muslim.uz
Муборак равзадаги гўзал битиклар
Мадинаи Мунавварадан кўплаб хаттотлар етишиб чиққан. Уларнинг тарихий ва ноёб битиклари “Масжидун Набавий”нинг деворлари, эшиклари ҳамда деразаларида қолган. Шу боис, улар тарихда “Масжидун Набавий хаттотлари” деган буюк ном билан аталади.
Абдуллоҳ ибн Али Ризо ибн Мустафо ҳам ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлган хаттотлардан бири. У 1923 йилда Мадинаи Мунавварада дунёга келди, отаси соатсоз ва ёғоч ўймакорлиги устаси бўлган. Абдуллоҳ ёшлигидан отасининг ишларига ёрдам бериб, нозик санъатга муҳаббат қўйди. Шу билан бирга, шеърият ва араб ёзувига қизиқарди. У кўп вақтини машҳур хаттот Абдуллоҳ Зуфдий “Масжидун Набавий”нинг олд тарафига ёзган битикларини томоша қилиш билан ўтказарди. Абдуллоҳ Ризо Мадинанинг машҳур хаттотларидан бири, Қоҳирадаги “Ал-Азҳар” университети шайхи ва хаттотлик мактаби мударриси Аҳмад Зиё Иброҳимдан бу санъат сирларини пухта ўрганди.
Шу билан бирга, илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Қоҳира, Дамашқ шаҳарларига сафар қилиб, Ризвонбек, Саййид Иброҳим ва Бадавий Дийроний каби машҳур хаттотлардан сабоқ олди. Устозлари унинг иқтидори, интилишларини кўриб, келажакда буюк хаттот бўлишини эътироф этишган.
Абдуллоҳ Ризо “Масжидун Набавий”да ўзининг бетакрор битикларини қолдирди. Хусусан, 1370 йили “Масжидун Набавий”ни кенгайтириш ишларида унинг хизматлари беқиёс бўлди. Масжиднинг ички ва ташқаридаги деразаларига “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калималарини; қибла томонига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг исмларини, ташқари томон эшикларига эса Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Аффон (розияллоҳу анҳум)нинг табаррук исмларини ёзган.
Абдуллоҳ Ризо хаттотлик санъати намуналарини жамлаб, 1412 йилда чоп эттирган “Расулуллоҳнинг равзаларидаги гўзал битиклар” номли китобига подшоҳ Файсал ибн Абдулазиз бундай сўзбоши ёзган: “Бундай қимматбаҳо китоб учун муқаддима ёзиш мен учун улкан бахт. Мазкур асарда хаттотликка оид зарур маълумотлар, қонун-қоидалар гўзал ва равон услубда баён этилган. Асар “Масжидун Набавий”га алоқадорлигининг ўзи китобнинг қанчалик аҳамиятли эканини билдиради”.
Абдуллоҳ Ризо кўплаб халқаро хаттотлик мусобақаларида қатнашган. Хусусан, Саудия Арабистонида бўлиб ўтган хаттотлик мусобақасида фахрли биринчи ўринга сазовор бўлган.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ,
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Ўқув йили "Мустақиллик" ва "Хотира" дарсларидан бошланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида янги 2017-18 ўқув йили “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида кўтаринки руҳ, ўзгача завқу шавқ-ла бошланди.
4 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида Мустақилликнинг 26 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан тадбирлар ташкил қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бухорода ташкил этилган Мир Араб олий мадрасасида ҳам ўқув дарслари шу куни бошланди. Ушбу таълим муассасасига 2017-18 ўқув йиллари учун жами 50 та талаба қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Янги ўқув йили бошлангани муносабати билан ташкил қилинган тадбирларда таълим муассасаси педагог-ўқитувчилари, ходимлар, талабалар ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этдилар. Жумладан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими К.Комилов, Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг илмий-тадқиқот масалалари бўйича маслаҳатчиси, академик Н.Иброҳимов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Таълим бўлими мутахассиси М.Ҳайдаров, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири вазифасини бажарувчи А.Дўсматов қатнашди.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги бош имом-хатиблари иштирок этдилар.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси билан очилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимовнинг мустақиллигимизнинг 26 йиллик тантанаси, муборак Қурбон ҳайити ҳамда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириш билан бошланди. Тадбир якунида одатга мувофиқ Қуръон тиловати қилиниб, динимиз, эл-юртимиз равнақи йўлида хизмат қилганлар, давлатимиз раҳбарлари ҳамда диний соҳа мутасаддилари, устозлар ва талабалар ҳақига дуо хайр этилди.
