muslim.uz

muslim.uz

Середа, 29 июнь 2016 00:00

Ифтор пайти

Ибн Можа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

Бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Рўзадорнинг қилган дуоси рад этилмайди”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ифтор асносида ушбу дуоларни ўқирдилар: “Аллоҳим, Сенинг розилигинг учун рўза тутдим. Сен берган ризқ ила рўзамни очдим. Сенга суяндим. Сенга имон келтирдим. Рамазон ойининг эртанги рўзасини тутишга ният қилдим. Менинг олдинги ва келгуси гуноҳларимни кечиргин. Омин!”

ДИНСИЗЛИК АЛОМАТИ

Бир дўстим айтиб берган эди. У эса бошқа одамдан эшитган экан. Айтиб беришича у қайсидир қишлоқдан ўтиб кетаётиб йиғлаб ўтирган кекса одамни кўриб қолибди ва ундан сўрабди:

  • Бобо, нега йиғлаяпсиз? Бирор дардингиз борми?
  • Мана 80 йилдирки, – жавоб берибди қария, – дунё машаққатлари ва ташвишларини тортаман. Болаларимни минг бир азоб билан ўстирдим. Қизим бор эди, хайрсиз чиқди. Ўғлимни аскардан келганидан сўнг уйлантирдим. Келиним қўлидан бир пиёла чой ичмадим. Келин: “Чол, мен сенинг ажин босган, хунук нусхангни кўргани бу ерга келган эмасман”, деб менга озор берарди. “Ўғлингни гапирасан. Ўғлинг ажойиб. Дунё бир ёнда, эрим бир ёнда. Агар у бир луқма овқат берса, ейсан, бермаса, рўза тутасан, эй сен чол”, деб таъна қиларди. “Мен ҳайвон эмасман-ку!” деб чол яна йиғлабди, чолнинг икки кўзи икки булоқ бўлибди.
  • Бошқа борадиган ерингиз йўқми?
  • Қаерга ҳам бораман, бошқа бошпанам йўқ. Кеча ўғлимдан пул сўрадим, икки шапалоқ уриб чақа берди-да: “Бу ердан даф бўл, сени кўзим кўрмасин”, деб ҳайдади.
  • Ўғлингиз намоз ўқийдими?

Қаёқда! Ҳайит намозига ҳам бормайди, - деб жавоб берибди чол.

Акбаршоҳ  Расулов тайёрлади.

Середа, 29 июнь 2016 00:00

Абадий талаба

70 ёшни қаршилаган туркиялик Маҳмуд Йилмаз Чуқур миллий университетининг исломшунослик факультети дипломини олди.

Диний соҳани эгаллашни у 36 йил олдин ният қилган экан. Ҳечдан кўра кеч қабилида иш кўриб, 2011-2016 йилларда талабалар қаторида илм олди ва ўзинниг азалий мақсадига эришди. 70 ёшлик битирувчи Йилмаз шундай дейди: “Илмнинг қирралари беқиёс, инсон Аллоҳ таоло берган бутун умрини илмга бағишласа ҳам кифоя қилмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, билимни олишдан тўхтамаслик ва одам ўзи устида тинимсиз ишламоқлиги керак”. Шу вақтга қадар Маҳмуд ўндан ортиқ олийгоҳларни аъло баҳоларга тамомлаган. Энди абадий талаба мақсади педагогика университетига киришдир.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

Мустақиллик бизга мислсиз неъматлар берди. Юртимиз  истиқлолга эришганидан сўнг мамлакатда ҳар томонлама ўзгаришлар бўй кўрсата бошлади. Айниқса, “Виждон эркинлиги” Қонунлар орқали тасдиқ топганлиги қувонарли ҳол.

Мустақилликдан сўнг юртимиздаги барча ўқув юртлари сингари диний таълим муассасаларига ҳам катта эътибор берилди. Ёш авлоднинг етарли билим ва малакага эга бўлиши, таълим соҳасини юксалтириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Буни  ўрта махсус ислом билим юртлари миқёсида оладиган бўлсак, унда таҳсил олувчи талабалар замон талабига мос дастур асосида ўқитилмоқда.

    Хотин-қизлар ҳам диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлиб, мамлакатимизнинг илмий ва диний қадриятларини тиклаш ҳамда маънавиятимизни шакллантиришга ҳисса қўшишлари учун мазкур “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти 1992  йилнинг 1 сентябрдан ўз фаолиятини бошлаган.

