muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 23 июнь 2016 00:00

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон давлатлари ўртасида 2001 йил 15 июнда ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот ҳисобланади. Унинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳафаза қилиш ва бошқа соҳалардаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Бундан ташқари, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши биргаликда курашиш ҳам ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради.

Ўзбекистон 2001 йил июнь ойида ШҲТга аъзо бўлди ва унинг муассиси ҳамда тенг ҳуқуқли қатнашчисига айланди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тартиб-қоидаларига биноан, ҳар йили аъзо мамлакатлардан бири унга раис бўлади. Ўзбекистон раислиги даврида эришилган ютуқлардан бири – БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил 18 декабрда консенсус асосида ШҲТ ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги махсус резолюциянинг қабул қилинишидир. Шуниси эътиборга моликки, ушбу резолюцияга ШҲТга аъзо давлатлар – Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон ва Тожикистондан ташқари Покистон ва Доминикан Республикаси ҳам ҳаммуаллифлик қилди.

Ҳар қандай халқаро ташкилотнинг нуфузи ва аҳамияти унга дунёда берилаётган эътибор ва фаолиятининг самарадорлиги билан белгиланади. ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди. Таъкидлаш жоизки, кузатувчи мамлакатлар билан қўшиб ҳисоблаганда, ШҲТ дунё аҳолисининг ярмини бирлаштиради. Бу эса унинг асосий фаолият йўналишлари – иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги салоҳиятини оширади. Ана шу икки устувор йўналишга алоҳида урғу берилади. Зеро, хавфсизлик орқали ҳамкорликни ривожлантириш, умумий тараққиётга эришиш ташкилотнинг асосий мақсадидир. Евроосиё ҳудудининг 61 фоизини, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисмини ташкил қилган мамлакатлар иштирокидаги Янги ташкилот қабул қилган биринчи ҳужжат “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини тузиш тўғрисидаги Декларация”, “Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенция бўлди.

Орадан 1 йил ўтиб Санкт-Петербургда бўлиб ўтган саммитда ташкилотнинг тузилмаларини шакллантириш бошланди. 2003 йилда эса ШҲТ Котибияти (қароргоҳи Пекинда) ва Минтақавий Аксилтеррор тузилмаси (қароргоҳи Тошкентда) ташкил этилди.

2004 йил 1 январидан бошлаб амалий механизми, маъмурияти ва бюджетига асос солинган ШҲТ тўлақонли халқаро ташкилот сифатида тан олинди. Ташкилотнинг фаолият кўламини кенгайтириш мақсадида 2005-2006 йилларда ШҲТнинг Банклараро бирлашмаси, Ишбилармонлар кенгаши ва Форуми ташкил қилинди.

ШҲТ тузилганидан кейин кўплаб давлатлар унинг сафидан жой олиш истагини билдирди. Бугунги кунда жаҳонда нуфузи ортиб бораётган ШҲТга 6 та – Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой аъзо. Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон кузатувчи мақомига эга. Беларусь ва Шри-Ланкага Мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилган. ШҲТ саммитларида МДҲ, АСЕАН ва Афғонистон раҳбарларининг таклиф этилиши ташкилотнинг истиқболидан дарак беради.

Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТ ҳарбий ташкилот эмас. Бу ташкилот асосан аъзо давлатларнинг ҳавфсизлигини таъминлашга масъулдир. ШҲТнинг ўз олдига қўйган вазифалар барқарор тараққиёт ва фаровон истиқбол учун ҳамкорликда фаолият юритишдан иборатдир. Сўнгги вақтларда жаҳонда нуфузи ортиб бораётган ташкилот ўз олдига урушлар ва ҳарбий-сиёсий тўқнашувлар хавфини даф этиб, тинчлик, фаровон ҳаётга эришишдек улуғ мақсадни қўйган. Қароргоҳи Тошкентда бўлган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ўз меваларини бермоқда. Шу давр мобайнида МАТТ томонидан мингдан ортиқ террор ҳодисаларининг олди олинди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг махсус хизматлари томонидан эса террорчи ташкилотларнинг раҳбарлари қўлга олинди ва йўқ қилинди. ШҲТ доирасида маданий ва гуманитар соҳаларда алоқалар ривожланиб бормоқда. 2002 йилда Пекинда маданият вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Аъзо мамлакатларда маданият кунларини ўтказиш борасидаги таклифлар қўллаб-қувватланди. Ўтган давр ичида бир неча тадбирлар ўтказилди. Мамлакатлар ўртасида талабалар ва ўқитувчи-профессорлар алмашувлари йўлга қўйилган. Санъат соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда.

