muslim.uz
Зам-зам суви музлатилди... япониялик олимлар ҳайратда!
Япониялик олимлар Зам-зам суви устида тажриба ўтказишди. Натижа шуни кўрсатдики, Зам-зам суви музлатилганда ажойиб кристалл ҳосил бўлди. Буни кўрган олимлар ҳайратдан ёқа ушлашди. Тасвир Масжидул Ҳаромнинг қуш учадиган баландликдан олинган тасвири билан бир хил эди. Қуйидаги тасвирда Зам-зам сувининг кристалл ҳолатини кўришингиз мумкин.
Юқоридаги сурат эса Масжидул Ҳаромнинг қуш учадиган баландликдан кўриниши. Ўхшайди-а, шундай эмасми?
Бундан ҳам ажойиби, олимлар Қуръони карим тиловат қилиниб турган хонага Зам-зам сувини бир муддат қўйиб қўйишди ва ушбу сувни музлатиб кўришди. Натижа қандай бўлганини қуйидаги суратда кўришингиз мумкин:
Илҳом МАЪРУПОВ
таржимаси.
Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ
Абу Ҳафс Насафий номи билан билан машҳур бўлган бобомизнинг тўлиқ исми шарифи Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий бўлган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 461-йилда Насаф шаҳрида туғилган. Фиқҳда ҳанафия мазҳабида бўлгани эътиборидан ҳанафий, Насаф шаҳрида туғилгани эътиборидан Насафий нисбалари бўлган. Насаф шаҳри олдинлари Нахшаб деб ҳам аталган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида турли ўлкаларни кезиб чиққан ва кўплаб устозлардан таълим олган.
Машҳур устозлари:
- Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий;
- Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий;
- Али ибн Ҳасан Мотуридий;
- Ҳусайн Кошғарий;
- Абул Қосим ибн Баён. Бу зотдан Бағдодда таълим олган;
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, ҳатто у зот устозларининг исми шарифлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” номли алоҳида асар ҳам таълиф этган.
Машҳур шогирдлари:
- Муҳаммад ибн Иброҳим Турбуштий;
- Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий. Бу зот Умар Насафийнинг ўғли бўлган;
- Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлий. Ва ҳакозо булардан бошқа кўплаб машҳур шогирдлар етиштирган.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий уламолардан ҳисобланади.
Асарлари:
- “Тайсир фит тафсир” (Тафсирдаги (маълумотларни) енгиллаштириш). Бу китоб уч мужаллад бўлган;
- Китобун нажаҳ фи шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби). Бу китоб “Саҳиҳу Бухорий”нинг шарҳидир;
- “Ақоидун Насафий” (Насафий ақидалари). Бу асар мотуридия таълимотидаги мўътабар матнлардан бири ҳисобланади.
- “Назму жомеис сағир фи фиқҳил ҳанафий” ( Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги – “Жомеус сағир”нинг назмий баёни);
- “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар). Бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган;
- “Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума). Бу манзума ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофиъий ва имом Моликларнинг қавллари келтирилган.
- “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”), яъни қанддек тотли маълумотлар;
- “Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар);
- “Таъдаду шуюхи Умар” (Умарнинг устозлари ададларини санаш). Бу асарда муаллиф беш юздан ортиқ устозларининг исми шарифларини жамлаган;
- “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);
- “Хосаису луғат” (Луғат хусусиятлари).
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиф этган асарларининг умумий адади ҳақида Имом Суютий Ибн Самъонийдан қуйидаги ривоятни келтирган: “Умар Насафий мўътабар имом бўлиб, турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. У зотнинг тафсир, ҳадис, ва ҳакозо йўналишларда ёзган асарлари юзга етади”.
Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳни Аллома Қосим ибн Қутлубуғо шундай таърифлаган: “У зот мазҳаб ва одоб орифи бўлган фақиҳ эдилар”.
Улуғ имом Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537-йилда Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142-йил 2-Декабрда етмиш олти ёшда Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.
