muslim.uz

muslim.uz

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ,

Муҳтарам Президент Жаноби олийлари,

Сиз ва Сиз орқали барча юртдошларимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан муқаддас заминда ҳаж ибодатини бажариб юрган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Истиқлол шарофати билан динимиз арконларини эмин-эркин адо этиш учун барча шароитлар, хусусан, Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз учун яратиб берилаётган қулай имкониятлар Сизнинг ўз халқига бўлган  ғамхўрлигингиз намунасидир.

Миллий ва диний қадриятларга, бағрикенглик тамойилларига кўрсатаётган алоҳида эътибор ва эҳтиромингиз туфайли юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар қадамжолари обод этилиб, уларга янгича салобат бахш этилиши, халқимиз, айниқса, ёшларимиз маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган эзгу ва хайрли ишлар халқимизни янада улкан зафарлар сари руҳлантирмоқда.

Шу кунларда байрам устига байрам – Қурбон ҳайитини байрам қилишимиз Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан бирга нишонлаётганимизнинг замирида катта ҳикмат ётибди.

Яна шу кунларда 7200 дан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Улар орасида Юртбошимиз ташаббуслари билан муборак сафарга жўнатилган 138 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари – табаррук ёшдаги отахонларимиз ҳам муборак сафарда Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдамиз. 

Биз ўзбекистонлик ҳожилар Арафотда  туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда мустақил юртимиз ҳамиша омон, элимиз тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Яратгандан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, Аллоҳ таолодан Сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз.

Ўзбекистон ҳожилари

Макка шаҳри, Арафот водийси,

2017 йил  31 август

Бугун юртимиз зиёратчилари кун давомида Арофот майдонида бўлишади. Кўзларида ёш билан ибодат ва дуолар қилишади. Юртдошларимиз Ҳаж ибоданинг ушбу арконини хотиржам бажаришлари учун уларга ҳамкор ширкат ва ишчи гуруҳ ходимлари томонидан барча шароитлар муҳайё қилинган. Жумладан, ҳар бир вилоят зиёратчилари учун алоҳида хаймалар ва уларда салқин ҳаво ҳайдовчи мосламалар, салқин ичимликлар, марказлашган тиббиёт хонаси ташкил этилган.

“Saudi Gazette” нашрининг хабар беришича, Арофот майдонида бугун кун давомида 2 миллион зиёратчига тиббий хизмат кўрсатиш учун 4 та шифохона ва 46 та соғлиқни сақлаш марказлари фаолият кўрсатади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходими Муҳаммад Анварнинг айтишича, “Ал-Раҳма”, “Арафат 1 сонли умумий шифохонаси”, “Намираҳ” ва “Арафат” шифохоналарида турли даражадаги оғир операцияларни ҳам амалга ошириш мумкин. Уларнинг ҳар бири бир вақтнинг ўзида 600 нафаргача беморларни қабул қилади. Бир сўз билан айтганда, шифохоналар ва соғлиқни сақлаш марказлари беморларга тиббий хизмат кўрсатишга тайёр ҳолга келтирилган. Шунингдек, Муҳаммад Анварнинг айтишича, жорий мавсумда юзлаб тез тиббий ёрдам машиналари кун давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келган зиёратчиларга хизмат кўрсатади. Барча тез тиббий ёрдам ходимлари керакли дори-дармон воситалари билан тўлиқ таъминланган.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

Юртимизда яна бир диний-маърифий сайт ишга тушди — AZON.UZ. мазҳабимизга оид турли исломий хабарлар ва таълимотларни тарғиб боришни мақсад қилган. Сайтда эълон қилинган таржима мақолалардан бири — «Саудия газетасида ўзбеклар ҳақида мақола: Ҳитлерга қарши жангдан Арафот тоғигача»ни эътиборингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик.

«SaudiGazette» нашри ҳозирги кунда Саудия Арабистонида ҳаж ибодатини адо этаётган ўзбекистонлик уруш фахрийлари ҳақида мақола тайёрлади.

