www.muslimuz
Сирдарёда 3 минг ўринли "Бахт" жоме масжиди очилди
Бугун, 7 июль куни вилоятда бўлиб ўтган «Бахт» жоме масжидининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков қатнашди.
Ҳонақоҳи кенг ва чиройли бўлиб, 3 минг нафар одамни сиғдиради. Ташқи тарафидан 37 метрли минора масжидга ўзгача кўрк бериб турибди. Замонавий таҳоратхонасида барча шароитлар ҳозирланган. Шунингдек, жоменинг ён қисмида аёллар учун ҳам алоҳида намозхона қилинган.
— Илк бор 1940 йили қурилган масжид бугунги кунга келиб таъмирталаб бўлиб қолган эди, айни кунда ушбу манзилда замон талабларига мос янги масжидни очдик. Бу Қурбон ҳайити байрами арафасида ҳудуд мўмин-мусулмонларига катта туҳфа ва хурсандчилик бўлди, — дейди масжид имом-хатиби Нурмуҳаммад домла Нарзуллаев.
Пешин намозидан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков масжид қавмини яна бир янги жоме билан муборакбод этиб, муҳим мавзуда маъруза қилиб берди. Якунда хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
Хушхабар: “Таваккул” номли китоб нашр этилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари, пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли таржимаси остидаги таниқли уламо Юсуф Қаразовий қаламига мансуб “Таваккул” асари китоб ҳолида чоп этилди.
Мазкур китобда мўмин-мусулмонлар учун ўта зарур бўлган, инсон умри давомида доимо муҳтож бўладиган, ҳар ишда Аллоҳ таолога таваккул қилиш ҳақида сўз бўради.
Китобни мутолаа қилган киши таваккулнинг фазли, унинг ҳақиқати, ризқ борасида таваккул, дин ишларида таваккул, таваккулнинг фойдалари, сабаблари, таваккул қилишдан тўсувчи омиллар ва бошқа таваккул ҳақидаги билимларга эга бўлиши мумкин.
Аҳамиятли жиҳати, муаллиф ҳар бир мавзуни ёритишда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардаги таваккулга оид нукталарни дақиқлик билан, атрофлича, ўқувчига тушунарли ҳолда баён этади.
Шу билан бирга китоб уламоларнинг таваккул ҳақидаги фикрлари, ҳаётий воқеалар ва мисоллар билан бойитилган. Таржимон эса асарнинг асл маъноси ва жумлалардаги жозибадорликни сақлаб қолган ҳолда, ўзбек тилида халқона услубда халқимизга тақдим этмоқда.
Мухтасар айтганда, китобда Аллоҳга таваккулнинг нақадар муҳим экани ва унинг фойдалари ҳақида ўзига хос тарзда, ҳаммага тушунарли тилда баён этилган.
Аллоҳ таолодан ушбу китобни таржима қилиш, таҳрирлаш, чоп этиш ва унинг нашр қилинишига ҳисса қўшган барча азизларга дунё ва охиратда яхшиликлар сўраб қоламиз. Ҳақ таоло ушбу янги китобни халқимизга муборак, ўқиганларга манфаатли айласин ва барчамизни Ўзига таваккул қиладиган бандаларидан қилсин!
“Шайх Зайниддин” масжиди (Кўкча) китоб дўконидан сўранг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат Қорақалпоқ элига тинчлик-осойишталик сўраб, Каъбаи муаззама олдида дуо қилдилар
Ҳаж ихлосдир! (5 қисм)
“Ихлос” луғатда “тозалаш” деган маънони англатади. Унинг шаръий истилоҳи борасида турли таърифлар айтилган. Энг чиройли таърифни Муновий раҳматуллоҳи алайҳ айтган: “Ихлос қалб софлигини кирлантирган амаллардан халос бўлишдир. Кир қилувчи ҳар ҳар қандай амалдан халос бўлган соф амални холис бажарилган дейилади”.
Ихлос мўмин инсон ҳаётида жуда катта аҳамият касб этадиган фазилат ҳисобланади. Зеро, улуғ зотлардан бири: “Амал икки нарса билан қабул бўлади: холис ва солиҳ бўлса”, деган.
Холис ихлос солиҳ шариатда мавжуд бўлган амал демакдир. Ихлос Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг илк оятларида бундай марҳамат қилади: “Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир”.
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийлардан бирида: “Ихлос Менинг сирларимдан бир сирдир. Ўз бандаларимдан кимни яхши кўрган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам” деган.
Маъруф Кархий раҳматуллоҳи алайҳ нафсини койиб: “Эй нафс! Холис бўл, халос бўласан”, дер эди.
Бир солиҳ инсон ўз биродарига бундай деб ёзган экан: “Амалингда ниятингни холис қил, шунда сенга оз амал ҳам кифоя қилади”.
Ўтган улуғлар: “Ким ўз ихлосида ихлосни кўрса, ихлоси ихлосга муҳтож бўлади”, дердилар.
Ихлос ҳақида гап кетар экан, ҳаж зиёрати ҳам ушбу фазилат билан чамбарчас боғлиқдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг (Бақара сураси, 196-оят).
“...тугал адо этинг”. Бир ишни тугал қилиш уни барча шартлари билан бузувчи ва нуқсонга учратувчи нарсалардан сақлашдир. Яъни, ҳажни фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб ва одобларига амал қилган ҳолда ҳаром, макруҳ ва беадабликлардан холи қилиб бажаринг, деганидир.
Мазкур оятга кўра, уламоларимиз ҳаж ёки умра амалини қилишга киришган кишига ушбу ҳаракатни охирига етказиб, тўлиқ бажариши вожиб эканига ижмо қилганлар.