Аллоҳ таоло Умар Насафий бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ
Шундай уламолар борки, уларнинг номлари айтилиши биланоқ, айтган ҳикматли сўзи ёки сўзи айтилиши биланоқ номлари жаранглайдигандек туюлади. Шу маънода Сўфи Оллоҳёр деганда авому хос барча завқ билан:
“Ақида билмаган шайтона элдир
Агар минг йил амал деб қилса елдир”
Деган байтларини ёдга олишлари деярли одатий ҳолга айланган. Ҳа, Сўфи Оллоҳёр бобомиз динимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиб, қимматли асарлари билан мотуридия таълимотининг Мовароуннаҳр ва ундан бошқа ўлкаларга кенг тарқалишига хизмат қилган зотлардан биридир.
Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тадқиқот олиб борган олимлар у зотнинг туғилган йили ҳақида аниқ бир тўхтамга келишмаган. Турли тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра, бу зот 1630-1650 йиллар оралиғида Самарқанддаги Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида туғилган. Сўфи Оллоҳёр бобомиз дастлаб ўз қишлоғида савод чиқаради сўнгра Бухородаги мадрасаларда илм таҳсилини давом эттиради.
Сўфи Оллоҳёр бобомиз кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форс тилида ҳам, туркий тилда ҳам маҳорат билан ижод этган адиблардан ҳисобланади. Асарларида баён қилинган маълумотларга кўра бу зот Шайх Ҳабибуллоҳ, Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан таълим олган. Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг илм даражаси жуда юқори бўлгани ёзган асарларидан ҳам билиниб туради.
Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг турли мавзуларга оид машҳур асарлари қуйидагилардир:
- “Маслакул муттақийн”. “Тақводорларнинг тутган йўли” маъносини англатувчи бу асар форс тилида битилган. Асарда Аҳли сунна вал жамоа ақидаси ва фиқҳий масалалар ҳанафия мазҳабига кўра баён этилган. Уламолар “Маслакул муттақийн”ни Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳнинг энг салмоқли асари сифатида эътироф этганлар. Шеърий услубда ёзилган ушбу асар юздан ортиқ мўътабар китоблар асосида таълиф этилган бўлиб, ҳажми ўн икки минг байтдан ортиқдир. Таҳқиқларга кўра бу асар милодий 1700-1701 йиллар атрофида ёзиб тугалланган. “Маслакул муттақийн”нинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа жойларга кенг ёйилган. “Маслакул муттақийн” асари ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи яримида Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли Туркистоний томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Бу китоб 2007-йилда Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акром Деҳқонлар томонидан нашрга таёрланиб чоп этилган.
- “Муродул орифийн”. “Орифлар муроди” маъносини англатувчи бу асар ҳам форс тилида таълиф этилган. Асар ўн беш фаслдан иборат бўлиб, ўттизга яқин рисолалар асосида ёзилган. Асарда тасаввуф илмига тааллуқли масалалар баён қилинган. “Муродул орифийн” асарининг кўплаб нусхалари бўлиб, қўлёзма нусхаларидан бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1716-рақам остида сақланмоқда.
- “Махзанул мутеин”. “Итоаткорлар захираси” маъносини англатувчи ушбу асар ҳам форс тилида ёзилган. Бу асар икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда ақидавий масалалар, иккинчи бўлимда фиқҳий масалалар баён қилинган.
- “Саботул ожизийн”. “Ожизлар матонати” маъносини англатувчи ушбу асар ақоид илмига бағишланган бўлиб, ўзбек тилида шеърий услубда ёзилган. Муаллиф бу асарни “Маслакул муттақийн”дан кейин ёзган. Форс тилида ёзилган “Маслакул муттақийн” асари яхши қабул қилиниб, халқ орасида машҳур бўлиб кетгач муаллифнинг яқин кишилари уни ўзбек тилига ўгириб беришини сўрашади. Бу ҳақида Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг ўзи шундай ёзган:
Ёзилди форсий тил бирла мактуб,
Ақийдату фуруъ қурби маҳбуб.