Иккинчи жаҳон урушида ўлдирилган 16 миллион одам орасидан собиқ иттифоқ армияси учун жанг қилган фақат саноқли ўзбекларгина бир талай жароҳатлар билан бўлса-да, урушдан тирик қайтишга муваффақ бўлдилар. Урушдан сўнг уйларига чалажон ҳолатда қайтган бўлишларига қарамай, шу дийдор насиб этган оз сонли инсонлардан эканликлари учун шукр этардилар.

Айни дамда ҳаж мақсади билан Маккада бўлиб турган уруш фахрийларининг уч нафари билан газетамиз мухбири уруш майдонидаги хотиралари ҳақида ақлбовар қилмас ва ажиб ҳикояларни ёзиб олиш мақсадида учрашди.

Ҳозир ҳаёт бўлган уруш фахрийларининг айни кундаги ёшлари 90-108 орасида. Улар бундан 26 йил муқаддам мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг фахр-ифтихорларидир. Айнан шу инсонлар Ҳитлер бошчилигидаги фашист армиясини енгишда жонбозлик кўрсатганлар.

Улар ўз ватанларида ҳам доимо ҳукумат ва халқ эътиборидалар ҳамда ҳар йили уларга атаб махсус байрамлар уюштирилади. Улар учун доимий равишда бепул тиббий хизмат, уй-жой ва ер-мулк, шу билан биргаликда автомобиллар ҳам ажратиб келинади.

Бу йил Ўзбекистон ҳукумати уларнинг азалий орзуларини амалга ошириш йўлида яна бир катта қадам ташлаб, уларнинг бир нечаларини ҳаж амалини бажариш учун Маккага юборди. Сафарга ва ҳаж арконларини бажаришга қодир бўлган фахрийларга уч шифокор уларнинг соғлиқларидан доимий бохабар бўлиш учун қўшиб берилди. Маҳаллий журналист 77 йил олдин содир бўлган уруш ҳақидаги хотираларини тинглаш учун нуронийлар билан учрашди.

95 ёшли Турғун Йўлдошев 1941 йили қишлоқдошлари билан биргаликда урушга йўл олади. Орадан 3 йил ўтгач, у қуролдош дўстларисиз бир ўзи қишлоғига қайтади. У нафақат дўстларидан, балки жанг майдонида унинг яқинида портлаган граната сабабли бир оёғидан ҳам айрилган эди. «Ўша машъум ҳодиса худди кечагидай ёдимда», дейди у. 1944 йил январь ойида Собиқ иттифоқ жангчиларини 872 кунлик оғир қамалдан қутилиб чиқиб кетишида жонбозлик кўрсатганлардан бири айнан у эди. Шу муддат давомида у оиласига бор йўғи бештагина хат юборишга муваффақ бўлган, холос.

У 1942 йил ортидан ўқ еб ва яқинидаги мина портлаши сабабли икки марта ўлимдан қолгани учун Аллоҳга шукрона қилишдан чарчамайди. Урушдан қайтгандан сўнг у уйланади ва айни кунда отахоннинг 3 қиз, 4 ўғил фарзанди бор.

Бугун у ўзининг 70 йиллик орзуси бўлган ҳаж ибодатини умрида биринчи бор адо этяпти. Отахоннинг ҳозирги кунда, уруш ҳақидаги ҳикояларини севиб тингловчи 76 нафар набираси бор. Отахон уларни ҳар доим ҳарбий ҳаракатлардан узоқ бўлишга ва таълим олишга қаттиқ эътибор қаратишга тарғиб этиб келади.

Ҳозирги кунда 96 ёшда бўлган Зулун Раҳим ҳам Берлинда бўлган жангларда қатнашган собиқ жангчилардан. Отахон уруш йилларида жуда кўп қийинчиликларни бошдан ўтказган ва бир неча бора ўлим чангалидан омон чиққан эканлар. Орадан йиллар ўтиб юртига қайтиб уйланган отахон, ҳозир умридаги биринчи Ҳажини адо қиляпти. Отахон муқаддас Каъбани ўраб турган Масжидул Ҳаромда ибодат қилиш неъмати насиб этгани учун бениҳоя бахтиёр.