Тадбирдан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг 2017 йилнинг 27 январидаги “Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан янги ўқув йили Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланиб “Хотира” ва “Мустақиллик” дарслари билан бошланди
Мазкур дарсларнинг юқори савияда ўтиши учун таълим муассасаларнинг энг тажрибали ва малакали устозлари жалб қилинди. Машғулотлар “Мустақиллик” ва “Хотира” дарси услубий қўлланма ва тарқатма материаллар асосида ҳаётий мисоллар, фактлар ва аниқ рақамларга таяниб, замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтказилди.
“Хотира” дарсида Биринчи Президентимизнинг ибратли ҳаёти, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида амалга оширган буюк ишлари, у кишининг порлоқ сиймоси доимо халқимиз хотирасида муҳрланиб қолиши тўғрисида маълумот берилди.
“Мустақиллик” дарсида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, истиқлол йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, диний қадриятлар ва диний таълимга эътибор ҳамда тинчлик – энг олий неъмат каби мавзулар талабаларга тушунтириб берилди. Хусусан, ўтган 26 йил давомида юртимиздаги барқарорлик, тинч ва осуда ҳаёт, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларнинг теран илдиз отганига урғу берилди.
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими
08.09.2017 й. Илм ақл чироғи
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда иймон келтирган илм эгаларининг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилган.
Илм эса амални, амал эса ихлосни ёрдамга чақиради. Агар ёрдамга келмаса илм у кишидан қочади. (“Адабуд-дунё вад-дин” китобидан) Яхши тушунмоқ керакки! Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор илоҳиятда аввал ихлос кейин илм туради дейдилар. Яъни: ихлоси бўлмаган кишига минг бор илм борасида сўзланса ҳам у одамда зарра миқдорда фазилат, даража, юксак бир мақом белгиси кўринмайди. Шу сабабдан ҳар бир амал ихлос ила бажарилса кундан – кун у ислом немати билан яшай бошлайди. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир. Шу сабабли юртимиздан чиққан ва бошқа юртдаги барча олимлар ўзларини фойдаси кенг, даражаси зиёда амалга фидо қилишган.
Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш инсон ва жинларнинг ибодатидан яхшироқдир”. Шайх Худойдод Вали шу ҳадисга ишорат қилиб айтадилар: “Менинг наздимда бир марди ҳақ олимнинг олдида бир соат ўтириш 50.000 минг йиллик зикр ва фикр қилишдан яхшироқдир, деганлар. Жалолиддин Румий айтадилар: “Қанча-қанча йиллар керак бир марди ҳақ олим бўлиш учун ва қанча-қанча асрлар керак бир марди ҳақ валий бўлиш учун”.
عَنِ الْحَسَنِ أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ قَالَ: "كُنْ عَالِمًا أَوْ مُتَعَلِّمًا أَوْ مُحِبًّا أَوْ مُتَّبَعًا وَلا تَكُنِ الْخَامِسَ فَتَهْلِكَ "
(السُّنَنُ الكُبْرَى لِلبَيْهَقِي).
яъни: Ҳасан Басрий e дан ривоят қилинади, Абу Дардо رضي الله عنه айтадилар: “Аввало, олим бўл! Лоақал, таълим олувчи ёки уларни севувчи ёхуд уларга эргашувчи бўлгин. Аммо бешинчи одам (мазкур тўрт хислатдан ташқаридаги) бўлмагинки, ҳалок бўлурсан” (Имом Байҳақий “Сунани Кубро” китобида келтирган). Жололиддин Румий дунёда ҳамма нарса сувга тўяди. Балиқ сув ичида юрса ҳам сувга тўймайди. Буни илмга қиёс қилиб айтадиларки: “Гўё сизлар илм олишда балиққа ўхшанглар, балиқ сувга тўймагани каби сизлар ҳам илм ичида юриб илмга тўйманглар”, – деганлар. Абул Баракот “Мадорикут-танзил” тафсирларида бир муборак ҳадиси шарифни келтиради. Буни сизларга ҳам маълумот сифатида келтирмоқчимиз. Пайғамбар ﷺ айтадилар: “Бир толиби илм бир қабристоннинг ёнидан ўтса унинг шарофати билан 40 кун қабрда азоб тўхтайди”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه айтадилар: “Олим билан обид ўртасидаги фарқ, даража 700 баробардир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик йўлдир. Ҳар бир даража ораси Осмон билан Ерчадир”.
Беш нарса кўзга нур беради: Қуръони каримни ўқиш, олимларга қараш, ота-онага қараш, одил падшоҳга қараш ва чиройли манзарали жойларга қараш. Пайғамбар ﷺ айтадилар: “Олимларга бир марта қарашлик менинг масжидимда бир йил эътикофда ўтириш билан тенгдир”. Яна Пайғамбар ﷺ айтадилар: “Ким бир олимни ҳурмат қилса, гўё мени ҳурмат қилгандек бўлибди. Кимки бир олимни хорласа, гўё мени хорлагандек бўлибди”. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:
(فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ (سورة محمد/28
яъни: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур ”. (Муҳаммад сураси, 28-оят).