   1992 йилда билим юртида диний фанлардан сабоқ берувчи 7-8 та  мударрисалар фаолият юритган бўлса, кейинчалик бу кўрсатгич 20 тага етди. Дастлаб фанларнинг кўпи фақат туркий тилдаги таржималари билан ўтилган бўлса, ҳозирда барчаси араб тилида ўқитилмоқда.  

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти таълим жараёни Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», «Диний таълим стандарти» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи ва йўриқномаларига таянади.

     Барча фанлар диний таълим стандартлари асосида олиб борилмоқда,  намунавий дастур асосида ишчи дастурлар, тақвимий режалар, амалий машғулот ишланмалари, маъруза  матнлари ишлаб чиқилди. Билим юртида меъёрий ҳужжатлардаги талаб худди академик лицей, касб-ҳунар коллежларидагидек юритилмоқда. Фан тўгараклари, фан ойликлар ва унда ўтказиладиган баҳс-мунозарали давра суҳбатлар, беллашувлар, олимлар билан учрашувлар талабаларнинг билим савиясининг юқори бўлишига сабаб бўлмоқда. Битирувчи талабаларнинг мутахассислиги  “Араб  тили”, “Меҳнат” ва “Эски ўзбек ёзуви” ўқитувчиси деб берилган бўлса, ҳозирда талабалар билим даражасининг юқорилиги сабабли  уларга  “Исломшунос”, “Бошланғич араб тили мураббийси”,  “Диний маърифий ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари маслаҳатчилари” деган мутахассислик берилмоқда.

Кутубхона, китоб аждодларни авлодларга, ўтмишни бугунга, бугунни эса келажакка боғловчи кўприкдир. У ота-боболаримиз  тўплаган жамики  яхши фазилатлар ва хислатлар, қадриятлар ва анъаналарнинг мажмуи, қолаверса, аждодларимиз тўплаган тарихий-ижтимоий тажриба, билим ва қарашларни ўзида мужассам этади. Билим юрти очилган кундан бошлаб билим масканининг қалби ҳисобланган кутубхона юксак маънавиятимизни кўз-кўз қилиб, бутун дунёга танитган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимизнинг инсоният тараққиётига, илм-фан, маънавият ва маърифатнинг юксалишига Ўзбекистонда диний таълим соҳаси юксалишига ҳисса қўшган  аждодлар йўлини давом эттириб, келажак авлодни тўғри йўлдан, маънан етук, комил инсон бўлиб етишиши учун хизмат қилмоқда.

Билим юртининг шу кунгача фаолияти давомида китоблар фонди бир неча бараварга ошди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси нашриёти томонидан ўқув маскани давр талабига мос ҳамда дунё миқёсида барча диний билим юртларида ўқиб ўрганиб келинаётган адабиётлар билан таъминлаб келиняпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисидаги (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й, 25–26-сон, 228-модда) қарорига мувофиқ билим юртида ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб АРМ ташкил қилинди.

Ахборот ресурслари марказида ўқитувчи ва талабалар ўз билимлари савиясини оширишлари, ўзларининг қизиқишлари бўйича бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларни мутолаа қилишлари, даврий нашрлардан керакли маълумотларни тез ва қулай топишлари учун барча шароитларга эга қироат хонаси мавжуд. Билим юрти АРМда иккита компьютер, тайёр ҳолатда бир дона принтер мосламаси мавжуд бўлиб, биринчи хонада 14 та китоб жавони, иккинчи хонада 12 та китоб жавони жойлашган.

Билим юрти кутубхонаси АРМ фонди 9655 дона китоблар мавжуд.

Кутубхонада китобхонлар учун 35 та махсус фанлар бўйича ЎМИ томонидан тайёрланган  “Электрон китоблар” йиғма стенди жойлаштирилган. “Кинофильмлар” жавонида 25 номдаги диний-маърифий ва бадиий мавзудаги дисклар бор.

Умумий адабиётлар сони: 9655 та, умумтаълим фанларидан 1165 та, ихтисослик фанларидан 3064 та, Президент асарлари бўйича 157 та, ижтимоий-иқтисодий адабиётлар 1574 та, бадиий адабиётлар 455 тани, электрон китоблар 55 нусхани (344 номдаги) ташкил этса, диний-маърифий ва тарбиявий мавзудаги фильмлар 25 тани ташкил қилади.

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти АРМ ходимлари томонидан замонавий талабларга мос “ИРБИС” электрон китобларни картотекалаштириш тизимини ўрнатилди ва ушбу тизим ёрдамида китоблар ва АРМ абонентлари рўйхатга олина бошланди.