Уруш майдонида у киши бир неча вазифани бажаришга масъул эди. Симсиз алоқа воситалари ва катта юк машинасини бошқариш айни шулар жумласидандир. У дайди ўқ қурбони бўлиш ёки душман ўқидан ҳалок бўлмаслик учун тўқилган узун симлар ёки шох-шаббалар орасидан эмаклаб узоқ масофаларни босиб ўтганини эслайди. Урушда кўрсатган бир нечта қаҳрамонликлари сабаб отахон ҳалигача фахр билан тақиб юрадиган бир нечта кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Ҳозирги кунда 60 набиранинг бобоси бўлган бу нуроний 2 миллион одамни ёстиғини қуритган уруш комидан ҳеч қандай жароҳатларсиз чиқиб келганидан мамнун.

106 ёшли Иброҳим Убайдуллоҳ эса ўз сафдошлари билан 1941-1944 йилларда жанубий Молдова фронтида жанг қилган. Фақат мўъжиза туфайлигина 3 марта ўлимдан қолган. У ҳозир ҳам анча тетик ва Арофат кунини сабрсизлик билан кутмоқда.

Отахон биринчи марта улар жойлашган ҳудуд немислар томонидан ҳаводан туриб бомбаланганда ўлимдан омон қолган. Ундан бошқа барча аскарлар шу ҳужум натижасида ҳалок бўлганлар. У қароргоҳ томон қайтаётган ва бўлган воқеа ҳақида катта офицерга сўзлаб бераётган чоғда кўз ўнгида офицерни ҳам бошига мерган отган ўқ тегиб, ҳалок бўлади.

Убайдуллоҳ эса дарҳол ўлимга чап бериб ерга ётиб олади ва яна омон қолади. Яна бир сафар граната қолдиқларидан жароҳатланганда, уни жуда оғир аҳволда касалхонага олиб келадилар. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолган бўлсаларда, тузалмас оғир жароҳатлар сабаб уни урушга яроқсиз дея уйига жўнатиб юборадилар.

Отахон икки марта уйланган. Биринчи аёли бундан 15 йил илгари вафот этиб кетган бўлса, кейинги аёли турмушидан бир неча йил ўтиб вафот этади. Ҳозирда отахоннинг 100 дан ортиқ набиралари бор.

Kun.uz

 

Четвер, 31 августь 2017 00:00

ҚУРБОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

                                                    Бисмиллаҳир Раҳмонир Раҳим

Оламлар Раббиси Аллоҳ таолога беадад шукрлар,  Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга, оила аъзоларига ва саҳобаларига дуруду салавотлар бўлсин!

Муҳтарам юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Сизларни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз. Ушбу саодатли кунларда Аллоҳ таборака ва таолодан мўмин-мусулмонларнинг  дуо-илтижолари, савоб амалларини ҳусни қабул айлаши ҳамда Ватанимизни янада обод, халқимиз фаровонлигини зиёда қилишини сўраймиз.

Сўнгги даврда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни инсонпарварлик ғоялари, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётганига барчамиз шоҳидмиз.

Муҳтарам Юртбошимиз Ш. М. Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Тошкент шаҳрида барпо этиладиган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси  фаолиятининг ташкил этилиши юқоридаги эслатиб ўтилган эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилади.

Юртдошларимиз инсонийлик, шукроналик ва саховатпешалик фазилатларини янада ёрқин намоён этиб, Аллоҳнинг уларга берган неъматларидан эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга хайр-эҳсонлар қилмоқдалар, ёши улуғ кексалар ва фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром,  меҳр-мурувват кўрсатмоқдалар.

Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлдик.

Бугунги шукуҳли кунларда оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз бахтли, ёшларимиз ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ бўлиб камол топишларини сўраб, дуои хайрлар қилиш асосий бурчимиз ва вазифамиздир.

Шу кунларда байрам устига байрам – Қурбон ҳайитини байрам қилишимиз Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги билан бирга нишонлаётганимизнинг замирида катта ҳикмат ётибди.

