muslim.uz
Биздан обод манзиллар қолсин
Ҳар биримиз атроф-муҳитга меъёрий муносабатда бўлсак, табиат инсонга хизмат қилади. Биз табиатга: сув, тупроқ, ҳаво қатламларига ва бошқа ҳаётий заруратларга эҳтиёж юзасидан муомала кўрсатсак, турмушимиз ҳам шунга яраша хотиржамлик ва фаровонликда давом этади.
Атрофимиздаги жонли ва жонсиз жисмнинг ҳеч бири боқий эмас. Кўзимизга ҳеч қачон тугамайдигандек кўринган ер ости ва ер усти хазиналарининг чекланмаганини бугунги кунда йўқолиб бораётган ўсимликлар, жониворлар, тугаб бораётган фойдали қазилма конлари мисолида кўришимиз мумкин.
Борлиқдаги ҳар бир махлуқотни Аллоҳ таоло фазли карами ва ҳикмати билан яратди: «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия сураси, 17-20 оятлар).
Ушбу ояти карима замирида Аллоҳ таоло яратган ҳар бир неъматни тафаккур қилиш, уларга шукр қилиш маъноси мужассамлашган.
Ер юзида атроф-муҳитнинг кескин бузилиши бугуннинг энг долзарб муаммоларидан биридир. Табиатга шафқатсиз муносабатда бўлиш жониворлар ва ўсимликлар дунёсининг қирилиб битишига сабаб бўлмоқда. Биосферани турли чиқиндилар билан заҳарлаш натижасида инсон ўз ҳаётига болта урмоқда.
Сувга ахлат ташлаш, чиқинди ва хазонларни ёқиш, жониворларни ноқонуний овлаш, ўрмонларни тартибсиз кесиш оқибатида юзага келган экологик муаммолар давримизнинг глобал муаммосига айланди. Инсон Аллоҳ таоло ато қилган ақл, билим ва тафаккурни ишга солиб бу муаммоларнинг олдини олмас экан, ўзини ва келажагини боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодга биздан қақраган чўл эмас, обод манзиллар қолиши даркор.
Ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ҳаракат қилса шунга яраша ажр олади. Тураржойларимизни, кўча-кўйларимизни покиза сақлашимиз, ободонлаштиришимиз, жонли табиатга, ўсимликлар оламига нисбатан ижобий муносабатда бўлишимизда ҳам Аллоҳнинг розилигини топишга интилиш бўлиши даркор. Шунда хайрли амалларимиз туфайли жамият равнақ топиб, охиратда нажотга муяссар бўлишимиз, шубҳасиз.
Ҳозир айни куз фасли эканини ҳисобга олсак, хазонларни бартараф қилишнинг бир қанча йўллари бўла туриб, уни ёқиб ўзи ва атрофдагиларни заҳарлашига жим қараб туриш табиатга нисбатан ноҳақлик. Чунки бошқаларга зиёни тегадиган амални бамайлихотир бажариш, инсон хулқининг яхши эмаслигига далил бўлади.
Шундай экан, жамиятга нисбатан ҳам, табиатга нисбатан ҳам ижобий муносабатда бўлишимизни насиб этсин.
Исомиддин МУҲИДДИНОВ,
Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Олтинобод” жоме масжиди имом-хатиби
Мусулмон олимлари дунёга совға қилган ихтиролар (Оммавий кутубхона)
Ҳужжатли ёзма манбаларнинг, кейинчалик китобларнинг кўпайиши кутубхоналарнинг юзага келиши ва ривожланишига муносиб шароит яратди. Кутубхоналар ёзма ёдгорликларни сақловчи хазина сифатида жуда қадимда пайдо бўлган. Милоддан аввалги 2-минг йилликда сопол битиклари сақланган кутубхоналар бўлган. Милоддан аввалги 7-аср ўрталарида Шарқдаги кўп саройларда, қадимий Миср ва Рим ибодатхоналари қошида кутубхоналар бўлган. Қадимий даврдаги кутубхоналарнинг энг машҳури Александрия (Искандария) кутубхонаси ҳисобланади.
Бироқ ўша кутубхоналар кенг халқ оммасига мўлжалланмаган. Улардан фақат хос кишиларгина фойдаланиши мумкин бўлган. Оммавий кутубхоналарни эса дастлаб мусулмонлар очган. Чунки Ислом шариати эркагу аёл – барча-барчанинг илмли бўлишини талаб қилади, яъни илм олиш – фарзи айн.