Яъни маҳбуб зотга суюкли бўлиш мажмуаси бўлган ақида ва ундан келиб чиқувчи амалий ҳукмлар авввалда форс тилида ёзилган эди.
Аниким кўрдилар туркий ёронлар,
Дедилар: “Гар дуо қилса эранлар.
Битилса турки тил бирла ақийда,
Кўнгуллар бўлса андин орамийда”.
Яъни форс тилида ёзилган мазкур китобни кўрган туркий дўстлар: “Улуғларнинг дуоларини олиб ҳаракат қилсангиз ва ақийда китобини туркий тилда ёзиб берсангиз. Туркий халқлар ҳам ундан баҳра олиб кўнгиллари таскин топса”, – дедилар. Мазкур сўровлар қаттиқ илтимослар билан бўлгани шундай баён қилинган:
Тамаллуқ қилдилар чун бир неча ёр
Қалам тортай Худо бўлсун мададкор.
Яъни бир қанча дўсларим қаттиқ туриб илтимос қилдилар ва мен уларнинг илтимосларини қабул қилиб Аллоҳдан мадад сўраб қалам тортдим.
“Саботул ожизийн” асари ўқувчилар томонидан жуда ҳам яхши қабул қилинган. Бу асарнинг ҳатто оддий халқ тилларида ёддан ўқиб юрилишининг ўзи унинг манзур бўлганига ва халқ кўнглидан жой олган муҳим асар эканига яққол далилдир. Бу асар ўтган уч юз йилдан ортиқ вақт мобайнида мактаб мадрасаларда дарслик, қўлланма сифатида ўқитиб келинган.
“Саботул ожизийн” асари Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия ва Россия давлатларида нашр этилган. Шунга кўра ушбу асарни мотуридия мазҳабининг мазкур юртларга ҳам кенг тарқалишига хизмат қилган, дейиш мумкин.
Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг вафот этган йили кўпчилик тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра 1721-йилга тўғри келади. Қабри Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир. Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳнинг кўплаб авлодлари ҳозирда ушбу қишлоқда яшайдилар.
Аллоҳ таоло Сўфи Оллоҳёр бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим
Хизр алайҳиссалом
Хизр алайҳиссалом пайғамбарми ёки валий зотми?
Хизр алайҳиссалом ҳақида гап кетар экан дастлаб у зотни кўрган кишиларнинг завқ билан қилган ривоятлари хаёлга келади. Шу билан бирга у зотнинг ҳаёт эканини қаттиқ инкор қиладиган ва у зотни ҳаёт дейдиганларни залолатга кетганликда айблайдиганларнинг иддаолари нарги ривоятлардан олинган завқларнинг мазасини тахир қилиб туради. Шу маънода ушбу масала бўйича икки тарафнинг далиллари ва улардан олинган хулосалар билан яқиндан танишиш кўплаб тушунмовчиликларга ойдинлик киритади.
Хизр сўзи луғатда “ям-яшил” маъносини англатади. Бу зотнинг Хизр деб аталишига иккита сабаб келтирилган:
- Бу зот қуриб сарғайиб қолган ўт-ўланларнинг устига ўтирганида, ўтирган жойдаги ўт-ўланлар чайқалиб ям-яшил бўлиб қолган;
- Бу зот қаерда намоз ўқиса, ён атрофлари ям-яшил бўлиб қолган.
Ушбу каромат сабабли у зот Хизр деб аталган. Уламолар Хизр алайҳиссаломнинг исми шарифи ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Хизр аслида у зотнинг улуғ номи бўлиб, исми Балё, куняси Абул Аббос бўлган”.
Хизр алайҳиссалом ҳақидаги ихтилофли қарашларни икки турга ажратиш мумкин:
- Хизр алайҳиссалом пайғамбарми ёки валий зотми?
- Хизр алайҳиссалом ҳозир тирикми ёки вафот этганми?
Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар ёки фақат валий зот экани ҳақидаги ихтилофларда у зотнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдиган уламолар кўпчиликни ташкил қиладилар. Айрим озчилик уламолар эса Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган деганлар.
Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар қуйидагича далил келтирганлар:
– “Қуръонда у зот набий ё расул деб сифатланмаган, балки банда деб сифатланган:
فَوَجَدَا عَبْدًا مِنْ عِبَادِنَا آتَيْنَاهُ رَحْمَةً مِنْ عِنْدِنَا وَعَلَّمْنَاهُ مِنْ لَدُنَّا عِلْمًا
“Бас, бандаларимиздан бир бандани (Хизрни) топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”[1].
Шунга кўра агар у зот пайғамбар бўлганида албатта бошқа пайғамбарлар сингари набий ё расуллигига далолат қиладиган бирор сифат билан зикр қилинган бўлар эди”.
Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлган деганлар эса бу далилга қуйидагича жавоб берганлар: “Аллоҳнинг бандаси деган васф юксак мақом бўлиб, бундай мақом билан Қуръонда пайғамбарлар васф қилинган. Масалан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам тунда сайр қилдирилган кеча ҳақидаги оятда ушбу юксак мақом билан васф қилинганлар:
سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур”[2].
Шунга кўра Хизр алайҳиссалом ҳам мазкур юксак мақом билан васф қилинган пайғамбар ҳисобланади”.
Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар яна қуйидаги далилни келтирганлар:
– “Пайғамбарлар қавмларига илоҳий топшириқларни етказувчи ва уларга насиҳат қилувчи бўлганлар. Нуҳ алайҳиссалом айтганларидек:
أُبَلِّغُكُمْ رِسَالَاتِ رَبِّي وَأَنْصَحُ لَكُمْ وَأَعْلَمُ مِنَ اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ
“Сизларга Роббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман”[3]
Аммо бу зотнинг бирор қавмга илоҳий амрларни етказувчи ёки насиҳат қилувчи бўлмаганлари билиттифоқдир. Шунга кўра у зот пайғамбар эмас балки валий зот бўлган”.
Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлган деган уламолар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар: “Пайғамбарлар Қуръонда расул (элчи) ва набий (хабардор қилинган) сифатлари билан зикр қилинган. Бу икки сифат ўртасида фарқ бўлиб, сизлар далил қилиб келтирган оят расул пайғамбарларнинг сифатидир. Хизр алайҳиссалом эса расул эмас балки набий пайғамбар бўлганлар. У зотнинг пайғамбар бўлганини қуйидаги далиллар қўллаб-қувватлайди:
– Валийларга пайғамбарлар эргашмайди. Балки пайғамбарларга валийлар эргашади. Шу маънода Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломдан унга эргашишни сўраган. Бу эса Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлганига далолат қилади:
قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا
“Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?”, – деди”[4].
Эътибор берилса, Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўла туриб Хизр алайҳиссаломдан таълим олган. Таълим олувчи эса муаллимга эргашувчи бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шунга кўра Мусо алайҳиссаломдек пайғамбар пайғамабар бўлмаган кишига эргашмаган. Балки ўзлари сингари пайғамбардан таълим олган;
– Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом билан бирга юрган пайтда қилган ишларини ўзича қилмаганини айтган:
وَمَا فَعَلْتُهُ عَنْ أَمْرِي
“Мен бу (ишларни) ўзимча қилганим йўқ”[5].
Яъни ушбу оятнинг зоҳири у зотнинг Мусо алайҳиссалом билан бўлган мазкур ишларни ваҳий орқали бажарганига далолат қилади. У зотга билдирилган иш илҳом билан бўлган дейиш тўғри бўлмайди. Чунки пайғамбарлардан бошқаларга берилган илҳом амал қилиш лозим бўлиб қоладиган ҳужжат бўлмайди. У зот эса билдирилган нарсага амал қилган.
Имом Мотуридий бобомиз Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар ҳисобланишига қуйидаги оятнинг тафсирида ишора қилган:
قَالَ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْرًا
“У (Хизр) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга сабр қила олмайсан”[6].
“(Мусо алайҳиссаломдек пайғамбарга Хизр алайҳиссалом) бундай гапни фақатгина ваҳий илми билангана айтиши мумкин”.
