www.muslimuz
Мадрасалар директорларининг учрашуви Татаристонда ўтказилди
Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси раиси Рустам Валиуллин, таълим бўйича Тожикистон муфтийси муовини, Россия ислом институти ректори Рафиқ Муҳаметшин иштирокида мусулмон диний таълим муассасалари директорларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида касб-ҳунар таълими стандартларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди ва республика мадрасасида ўтказилган методик кунларнинг натижалари умумлаштирилди.
Азон интернет нашрининг маълум қилишича, Татаристон Республикасининг муфтийси Рустам Валиуллин Татаристон Республикаси Думасига бўйсунувчи таълим муассасаларининг раҳбарларини виждонан амалга оширган ишларига ташаккур билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мусулмон ёшлар йўловчиларга гул улашмоқда
Европанинг ўнта мамлакатида бошқа дин вакилларининг Ислом дини ҳақида маълумот олишлари учун мусулмон ёшлари томонидан акция ташкил этилди. Унга кўра ёшлар кўчада дуч келган йўловчига атиргул ва Ислом ҳақида маълумот берувчи флаерлар совға қилишади.
Ушбу тадбир Миллий исломий жамият томонидан Германия, Нидерландия, Австрия, Белгия, Франция, Дания, Норвегия, Швеция, Италия ва Швейцария сингари мамлакатларда ўтказилмоқда.
Маълумотга кўра, бу тадбир ҳар йили ўтказиладиган "Салом, мен мусулмонман" шиори остидаги олтинчи тадбир экани айтилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қадимий Лангар Қуръони Диний идорага топширилди
19 апрель куни Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхасини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига тақдим этди.
Муфтий ҳазратлари Қуръони каримнинг ушбу нусхаси жуда ҳам табаррук экани, уни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музей-кутубхонасига жойлаштирилишини билдирдилар. Шунингдек, муҳтарам Президентимиз томонидан Ислом дини қадриятларини асраб-авайлашга қаратилган ташаббусларига мос равишда миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов томонидан масжид-мадрасалардаги қадимий битикларни тадқиқ этиш ва халқимизга етказишда жуда катта ишлар қилинганини алоҳида қайд этдилар. Мана шундай ишларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилишга Диний идора ва уламолар доим тайёр эканини муфтий ҳазратлари изҳор қилдилар.
Миллий ассоциацияси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов улуғ мутафаккирларимиз ёзган, айни вақтда хориж мамлакатларида сақланаётган қадимий қўлёзма асарларнинг факсимиле нусхаларини юртимизга олиб келиш ва халқимизни баҳраманд этиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини айтди. Катта Лангар Қуръонининг мазкур факсимиле нусхаси ушбу йўналишда бошланган ишларнинг илк натижаси эканини айтиб ўтди.
Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири бўлган VIII асрга оид Катта Лангар Қуръонининг 13 та саҳифаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланмоқда. Эндиликда унинг ёнида қолган саҳифаларнинг факсимиле нусхаси ҳам ўрин оладиган бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бухоро – дунёнинг 7 шариф шаҳридан бири
Юртимиз қорилари халқаро мусобақаларда фаоллар
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юртимиз қорилари қарийб барча халқаро Қуръон мусобақаларида фаол қатнашиб келмоқдалар.
2019 йилнинг 15-20 апрель кунлари Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган 61-халқаро қорилар мусобақасида юртимиздан икки нафар қорилари иштирок этди.
16 апрель куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси М.Сайдалиева, 17 апрель куни эса “Саййид Муҳйиддин махдум” ЎМИБЮ талабаси У.Исаков мусобақада ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Мусобақа ташкилий қўмитасининг берган маълумотига кўра, бугун Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилаётган мусобақа иштирокчиларга дипломларни топшириш маросими бўлиб ўтади.
Мусобақа натижалари бугун Тошкент вақти билан соат 17:00 да эълон қилиниши маълум бўлди. Аллоҳдан иштирокчиларимизга зафарлар тилаб, уларнинг ҳаққига дуода бўлишингизни сўраб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро мусобақада 71 давлатдан жами 107 та қори ва қориялар иштирок этди.
Яна бир ҳамюртимиз ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов 10-18 апрель кунлари Ал-Қувайт шаҳрида бўлиб ўтадиган 10-халқаро Қуръон мусобақасининг тиловат йўналиши бўйича иштирок этди. Зафар қори Маҳмудов 160 та қори иштирок этган Қуръон мусобақасида фахрли ўнталикдан ўрин олишга муваффақ бўлди.
Шунингдек, ўзбек қорилари Эрон Ислом республикасида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида ҳам фаол қатнашганлар. Мусобақаларда қатнашаётган барча қориларимизга Аллоҳдан илмларини янада зиёда қилишини сўраб қоламиз.
Манба: Islom.uz
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.