Шу боис Ислом дини кириб келганидан бошлабоқ ушбу динни қабул қилган ҳар бир ўлкада масжидлар очилди. Мусулмонлар бу ерда муҳим ибодатларни бажариш билан бирга токчаларга териб қўйилган китобларни мутолаа қилар, савол-жавоблар қилар, баҳсу мунозаралар ўтказиб, илм ўрганар эди. Масжидларда диний мавзудаги китоблар билан бирга фалсафа ва ҳатто табиий фанларга оид китоблар ҳам келтириб қўйилган ва бундан истаган киши бемалол фойдаланган.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади
Энг нуфузлилар рўйхатига кирган ягона муслимани биласизми?
Time нашри дунёдаги энг нуфузли 20 та аёл номини эълон қилди. Ушбу нуфузли рўйхатдан жой олган аёллар турли соҳаларда фаолият юритишади. Бу йилги рўйхатдан келиб чиқиши асли Сомалидан бўлган америкалик муслима Ильхан Умар хоним ҳам жой олди.
Маълумот учун, 34 ёшли Ильхан Умар АҚШ конгрессининг доимий аъзоси ҳисобланади. У конгресс аъзолигига қабул қилинишда Библияга эмас, Қуръони Каримга қўл қўйиб, қасам ичган эди.
Ильхан хоним фуқаролик уруши даврида Сомалидан қочиб чиқади ва 5 йил давомида қочоқлар лагерида яшайди. Кейинчалик АҚШнинг Риверсайд шаҳрига келиб, ўқишга киради ва таълим олишни бошлайди. Ҳозирда у аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича сиёсий ташаббуслар марказида ўз меҳнат фаолиятини олиб боради. Унинг фаолияти АҚШнинг “Америка мусулмонлар уюшмаси”, Миннесота штатининг “Америка-ислом муносабатлари бўйича кенгаши” каби йирик ташкилотлар, шунингдек, бир неча ўнлаб мусулмон ҳамжамиятлари томонидан қўллаб-қувватланади.
Илҳом Маърупов
тайёрлади
Бирини самарқандлик, бошқасини хоразмлик усталар қурган икки минорали масжидни биласизми?
Масжид буюк ватандошимиз Абу Бакр Қаффол Шоший номи билан аталган бўлиб, бу шахс замондошлари томонидан “Ҳазрати Имом” деб улуғлаган. Бу зотнинг асл исмлари Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил Қаффол Шошийдир.
Бу зот ҳижрий 291 ва милодий 903 йили қадим Шошда таваллуд топган бўлиб, болалиги ва ёшлиги шу ерда ўтган. Абул Ҳайсам Саид қўлида таҳсил олганлар. Абул Ҳайсам муҳаддислар орасида катта рутбага эга бўлиб, араб давлатлари, Эрон, Ҳиндистон уламоларининг ҳам устози эди.
“Вафаётул аъён” китобининг муаллифи Ибн Ҳалликон Қаффол Шоший ҳақида: “Бу зот ўз даврининг энг буюк алломаси: фиқҳшунос, мухаддис, тилшунос, муфассир ва шоир бўлиб, илм бобида юқори поғонада турар, Мовароуннаҳрда Шофеий мазҳабини у каби пухта биладиган одам йўқ эди” деб ёзади.
Шунингдек Қаффол Шошийнинг туғилган жойини аниқлаб: “Шоший” Сайхун дарёси орасида жойлашган Шошга нисбатдур. Бу ерда кўп олимлар етишиб чиққан ва ижод этган. Қаффол Шоший Марвда яшаган Қаффол эмас, балки Шошда (Тошкентда) яшаган олим”, дейди.
Тарихчи Ёқут Ҳамавий ҳам “Муъжамул булдон” китобидан: “Рай вилоятида Шош номли бир қишлоқ бор, Лекин у улуғ кишилари билан шуҳрат қозонмаган. Улуғ олим ва дин арбоблари етишиб чиққан Шош Сайхун дарёси орасида жойлашган шаҳардир”, деб маълумот беради.
2007 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жамоатчилик жамғармаси ташкил этилиб, Ҳазрати Имом мажмуасининг асл тарихий қиёфасини тиклаш мақсадида бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик ишлари олиб борилди. Хазрати Имомнинг янги кўриниши қадимий анъаналар асосида яратилган.
Маълумот учун, мажмуа икки гумбаз ва икки минорадан иборат. Ўнг минора хоразмлик усталар, чап минора самарқандлик ҳунармандлар томонидан бунёд этилган. Минораларнинг узунлиги 53 метрни ташкил этади.
