Мақолалар

Фаридиддин Атторнинг Жалолиддин Румий билан учрашувлари

Мезбонлик вазифасини ўтаётган Баҳовуддин Валад неча йиллардан буён орзу қилган олий учрашувга тўсатдан эришганлигини Аллоҳнинг катта инояти деб билар, шу боис юрагида тахланиб ётган саволлар қатини бузишга журъат этолмай ҳазратнинг нигоҳи ўзига бурилишини тоқат ила кутарди. Сўнг ҳужрада икки улуғ инсондан бошқа ҳеч ким қолмади.

– Мен сизни Хоразмшоҳ саройида хизматда деб эшитгандим. Алҳол, бу хабар янглишлигидан ҳам дарак топиб севиндим. Олим одамнинг подшоҳларга яқин юриши илмнинг заволидир. Эшитганмисиз бу ҳақда Суфёни Саврий ҳазратлари нима деганини? Меҳмоннинг кўзларида нур шуълаланди. Баҳовуддин изза тортиб катта бошини сарак-сарак қилди.

– Тақсир, Саврий ҳазратлари ҳақида оз билурман деёлмайман. Аммо сиз айнан қайси каломини назарда тутаётганингизни англамай турибман.

– Суфён ҳазратларининг тилида ниш бор. Бу ниш тош юракларни ҳам тешиб юборгай. Ул зот айтибдурки, “Жаҳаннамда бир водий борки, унда фақат подшоҳларни зиёрат қилгувчи қори олимларни кўрурсиз”. (Бу ерда золим, бадхулқ ва адолатсиз шохлар назарда тутилмоқда. Айниқса, бу халқга раҳбар бўладию лекин халқ ғами билан умуман иши бўлмайдиган ўз нафсига қўл бўлган падшохлар назарда тутилмоқда. Агар биз буни нотуғри тушунадиган бўлсак! Энг катта хато қилган бўламиз. Чунки Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳумлар ва бошқа одил падшохларга  нисбатан тухмат қилган бўламиз. Бу маълумотлар билан биз ҳозирги одил падшоҳларга тош отмоқчи эмасмиз)

– Ё Раб, ўзинг сақлаганинг ҳамиша рост бўлсин, – йўғон овозда хитоб қилди Валад, – шукурки, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг бир эмас, бир неча таклифларига рад жавобини бердим. Ҳатто унинг йўлдан оздиргувчи ваъдаларига чап бердим. Баъзан иккиланган пайтларим ҳам бўлди. Эҳтимол, шоҳ саройидаги мавқеим туфайли ёлғиз ўғлим Жалолиддин Румийнинг бахти очилармикан, деган иштибоҳга ҳам бордим. Буни қарангки, ўша шайтон васвасага солган кунлари Пайғамбаримизнинг: (с.а.в.). – Олимларнинг ёмони амирлар ҳузурига борганларидир, амирларнинг яхшилари олимлар ҳузурига келганларидир, – деган ҳадисига кўзим тушди. Буни мен каби ғафлат кўчасига қадам босишдан ҳайиқмаган ғофил кимсаларга набийи акрамнинг буюк насиҳати деб тушундим.

– Рост айтадурсиз, шу важдин расулуллоҳ “Насиҳат – диннинг устуни” деганлар. Энди бояги масалага қайтсам, мен сизнинг адашмаганлигингизни исботловчи баъзи ҳикматларни ёдингизга солай, токи қалбингизда заррача пушаймонликка ўрин қолмасин. Ўз замонасида Авзоий деган улуғ зот яшаган. У “Амалдорни зиёрат қилувчи олимдан кўра Аллоҳга ёқимсизроқ ҳеч нарса йўқдир” деган эди. Сайд ибн Мусаййаб (р.а.) эса, “Қачон бир олимнинг амирлар олдида ўралашиб юрганини кўрсангиз, ундан эҳтиёт бўлинг, чунки у ўғридир” деганлар. Баҳовуддин Валад ҳазратнинг гапларини тинглаш асносида кўзларига ёш келди, дили шам каби эриб оқаётгандай туюлди ва шу ҳолатда: “Пирим, давом этинг, ҳар бир сўзингиз малҳам каби вужудимга шифо, қалбимга таскин бағишлаяпти”, дейишдан нари ўтмасди. Устоз эса завқ-шавққа тўлиб-тошиб, ҳаттоки ёнидаги гурунг дошини-да ёдидан чиқаргандай берилиб ҳикоясида давом этарди.