Ушбу далилларнинг хулосасига кўра Хизр алайҳиссаломни набий пайғамбар бўлган дейиш мўътабар ҳисобланади.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Хизр алайҳиссалом ҳозир ҳаётми ёки вафот этганми?
Хизр алайҳиссаломнинг ҳозир ҳаёт экани ёки вафот этгани ҳақида ихтилоф қилинган. Яъни баъзи уламолар у зотнинг ҳозир ҳаёт эканини инкор қилишган бўлса, баъзилари у зотни ҳозир ҳаёт деганлар. Шу маънода ушбу масала бўйича икки тарафнинг далиллари ва улардан олинган хулосалар билан яқиндан танишиш кўплаб тушунмовчиликларга ойдинлик киритади.
Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидагича далил келтирганлар:
– Қуръони каримда шундай хабар берилган:
وَمَا جَعَلْنَا لِبَشَرٍ مِنْ قَبْلِكَ الْخُلْدَ
“(Эй Муҳаммад!) Биз сиздан аввал бирор одамзодга мангу ҳаёт берган эмасмиз”[7].
Ушбу оят тақозосига кўра Хизр алайҳиссалом ҳам бошқа одамзодлар сингари вафот этган. Чунки Аллоҳ таоло бирор одамзодга мангу ҳаёт берган эмас.
Хизр алайҳиссаломни ҳаёт дейдиганлар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар:
– Бу оят Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига далолат қилмайди. Чунки оятда мангу ҳаёт инкор қилинган. Шунга кўра Хизр алайҳиссалом ҳозир ҳаёт бўлсаларда қиёматга яқин вафот этадилар, мангу яшамайдилар, деб тушуниш мумкин. Масалан Исо алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёга келган бўлсаларда ҳозир у зот тирик. Аммо у зот ҳам келажакда ер юзига тушганларидан сўнг вафот этадилар. Шунинг учун бу оят Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига қатъий далил ҳисобланмайди;
Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам далил қилиб келтирганлар:
عَنِ الزُّهْرِىِّ أَخْبَرَنِى سَالِمُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ وَأَبُو بَكْرِ بْنُ سُلَيْمَانَ أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ قَالَ صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ ذَاتَ لَيْلَةٍ صَلاَةَ الْعِشَاءِ فِى آخِرِ حَيَاتِهِ فَلَمَّا سَلَّمَ قَامَ فَقَالَ « أَرَأَيْتَكُمْ لَيْلَتَكُمْ هَذِهِ فَإِنَّ عَلَى رَأْسِ مِائَةِ سَنَةٍ مِنْهَا لاَ يَبْقَى مِمَّنْ هُوَ عَلَى ظَهْرِ الأَرْضِ أَحَدٌ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Менга Солим ибн Абдуллоҳ ва Абу Бакр ибн Сулаймонлар (шундай) хабар бердилар: “Абдуллоҳ ибн Умар шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирги вақтларида бир кечаси бизга хуфтон намозини ўқиб бердилар. Салом бергач турдиларда: “Ушбу кечаларингизни биласизларми? Албатта бундан юз йил ўтгандан сўнг (ҳозир) ер юзида бўлганлардан бирортаси ҳам қолмайди”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Шунга кўра Хизр алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳаёт бўлган бўлсалар, юз йил ўтган вақтда албатта вафот этган бўлишлари лозим бўлиб қолади”.
Хизр алайҳиссаломни ҳозир ҳаёт дейдиганлар бу далил ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
– “Бу хабар умумий бўлиб, ундан хослар истисно қилинган бўлиши мумкин. Масалан иблис бу хабардан истисно қилингани маълум. Шу сингари Хизр алайҳиссалом ҳам бу хабардан истисно қилинган бўлиши мумкин;
– Бу ҳадиснинг Имом Аҳмад қилган ривоятида مِنْكُمْ (сизлардан) лафзи келган. Бундан эса фақат ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга масжидда турганлар назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Хизр алайҳиссалом эса улар билан бирга бўлмаган.
