muslim.uz

muslim.uz

     بسم الله الرحمن الرحيم

 Муҳтарам жамоат! Мусулмоннинг ҳаёти фаровон бўлиши учун нафақат ўзи балки ён атрофидаги ёру дўстлари ҳам мустаҳкам имонли ва юксак илм эгаси,  бағрикенг  бўлиши лозим. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамду-лиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликни ёрқин намунасидир. Исломда бағрикенглик масаласи ўзининг илк давридаёқ намоён бўлди. Жаҳон динларининг ичида фақат Исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган. Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

لَكُمْ دِينُكُمْ وَلِيَ دِينِ

яъни: «Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир» (Кофирун,6). Шунингдек, динимиз одамларни зўрлаб динга киритишни ёқламайди. Қуръони каримда:

وَقُلِ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكُمْ فَمَنْ شَاءَ فَلْيُؤْمِنْ وَمَنْ شَاءَ فَلْيَكْفُرْ

яъни: «Айтинг: «(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин».

Дарҳақиқат, Конституциямизда ҳам бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги ва кафолатлангани хусусида шундай дейилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Диний бағрикенглик тамойили Конституциямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган. Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини эътироф этмоғи лозим. Бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш муқаддас динимизнинг таълимотларидан биридир. Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги бир янгилик бўлди. Ислом илк даврданоқ собиқ динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: “Барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар. Динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим”, деган тамойилга амал қилди.

Муҳтарам жамоат! Ўлкамизда қадимда Ислом динини бағрикенглик тамоилига асос солган ота-боболаримиз фаолиятлари каби ҳозирда ҳам масжидлар фаолият кўрсатаётгани каби насронийлар черкови, яҳудийлар ибодатхоналари ва бошқа дин вакиллари бутхоналари иш олиб бормоқда. Албатта, бу динимизнинг бағрикенглигидан далолат қилади. Буларнинг замирида эса барча миллату элатлар тинчлиги ва осудалиги ётади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ғайридинларга бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурматлаш, ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан борига даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳдан (с.а.в.): «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», деб марҳамат қилдилар.

Аллоҳ бизни ғайридинларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармаганлиги «Мумтаҳана» сурасининг 8-оятида ўз аксини топган:

لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ

яъни: «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас...».

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар.  Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани топилмайди. Оламлар сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўлатуриб ўзларига зулм ва ёвузликлар кўрсатганларни кечира олган зот эдилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобеинлар ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. Умар ибн Хаттоб (р.а.) ғайридинларга хайрихоҳлиги, меҳр-муруввати ва адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умар (р.а.)нинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган.

Тарихдан маълумки, Ўзбекистон ҳудуди қадимдан диний бағрикенглик борасида дунёга намуна бўлиб келган. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан Бурҳониддин Марғилоний, Абу Лайс Самарқандий, Алоуддин Косоний каби уламолар томонидан таълиф этилган асарларда ўзга дин вакилларига нисбатан  бағрикенг бўлиш масаласига алоҳида  аҳамият қаратилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2 238 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2064 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Булардан ташқари конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Афсуски, бугунги кунда биз жаҳоннинг турли нуқталарида, айниқса Яқин Шарқ мамлакатларида диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида юзага келган қуролли тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, минглаб кишиларнинг ўз бошпаналаридан айрилиб, туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани каби аянчли жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир ёшлар дин ниқоби остида билиб-билмай мана шундай уруш ўчоқларида ўзга дин вакилларини турли қийноқлар билан азоблаб, ҳатто уларни ваҳшиёналик билан ўлдирмоқдалар. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳи салом ўз ҳадисларида;

“Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни Мени ўзининг душмани сифатида кўради”. (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).

Муҳтарам жамоат! Буюк  аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимиз нафақат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик балки дину-диёнат, иймону-эътиқод, одобу-ахлоқ, меҳру-мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саҳоват ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда. Мамлакатимиз тарихан кўп миллатли ўлка бўлганлиги туфайли бу заминда турли-туман дин вакилларининг эмин-эркин яшашлари учун барча шароитлар яратилган. Юртимиздаги бошқа ташкилотлар қатори диний жамоалар ҳам жамият тараққиётида тобора фаол иштирок этиб, халқимизнинг маънавияти ва қадриятини тиклаш, ўзлигимизни англаш, энг асосийси, мустақиллигимизнинг мустаҳкам ва боқий бўлишига ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча диндорларни тинчлик, тотувлик ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, Она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин. Омин!

П'ятниця, 04 ноябрь 2016 00:00

Мўминлар зеҳни Аллоҳ муҳофазасида

“Инсон вужуди электрокимёвий тизим бўлиб, унга таъсир ўтказадиган механизм ишлаб чиқилган. Бу механизм миядаги электромагнит тўлқинларнинг нормал тарқалишини тўхтатиш орқали одамнинг хатти-ҳаракати ва феъл-атворини ўзгартира олади. Натижада, маълум вақт ичида инсон биороботга айлантирилиши мумкин”, деб ёзади “Microway News” журнали бош муҳаррири Луис Слайзен.