Бугунги кун давр талабидан келиб чиқиб, талабаларни юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тарбияланган мутахассислар қилиб етиштириш ҳамда ақидапарастлик ва экстремизм хатаридан ҳимоя қилиш диний таълим соҳасида хизмат қилаётган ходимлар олдидаги улкан вазифадир.

ХХI аср жаҳон миқёсида “Техника асри” дея аталди. Ёш илм аҳлининг техник ва компьютер саводхонлигини ошириш борасида таълим вазирлиги томонидан бир қанча дастурлар ишлаб чиқилди. Шу муносабат билан “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ҳам янги техник жиҳозлар билан таъминланди. Талабаларнинг яшаш тарзини  яхшилаш ва уларнинг илмий савияларини оширишга катта эътибор берилди. Диний таълим муассасалари ўртасида олиб бориладиган “Ягона фан олимпиада”си, спорт мусобақалари, “Қорилар мусобақаси”, “Биз ёт ғояларга қаршимиз” кўрик-танловларида талабаларимиз ҳам қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Шу билан бирга, ўқитувчи, мударрис ва мударрисаларимиз ҳам  “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши кутубхоначиси”, “Йилнинг энг яхши услубчиси” ва шу каби кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, юқори ўрин соҳиблари бўлмоқда. Билим юртида махсус фанлар билан бир қаторда умумтаълим фанлари ҳам ўтилади. Махсус фанлардан намунавий дастурлар ҳар йили диний идора томонидан тасдиқлаб юборилади. Умумтаълим фанлари академик лицей ва касб-ҳунар коллежлар учун  Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишлари бўйича ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгашининг, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган ва амалиётга жорий этишга рухсат берилган намунавий дастурлар асосида ўтилади.

Кимё ва биология фани ўқитувчиси БухООваЕСТИ умумий кимё кафедраси доценти Мавжуда Ғуламова маърузаларни билим юртида ўтиб, ўтилган билимларни амалиётга қўллаш мақсадида лаборатория дарсларини институт лаборатория хоналарида олиб борди. Биология фанидан айрим лаборатория машғулотларини, экскурсия соатларини фермер хўжаликларида ўтди ҳамда талабаларни Бухоро давлат университети ботаника боғи, биология музейларига олиб борди.

2015-2016 ўқув йилида ЎМИнинг буйруғи билан билим юртида кимё ва биология лабораторияси ташкил қилинди ва лаборатория махсус жиҳозлар билан жиҳозланди.       Лаборатория шкафида тузларнинг 0,5 нормали, кислота ва ишқорларнинг 2 нормали эритмалари тайёрлаб қўйилган. Қуруқ реактивлар этикеткали бир хил идишларга сақланган. Лаборатория хонасида ҳар бир талаба тажрибани бажариши учун ўн дона пробиркали биттадан пробирка штативи, биттадан ўн хил эритма қуйилган томизгичли штатив қўйилган.

  Ҳозирги кунда кимё лабораториясида гидролиз жараёни ва ион алмашиниш реакциялари, оксидланиш-қайтарилиш реакциялари, электролиз, кимёвий реакциялар кинетикаси, ацетиленни лабораторияда олиниши, спиртларнинг физикавий ва кимёвий хоссаларини ўрганиш, оқсилларнинг турлари ва хоссалари ўрганиш мавзусида лаборатория ишларини бажариш мумкин.

Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов айтганларидек: “… Маънавий жиҳатдан юксак ривожланган инсонни тарбиялаш, таълим ва маорифни юксалтириш, миллий уйғониш ғоясини рўёбга чиқарадиган янги авлодни вояга етказиш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолади”.

Шу сабабли яқин йиллар ичида билим юртида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди: фан хоналари замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди, компьютерлар билан таъминланди. Барча қулайликларга эга ётоқхона, талабларга жавоб бера оладиган ошхона, таҳоратхона ва ювиниш хоналари мавжуд. Шу билан биргаликда,  талабаларнинг маданий хордиқ чиқаришлари учун, касб-ҳунарларни пухта ўрганишлари учун махсус хоналар ва уларнинг соғлом ва баркамол  бўлишлари учун спорт майдончаси ва спорт жиҳозлари талабалар ихтиёрига топширилди.

Билим юрти талабалари ҳар томонлама етук, салоҳиятли бўлиши учун чет тилларга ҳам эътибор юқори,  ҳар ҳафтанинг уч куни тиллар куни деб белгиланган. Тил кунларида  талабалар турли адабиётлардан фойдаланадилар, барча тадбирларда фаол қатнашадилар.