Имом-хатиб – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов
Имом ноиби – Абдураззоқов Ҳабибулла Садриддинович
Имом ноиби – Бахромов Мухаммадабдулло Абдурашидович
Имом ноиби – Қурбонов Исмоилжон Абдукаримович
Имом ноиби – Сайфуддинов Аброр Алиакбар ўғли
Манзил: Олмазор тумани, Қорасарой кўча, 49-уй.
Телефон: +998 71 240 00 23
Фаридиддин Атторнинг Жалолиддин Румий билан учрашувлари
Мезбонлик вазифасини ўтаётган Баҳовуддин Валад неча йиллардан буён орзу қилган олий учрашувга тўсатдан эришганлигини Аллоҳнинг катта инояти деб билар, шу боис юрагида тахланиб ётган саволлар қатини бузишга журъат этолмай ҳазратнинг нигоҳи ўзига бурилишини тоқат ила кутарди. Сўнг ҳужрада икки улуғ инсондан бошқа ҳеч ким қолмади.
– Мен сизни Хоразмшоҳ саройида хизматда деб эшитгандим. Алҳол, бу хабар янглишлигидан ҳам дарак топиб севиндим. Олим одамнинг подшоҳларга яқин юриши илмнинг заволидир. Эшитганмисиз бу ҳақда Суфёни Саврий ҳазратлари нима деганини? Меҳмоннинг кўзларида нур шуълаланди. Баҳовуддин изза тортиб катта бошини сарак-сарак қилди.
– Тақсир, Саврий ҳазратлари ҳақида оз билурман деёлмайман. Аммо сиз айнан қайси каломини назарда тутаётганингизни англамай турибман.
– Суфён ҳазратларининг тилида ниш бор. Бу ниш тош юракларни ҳам тешиб юборгай. Ул зот айтибдурки, “Жаҳаннамда бир водий борки, унда фақат подшоҳларни зиёрат қилгувчи қори олимларни кўрурсиз”. (Бу ерда золим, бадхулқ ва адолатсиз шохлар назарда тутилмоқда. Айниқса, бу халқга раҳбар бўладию лекин халқ ғами билан умуман иши бўлмайдиган ўз нафсига қўл бўлган падшохлар назарда тутилмоқда. Агар биз буни нотуғри тушунадиган бўлсак! Энг катта хато қилган бўламиз. Чунки Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳумлар ва бошқа одил падшохларга нисбатан тухмат қилган бўламиз. Бу маълумотлар билан биз ҳозирги одил падшоҳларга тош отмоқчи эмасмиз)
– Ё Раб, ўзинг сақлаганинг ҳамиша рост бўлсин, – йўғон овозда хитоб қилди Валад, – шукурки, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг бир эмас, бир неча таклифларига рад жавобини бердим. Ҳатто унинг йўлдан оздиргувчи ваъдаларига чап бердим. Баъзан иккиланган пайтларим ҳам бўлди. Эҳтимол, шоҳ саройидаги мавқеим туфайли ёлғиз ўғлим Жалолиддин Румийнинг бахти очилармикан, деган иштибоҳга ҳам бордим. Буни қарангки, ўша шайтон васвасага солган кунлари Пайғамбаримизнинг: (с.а.в.). – Олимларнинг ёмони амирлар ҳузурига борганларидир, амирларнинг яхшилари олимлар ҳузурига келганларидир, – деган ҳадисига кўзим тушди. Буни мен каби ғафлат кўчасига қадам босишдан ҳайиқмаган ғофил кимсаларга набийи акрамнинг буюк насиҳати деб тушундим.
– Рост айтадурсиз, шу важдин расулуллоҳ “Насиҳат – диннинг устуни” деганлар. Энди бояги масалага қайтсам, мен сизнинг адашмаганлигингизни исботловчи баъзи ҳикматларни ёдингизга солай, токи қалбингизда заррача пушаймонликка ўрин қолмасин. Ўз замонасида Авзоий деган улуғ зот яшаган. У “Амалдорни зиёрат қилувчи олимдан кўра Аллоҳга ёқимсизроқ ҳеч нарса йўқдир” деган эди. Сайд ибн Мусаййаб (р.а.) эса, “Қачон бир олимнинг амирлар олдида ўралашиб юрганини кўрсангиз, ундан эҳтиёт бўлинг, чунки у ўғридир” деганлар. Баҳовуддин Валад ҳазратнинг гапларини тинглаш асносида кўзларига ёш келди, дили шам каби эриб оқаётгандай туюлди ва шу ҳолатда: “Пирим, давом этинг, ҳар бир сўзингиз малҳам каби вужудимга шифо, қалбимга таскин бағишлаяпти”, дейишдан нари ўтмасди. Устоз эса завқ-шавққа тўлиб-тошиб, ҳаттоки ёнидаги гурунг дошини-да ёдидан чиқаргандай берилиб ҳикоясида давом этарди.
