muslim.uz
"Қуръон Мусобақаси – 2018"
Қуръонни Қуръон билан тафсирлаш усули
Ҳанафий мазҳабининг таниқли олимларидан бири муфассир Абу Бакр Розий ал-Жассоснинг (917–980) “Аҳком ал-Қуръон” асарида тафсир қилиш усулининг бир неча турларидан фойдаланганини кўрамиз. Шуни таъкидлаш лозимки, аллома ва муфассир Абу Бакр Розий ва унинг илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга собиқ шўролар даврида эътибор берилмаган. Бугунги кунда бу алломанинг ҳаёти ва илмий меросига нафақат юртимиз олимлари, балки мусулмон оламининг кўпгина илмий марказлари ва европолик тадқиқотчилар ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда.
Абу Бакр Розий ал-Жассос таниқли аллома ва муфассир эканини “Аҳком ал-Қуръон” (Қуръон ҳукмлари) тафсирида қўлланган бир қанча тафсир усуллардан ҳам билиб олишимиз мумкин. Абу Бакр Розий ал-Жассоснинг ҳаёти ва илмий фаолияти сиёсий ва ижтимоий муносабатлар кескин тус олган бир даврга тўғри келгани боис турли оқим ва мактабларга муносабат билдириши тасодиф эмаслигини инобатга олиш даркор. Шу боис аллома Жассоснинг фиқҳий масалалар юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ва қарашларини тафсир илми орқали беришга ҳаракат қилиши бугунги кунга қадар ислом дини тарихи ва манбашунослиги тадқиқотчилари диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. Маълумки, Қуръони каримда муайян масала ёки ҳодиса муносабати билан бирон ўринда қисқача изоҳ берилса, бошқа бир ўринда унга кенгроқ ва батафсил тўхталинган ёки бир оятда келган ҳукмни бошқа оятда насх қилинишини учратамиз. Бундай ҳолатлар Қуръони каримда кўп учрайди. Шунинг учун Қуръони каримни тафсир қилаётган муфассир, биринчи навбатда Қуръонни пухта билиши ҳамда бир мавзудаги оятларни тўплаб, уларни бир-бирига солиштириб кўриши ва шу оятлар мазмун-моҳиятини тушунишда мужмалликка йўл қўймаслиги лозим. Агар шундай йўл тутилса, Аллоҳнинг оятда кўзда тутган мақсадини У зотнинг ўзидан келган ҳукм воситасида тушунган бўлади ва бундай тафсир усулини Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш деб аталади. Ҳар бир муфассир бундай тафсир усулидан фойдаланмасдан тўғридан-тўғри бошқа тафсир усулига ўтиб кетишга ҳаққи йўқ, чунки илоҳий сўз эгаси ўз сўзининг маъносини ўз бандаларидан яхшироқ билади.
Тарихий ва илмий манбаларга мурожаат қилинса, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулини энг биринчи Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари қўллаганлар. Бутун башариятни тўғри йўлга бошлашга юборилган Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига нозил бўлган оятларни тушуна олмаган саҳобаларига бошқа оятлар билан шарҳлаб берар эдилар. Масалан, “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк) ни аралаштирмаганлар...” (Анъом сураси 82-оят) ояти нозил бўлганда, саҳобалар қайси биримиз зулм қилмаган, деб маҳзун бўлишди. Шунда Расулуллоҳ мазкур ояти каримада келтирилган зулм сўзи улар ўйлаган зулм эмаслигини, балки ширк маъносида қўлланганини билдирганларидан кейин бу оятни янада кенгроқ тушунишга ёрдам бериш учун, “Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк улкан зулмдир" оятини ўқидилар.
Муфассир Абу Бакр Розий Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишга алоҳида эътибор қаратиб, бир-бирига ўхшаш оятларни жамлаб, бир-бирига солиштиришга ҳаракат қилган: фиқҳ ва ҳукмга оид оятларда ҳам ёки бошқа бир маънога алоқадор барча оятларни шарҳлашда шундай тафсир усулидан кенгроқ фойдаланишган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Абу Бакр Розийнинг Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулини икки қисмга ажратиш мумкин бўлади:
- Бирон оятда келган сўз ёки жумланинг луғавий маъносига Қуръоннинг оятидан ҳужжат-далил келтириш;
- “Мавзуий тафсир”, яъни тафсир қилинаётган оят мавзусига алоқадор яна бошқа оятларни келтириш.