ШҲТ давлатлари ўзаро муносабатларда «Шанхай руҳи»га амал қилади. Бу ибора қарорларни консенсус асосида қабул қилиш, ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенглик, маслаҳатлашув, маданий хилма-хилликка ҳурмат билан ёндашув, биргаликда тараққий этишга интилиш тамойилларига қатъий амал қилиш демакдир.

Ўтган йилнинг 9–10 июль куни Уфада ташкилотнинг навбатдаги саммитида ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтди.

Шу кунларда пойтахтимизда Президентимиз Ислом Каримов раислигида ШҲТ аъзо давлатлари раҳбарлари кенгашининг 15 йиллигига бағишланган юбилей мажлиси бўлиб ўтмоқда.

ШҲТнинг Тошкент саммитида кун тартибига қуйидаги масалалар қўйилади:
 • Давлат раҳбарлари кун тартибига мувофиқ ШҲТ доирасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қиладилар, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

  • Давлат раҳбарлари учрашув сўнгида асосий ҳужжат – ШҲТ 15 йиллигининг Тошкент декларациясини имзолайдилар.  Мазкур ҳужжатда ташкилотнинг ўтган 15 йилллик фаолиятини баҳолаш,  аъзо давлатларнинг ШҲТ ривожланиши истиқболларига доир бир-бирига мужассам ёндашувлар, шунингдек,  ҳозирги халқаро ва минтақавий вазиятга нисбатан давлатларнинг позициялари акс эттирилади.
  • Давлат раҳбарлари ШҲТнинг 2015 йилгача тараққиёт стратегиясини амалга татбиқ этиш бўйича 2016-2020 йиллар оралиғида мўлжалланган тадбирлар режасини тасдиқлайди.
Четвер, 23 июнь 2016 14:46

ШҲТ анжумани бошланди

Пойтахтимизда шу йилнинг 23–24 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 15 йиллигига бағишланган юбилей мажлиси бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан тадбирда иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган ШҲТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек, чет эл оммавий ахборот воситаларининг қарийб минг нафар вакил азим шаҳримизнинг диққатга сазовор, қадимий масканлари билан танишмоқдалар. Хусусан, Хитой, Россия ва Ҳиндистондан бир гуруҳ журналистлар “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари кутиб олишди. 

 Ташриф буюрган меҳмонларга мустақилликка эришилгандан сўнг мамлакатимизда миллий ва диний қадриятларни қайта тиклашга қаратилаётган эътибор ҳамда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзланди. Жумладан, Юртбошимиз ташаббуслари билан “Ҳазрати Имом” мажмуасининг барпо этилиши, унда бунёд этилган янги бинолар ҳамда таъмирланган қадимий меъморчилик ёдгорликлари ҳақида маълумотлар берилди.

Бундай улкан мажмуа бугун Ўзбекистонда чирой очган ана шундай юзлаб зиёратгоҳлардан бири экани таъкидланди.

Бундай улкан мажмуада олиб борилган меъморий ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, меҳмонлар диний идора кутубхонасида сақланаётган “Ҳазрат Усмон Мусҳафи” ва “Мўйи Муборак” мадрасаси тарихи ҳақида ҳам батафсил маълумот олишди.

Шундан сўнг, меҳмонлар “Бароқхон” мадрасасида жойлашган ҳунармандлар расталари билан танишиб, ўзбекистонлик қўли гул усталарнинг ҳунармандчилик санъати намуналарини томоша қилдилар.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top