Яна шу кунларда 7200 дан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этмоқдалар. Улар орасида Юртбошимиз ташаббуслари билан муборак сафарга жўнатилган 138 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари – табаррук ёшдаги отахонларимиз ҳам муборак сафарда Яратгандан Ватанимиз тараққиёти, халқимиз равнақини сўраб Маккаи мукаррамада, Арафот ва Мино водийсида дуои хайрлар қилмоқдалар. 

Бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳга беадад шукроналар айтиб, Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрами - улуғ айёмлар билан муҳтарам Юртбошимизни, барча юртдошларимизни чин дилдан муборакбод этамиз.

Ватанимиз истиқболи порлоқ, диёримиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Парвардигордан сўраб қоламиз. Келаётган қутлуғ байрамларнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.

Қурбон ҳайити ва Мустақиллик байрами муборак бўлсин, азизлар!

 

Усмонхон  Алимов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий

31 август 2017 йил

 

Четвер, 31 августь 2017 00:00

Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз

Халқимиз тўй-ҳашамни, топган-тутганини эл билан баҳам кўришни ёқтиради. Тўй учун йиллаб йиғинади. Бу яхши анъана. Аммо бу йиғинни ҳаддан ошиш, кимўзарга айлантириш тобора авж олмоқда. Тўй кортежлари, сон-саноқсиз тоғоралар, беҳисоб олди-бердилар, қиз томонни куёвнинг уйини хориж мебеллари, асбоб-анжомлари билан тўлдириб бериши ва ҳоказоларни санаб ўтиш мумкин. Қуръони каримда: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди (Исро сураси, 26–27- оят).

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шу ортиқча ҳашамларга чек қўйиш мақсадида айни лозим бўлган қатор қарорлар чиқардиларки, бу қарорлар халқ манфаати йўлида хизмат қилади.

Фақат бир нарса мени ўйлантиради: қарор чиққандан сўнг ОАВ воситаларида бу қарор муҳокамаси бошланиб кетди. Аммо шу ҳақда гапираётганлар ўзлари бунга риоя қилаяптиларми? Менда бу фикрнинг туғилишига сабаб бор. Яқинда бир танишим эрининг ношудлиги туфайли катта қарзга ботганини айтиб қолди. Қарздорлар сўраб келавергач, аёл ўзларига оилавий таниш бўлган ўзига тўқ хонадондан озроқ пул бериб туришини илтимос қилади. Рад жавобини берган кимса орадан ҳеч қанча ўтмай, фарзандининг туғилган кунини дабдабали тўй қилиб нишонлаб беради. Ваҳоланки, ҳадисларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир қарз садақадир”, деганлар (Табароний ривояти). Мушкул аҳволга тушиб қолган кишига ёрдам бериш улкан савоблардан бири ҳисобланади. Аммо бу каби савоб ишларни ўйламай қўйган кишиларимиз борлиги ачинарли ҳолдир.

Интернет саҳифаларида энди турмуш қураётган қўшни давлатлик ёш йигит-қиз тўйларининг сарфига аталган пулни суриялик қочоқларнинг қорнини тўйдиришга сарфлайдилар. Бу ибрат олса арзигулик воқеа. Кошки, дабдаба билан тўй қилаётганлар ўша ҳашам учун кетадиган бойлигини етим-есирларга, кам таъминланган оилаларга ёки касаллигини даволатишга пул тополмаётганларга ёрдам берса! Бу дунё ўткинчи. Унда савоб ишлар қилиб,  охирати учун жаннат яратишга нима етсин! Бир-биримизга меҳр-оқибат муждаларини улашиб, тўйларда исрофгарчиликка йўл қўймай, Президентимиз қарорлари асосида 200–250 меҳмон билан келин-куёвларимизнинг бахт тўйини ихчам ўтказсак, нур устига аъло нур бўларди. Телевидение, радио минбарларида туриб олиб гапни қуруқ олиб қочмасдан, бу ишларни ўзимиздан бошлайлик, азизлар.

                                                                                   Зебо ОМОНОВА

Сторінка 77 з 264

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top