Бундан ташқари, муфассир аллома тафсир қилаётган бирон оятдаги лафзнинг луғавий маъносини тушунтириш ва унга изоҳ беришда Қуръон каримнинг ўзидан ҳужжат-далил келтириши “Аҳком ул-Қуръон” тафсирида кўп ўринларда учраб туради. Масалан, Бақара сурасининг 234-оятини шарҳлашда ундаги “ятараббасна” (يتربصن) лафзининг маъноси “бир нарсани кутиш” эканини келтириб, ҳудди шу лафз шу маънода ишлатилганини Мўминун сурасининг 30-ояти, Тавба сурасининг 98-ояти ва Тур сурасининг 30-оятларини далил сифатида келтириб ўтади[8]. Шунингдек, Бақара сурасининг 236-оятидаги “ёки” маъносини англатувчи “ав” (أو) зидловчи юкламаси баъзи оятларда “ва” маъносини ҳам англатиб келишини билдириб, унга Инсон сурасининг 24-ояти, Нисо сурасининг 43-ояти, Соффот сурасининг147-ояти ҳамда Анъом сурасининг 146-оятини далил қилиб кўрсатади ва бу оятларда ҳам ўша лафз “ёки” эмас, балки “ва” маъносида келганини тушунтиради.
Муфассир Абу Бакр Розий Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишда кўп ўринларда мавзуий тафсир усулидан фойдаланади, яъни тафсир қилинаётган оят мавзусидаги яна бошқа оятларни келтириш билан кифояланади. Шу боисдан бир мавзу ёки атамага оид оятларни келтириш ўша мавзу ёки атамани тўлиқроқ ва яхшироқ тушунишга омил вазифасини бажаради.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муфассир шарҳ бераётган бирон оятга айни шу оятдан олинадиган ҳукмлардан келиб чиққан ҳолда сарлавҳа қўйилганини ҳам учратамиз. Масалан, “Хавф намози боби”, “Илмни яширишдан қайтарилганлик боби”, “Ота-онага яхшилик боби”, “Пайғамбарга итоат этиш лозимлиги боби”, “Садақани миннат қилиш боби” ва бошқалар. Агар сарлавҳа қўйилган оятга ўхшаш бошқа оятлар мавжуд бўлса, уларни ҳам шу ўринда келтириб, қисқача ва мухтасар ҳолда шарҳлаб ўтилган. Масалан, Бақара сурасининг 159-оятида “Илмни яширишдан қайтарилганлик” номи остида алоҳида сарлавҳа берилиб, унда илмни яширишга доир оятлар – Бақара сурасининг 174-ояти ва Оли Имрон сурасининг 187-оятлари келтирилган. Шунингдек, қасосга оид оятнинг шарҳида “Қасддан ўлдирилган кишининг валийсига вожиб бўладиган нарсалар” номли сарлавҳа очилиб, унда қасосга тааллуқли барча оятлар – Бақара сурасининг 178-ояти ва 194-ояти, Моида сурасининг 45-ояти, Исро сурасининг 33-ояти ва Наҳл сурасининг 126-ояти келтирилган. Бундай мисоллар “Аҳком ул-Қуръон” тафсирида кўплаб келтирилганини учратиш мумкин.
Шунга қарамасдан, муфассир Абу Бакр Розий ўз тафсирида бундай йўл тутмасдан, яъни сарлавҳа қўймасдан тафсир қилган мавзулар ҳам учрайди. Тафсир билан танишиш давомида бундай ҳолатларни осонлик билан аниқлаб, уларнинг мавзусига қараб сарлавҳа қўйиш мушкуллик туғдирмайди.
Масалан, Нисо сурасининг 28-ояти шарҳида алоҳида сарлавҳа қўйилганини кўрмасак ҳам, аммо шу оят мазмуни ва уни шарҳлаш давомида келтирилган оятлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда унга “Динда қийинчилик ва машаққатнинг йўқлиги” деб сарлавҳа қўйиш мумкин. Зеро, оят шарҳида берилган оятлар – Аъроф сурасининг 157-ояти, Бақара сурасининг 185-ояти ва Оли Имрон сурасининг 28-оятларининг барчаси айнан шу мавзуга оид эканини билиш қийин эмас. Худди шу суранинг 5-ояти шарҳида ҳам худди шундай ҳолат кўзга ташланади. Бу оят тафсирида ҳам алоҳида сарлавҳа қўйилмаган бўлса ҳам, аммо оят мазмуни ва унинг шарҳида келтирилган оятлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда унга “Мол-мулкни сақлашга буюрилганлик ва уни зоеъ қилишдан қайтарилганлик” деб сарлавҳа қўйилса хато бўлмайди. Чунки мазкур оят шарҳида берилган оятлар – Исро сурасининг 26, 27 ва 29-оятлари, Фурқон сурасининг 67-ояти ва Оли Имрон сурасининг 159-оятлари ҳам айнан шу мавзуга алоқадор бўлгани учун шундай хулоса чиқаришга имкон беради.