“Илм” сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маъноларда келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром-харишлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
( سورة المجادلة/11).
яъни: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. Бошқа оятда:
(قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ (سورة الزّﻣﺮ/9
яъни: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”. (Зумар сураси, 9-оят).
Ушбу оятлардан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг назарида юксакдир. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган, Жумладан, бир ҳадисларида:
أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ "
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَبُو دَاوَدَ وَ الإِمَامُ التِّرمِذِي).
яъни: Пайғамбар ﷺ: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ:
(قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِى الدِّينِ وَيُلْهِمُهُ رُشْدَهُ" (مُتَّفَقٌ عَلَيهِ
яъни: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Қуйидаги ҳадислар ҳам илм талаб қилишнинг фазилатига далолат қилади: “Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир” (Имом Термизий ривояти), “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди” (Имом Муслим ривояти), “Фаришталар илм толибининг қилган ишидан мамнун бўлиб, унга қанотларини ёзишади” (Имом Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон ривояти).
Муҳтарам жамоат! Маълумки, янги ўқув йили ҳам бошлаб юборилди, ўқувчи ва талабалар илм олиш мақсадида мактаб ва олийгоҳларга бормоқдалар. Албатта, ёшларнинг келажакда бирор касб ва ҳунар эгаси бўлишлари биринчи навбатда ўзларининг, қолаверса, ота-оналарининг ҳам орзу умидларидир. Аммо, ана шу орзу умидлар ўз-ўзидан рўёбга чиқиб қолмаслигини барчамиз яхши биламиз. Бунинг учун талаба ва ўқувчилар илм йўлида уйқудан, баъзи бир кўнгил хушликлардан кечмоқларига тўғри келади. Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ ﷺ нинг:
(قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: "إِنَّ طَالِبَ العِلْمِ لَيَسْتغْفِرُ لَهُ مَنْ فيِ السَّمَاءِ وَ الأَرْضِ حَتَّى الحِيتَانَ فيِ الماَءِ" (رَوَاهُ الاِمَامُ التِّرْمِذِي
яъни: “Осмону ердаги ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, – деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир (Имом Термизий ривояти).
Айрим кишилар эса илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ, деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас. Ҳазрати Одам дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлдилар.
Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ ﷺ ўз ҳадисларида марҳамат қилиб:
أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "أُطْلُبُوا العِلْمَ وَ لَوْ بِالصِّينِ فَإِنَّ طَلَبَ العِلمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ"
(رَوَاهُ الإمام ابْنُ عَدِي وَ الإمام البَيهَقِي).
яъни: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, – деганлар (Имом Ибн Адий ва Имом Байҳақий ривоятлари). Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺ ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишларга, турмуш қуриш, тижорат, зироат, уй-рўзғор ишлари ва бадан тарбияга оид каби билимларни ўргатганлар.
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму ирфон ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналарнинг ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Айниқса, ота-оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб, уларни соғлом ва бақувват ўсиб-улғайишлари, илмли, маърифатли бўлишлари учун ғамҳўр бўлишлари керак.
Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон кишиси ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъю-ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-аҳлоқ асосида тарбия олади.
Азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда ҳанафий мазҳабимизда ҳожатга бориш ва бавл қилишга оид одоблар ҳақида сўз юритамиз.
Ҳожатга бориш одоблари:
- ҳожатхонага киришдан олдин “Аллоҳумма инни аъузу бика минал хубси вал хабоиси” (эй, Раббим эркак ва аёл жинларнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман) деб паноҳ тилаш;
- ҳожатхонага чап оёқ билан кириш;
- ҳожатхонада ўтирганда қиблага юзланмаслик;
- ҳожатхонада чап оёққа мойил бўлиб ўтириш (енгил бўшаниш учун);
- ҳожатхонада хаёлланиб қолмасдан зудлик билан чиқиш;
- ҳожатхонада гапирмаслик;
- жинсий аъзоларга узрсиз қарамаслик;
- ҳожатхонада бурун қоқмаслик ва тупирмаслик;
- чап қўли билан истибро қилиш;
- ҳожатхонадан ўнг оёқ билан чиқиш.
- ҳожатхонадан чиққандан сўнг “Ғуфронака Раббана” (эй, Раббим мени мағфират қил) деб айтиш.