– Филҳол Ҳасан Басрий отлиғ зоти шариф алломани билурсиз?

– Шундоқ, ҳазрат!

– У муҳтарам зот айтадилар: Саъд ибн Абу Ваққос золим падшоҳлар атрофида ўралашиб юрмасди. Фарзандлари унга “Сиздан улуғлар ҳам уларнинг ҳузурига боряпти, сиз ҳам қатордан қолманг” дейишди. Ул зот: “Эй фарзандларим! Қавм бир ўликни ўраб олган бўлса, унга мен ҳам борайми?!  Аллоҳга қасамки, кучим етгунича улардан қочаман”, дедилар. Фарзандлари: “Эй отажон! Унда биз очликдан ўлиб кетамиз-ку?” – дейишди. Саъд ибн Абу Ваққос уларга шундай жавоб берди:

– Эй болаларим! Семиз мунофиқ ҳолда ўлишдан кўра, оч мўминлигимча рихлатга чекинишим мен учун суюклироқдир.Туфроқ, имонни эмас, гўшт ва ёғни ейишини унутдингларми!.. Исо алайҳиссалом ёмон олимлар ботқоқдаги ўт кабидурки, зоҳири чиройли, ичи балчиққа тўла дебдурлар.

Абу Дардо дебдур:– Билмайдиганлар ҳолини бир бора билиб, унга амал қилмайдиганлар ҳолига етти бора вой бўлсин. Ва ниҳоят, олимлик мартабасига қизиққан инсон шуни ёдидан чиқармаслиги зарурки, Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат этганлари каби,“Ёмонларнинг энг ёмони – олимларнинг ёмони, яхшиларнинг энг яхшиси – олимларнинг яхшиси”. Бу ўгит олимлар виждонини белгиловчи мезондир. Шукур қилинг, саройдан қочиб, имон ва виждонингизни сақлаб қолибсиз.

Баҳовуддин Валад хун-хун йиғлаган ва лаззат топаётган бир маҳал ҳужра дарчаси қиялаб очилди-ю, остонада олти-етти ёшли бўйдор, нигоҳи ўткир бола пайдо бўлди. Мезбон нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтламай, пир болани ёнига чорлади. У ҳам дадил юриб келиб, таъзим ила салом берди.

– Қани бизга ҳамсуҳбат бўл! – Пир бир сидра унга нигоҳ ташлаб, кейин яна бошини қуйи эгди.

– Бу ўғлим Жалолиддин, – изоҳ берди Баҳовуддин Валад, нафақат ўзи, ўғли ҳам устоз суҳбатига эришганидан димоғи чоғ бўлиб.

– Бизни хушнуд этгулик инъоминг борми? – овозига майин тус берди устоз.

– Шундоқ, пирим! – Боланинг товуши кичкинагина хонақо ичида янаям жаранглаб чиқди.

– У ҳолда қулоғимиз сенда, қани бошла! Жалолиддин Қуръони каримдан кичик бир сура ўқиди. Унинг қироати дуруст эди, муҳими тутилмади, сўзларнинг маъносига алоҳида урғу берди.

– Энди билсанг, икки-уч байт шеър эшитмоққа рағбатимиз бор. Ички туғён гирдобида ғарқ бўлаёзган отасига бир қараб олган Жалолиддин қуйидаги байтни ўқиди:

Ба ҳар кисват, киме хоҳад барояд,

Ба ҳар нақше, киме хоҳад номояд.

Мазмуни: Аллоҳ қандай либосда хоҳласа чиқаверади, ҳар бир хоҳлаган суратида намоён бўлаверади.

– Етар, болам. Айт-чи, бу кимнинг асари?

Жалолиддин дув қизариб, яна падарига юз бурди. Ундан тасдиқ ишорасини уқиб, жавоб берди.

– Ҳазрат, бу пиримиз Фаридиддин Атторнинг “Жавҳоруззот” асаридан.

– Бу рисолани сенга ким берди?

– Падари бузрукворим шу китобни севиб ўқийдилар.

– Падарингдаги ихлос ва эътимодни тушуниш мумкин, бироқ бу

Рисоладаги фикр-лармағзини сен қандай чақурсан, қувваи ҳофизангга бу оғирлик қилмасми?

– Устоз, дунёни тушунмак истаги олдида ҳар қандай риёзат заҳмати сезилмас. Аллоҳни билмак ва унга етишмак осон эмасдир.

– Бу ўз фикрингга ўхшамайди, шундоқми?

