоят жиддий тайёргарлик кўриш талаб этилади.
Шу муносабат билан 2017 йилнинг 18 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси файзли ва барокатли ойга тайёргарлик кўриш, масжидларда ибодат қилувчи юртдошларимизга қулай шароит яратиш, ҳомийларни жалб қилган ҳолда “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, қаровчиси йўқ ёшлар, нуронийлар ҳолидан хабар олиш, ҳадялар улашиш, масжидларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, Рамазон ойининг шукуҳини ифода этувчи лавҳалар ўрнатиш, масжидларнинг жиҳозларини талаб даражасига келтириш каби зарурий масалалар бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берди.
Ҳозирги вақтда юртимиздаги барча масжидларда Рамазон ойига қизғин тайёргарлик ишлари бормоқда. Жумладан, якшанба куни масжидларда ҳашар ўтказилиб, хонақо, айвон, қўшимча хоналар озода ҳолга келтирилди ҳамда экин майдонлари ободонлаштирилди.
ЎМИ Масжидлар бўлими
Бизга аталган кунлар
Элакни яхши биламиз, унинг хизматини ҳам – кераклини кераксиздан ажратиш. Рамазон ойи инсондаги яхши ва ёмон хислатларни бир-биридан ажратадиган,
яхшиларини сузиб олиб, ёмонларига йўл бермайдиган элак мисоли.
Ундан ўтарканмиз, гуноҳ қолдирган кирлардан тозалангандек, оғирликлардан қутулгандек бўламиз. Орттирган ёмон одатларимиз биздан узоқлашади, биз эса улардан. Қудратли бир қўл элакни силтаркан, елкаларимиздаги ҳеч қачон ажралолмаймиз деб ўйлаган юклардан қутқаради.
Аммо элак кўзидан ўтмай қолган нарсаларга маҳкам ёпишганлар ҳам борки, қанча силталанмасин, улардан ажралишолмайди. Натижада кераксизлар билан бирга чиқитга улоқтирилишади, зое бўлиб кетишади. Агар кишини гуноҳу хатолардан, кибр, кин, ҳасад, бахиллик каби одатлардан Рамазон ҳам қутқаролмаса, элак кўзидан ўтмай, кераксизга чиқарилганлар орасида топади ўзини, Аллоҳ сақласин!
Келинг, Раббимиз бу муборак ойда бизга буюрган амаллар моҳиятига боқайлик.
Рамазон, энг олдин, рўза мавсуми.
Ҳеч бир ота-она боласининг оч қолишини истамайди. Улар хоҳлаган нарсаларни едиришга ҳаракат қилади. Бу – ота-онага Аллоҳ таоло ато этган марҳамат, шафқат намоёни. Шундай бўлгач, марҳаматлиларнинг марҳаматлиси бўлган Зот биз қулларини кунлар давомида ейиш-ичиш каби нафсимизга хуш келадиган нарсалардан тийиб юришга буюриши бежиз эмас. Чунки рўза фақат бизнинг яхшилигимиз, фойдамиз учун.
«Очликнинг инсонга қандай фойдалари бор?» деган савол жавобини шифокорларга қолдирайлик-да, маънавий фойдаларига тўхталайлик. Рўза билан одам очлик нима эканини билади. Ўзи бир кунгина чеккан очлик, ташналик азобини бир умр тортиб яшаган, яшаётганлар аҳволини тушунади, кўнглида шафқат, марҳамат уйғонади. Ҳеч бўлмаса дуолари билан уларга кўмак беришга шошилади. Овқат ейишга кетадиган вақтини, қувватини яна-да яхши нарсаларга сарфлайди. Хаёллари, туй¬ғулари теранлашади, бадани дам олади, руҳияти юксалади.
Рамазон – Қуръон мавсуми. Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз (с.а.в.) Жаброил (а.с.) билан юзма-юз ўтириб, ўша пайтга қадар нозил бўлган оятларни ўқиб берганлар. Вафот этадиган йилларида эса бу ҳолат икки марта такрорланган. Демак, Рамазон Қуръони карим нозил бўла бошлаган, такрор-такрор ўқилган, тингланган, ёд олинган ой. Бу муддатни Қуръоннинг фақат арабчасини эмас, балки тафсирларини ўқиб, маъноларини тушуниш мавсуми сифатида қадрлай олсак, не бахт!
Рамазон – инфоқ ойи. Закот, фидя ва фитр садақалари билан яна-да файзланган ой бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам дилига қувонч бахш этади. Муҳтожлар ўзлари орзу қилган моддий имконларга етишса, бойлар зиммаларидаги бурчни адо этиш билан хушнуд бўлишади.
Рамазон – намоз ойи. Таҳажжудлар, саҳарларда ўзгача хушуъ билан ўқилган бомдодлар, беш вақт намозни масжидларда адо этишга қилинган ҳаракатлар ва оқшомнинг таровиҳ билан файзга тўлиши... Қазо, нафл намозлари...
Рамазон – силаи раҳм ойи. Қўшни ва қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, кишилар бир-бирларининг ҳолидан ҳар дамгидан ҳам кўпроқ хабар оладиган мавсум.
Рамазон – савоби мақбул ҳажга тенг бўлган умра ойи. Каъба билан, Макка ва Мадина билан юзлашиб, дилдаги Саодат асри соғинчлари тафтини бир оз бўлса-да босиш фурсати. Тутилган рўза, қилинган барча ибодатлар муборак маконлар василаси билан яна-да барокатланадиган палла.
Рамазон – шайтонлар занжирбанд қилиниб, нафслар эзилган, руҳлар парвозга шайланган, кўнгиллар юмшаб, шафқатга тўлган – илоҳий раҳмат ёмғирлари ҳар жой, ҳар дилни обод қилган ой.
Ва яна Рамазон ичида минг ойдан хайрли экани хабари берилган кеча – Қадр бор. Яъни, бу кечани топган, қимматига муносиб тарзда кутиб, кузатган инсон бутун умрини ибодат билан ўтказганга тенг демак!
Балки бу сўнгги Рамазондир биз учун. Шундай бўлгач, сўкилганларимизни бутлайлик, синдирганларимизни таъмир этайлик, бузганларимизни тиклайлик. То қабрга киргунимизча тақиб қиладиган, у ерда ҳам бизни ҳисоби билан чарчатадиган, ўзи эса ортимиздагилар билан бирга қоладиган моддий юкларимизни маънавийларига алмаштирайлик. Фаришталарнинг бу муддат ичра тонгга қадар «Аллоҳу каримдан ҳожатини истаганлар борми? Борми Меҳрибон Зотдан саломатлик, шифо сўраган? Кечирилиш, афв этилиш тилаганлар борми?» деган нидоларига «лаббай» дея жавоб берайлик.
Бу муборак ойни шундай кутиб, шундай кузатайликки, Рамазон элагидан қалбу жисмимиз-ла тоза, соф ҳолатда ўтиш барчамизга насиб қилсин!
Зумрад Фозилжон қизи
Кўфанинг илм марказига айланиши. "Имоми Аъзам" туркум суҳбатлар (2-қисм)
Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли. Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ҳазрати Али жоме масжиди имом-хатиби
Аудиомаъруза (tas-ix)
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.