www.muslimuz
МУФТИЙ ШАЙХ ҲАЗРАТЛАРИ: ШУКР ИМОННИНГ ЯРМИДИР
Бугун, 7 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати имом" жоме масжидида жамоат билан жума намозини адо этиш ва жамоатга мавиъза қилиш учун ташриф буюрдилар.
Жума аввалида қориларнинг гўзал қироатлари йиғилганлари масрур этган бўлса, Шайх муфтий ҳазратларининг шукроналик ҳақидаги маърузаси барчани бир дам тафаккур қилишга ундади.
Шайх Нуриддин домла ўз сўзида Аллоҳнинг неъматлари чексиз эканини таъқидлаб, мўмин-мусулмонлар бу неъматлар ҳақида гапириши, эътироф этиши зарурлиги қайтди. Жумладан:
– Ислом таълимотида неъматларга шукр қилиш улуғ фазилатдир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Шукр қилишлик имоннинг яримидир” деган. Бошқа бир ривоятда эса “Имон - сабр ва шукрдан иборат” дейилган.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилишга амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларининг янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилган.
Буюк бобокалонимиз Қаффоли Шоший эса ўзининг машҳур “Жавоми ул-карим” китобида келтирган Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг “Неъматлар ҳақида гапиришлик шукр қилишликдир” деганлар.
Яратган бизларга ато этган беҳисоб неъматларни ёдда тутиш, уни ўз вақтида қадрлай олиш ўша неъматларнинг давомийлигига сабаб бўлади. Шайх Саъдий айтганлар: “Бир нафасга икки марта шукр айтиш вожиб”, зеро, нафас кирсаю қайтиб чиқмаса ёки чиқсаю қайтиб кирмаса, инсон ҳалок бўлишини таъкидлаб, инсон тансиҳатлиги учун, хотиржамлиги учун Яратганга шукрона айтмоқлиги лозим деганлар. Яхшиликка фақат яхшилик билан жавоб қайтариш улуғ фазилатлардан ҳисобланади.
Шайх муфтий ҳазратларининг гўзал мавъизасидан сўнг жума намози адо этилиб, юритимиз ривожи ва элу юрт ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
АЛЛОҲНИНГ САЛОМИНИ ОЛГАН АЁЛ — ХАДИЖА ОНАМИЗ
Аёллар саййидаси. Отасининг исми Хувайлид, онасининг исми Фотима бўлган. Жоҳилят даврида Хадижа онамизни Тоҳира деб чақиришар эди. Умму Қосим деб куняланаган. Асли Қурайш қавмидан. Оқила, олийҳиммат, саховатли, меҳрибон жаннатий аёл бўлган.
Расулуллоҳга ўзи ҳаридор бўлган. Уйланишларини таклиф қилган. Расулимиз алайҳиссалом рози бўлганлар ва 25 ёшида уйланганлар. Маҳрига 20 туя берган. Хадижа онамиз Расулуллоҳдан 15 ёшга катта эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандлари шу онамиздан туғилган. Ер юзида Расулуллоҳни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин иймон келтирган энг бахтли аёл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий келганда, амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамизни кўп тилга олардилар ва бошқа оналаримиздан афзал билардилар. Ҳаттоки Оиша онамиз шундай дегандилар:
ما غرت من امراءة ما غرت من خديجة
Расулуллоҳ Хадижани кўп эслагани туфайли, Ул зотни бирорта хотиндан Хадичадан рашк қилиб қизғонганимдек қизғонмаганман. (Бухорий).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамиз ҳаётлик чоғида бошқа аёлга уйланмаганлар. Кейинги оналаримиз билан Ул зоти шарифанинг вафотидан кейин турмуш қилганлар.
Сердавлат, ишбилармон аёл эди. Расулуллоҳга молиявий жиҳатдан кўп ёрдам қиларди. Расулуллоҳ Хадижа онамизнинг савдо ишларини юритар эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали Хадижа онамиз учун жаннатдан бир қаср барпо қилганлик башоратини етказган. (Бухорий ва Муслим).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча марта: “Эй Хадижа, сенга Жаброил салом айтди” баъзида эса “Сенга Аллоҳ салом йўллади”—деганлар. (Бухорий).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат аёлларининг саййидаси марям, Фотима, Хадижа ва Фиръавннинг хотини Осиёдир”—деб марҳамат қилганлар. (Ибн Абдулбар).
Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамизни кўп хотирлар эдилар. Ҳар доим ёдга олганда Хадижа онамизни мақтар, ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилардилар. Бир куни Оиша онамиз рашки келиб: “Аллоҳ сизга ўша кампир ўрнига ёш аёлларни бердику?!”—деб юборади. Шунда Расулуллоҳнинг ғазаблари келади. Қилмишидан афсусланган Оиша онамиз “Эй Раббим, Хадижани қайтиб ёмонлик ила эсламайман” деб онт ичадилар. Расулуллоҳ: Эй Оиша, одамлар мени ёлғончига чиқарганда у менга ишонган, одамлар мендан юз ўгирганда у менга жой берган, у менга бола туғиб берган сизлар эмас—деб Хадижа онамизнинг фазлини эслатиб қўядилар.