Бугунги кунда компьютер инсон миясининг фаолиятини аниқлаб, экранда кўрсатиши, айни пайтда, мияни назорат қилувчи тўлқинлар тарқатиши мумкин. Зеҳн назорати билан боғлиқ бундай тадқиқотлар узлуксиз давом эттирилмоқда. Бир пайтлар шу мақсадда одамлар бошига электронлар жойлаштириб, тажрибалар ўтказилган бўлса, ҳозирга келиб бу амалиёт кабелларсиз амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, Совет Иттифоқи қулашидан олдин Тошкентда фолбин ва экстрасенслар фаолиятини ўрганиш учун илмий марказлар ташкил қилинган. Уларни фолбин ва экстрасенслар мияси ишлаб чиқарган электромагнит тўлқинларнинг мижозларни қандай бошқариши қизиқтирган. Тадқиқотлар натижасида гипнозчи ёки экстрасенс ўзи ишлатган барабан товуши (ёхуд ўз овози) тўлқинлари билан мижоз мияси тўлқинлари орасида мувофиқлик топиши, кейин дуо ўқиб, дуо ичидаги буйруқларни мижоз миясига жойлаштириши аниқланган. Буни “нейролингвистик дастурлаш” дейилади.

Нейролингвистик дастурлаш усулларини кўпинча дистрибюторлар (дори, косметика ва ҳоказо тарқатувчилар) тайёрлаш марказларида, “рэп” мусиқасида, рекламаларда, аксарият фильмлар ва телевизион дастурларда кўриш мумкин.

Россияликлар ва америкаликлар фазодан ерга тўғридан-тўғри галлографик тасвир узатилиши лойиҳасини ишлаб чиққанига анча бўлди. Бугун бундай расмлар 100–150 километрлик диаметрдаги майдонда кўрсатилиб, муайян мақсадларга хизмат қилиши мумкин.

Олимларнинг айтишича, психотрон ва психотроп технология атом бомбаларидан хам хавфли. Яъни, берилган ҳар қандай буйруқни бажарадиган “зомбилар ишлаб чиқариш технологияси”дир. Бу бир киши ёки бир гуруҳга эмас, балки бутун миллатга қарши ишлатилиши мумкин бўлгани учун ҳам хатарли.

Қизиғи шундаки, бу даҳшатли тадқиқотларни амалга оширган кишилар фикрига кўра, психотроп ва психотрон қуролларнинг таъсиридан фақат имон эгаларигина омон қолишади. Имонли одамни гипноз билан ҳам, электромагнит тўлқин билан ҳам назоратга олиш имконсиз. Бу ҳақиқат тадқиқотлар сўнгида аниқ-равшан маълум бўлган. Масалан, изланишлардан бирида гипноз остига олинган одамга бир кишини ўлдириш буюрилган, аммо у пичоқни ушлаганида қўли тортишиб қолган. Демак, қотил бўлмаган киши гипноз таъсирида ҳам одам ўлдира олмайди, ҳаромдан ўзини сақлаган ҳаромга яқинлашмайди, ёлғончи бўлмаган кимса ёлғон сўзлолмайди, хоин бўлмаган одам хиёнат қилолмайди, имонли инсон куфрга бормайди.

“Албатта, имон келтирган ва фақат Парвардигорларига таваккул қиладиганлар устидан у(шайтон) учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир. Унинг ҳукмронлиги фақат уни дўст тутиб, Унга ширк келтирувчилар устидандир” (Наҳл, 99–100).

 

Миркамол Мирҳабибов,

Тошкент Педиатрия тиббиёт институти I босқич талабаси/irfon.uz

Маккадаги Масжидул ҳаромга янги минбар ўрнатилди. Энди имомлар Македониядан келтирилган махсус мармардан ясалган минбарда хутба ўқишади. Унинг баландлиги беш метр. Минбарни олмониянинг машҳур муҳандислик компанияси ясаб берди. Минбар 5,5 тонна бўлишига қарамай, унинг контрукцияси жуда қулай ҳамда ҳаво ҳароратини сақловчи имкониятлари ҳам бор.

Дунёда бунга ўхшаш бошқа минбар йўқ. Минбар нақшлар билан безатилган. Нақшлар эса тиллодан бўлгане зар ҳошиялар билан безатилган. Энг қизиғи ушбу конструкцияни узоқ масофадан пулт орқали бошқарса бўлади.

Ислом дини Финландиянинг мактаб дастурига киритилди. Энди ҳеч бўлмаганда 3 нафар ўқувчи ўрганиш истагини билдирса, уларга “Ислом асослари”, “Лютеранлик дини” ёки “Дунёвий этика” сингари фанлари таклиф этилади.
Маълумотларга кўра, исломга оид фан, бошқа динлар сингари 3 қисмда – “Динга муносабат”, “Дунёдаги диний хилма-хиллик” ва “Ижобий ҳаётий принциплар” сингари бўлимлар кўринишида ўқитилади.

Ҳозирда Финландия жамоатчилиги бу янгиликни ижобий қабул қилмоқда. Социологларнининг фикрича, ислом динини ўрганиш мактаб дарслигига киритилса, болаликданоқ одамлар онгида ислом эътиқодга оид соф фикрлар шаклланади.

Манба: Muxlis.uz/Islam-today

 

Британиянинг Кембриж шаҳрида йирик масжидни қуриш ишлари бошланди. Маълумотларга кўра, иншоотнинг умумий қиймати 15 миллион фунт стерлинг. Қадимий шаҳарнинг умумий архитектурасини бузмаслиги учун махсус лойиҳа ишлаб чиқилди.
Абу Бакр Жомий масжиди ер ости автопарки, йирик ибодат зали ва ҳалол ресторанни ўз ичига олади. Унинг атрофига улкан парк қурилади. Масжид экологик соф технологиялар асосида қад ростлайди.

Бино томига боғ барпо этилади, сувни қайта ишлаш тизими, электр энергиясини максимал даражада иқтисод қилиш имконини берувчи ягона технологик тизим ўрнатилади. Масжиднинг қурилиш жараёни туну кун онлайн режимида кузатиб турилмоқда.

Манба: Muxlis.Uz/Islam-today

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top