www.muslimuz
Қурбон ҳайити муносиб нишонланади
Ҳаж-2019: 400 мингга яқин ҳарбий хавфсизлик учун жалб этилган
Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги берган маълумотга кўра, жорий йилги «Ҳаж-2019» мавсумини тартибли, хавфсиз, кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида ҳарбийлар, ички тартибни сақлашга масъул ташкилотлар, хавфсизлик хизматларидан иборат жами 400 мингга яқин масъул жалб этилган.
Вазирлик мутасаддиларидан бирининг айтишича, улар миллионлар орасида кўзга кўринмаса-да, лекин хизматлари жуда ҳам муҳим. Улар ҳожиларга ўз пайтида керакли ёрдам кўрсатишга ва ҳаж амалларини хотиржам, тартибли адо этишларига яқиндан кўмак бериш мақсадида, ҳукумат томонидан, биринчи маротаба, шу каби катта ададда жалб этилмоқда. Уларни Мино, Арафот, Муздалифа ва Жамаротда ҳар 20-30 метр оралиқ масофада жойлаштириш тажрибаси ҳам ушбу мавсумда ўтказилмоқда, деб хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати Kun.uz’га.
Вазирлик берган маълумотга кўра, жорий мавсум мамлакат тарихида энг кўп ҳожилар келиши кутилаётгани айтилади.
Кеча, 7 август куни Жидда шаҳрида мазкур мавзуга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда паспорт назорати бошлиғи, генерал Сулаймон ибн Абдулазиз ал-Яҳё шу кун соат 16:00 га қадар Саудияга кирган ҳожилар сони 1 838 339 нафарни ташкил этганини қайд этди.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, бу йил 3-3,5 миллион инсон ҳаж ибодатини адо этиши кутиляпти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳайит куни метро ҳам соат 4:30 дан ишлайди
Қурбон Ҳайити муносабати билан жорий йилнинг 11 август куни Тошкент метрополитенининг барча йўналишида поездлар ҳаракати соат 4:30 дан бошланади. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Қурбон Ҳайити намози тонг соат 5:45 да ўқилади. Аввалроқ Ҳайит муносабати билан «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси таркибига кирувчи автосаройлар автобусларни 4:30 дан йўналишларга чиқаришини эълон қилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мино водийсида ҳожиларимиз тоату ибодатда
9 август, зулҳижжа ойининг саккизинчи куни ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж амалларини бажаришга киришиб, оппоқ эҳромларини боғлаган ҳолда “лаббайка” айтиб Мино водийси томон йўл олдилар.
Дунёнинг турли ўлкаларидан келиб, муқаддас Макка шаҳрида жам бўлган миллионлаб мусулмонлар Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир” деган ҳадиси шарифларидан умидвор ҳолда, ҳаж ибодатларини бошлашди.
Ишчи гуруҳи аъзолари Мино водийсида уларни кутиб олиб, ўзлари учун ажратилган чодирларга жойлаштирдилар. Зиёратчиларимиз аввалдан ҳозирлаб қўйилган саранжом ва саришта чодирларга кириб, зикру дуо ва ибодатларни бошлаб юбордилар. Уламолар томонидан қилинган мазмунли маърузаларни тингламоқдалар.
Муборак Мино водийсида ҳам юртдошларимиз учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Хусусан, таомларни тарқатиш, тиббий хизмат кўрсатиш, ичимли суви ва чой улашиш жойлари ҳозирланган.
Ислом тарихидан маълумки, Мино Макка ва Муздалифа оралиғидаги қишлоқнинг номи бўлиб, у Масжид ал-Ҳарам шимолидан 7 км. узоқликда жойлашган. Иброҳим алайҳиссалом шу ерда шайтонга тош отганлар ва қурбонлик қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам видолашув ҳажини адо этганларида тош отиб, қурбонлик сўйганлар. Ва: “Мана шу ерда қурбонлик қилдим. Минонинг барча ерида қурбонлик сўйилур”, деганлар.
Ҳожилар Арафа кунининг бомдод вақтигача шу ерда истиқомат қиладилар. Сўнгра Арафотга кетиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни яна Минога қайтадилар ва икки кун шайтонга тош отишни давом эттирадилар.
Юртимиздан жўнаб кетган ҳожилар ҳам Набий алайҳиссаломнинг суннати санияларига амал қилиш ниятида шундай улуғ, муборак масканга йўл олдилар. Бу ерда ибодатнинг мағизи бўлган дуо билан машғул бўлиб, юртимиз, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги сўраб дуолар қиладилар.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг дуолар мақбул бўладиган лаҳза ва маконларда қилаётган дуоларини қабул этсин. Сўраганларидан ҳам афзалини берсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
АРАФА КУНИДАН БОШЛАБ БАЖАРИЛАДИГАН ВОЖИБ АМАЛНИ БИЛАСИЗМИ?
Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни 23 вақт намоз мобайнида ҳар бир фарз намоздан кейин ташриқ такбирини айтиш вожиб амаллардан ҳисобланади. Ташриқ такбири ушбудир:
اَللهُ أَكْبَرُ , اَللهُ أَكْبَرُ , لَا إِلَهَ إلَّا اللهُ , وَاللهُ أَكْبَرُ , اَللهُ أَكْبَرُ وَ لِلهِ الْحَمْدُ
Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд!
Ушбу такбирни хоҳ жамоат билан, хоҳ ёлғиз ўқилган ҳар бир фарз намозидан кейин айтамиз. Жамоат намозидан кейин имом айтишни унутса ҳам қавм айтаверади.
Фарз намоздан кейин айтиладиган ушбу ташриқ такбирини эркаклар ҳам, аёллар ҳам айтадилар.
Бундан ташқари, юрган, ўтирган пайтларда такбир айтишнинг зарари йўқ, балки мустаҳаб амалдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.