– Менинг устозим – падарим. Шул важдин қаерда оғирлик билсам дарҳол ёрдам бергайлар.

– Жуда қизиқ. Ҳозир сен ўқиган байт анча билимли кишилар учун ҳам чақилмаган ёнғоқ каби туюлур. Наҳотки Баҳовуддин Валаддай соҳиби илм фарзандини болаликдан илмдан бездириш хавфини билмаса? Фарзандига маҳлиё ўтирган падар бу хилдаги саволни кутмаганлиги боис бир оз сукутга чўмди, кейин жўяли жавоб топди.

– Болага балиқ бергандан қўлига қармоқ тутқазмоқ, мағиз едиргандан олдига ёнғоқ қўймоқ ўринли деган андишам бор. Тайёр илм хотирада узоқ сақланмайди, машаққат билан топилган нарсанинг қадри баландроқдир.

Устоз Валад ҳазратларига астойдил миннатдорлик билдириб, яна Жалолиддинга ўгирилди.

– Энди ўз фикрингни айт.

– Ё аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби зуҳурлан.

– Бале, ажойиб байт.

– Айтсанг қўрқма, қўрқсанг айтма!

– Офарин!

Устоз ўрнидан қўзғалиб эди, Баҳовуддин Валад хизматига шайланди.

– Буюринг тақсир!

– Шундайми, у ҳолда Хафиф ёнимга кирсин. Кўп ўтмай пойгакда муриднинг уйқусираган афт-ангори кўринди.

– Хафиф, болам, менинг бўхчамни келтир.

Тугун келтирилди. Устоз уни шошилмай очди. Китоб ва ёзув қоғозлари орасидан хушбичимгина рисола чиқарди.

– Жалолиддин, мана шу китобимни сенга туҳфа этмоқчиман. Ўқиб, мағзини чақ!

Жалолиддин югуриб келиб китобни икки қўллаб олди. Аввал устознинг пешини пешонасига суртди, сўнг китобни ўпиб, орқаси билан пойгакка чекинди. Баҳовуддин Валад бу воқеадан таъсирланиб,у ҳам пирнинг қўлини ўпиб, раҳмат айтди. Сўнг ўғлига ўгирилди:

– Болам, китобнингноми нима экан?

Болакай ўқиди:

– Фаридиддин Аттор, “Асрорнома!”

Баҳовуддин Валад яна бир бор пирга юз бурди. Бу китоб аввалию охири ўғли учун ёруғ дунёда тангри таоло инояти ила олинган энг мўътабар совға бўлиб қолажагини билдирди. Ўз навбатида шайх ҳазратлари    “Жалолиддин келажакда улуғ инсон сифатида ислом осмонида ёруғ юлдуз”га айланиши ҳақида башорат қилиб, дуога қўл очди. Шундай қилиб Муҳаммад Хоразмшоҳ тазйиқидан қочган Баҳовуддин Валад Макка шаҳрига ҳижрати йўлида Фаридиддин Аттор дийдорига мушарраф бўлди. Кейинчалик юксак мартабаларга эришган Жалолиддин Румий:

“Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди”, деб ёзган эди. Карвон кўчди. Хафиф яна ҳайратга ботди. У кўзларини от ва туялар оқимидан узмай, токи улар уфқ қанотига сингиб кетгунларига қараб турди. Сўнг бошини чайқаб, ўз-ўзига сўз қотгандай деди:

– Ё Раб, бу қандай эътиқодки, бир одам ортидан тўрт юз фақр овора. Бу фаромуш дил андишаси устоз зеҳнидан пинҳон қололмади.

– Ё Хафиф, – деди пири комил қўлидаги тасбеҳини ўтказишдан тўхтамай, – булар сен ўйлагандай икки жаҳон овораси эмас, булар ҳақни қидирганнинг этагидан тутган қаландарлардир. Эҳтимол сен ва мен озига қаноат қиладурмиз, илло уларнинг Аллоҳдан умиди зиёда.Ўйлайдирсанки, бу дийдор шунчаки бир тасодиф деб, шундайми? Хафиф мулзам тортиб, не деярини билмай бош эгди.

– Асло тасодиф эрмас, бу суҳбатлар катта ибрат. Ибрат омига

ҳасрат, олим учун ҳикмат, фарқ шунда, болам!

Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси

кабинет мудири Урол Назар Мустофо Термизий

тайёрлади

 

 

Read 5583 times

Мақолалар

Top