“...Аллоҳ учун...” ояти “Тафсири Насафий”да қуйидагича шарҳланган: “Ҳаж ва умранинг шарт ва фарзларини тўлиқ бажарган ҳолда, кечиктирмай, камчиликсиз Aллоҳ таолонинг розилиги учун бажаринглар”.
Ҳажни ихлос билан бажариш лозимлиги ҳақида ҳадислар бор. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилг андек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Муҳаддислар бу ҳадис ихлосга тарғиб бўлиб, ҳаж ёки умрани қасд қилган киши, аввало, ниятини гўзал, холис Аллоҳ учун қилиши керак бўлади, дейдилар.
Амални холис қилгандан кейин ибодатнинг савобини кетказиб қўядиган ишлардан сақланиши лозим. Амалларини риё, сумъа ва ужбдан эҳтиёт қилиши керак. Бу иллатлар шайтоннинг энг кучли қуроллари бўлиб, мисқоллаб йиғилган барча савобларни бир лаҳзада йўққа чиқариб юборади.
Аллома Муҳаммад Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг истилоҳлар ҳақида ёзган машҳур асарида риёни қуйидагича таърифлайди: “Риё яхшиликни бошқалар кўрсин учун қилишдир. Унда холис ният ва ихлос бўлмайди”.
Дарҳақиқат, ҳар бир ишимизда ихлос бўлиши керак. Усиз иш битмайди. Ихлос қилсак, мақсадлар ҳосил бўлади. Ихлос сабаб Аллоҳ таоло ёмонликлардан халос этади. Зеро, улуғ зотлар: “Ихлос – халос” деб бежизга айтмаганлар.
“Ва амалларингизни ботил қилмангиз” (Муҳаммад сураси, 33-оят). Юсуф ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Инсон зоти учун дунёда ихлосдан кўра қийинроқ иш йўқдир. Риёни қалбимдан таг-туги билан қўпориб ташлашга ҳарчанд ҳаракат қилмайин, у ҳар сафар янги-янги кўринишда ўсиб чиқаётганга ўхшарди”.
Давоми бор...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг
"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.
Ҳаж илм ва амал билан адо этилади (4 қисм)
Ҳар бир ишни чиройли ва мустаҳкам бажарилишида илм ва амалнинг ўрни беқиёсдир. Илм пойдевор, амал эса ўша пойдевор устига барпо қилинадиган бинодир. Бинонинг пишиқ ва мустаҳкам бўлиши унинг асоси бўлмиш пойдеворнинг тўғри ва мустаҳкам бўлишига боғлиқ. Бошқача қилиб айтсак, илм – дарахт, амал эса унинг мевасидир.
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси, 43-оят).
Ҳақиқатда, билмаган киши сўраб ўрганиши керак. Савол беришдан ҳеч қачон уялмаслиги лозим. Зеро, жаҳолат ҳам маънавий касалликдир. Унинг энг яхши давоси ўрганиш ва савол беришдадир.
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот айтади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни наҳр куни уловлари тепасида тош отаётганларини ва “Ҳаж амалларингизни (мендан) олинглар. Эҳтимол, бу ҳажимдан кейин (бошқа) ҳаж қила олмайман”, деётганларини кўрдим» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж аҳкомларини асосан ўзлари баён қилиб берардилар. Гоҳида илмга ҳарис бўлган саҳобалар томонидан берилган саволлар баҳонасида ҳаж амаллари қандай адо этилишини тушунтирардилар. Саҳобаларнинг эҳром либоси, ҳажжи бадал ҳақида сўровлари ҳадисларда ворид бўлган.
Ҳaж инсон yмpида бир марта адо этадиган фарз ибодатдир. Инсон қанча маблағ, вaқт, кyч-қyввaт capфлaб ҳажга борсa-ю, амалларни нoтўғpи бажарca ёки қандай бажариш илмини билмаса, ҳaммa ҳapaкaтлари ҳабата бўлиб кетиши мумкин. Шyнинг yчyн зиёратга отланган киши, энг aввaлo, ҳаж илмини яхшилаб ўpгaниб oлиши зарур. Ҳaж ҳақида ёзилган биpор китoбни ўзи билан олиб бориши керак. Ҳеч бўлмаганда, сафарга бориб келгунча ҳаж илмини яхши биладиган кишининг этагини маҳкам тутиши лозим. Олимлар ҳар бир ишда илм ва амалнинг аҳамиятини тушунтириш учун бир мисол келтирадилар.
Инсонлар узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи турли-туман замонавий жиҳозларнинг ёнида уни тўғри қўллаш усуллари, қонун-қоидалари ёзилган кичик китобчаси бўлади. Бу китобчада жиҳозга оид маълумотлар ёзилган бўлади. Кимда-ким уни китобида ёзилган қоидаларига мувофиқ ишлатса, жиҳоз унга узоқ вақт хизмат қилади ва барака топади.
Жиҳоздан ўзбошимчалик билан фойдаланган киши эса зиён кўради ҳамда тез кунда ишдан чиқиб, кўзланган натижа бермайди. Унинг эгаси ҳасратда қолади. Аммо надомат қилган билан иш ўнгланиб қолмайди. Қоидасига мувофиқ қилинмаган биргина ҳаракат инсонга моддий ва маънавий зарар келтириши мумкин. Натижада бузилган матоҳни устага кўрсатишга ёки янгисини харид қилишга эҳтиёж сезилади.
Шунга ўхшаш ҳаж амали ҳам китобига мувофиқ тарзда амалга оширилса, ўз эгасига икки дунё саодатини тақдим этади. Акс ҳолда, тижоратида касодга учраган савдогар каби ҳасрат ва зиёнда қолади.
Давоми бор...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг
"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.