Умуман олганда, муфассир ўз асарида Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишга алоҳида эътибор қаратиб, Қуръондаги бир-бирига ўхшаш оятларни бир ўринда жамлашдан ташқари хоҳ фиқҳий ҳукмларга оид оятлар бўлсин, хоҳ умумий тафсирга оид оятлар бўлсин, уларни бир-бирига солиштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аксар тадқиқотчилар машҳур муфассирлардан бири Ибн Касирни Қуръонни Қуръон билан тафсир қилган муфассир деб ҳисоблаши кўпчиликка маълум[17]. Бу фикрни қўллаб-қувватлаган ҳолда аллома Абу Бакр Розийнинг Қуръон билан Қуръони тафсирлаш усулидан фойдаланишда муфассир Ибн Касирдан қолишмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Агар Абу Бакр Розийнинг Ибн Касирдан тўрт аср олдин яшаб ўтганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, Абу Бакр Розий Қуръони каримни тафсир қилишда бу усулни қўллаган илк муфассирлардан бири деган хулосага келиш ўринли бўлади.
Бурҳониддин АҲМЕДОВ,
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари
Ота-она ризолигини топиш ҳақида сўз борганида, фарзандларнинг мажбурияти, масъулияти ҳақида кўп гапирилади. Бу табиий ҳолат. Бироқ масаланинг биринчи томонида турган ота-оналарнинг улар олдидаги мажбуриятлари ҳақида чуқур ва пухта билиб олинса, бу энг биринчи бажарилиши лозим бўлган вазифа эканини ёдда тутилса, айни муддао бўлади.
Зеро ота-она ўзларининг бу вазифаларини яхши билиб, ўз вақтида бажариб борадиган бўлсалар, умрларининг кўп қисмини аҳамиятсиз нарсаларга эмас, балки дунё-ю охиратларига фойдаси тегадиган хайрли амаллар билан ўтказишга мушарраф бўладилар.
Ҳар бир ота-она фарзандини яхши тарбия кўришини, одобли-ахлоқли бўлишини ва энг муҳими итоатгўй бўлиб етишишини хоҳлайди. Айрим оилаларда етишган ўғил ёки қиз боланинг хатти-ҳаракатига, муомала-ю муносабатига атрофдагиларнинг ҳаваси келади. Кўнгилни овловчи ширин сўз ёки беминнат чиройли хизмати туфайли нафақат ота-онасининг, балки бошқаларнинг ҳам “отасига балли”, “онасига балли” деган дуои хайрларини олишга муяссар бўладилар. Бундай фарзандларни ҳам оиласи учун ҳам жамият учун энг кўп нафи тегадиган инсон бўлиб етишларига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Лекин ҳамма оилада ҳам аҳвол бир хил деб бўлмайди. Бола ҳали дунёга келмасдан бошланадиган тарбия жараёнига ҳаммамиз ҳам ўзимизни тайёрмиз деб айта олмаймиз. Баъзи ота-оналаримиз тарбия масаласининг нақадар жиддий ва ўта нозик эканини ўз вақтида тушуниб етмайдилар. Шунинг учун ҳам “тарбияли фарзанд” тушунчаси улар учун фақат орзу-ҳавас, айримлари учун армондан бошқа нарса бўлмай қолади. Чунки тарбия масаласига жиддий эътибор бермаслик ёки бу ишни энг бошидан бошлаб нотўғри олиб борилиши кўзланган натижани бермай қўяди.