– Филҳол Ҳасан Басрий отлиғ зоти шариф алломани билурсиз?
– Шундоқ, ҳазрат!
– У муҳтарам зот айтадилар: Саъд ибн Абу Ваққос золим падшоҳлар атрофида ўралашиб юрмасди. Фарзандлари унга “Сиздан улуғлар ҳам уларнинг ҳузурига боряпти, сиз ҳам қатордан қолманг” дейишди. Ул зот: “Эй фарзандларим! Қавм бир ўликни ўраб олган бўлса, унга мен ҳам борайми?! Аллоҳга қасамки, кучим етгунича улардан қочаман”, дедилар. Фарзандлари: “Эй отажон! Унда биз очликдан ўлиб кетамиз-ку?” – дейишди. Саъд ибн Абу Ваққос уларга шундай жавоб берди:
– Эй болаларим! Семиз мунофиқ ҳолда ўлишдан кўра, оч мўминлигимча рихлатга чекинишим мен учун суюклироқдир.Туфроқ, имонни эмас, гўшт ва ёғни ейишини унутдингларми!.. Исо алайҳиссалом ёмон олимлар ботқоқдаги ўт кабидурки, зоҳири чиройли, ичи балчиққа тўла дебдурлар.
Абу Дардо дебдур:– Билмайдиганлар ҳолини бир бора билиб, унга амал қилмайдиганлар ҳолига етти бора вой бўлсин. Ва ниҳоят, олимлик мартабасига қизиққан инсон шуни ёдидан чиқармаслиги зарурки, Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат этганлари каби,“Ёмонларнинг энг ёмони – олимларнинг ёмони, яхшиларнинг энг яхшиси – олимларнинг яхшиси”. Бу ўгит олимлар виждонини белгиловчи мезондир. Шукур қилинг, саройдан қочиб, имон ва виждонингизни сақлаб қолибсиз.
Баҳовуддин Валад хун-хун йиғлаган ва лаззат топаётган бир маҳал ҳужра дарчаси қиялаб очилди-ю, остонада олти-етти ёшли бўйдор, нигоҳи ўткир бола пайдо бўлди. Мезбон нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтламай, пир болани ёнига чорлади. У ҳам дадил юриб келиб, таъзим ила салом берди.
– Қани бизга ҳамсуҳбат бўл! – Пир бир сидра унга нигоҳ ташлаб, кейин яна бошини қуйи эгди.
– Бу ўғлим Жалолиддин, – изоҳ берди Баҳовуддин Валад, нафақат ўзи, ўғли ҳам устоз суҳбатига эришганидан димоғи чоғ бўлиб.
– Бизни хушнуд этгулик инъоминг борми? – овозига майин тус берди устоз.
– Шундоқ, пирим! – Боланинг товуши кичкинагина хонақо ичида янаям жаранглаб чиқди.
– У ҳолда қулоғимиз сенда, қани бошла! Жалолиддин Қуръони каримдан кичик бир сура ўқиди. Унинг қироати дуруст эди, муҳими тутилмади, сўзларнинг маъносига алоҳида урғу берди.
– Энди билсанг, икки-уч байт шеър эшитмоққа рағбатимиз бор. Ички туғён гирдобида ғарқ бўлаёзган отасига бир қараб олган Жалолиддин қуйидаги байтни ўқиди:
Ба ҳар кисват, киме хоҳад барояд,
Ба ҳар нақше, киме хоҳад номояд.
Мазмуни: Аллоҳ қандай либосда хоҳласа чиқаверади, ҳар бир хоҳлаган суратида намоён бўлаверади.
– Етар, болам. Айт-чи, бу кимнинг асари?
Жалолиддин дув қизариб, яна падарига юз бурди. Ундан тасдиқ ишорасини уқиб, жавоб берди.
– Ҳазрат, бу пиримиз Фаридиддин Атторнинг “Жавҳоруззот” асаридан.
– Бу рисолани сенга ким берди?
– Падари бузрукворим шу китобни севиб ўқийдилар.
– Падарингдаги ихлос ва эътимодни тушуниш мумкин, бироқ бу
Рисоладаги фикр-лармағзини сен қандай чақурсан, қувваи ҳофизангга бу оғирлик қилмасми?