Бавл қилиш мумкин бўлмаган жойлар:
- омма йўли (жамоат юрадиган жой)да бавл қилмаслик;
- оқар сувга бавл қилмаслик;
- чумоли каби ҳашорот ва бошқа ҳайвонларнинг уйи (ин)ларига бавл қилмаслик;
- тик турган ҳолда бавл қилмаслик;
- ахлатхона ва бошқа чиқинди ташланган жойларга бавл қилмаслик;
- дарахт сояларига бавл қилмаслик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда илмни, олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин, омин!
Йил йилга ўхшамайди...
Аслида мўминнинг ўтказган ҳар дақиқаси, куни, ойи, йили фазилатли бўлади. Аммо бу йилнинг хайру барокати бўлакча бўлди. Ҳижрий ҳисобимиз бўйича 1438 йил юртимизда шу қадар ажойиб тарзда ўтдики, саноқда адашиб кетмаслик учун бу фазилатларни фаслларга бўлиб эсласак маъқул бўлади.
Яратганнинг марҳамати ила айнан мана шу йилда ҳамма фасл мўътадил келди: қишда қор мўл бўлди, аммо қаттиқ совуқ бўлмади; баҳорда ёмғир дала-даштларга керак вақтидан кечикмай ёғиб турди; ёзда қаттиқ иссиқ бўлиб одамларни ва бошқа жонзотларни беҳаловат қилмади, айниқса, рамазон ойидаги саррин ҳаволарни эсланг – қандай ажойиб эди; куз фасли ҳам тўлиб-тошиб кириб келди, ҳаммаёқда пишиқчилик, серобчилик...
Қўшни мамлакатлар билан муносабатларимиз янада яхшиланиб бормоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Туркманистон ва Қозоғистонга қилган қисқа муддатли сафарлари, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистонига ташрифлари бағоят самарали бўлди.
“Халқ билан мулоқот йили”да президентимизнинг ўзи ҳаммага ўрнак бўлди: ҳали у вилоятда, ҳали бу вилоятда бўлиб ҳар доим аҳолининг орасида юрибди, ҳатто нуроний отахону онахонларни зиёрат қилиб, азали хонадонларга таъзияга кириб чиқишга ҳам улгурмоқда...
Президентнинг виртуал қабулхонаси ва унинг таъсирида очилган бошқа виртуал қабулхоналар жамиятда ошкораликнинг янги босқичга кўтарилишида муҳим роль ўйнамоқда.
Давлатимиз раҳбари Президентлик сайлови олдидан бўлган учрашувларда “Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди”, деган эди. Ана шу фикрнинг ижроси ўлароқ кадрлар танлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика самарадорлигини ошириш сиёсатимизнинг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди. Ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор берилаётгани янада қувончлидир.
Давлатимиз раҳбарининг илм аҳлларига, ижодкор зиёлиларга эътибор қаратиш, улар учун имтиёзли кредит асосида уй-жой бериш, қалам ҳақларини ошириш борасидаги тавсиялари олиму ижодкорларни янада руҳлантириб юборди.
Шу тариқа, санашда давом этаверсак, ислоҳотлар жадаллашиб, кишиларимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун қулай шароитлар яратилиб бораётгани кўз ўнгимизда гавдаланиб келаверади.
Хўш, бу ишлар давом этаётган экан, биз нима қиляпмиз? Юртимизда юз бераётган ишларга нима қилсак кўпроқ ҳисса қўшган бўламиз?
Ушбу саволнинг жавоби мана бу ҳадисда ўз ифодасини топган.
Ҳармала ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
“... у зотнинг олдиларига яқинроқ туриб:
“Эй Аллоҳнинг Расули, нима қилишимни амр қиласиз?” дедим.
“Эй Ҳармала! Яхшилик қил, ёмонликдан четда бўл. Қулоғинг эшитганда ёқимли бўлган нарсага назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирсанг, ўша ишни қил.
Ўзингга ёқмайдиган нарсаларга ҳам назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирмасанг, ўша ишни қилма”, дедилар.
Қайтганимда ўйлаб кўрсам, мана шу икки насиҳат ҳеч нарсани қолдирмай ўз ичига олган экан” (Имом Бухорий ривоят қилган).
Дамин ЖУМАҚУЛ
Нечта ҳожи Макка ва Мадинада абадий қолади?
Бу йил икки миллион мусулмон ҳаж амалини бажарди.
Ҳаж арконларини бажариш ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтди.
Ҳаж бошлангандан бошлаб 39 киши оламдан ўтди.
Хабарларга кўра, уларнинг ҳаммаси кекса ёшда бўлган ва табиий сабаблар – хроник касалликларнинг кучайиши оқибатида вафот этган
Қазо қилганларнинг аксари Миср ва Жазоир давлати фуқароларидир.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.