Ҳижратдан 3 йил, Абу Толибнинг вафотидан эса 45 кун олдин, 65 ёшида Рамазон ойида, Исломда ҳали намоз фарз бўлмай туриб вафот этган. Ҳажун номли ерга дафн этилган.
Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имоми
МУСУЛМОННИНГ ҲИЖРАТИ ГУНОҲЛАРНИ ТАРК ЭТИШИДА…
Ҳожиларимиз она-Ватанга етиб келди
Шу йил, 4 июль куни дастлабки гуруҳ ўзбекистонлик ҳожилар она-Ватанга етиб келдилар.
Жидда-Тошкент йўналиши бўйича Тошкент халқаро аэропортига етиб келган юртдошларимизнинг барчалари соғ-саломат, кайфиятлари аъло даражада.
Ҳожиларимиз Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, ҳаж амалларини мукаммал адо этишди. Ибодатлар чоғида ҳожилар бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга қут-барака, халқимизга бахт-саодат, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимизга нурли келажак сўраб дуолар қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, ҳожиларимиз Ватанга қайтишлари шу йил 4-22 июль кунлари давом этади.
Юртимиз ҳожиларини ҳаж амалларини мукаммал адо этганлари билан муборакбод этамиз.
Барчаларининг ҳажлари мабрур айлашини Яратгандан сўраймиз.
#haj2023
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla |@diniysavollar
Уламоларимизнинг хориж сафари ватандошлар учун манфаатли бўлмоқда
Аввал хабар берганимиздек, юртимизнинг бир гуруҳ уламолари хориждаги ватандошларга бугунги куннинг муҳим мавзуларида илмий суҳбат қилиш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, муборак Қурбон ҳайити байрамини бирга ўтказиш, жамоат намозларини биргаликда адо этиш мақсадида дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, АҚШ, Корея, Россия ва Қозоғистон сингари мамлакатларда бўлиб туришибди.
Қуйида юртимиз уламолари ва уларнинг қайси мамлакатда учрашувлар ўтказаётгани тўғрисида танишишингиз мумкин:
Америка Қўшма Штатларида:
– Яҳё домла Абдураҳмонов, Тошкент шаҳри Олмазор тумани бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” масжиди имом-хатиби;
– Қамариддин домла Баҳриев, Самарқанд вилоятидаги “Намозгоҳ” масжиди имом-хатиби.
Жанубий Кореяда:
– Ҳасан домла Қодиров, Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби
– Фозилжон домла Убайдуллаев, Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” масжиди имом-хатиби;
– Исоқжон домла Бегматов, Тошкент шаҳридаги “Имом ат Термизий” масжиди имом-хатиби;
– Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров, Тошкент шаҳридаги “Доруссалом” масжиди имом-хатиби.
Россия Федерациясида:
– Ҳабибуллоҳ домла Жўрабоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламоси;
– Хайруллоҳ домла Сулаймонов, Андижон вилояти бош имом-хатиби ўринбосари;
– Мирзатиллоҳ домла Алихонов, Тошкент шаҳридаги “Файзи ота” масжиди имом-хатиби;
– Нурали домла Мавлонов, Тошкент вилоятидаги “Абу Бакир Сиддиқ” масжиди имом-хатиби;
– Зафар домла Маҳмудов, Самарқанд вилоятидаги “Хўжа Абду Дарун” масжиди имом-хатиби;
– Муродиллоҳ домла Хуназаров, Тошкент шаҳридаги “Ал Ҳудайбия” масжиди имом-хатиби.
Қозоғистон Республикасида:
– Бахрамиддин домла Разов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ўринбосари;
– Миродил домла Миржалилов, Тошкент вилоятидаги “Дўрмон” масжиди имом-хатиби;
– Салоҳиддин домла Тошанов, Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” масжиди имом-хатиби;
– Ражабий домла Мирзаниёз, Тошкент шаҳридаги “Абу Бакр Қаффол Шоший” масжиди имом-хатиби;
– Қудратиллоҳ домла Сиддиқметов, Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом ноиби.
Таъкидлаш жоизки, таниқли ва воиз уламоларимиз ўқиш, иш ва ҳаётий зарурат туфайли мазкур мамлакатларда яшаётган ватандошлар билан учрашувларда динимиз мазмун-моҳияти, хусусан, ниятнинг муҳимлиги, мусулмон киши амал қилиши лозим бўлган ижтимоий одоблар, ҳалол касб-кор қилиш, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, қон-қариндошлик ва ота-она, яқинлар билан илиқ муносабат сингари мавзуларда Қуръони карим, ҳадиси шариф, буюк уламолар асарларидан далил ва ҳаётий мисоллар келтирган ҳолда мазмунли мавъизалар қилиб беришмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, уламоларимизнинг хориж сафари ва ватандошларимиз билан учрашувлари юртимиздаги мутасадди вакиллар, мазкур мамлакатлардаги элчихона ва консулликлар орқали ташкил этилмоқда.
Шунингдек, юртимиз уламоларининг хориж сафари ва манфаатли суҳбатлари мазкур мамлакатлар мутасадди вакиллари ва ватандошларимизнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Буни уламоларимизга билдирилаётган миннатдорлик сўзлари ва тақдим этилаётган ташаккурномаларда ҳам кўриш мумкин.
Аллоҳ таоло уламоларимизнинг сафарларини хайрли ва ватандошларимизга манфаатли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla | @diniysavollar
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.