Кишилик жамиятининг асосий аъзолари бўлган ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим маълум тартиб-қоидалар, нормалар асосида тартибга солиниб келинган. Динимиз ота-она бўлишлик билан фарзанд устидан чексиз ҳақ ва ҳуқуқларга эга бўлиш мумкин деган бир тарафлама хулосага бормасликка чақиради. Айниқса, уларга нисбатан ҳаддан ортиқ босим ўтказиш, қаттиқ назортга олиш фойда ўрнига зарар бериши аниқ. Ёки ҳадан ортиқ эркалатиб бошига қўндириб олиш, катта бўляпти ақли киради, деб болани ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам тарбияни олиб борилишида ижобий натижаларни бермайди. Шунинг учун ота-оналар фарзандли бўлишлари билан бирга уларнинг зиммаларига бир қатор жиддий масъулиятлар юкланишини унутмасликлари лозим. Чунки айнан мана шу вазифаларнинг бажарилиши билан “ақлли бола”, “тарбия кўрган бола” тушунчаларини реал ҳаётдаги ижросини таъминлашга секин-секин замин яратиб борилади.
Ота-оналарнинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби фарзандларнинг ҳам уларнинг устидан бир қанча ҳақлари мавжуд. Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган жуда ҳам чиройли мақол бор. Баъзан давраларда, суҳбатларда фарзандларидан шикоят қилаётган ёки норози бўлиб гапираётган айрим ота-оналарни кўриб қоламиз. Бир қарашда ҳасратларида жон бордек кўринади. Бола бўлганидан кейин ота-онани рози қилиши керак деймиз. Лекин масалага бироз чуқурроқ назар ташлаганимизда биз ўзимиз фарзандларимизни ақли ҳали кирмаган ёшлик чоғидан бошлаб, қўлидан иш келадиган вақтигача қанчалик уларнинг тарбиялари билан ҳақиқий шуғулландик? Тўғри едириш, ичириш, кийинтиришни жуда ҳам зўр бўлмаса-да, бировдан кам қилмаган ҳолда ўрнига қуйгандирмиз. Лекин тарбия дегани фақат едириш-ичириш дегани эмас-ку. Тарбия дегани улар сўраган пайтида аччиқланиб, бақириб жавоб бериш ҳам эмас.
Одоб китобларимиздан шу нарса маълум бўлмоқдаки, фарзанд тарбиясини бошлашдан олдин ота-оналар маълум талабларга аввал ўзлари қатъи амал қилишлари лозим экан. Боладан бир нарсани талаб қилишдан олдин, аввал унга шу нарса берган бўлиши керак. Айрим ота-оналар фарзандлари уларни ойлаб, ҳатто, йиллаб ҳолларидан хабар олмаётганидан, меҳрининг йўқлигидан нолаётганини кўрамиз. Ақли кирмаган, нима деса хўп дейдиган, меҳрга зор бўлган вақтида қанча меҳр берган эди? Агар ҳар биримиз фарзандларимиз олдидаги вазифаларимизга иккинчи ёки учинчи масала сифатида эмас, балки энг биринчи бурчларимиздан деб қарайдиган бўлсак, бундан фақат ва фақат ўзимиз фойда кўрган бўламиз. Айрим оилаларда бола тарбияси умуман кун тартибидан ўрин олмаган, вақти келганда шуғулланиб, қолган пайтларда ўз ҳолига ташлаб қўйилади.
Гап шундаки, ота фарзанди олдидаги вазифа ва мажбуриятлари ижросига қатъи риоя қилиб, уларни ўз вақтида бажарадиган бўлса, фарзандининг тарбиясини ўз назоратига олиб, уни ўзига итоат этишига катта ёрдам берган бўлади.
Оиладаги ота-она томонидан илк тарбия ўз вақтида, тўғри берилса, бу албатта, ижобий натижасини беради. Тарбия кўрган бола ҳеч қачон ота-онасига қарши бормайди. Агар акси бўладиган бўлса, ўз фарзандларидан фақат салбий, зарарли муносбаталарни кўрган ота-оналар уларга қарши дуоибад қилишгача ҳам бориб қоладилар. Бир куни Ибни Муборак розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам боласидан шикоят қилиб келади. Шунда Ибни Муборак у одамдан: “Сен болангни бирор марта дуоибад қилганмисан?” деб сўрайди. Келган одам: “Ҳа”, деб жавоб бериши билан: “Болангни тарбиясини сен бузган экансан”, – деб танбеҳ беради.
Имом Ғаззолий ҳазратлари “Иҳёу улумиддин” асарида шу мавзуга оид бир қатор ҳадиси шариф ва ривоятларни нақл қилади.