– Устоз, дунёни тушунмак истаги олдида ҳар қандай риёзат заҳмати сезилмас. Аллоҳни билмак ва унга етишмак осон эмасдир.
– Бу ўз фикрингга ўхшамайди, шундоқми?
– Менинг устозим – падарим. Шул важдин қаерда оғирлик билсам дарҳол ёрдам бергайлар.
– Жуда қизиқ. Ҳозир сен ўқиган байт анча билимли кишилар учун ҳам чақилмаган ёнғоқ каби туюлур. Наҳотки Баҳовуддин Валаддай соҳиби илм фарзандини болаликдан илмдан бездириш хавфини билмаса? Фарзандига маҳлиё ўтирган падар бу хилдаги саволни кутмаганлиги боис бир оз сукутга чўмди, кейин жўяли жавоб топди.
– Болага балиқ бергандан қўлига қармоқ тутқазмоқ, мағиз едиргандан олдига ёнғоқ қўймоқ ўринли деган андишам бор. Тайёр илм хотирада узоқ сақланмайди, машаққат билан топилган нарсанинг қадри баландроқдир.
Устоз Валад ҳазратларига астойдил миннатдорлик билдириб, яна Жалолиддинга ўгирилди.
– Энди ўз фикрингни айт.
– Ё аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби зуҳурлан.
– Бале, ажойиб байт.
– Айтсанг қўрқма, қўрқсанг айтма!
– Офарин!
Устоз ўрнидан қўзғалиб эди, Баҳовуддин Валад хизматига шайланди.
– Буюринг тақсир!
– Шундайми, у ҳолда Хафиф ёнимга кирсин. Кўп ўтмай пойгакда муриднинг уйқусираган афт-ангори кўринди.
– Хафиф, болам, менинг бўхчамни келтир.
Тугун келтирилди. Устоз уни шошилмай очди. Китоб ва ёзув қоғозлари орасидан хушбичимгина рисола чиқарди.
– Жалолиддин, мана шу китобимни сенга туҳфа этмоқчиман. Ўқиб, мағзини чақ!
Жалолиддин югуриб келиб китобни икки қўллаб олди. Аввал устознинг пешини пешонасига суртди, сўнг китобни ўпиб, орқаси билан пойгакка чекинди. Баҳовуддин Валад бу воқеадан таъсирланиб,у ҳам пирнинг қўлини ўпиб, раҳмат айтди. Сўнг ўғлига ўгирилди:
– Болам, китобнингноми нима экан?
Болакай ўқиди:
– Фаридиддин Аттор, “Асрорнома!”
Баҳовуддин Валад яна бир бор пирга юз бурди. Бу китоб аввалию охири ўғли учун ёруғ дунёда тангри таоло инояти ила олинган энг мўътабар совға бўлиб қолажагини билдирди. Ўз навбатида шайх ҳазратлари “Жалолиддин келажакда улуғ инсон сифатида ислом осмонида ёруғ юлдуз”га айланиши ҳақида башорат қилиб, дуога қўл очди. Шундай қилиб Муҳаммад Хоразмшоҳ тазйиқидан қочган Баҳовуддин Валад Макка шаҳрига ҳижрати йўлида Фаридиддин Аттор дийдорига мушарраф бўлди. Кейинчалик юксак мартабаларга эришган Жалолиддин Румий:
“Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди”, деб ёзган эди. Карвон кўчди. Хафиф яна ҳайратга ботди. У кўзларини от ва туялар оқимидан узмай, токи улар уфқ қанотига сингиб кетгунларига қараб турди. Сўнг бошини чайқаб, ўз-ўзига сўз қотгандай деди:
– Ё Раб, бу қандай эътиқодки, бир одам ортидан тўрт юз фақр овора. Бу фаромуш дил андишаси устоз зеҳнидан пинҳон қололмади.
– Ё Хафиф, – деди пири комил қўлидаги тасбеҳини ўтказишдан тўхтамай, – булар сен ўйлагандай икки жаҳон овораси эмас, булар ҳақни қидирганнинг этагидан тутган қаландарлардир. Эҳтимол сен ва мен озига қаноат қиладурмиз, илло уларнинг Аллоҳдан умиди зиёда.Ўйлайдирсанки, бу дийдор шунчаки бир тасодиф деб, шундайми? Хафиф мулзам тортиб, не деярини билмай бош эгди.
– Асло тасодиф эрмас, бу суҳбатлар катта ибрат. Ибрат омига
ҳасрат, олим учун ҳикмат, фарқ шунда, болам!
Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси
кабинет мудири Урол Назар Мустофо Термизий
тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.