Таълим олиш учун келган турли вилоятлардан талабалар билим юртимизнинг бағрикенглиги, ҳамжиҳатлигини кўрсатиб турибди. Талабалар опа-сингиллардек яшашади, бир-бирларига ҳар томонлама кўмаклашишади.

 Илм борасида турли мавзуларда баҳс-мунозаралар олиб боришади. Бу билан илмнинг янги чўққиларини эгаллашга муяссар бўлишади. Чунки илм ўрганиш энг мўътабар ишдир. Илм одамнинг қадрини оширади, илмли кишилар иззатли, ҳурматли бўладилар. Шундай экан, талабалар бор кучларини ўқишга, илм олишга қаратадилар.

Билим масканида ёшларни ҳар томонлама етук, маънан баркамол бўлишлари учун маънавий-маърифий ишлар, кенг қамровли мавзулар асосида тадбирлар олиб борилади. Бундай ишлар таълим ва ижтимоий соҳанинг юксалишида яхши самара бермоқда. Умид қиламизки, ёш авлод бундай шароитларнинг шукронасини адо этган ҳолда юртимизга муносиб фарзанд бўлиб етишадилар, диний ва дунёвий соҳаларда жамиятимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Чунки ҳар бир инсон шу неъматлар қадр-қимматини англаши, ва уларнинг қадрига етиши лозимдир.

 

             Сабоҳат Тоҳирова,         

Билим юрти маънавият ва маърифат

 ишлари бўйича мудира муовини в.б

 

Середа, 29 июнь 2016 00:00

Рўзанинг даражалари

Имом Ғаззолий дейдилар: “Билгилки, рўза уч даражададир: омманинг рўзаси, хоснинг рўзаси ва хоснинг хоси рўзаси.

Омманинг рўзаси – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш.

Хоснинг рўзаси – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Булар солиҳ бандалардир.

Хоснинг хоси рўзаси эса ўзни оғир ташвишлар ва дунёвий фикрлардан рўза туттириш,  Аллоҳ таоло зикридан бошқа нарсани батамом тўсишдир. Бу рўзада оғиз очилиши Аллоҳ таоло ва охират кунидан бошқани фикрлаш, яъни дунёни ўйлаш билан ҳосил бўлади. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар ва муқарраб зотлар даражасидир.

Имом Бухорий, Термизий, Замаҳшарий, Марғилоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби қанча-қанча машҳур олимлар, қорилар улуғ пири комилларнинг қонлари бизнинг томирларимизда оқмоқда. Демак, бизлар омманинг рўзасидан бўлак, хос кишиларнинг рўзасига ҳам диққат қилмоғимиз лозим.

Хўш, биз нима қилишимиз керак? Биз нималарга эътибор беришимиз зарур? Биз нима амал қилсак рўзамиз Парвардигор хоҳлаганидек бўлади? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالْعَمَلَ بِهِ وَالْجَهْلَ فَلَيْسَ لِلَّهِ حَاجَةٌ أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ 

Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни ҳамда жоҳилликни тарк қилмаса, унинг оч-наҳор юрганига Аллоҳ таолонинг эҳтиёжи йўқ”.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ 

Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўзадор бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, мен рўзадорман, мен рўзадорман, десин”.

Яъни, “мен рўзадорман” дейишлиги билан киши “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деганидир.

Бир ой давомида ушбу иссиқ кунларда қилган шунча ибодатимизни бир оғиз ёлғон ёки жоҳилий сўзларни айтишлик ила беҳуда қилиб қўймайлик.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ يَقُولُ اللَّهُ إِلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِى 

Одам боласининг ҳамма амали савоби кўпайтириб берилади. Бир яхшиликка унинг 10 мислидан то 700 баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Бандамнинг ҳамма амали ўзи учун, фақатгина рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Мен ўзим бераман. Одам боласи шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилади”, дейди.

    قال رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم " إن الصوم أمانة فليحفظ أحدكم أمانته 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Албатта, рўза омонатдир. Сизлардан ҳар бирингиз ўз омонатини сақласин”.

Аллоҳ таоло Нисо сураси 58-оятда марҳамат қилиб айтади:

إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُكُمْ أَن تُؤدُّواْ الأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا

Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради”.

Ҳар бир ибодатнинг зоҳири ва ботини, пўсти ва мағзи борлиги ҳаммамизга маълум. Рўзанинг зоҳири бу – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жинсий эҳтиёжлардан тийилиб туриш. Мағзи эса бу юқорида айтиб ўтилган ҳадисларга амал қилишликдир, яъни  қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир.