Бир саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай сўради:
– Ё Расулуллоҳ, кимларга яхшилик қилайин? Аллоҳнинг Расули:
– Онангга ва отангга, – дедилар. Саҳоба:
– Онам ва отам йўқ, деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Фарзандларингга яхшилик қилгин. Ота-онанинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-оналари устида ҳақлари бор, – деб буюрдилар.
Ҳеч ким ташқаридан келиб фарзандалримизни тарбиялаб бермайди, оиламизда таълим-тарбия ишларини тартибга солиб бермайди. Бу ишларни ҳар биримиз, ўзимизнинг ақлу идрокимиз билан бажарамиз. Бу жараён ота-боболаримиздан таълим-тарбия йўли орқали наслдан наслга ўтиб келаётган одоб-ахлоқнинг энг нодир гавҳарлари ҳисобланади. Лекин бугунги тезкор, воқеалар шиддат билан ўзгариб бораётган 21 асрда бу анъаналарни аслидан узоқлаштирмасдан сақлаб қолиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлишлигини ҳар доим ёдда тутишимиз зарур. Бугунги ҳаёт синовлари ўз оиласини муқаддас билган ҳар бир одамдан ҳар қачонгидан ҳам кўра ҳушёрроқ, зийракроқ ва донороқ бўлишни талаб этмоқда. Чунки илм-фан, техниканинг бундай тараққиёти ўз-ўзидан қўлга киритилаётгани йўқ. Ҳар бир эришилган тараққиёт маълум йўқотишлар эвазига қўлга киритилиши илмий исботланган ҳақиқат эканини эсимиздан чиқармаслигимиз шарт. Қолаверса, бугун дунёда кечаётган беқарор сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолатлар ҳар бир миллат учун ўз келажагига бефарқ бўлмасликни қатъи талаб этмоқда.
“Бугун ХХ асрдаги каби глобал бошқарув тизими мавжуд эмас. Муносабатлар жадвали ноаниқ. Биз на кўп қутбли ва на бир қутбли дунёда яшаяпмиз, бошбошдоқликлар тобора авж олмоқда. Олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган вазият тобора кучлироқ роль ўйнамоқда”, – дейди БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари А. Гутерреш вазиятни яққол тасвирлар экан.
Ташкилотнинг маълум қилишича, айрим давлатлардаги болалар ота-оналар ёки бошқа ёши катта яқин ҳамроҳларсиз хорижга чиқиб кетишмоқда. 2015 йилда 100 минг ёлғиз бола 78 мамлакатдан бошпана сўради. Бу 2014 йилдаги кўрсаткичдан уч баробар кўпдир. Улуғлар ҳимоясидан мосуво бундай болалар одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг енгил ўлжасига айланиб қолишяпти.
Ўзбекистондаги маҳалла, оила институтларининг ролини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар замирида одамлар орасидаги меҳр-оқибатни ошириш, оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оилавий можаролар, келишмовчиликлар, оилалар бузилиши сингари муаммоларни олдини олиш, жамиятда фаровонликни таъминлаш каби эзгу мақсадлар асосий эътиборга олинган.
Оила бузилдими фарзандлар ҳаёти, уларнинг ҳали ота-она меҳрига тўймаган қалблари биринчи бўлиб шикастланади, ўзи хоҳламай туриб тирик етим деган номни ўзига олишга, шу номни бир умр кўтариб юришга мажбур бўлади. Оила бузилиши билан боғлиқ барча муаммолар, албатта, боланинг тарбиясига, одобига қайсидир маънода таъсирини ўтказмай қўймайди. Агар статистик маълумотларга назар ташланса биздаги аҳволнинг ҳам қувонарли эмаслигини кўриш мумкин. Бу маълумотлар охирги йилларда Ўзбекистонда никоҳлар сони камайиб, ажрашишлар сони кўпайганидан дарак бермоқда. Нега бундай ҳолатлар тез-тез рўй бермоқда, фарзанд олдидаги бурч ва масъулият деган тушунчалар нима сабабдан ўзларини ота-она деб билувчи инсонларда ўз қадрини йўқотиб бормоқда?
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг охирги маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январь-июнь (олти ойда) ойларида ФҲДЁ идоралари томонидан 92,4 мингта никоҳ ва 14,8 мингта ажрашиш қайд этилган. Агар ўтган йиллар билан таққосланса, никоҳлар сони бирмунча камайган, ажралишлар эса кўпайган. 2014 йил январь-июнида 107,8 мингта янги оила тузилган, 14,4 мингтаси эса тарқаб кетган.