– Ҳадиси шарифда “ер юзида бўлганлардан” дейилган, Хизр алайҳиссалом ўша пайтда ер юзида бўлмай, денгизларда юрган бўлиши мумкин;
Шунинг учун бу ҳадис ҳам Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига қатъий далил ҳисобланмайди”.
Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидаги мулоҳазаларини ҳам айтганлар:
Агар Хизр алайҳиссалом ҳаёт бўлганларида албатта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келган бўларди. Келганлари ҳақида эса бирорта ҳам мўътабар ривоят йўқ.
Хизр алайҳиссаломни ҳаёт дейдиганлар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар:
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир замонда яшаган Увайс Қаронийдек улуғ зотнинг ва Нажжошийдек мусулмон бўлган подшоҳнинг Пайғамбаримиз билан кўриша олмаганлари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шунга кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир даврда яшаб туриб ҳам у зот билан кўришмай қолиш мумкин бўлган ҳолат ҳисобланади. Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканига келадиган бўлсак, кўплаб мўътабар инсонларнинг у зотни кўрганлари ва гаплашганлари у зотнинг ҳаёт эканига далолат қилади. Масалан, Ибн Ҳажар Асқалоний Рабоҳ ибн Убайда раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидаги ривоятни нақл қилган: “Умар ибн Абдулазизнинг қўлига суяниб у билан бирга келаётган кишини кўрдим. Ўзимча: “Бу одам (бировга суяниб оладиган) шафқатсиз киши экан”, – дедим. Умар ибн Абдулазиз намоз ўқиб бўлгач ундан: “Эй Абу Ҳафс, боя сизнинг қўлингизга суяниб келган киши ким эди?”, – дедим. У: “Сен у кишини кўрдингми?”, – деди. Мен: “Ҳа”, – дедим. У: “Сен солиҳ киши экансан, у биродарим Хизр эди. У менга келажакда раҳбар бўлишим ва адолат қилишим ҳақида хушхабар берди”, – деди.
Хизр алайҳиссаломни ҳозир ҳаёт эмас дейдиганлар бу далилга юқорида айтилганидек: “Ушбу ривоят қабул қилинган тақдирда ҳам Хизр алайҳиссаломни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин юз йилдан кўпроқ вақт яшаб қолганига далил бўла олмайди. Чунки Умар ибн Абдулазиз у зотни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган юз йил ўтишидан олдин кўрган”, – деганлар.
Баъзи уламолар мазкур қарашларнинг ўртасини қуйидагича мувофиқлаштирганлар: “Хизр алайҳиссалом вафот этган бўлиши ва Аллоҳ таоло у зотнинг руҳини баъзи солиҳ кишиларга турли қиёфаларда кўринадиган қилган бўлиши мумкин. Чунки у зотнинг баъзида ёш, баъзида кекса бўлиб кўринишлари, ҳеч нарса еб-ичмасликлари ҳамда у зотни бирор маконга киришдан тўсиқлар тўса олмаслиги шунга далолат қилади”.
Шунга кўра Хизр алайҳиссаломнинг баъзи солиҳ инсонларга кўриниши мумкинлиги мўътабар қавл ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки Хизр алайҳиссаломнинг ҳозир ҳаёт ёки вафот этгани ҳақидаги масала билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайдиган, билмаслик айб бўлмайдиган эътиқодий масала ҳисобланади. Чунки мазкур масала ҳақидаги далиллар қатъий эътиқодни ифодалай олмайди. Шунинг учун бундай масалаларда тортишишдан сақланиш лозим бўлади.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим
[1] Каҳф сураси, 65-оят.
[2] Исро сураси, 1-оят.
[3] Аъроф сураси, 62-оят.
[4] Каҳф сураси, 66-оят.
[5] Каҳф сураси, 82-оят.
[6] Каҳф сураси, 67-оят.
[7] Анбиё сураси, 34-оят.
Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббатли зотлар...
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.