 

Ҳошимжон НИЗОМИДДИНОВ,

 

Мустақиллик йилларида бугунги ва эртанги ҳаётимизни белгилаб берадиган, барча эзгу орзу-интилишларимизни амалий ҳаёт жабҳасида рўёбга чиқарадиган ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш масаласида қилинаётган ишларнинг миқёси ва салмоғи беқиёс. Бу ҳам ёшларга, уларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялашга бўлган эътиборнинг амалий бир кўриниши экани шубҳасиздир.

Истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ халқимизнинг эътиқод эркинлиги кафолатланди. Динимизни ўрганишга, илмий изланишларга кенг имкониятлар пайдо бўлди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очиб берилди. Собиқ шўро даврида Республикамизда 89 та масжид ва иккита мадраса фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тасарруфида 2000 дан ортиқ масжид, 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари,  Тошкент Ислом Институти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом Университети фаолият кўрсатмоқда.

Ушбу таълим муассасаларида халқимизнинг илмга чанқоқ фарзандлари Она Ватанимизнинг порлоқ келажагини қуришда ўз ҳиссаларини қўшиш, улуғ бобокалонларимиз орзуларини рўёбга чиқариш, миллий ва диний қадриятларимизни жаҳон афкор оммасига танитишлик учун ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ғайрат билан ўқиб ўрганмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2003 йил 22 августда “Дин соҳасидаги маънавий-маърифий, таълим ишларини ва фаолиятини янада такомиллаштиришда ижтимоий кўмак ва имтиёзлар бериш тўғрисида”ги 364 – сонли қарорини қабул қилди.

Президентимизнинг бевосита ташаббусига мувофиқ, ушбу қарорнинг биринчи бандига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли ўқув муассасалари – Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилиб, ана шундай шаҳодатномага эга бўлган шахсларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди. Илгари бу билим юртларида олинган шаҳодатнома фақат масжид ва мадрасаларда ишлаш имконини берар эди. Бу, ўз навбатида, минглаб ёшларнинг кейинчалик ўзлари истаган бошқа соҳаларда ўқиши ва ишлаши учун жиддий муаммо туғдирар эди. Мазкур қарор туфайли бу муаммолар оқилона ҳуқуқий ечимини топиб қанча – қанча ёшлар учун янги имкониятлар очилди. Уларнинг маърифат чўққилари, замонавий касб-ҳунар соҳаларини эгаллаши йўлида энди ҳеч қандай тўсиқ қолмади.

Ислом билим юртларида ёшлар учун замон талабларига тўла жавоб берадиган ўқув бинолари, барча қулайликларга эга бўлган ётоқхоналар мавжуд.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юртида талабаларга янада кенгроқ қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида 90 ўринли замонавий талабалар ётоқхонаси ишга туширилди.

Икки қаватли ҳамда замон талабларига тўла жавоб берадиган ётоқхонанинг ҳар бир қаватида таҳоратхона, дарс тайёрлаш зали,  кундалик ахборот ва янгиликлардан хабардор бўлиб бориш учун алоҳида жой ажратилган.

Талабалар ётоқхонаси ҳар бир хоналари давр талаби асосида замонавий қилиб жиҳозланган. Икки, уч ва тўрт кишилик хоналарда ҳар бир талаба учун юмшоқ диван, дарс столи ва стули, кийим шкафи, китоб жавони ва бошқа зарурий жиҳозлар бор.

Ётоқхонада яшовчи талабалар шахсий ва умумий ҳудудлардан ва буюмлардан ўз хоҳишига кўра фойдаланишмоқда.

Бундай эзгу ишлар фарзандларимизнинг билим олишга қизиқишларини янада ошириш, уларнинг соғлом ва комил инсонлар бўлиб камолга етишига хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Келажагимиз ворисларининг камолоти йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ёшларнинг маънавий дунёқараши, билим ва тафаккурини бойитиш мақсадида яратилаётган шароитлар бугун уларнинг  иқтидорини кенг намоён этишига хизмат қиляпти.

Муҳтарам Юртбошимизнинг: “Бутун дунё ягона ва ўзаро боғлиқдир. Бизнинг муштарак бурчимиз ер юзини болаларимиз ва набираларимизга обод ва бахтиёр яшашлари учун муносиб қилиб қолдиришдир” деган сўзлари ҳар биримизни теран ўйлаб шу мақсад сари ҳаракат қилишга ундайди.

 

Муҳаммади Қараев,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти

маънавият ва маърифат ишлари бўйча мудир муовини

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top