2015 йилда ҳаммаси бўлиб 287 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2014 йилда эса 295,6 мингта янги оила пайдо бўлиб, 28,7 мингтаси тарқаб кетган эди. 2013 йилда 303 мингта янги оила пайдо бўлиб, 24 мингтаси тарқаб кетган.
Кундалик ҳаётимизда рўй бераётган бу воқеалар ҳар биримизни бефарқ қолдирмаслиги керак. Чунки оила, фарзанд тушунчалари энг олий қадрият бўлган бизнинг диёрларимизда бу борадаги салбий ҳолатларга бефарқ муносбатда бўлишга ҳеч қайси биримизнинг ҳаққимиз йўқ деб ҳисоблаймиз.
Бугун оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби муҳим вазифаларга ҳар қачонгидан ҳам жиддий қараб, бу борада давлат миқёсида олиб борилаётган хайрли ишларга яқиндан кўмакдош бўлиб, масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ҳаракат қилишга тўғри келмоқда.
Ҳеч бир нарса бу дунёда абадий бўлмаганидек, инсон ҳам бу фоний дунёда абадий қолиб кетмайди. Фақат инсоннинг бу дунёда қолдириб кетадиган фарзандлари унинг наслини давом эттириб боради. Шу билан инсоннинг бир умрлик орзуси мана шу насли орқали ҳақиқатга айланади. Бас шундай экан, келажагимиз давомчиси бўлган фарзандларимизга жиддий эътибор беришимиз, уларнинг олдидаги вазифа ва мажбуриятларимизни тўла адо қилишимиз лозим. Шундагина улар биз ота-оналар олдидаги бурчларини тўла-тўкис бажариб, розиликларимизни олиб, икки дунё саодатига мушарраф бўладилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-оналарни фарзандларига нисбатан бир неъмат ва омонат сифатида қараб, муносбатда бўлишга ўргатади.
Аллоҳ таоло айтади:
“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг” ( “Таҳрим” сураси, 6-оят)
Муфассирлар ушбу ояти каримадаги “ўтдан сақланиш”ни тарбия йўли билан амалга оширилишини маълум қилганлар.
Бошқа ояти карималарда эса аҳли оиласига керакли таълим-тарбияни бермаган оила раҳбарларининг охиратда бахтиқаро бўлиб қолишлари ҳақида огоҳлантириш беради.
Аллоҳ таоло айтади:
“Бас, сизлар ундан ўзга нимани хоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар”, деб айт. Сен: “Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингким, ана ўша очиқ-ойдин зиёнкорликдир”, деб айт.” (“Зумар” сураси, 15-оят)
“Улар учун тепаларидан ҳам оловдан “соябонлар” бор, остларидан ҳам оловдан “соябонлар” бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур: “Эй бандаларим, менга тақво қилинглар!” (“Зумар” сураси, 16-оят)
Ҳадиси шарифларда ҳам айнан шу масала жуда ҳам қатъи огоҳлантириш тарзида баён этилади.
Ҳадис. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Барчангиз бир поданинг чўпони кабисиз! Чўпон подасига қандай ғамхўрлик қиладиган бўлса, сурувни йиртқичлардан қандай қўриқлайдиган бўлса, сиз ҳам уй халқингизни ва қўлингиз, яъни амрингиз остида бўлганларни жаҳаннам оташидан худди шундай ҳимоя қилишингиз зарур! Уларга мусулмонликни ўргатишингиз керак, ўргатмасангиз жавобгар бўласизлар”. (Бухорий, Муслим)
Ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифда фарзандлар ота-онага берилган Аллоҳнинг омонати экани қайта-қайта тушунтирилмоқда. Бу омонатни қандай сақлаш ва унга қандай муносбатда бўлиш ҳам ояти карима ва ҳадиси шарифларда чиройли тарзда баён этилган. Энг муҳими бу омонат ота-она зиммасига жуда ҳам катта жавобгарлик ҳиссини ортмоқда. Зеро, хабардан кўриниб турганидек, ота-оналар мана шу омонатга нисбатан қандай муносабатда бўлганликлари билан охират кунида Аллоҳ наздида саволга тортиладилар.
Динимизда оилага, аҳлу аёл ва фарзандларга бўлган муносабатни энг чиройли тарзда йўлга қўйилишига чақирилади. Оталар учун фарзандларнинг нафақаси ва ейиш-ичишларини таъминлашга қатъи буюрилар экан, бунинг нақадар катта савоб экани ҳадисларда хабар берилади. Жумладан, оталарнинг бозордан ҳар хил ширин мевалардан сотиб олиб, фарзандларига беришлари яхши одатлар эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Чунки ҳадиси шарифларда оиласи, болалари учун бозорлардан егуликлар сотиб олиб келган оталарнинг гуноҳлари тўкилиши хабар берилади. Худди шунга ўхшаш эрталабдан оиласини ҳалол ризқ билан боқаман деб чиқиб кетган оталар учун катта-катта ажр-савоблар ва ваъдалар турганини ёдимизда тутиб, бу ишларни мамнуният билан бажарсак, албатта, кўзлаган мақсадларимизга эришамиз. Агар акси бўладиган бўлса, биз оталарнинг ишимиз яхши бўлмайди. Зеро тарбия китобларимизда: “Едириб, ичиришга (боқишга) зарурат бўла туриб, шуни зое қилган инсонга бу гуноҳ сифатида етади” деб марҳамат қилинади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанднинг отаси устидаги ҳақи учта эканини марҳамат қилганлар:
- Фарзанд дунёга келганида унга чиройли исм қўймоқ.
- Қуръонни ўргатмоқ.
- Уйланиш вақти етганда уйлантирмоқ. (Дайламий, Исфаҳоний)
Ислом дини уламолари ояти карима ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, фарзандларнинг ота-оналари устидан бир қанча шаръий ҳақлари мавжудлигини маълум қилганлар. Ушбу ҳақлар шулардан иборат:
Улуғбек Султоновнинг
"Ота-онага хизмат қилиш
одоблари" китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати
Аудио маъруза рукнидан: Тақво буюк фазилат
Устоз Салоҳиддин Абдуғаффор ўғли Тошкент шаҳар Учтепа тумани Ҳазрати Али жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Фарзандларимизга эътибор берайлик
Фарзанд – Аллоҳ таоло бизга берган улуғ неъматларидан бири, ҳаётимиз маъноси, қалбимиз қувончи. Вазифамиз уларни яхши тарбиялаш, ёмонликлардан асрашдир. Уларнинг саодати биз бу вазифани қандай адо этишимизга боғлиқ. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз. У (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турар” (Таҳрим, 6).
Ушбу оят тушганида ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ, ўзимизни дўзахдан сақлаймиз, бу тушунарли. Аммо аҳли оила ва фарзандларимизни қандай сақлай оламиз?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизни қайтарган нарсалардан уларни ҳам қайтарасиз ва Аллоҳ сизга буюрган ишларга уларни ҳам ундайсиз. Шу йўл билан уларни дўзахдан сақлаган бўласиз”, деб жавоб берганлар (Қуртубий тафсиридан).
Бола тарбияни дастлаб оилада олади. Катталарнинг бутун хатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити соғлом бўлмаган оиладан чиқиши маълум. “Бугунги ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон кимсалар кеча тарбиясига эътибор берилмаган болалардир!” деган эди Абдулла Авлоний.
Оиладаги тарбиядан ташқари, болаларимизнинг кўча-кўйда юриш-туришларига ва кимлар билан алоқа қилаётганига ҳам алоҳида аҳамият беришимиз керак. Ёшларнинг ичкиликбозлик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ва ахлоқсиз, кўнгилочар масканларда тентираб юришлари каби миллий ва диний қадриятларимизга мутлақо зид, зарарли иллатларга чалинишлари бизнинг бепарволигимиздан бошланишини унутмайлик.
Менимча, фақат ота-онасини йўқотган эмас, балки қаровсиз қолган, тарбиясига биров аҳамият бермаган бола ҳам етим ҳисобланади. Келажагимиз бўлган болаларимиз тарбиясига катта аҳамият беришимиз, уларнинг юксак ахлоқий қадриятлар, миллий ва диний анъаналаримизга содиқ бўлишларига ғайрат қилишимиз лозим. Пайғамбаримизнинг “Ота ўз фарзандига чиройли тарбиядан яхшироқ мерос қолдиролмайди” (Термизий ривояти), деган ҳадиси шарифини ёдимиздан чиқармайлик.
“Ҳидоят” журналидан
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.