muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 20 сентябрь 2018 00:00

Ашуро кунидан баҳра олайлик

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Ашуро кунининг рўзаси бир йил олдинги гуноҳларга кафорат бўлади. (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ бани Исроилни душманлардан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлиман ва бу кунда рўза тутаман”, деб тутдилар бошқаларни ҳам ашуро рўзасини тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Саъд розияллоҳу анҳу: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади” дедилар, деди” (Имом Баҳақий ривояти).

Аллоҳ бу кунда барчамизни Ўзига ибодат қилиш ва ашуро кунининг файзидан баҳраманд бўлишни насиб қилсин. Ашуро куни бир йиллик гуноҳларга кафорат бўлади ва бир йил қут-барака бўлади. Бу кунда ғафлатда қолмасликни насиб қилсин. Амин.

Ойбек МАЪРУПОВ,

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Индонезиянинг «NetTV» телеканали тасвирчиси Реза Ривалди Ўзбекистоннинг зиёрат туризми ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликни ҳамюртлари эътиборига ҳавола этди.
 
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, бу индонезияликлар ўртасида Ўзбекистонга келиш ҳавасини уйғотмоқда.
 
Хабарда айтилишича, «NetTV» телеканали ижодкорлари жорий йил март ойида ҳам Ўзбекистон ҳақида иккита кўрсатув тайёрлаган. Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти узатилган дастлабки кўрсатувни 22 май куни 180 мингдан ортиқ индонезиялик томоша қилган. Бундан ташқари, бу кўрсатувни «YouTube» орқали 1,7 миллион фойдаланувчи кўрган.
 
Тошкент ҳақида иккинчи кўрсатувда Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси, Мўйи Муборак музейи, Чорсу бозори, Амир Темур хиёбони ва Тошкент метрополитени ҳақида лавҳалар тайёрланган.
 

манба: ЎзА

Четвер, 20 сентябрь 2018 00:00

Уламоларнинг фазли

Аллоҳ тарло  Ўз каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримда: “Бандалари ичида Аллоҳдан қўрқадиганлари-олимдаридир[1] деган. Бу ояти карима бандалар ичида олимларнинг фазлини, мартабасини белгилаб берибгина қолмай, уларнинг сўзларини аҳамиятини, айтган гапларини қувватини ҳам белгилаб беради. Демак, уламо Аллоҳдан қўрқиб бирор сўз айтар экан, уни қабул қилишимиз, уни айтганини сўзсиз қабул қилишимиз даркор.

Аллоҳ азза ва жалла бошқа бир оятда: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?[2]деб марҳамат қилган. “Ҳужурот” сурасидаги бу оятда Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмон бандаларини ғийбатчиликдан қайтармоқда. Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар.  Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканини ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб билан баён қилинмоқда.  Бундан келиб чиқадики олимлар устидан гапириш, уларни ғийбат қилиш гуноҳ устига гуноҳ, охирига етиб бўлмайдиган шармандаликдир.

Айтишадики, олимлар мажлиси, уларнинг суҳбати-диннинг ислоҳи, жасаднинг зийнатидир. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам олимларни “пайғамбарларнинг меросхўрлари”  деб атайдилар. Бу “меросхўрлар” модомики дунёга берилмасалар, ўзларидаги омонатга ҳиёнат қилмасалар буларга нисбатан беҳурмат бўлишимиз, уларни кетларидан ғийбат қилишимиз заҳарли гўштни ейишимиз кабидир.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳамма олимларнинг ҳам олдида ўтираверманглар, агар бешта нарсадан бешта нарсага чақирса ўтиринглар. Гумондан ишончга, кибрдан тавозуга, душманликдан насиҳатга, риёдан ихлосга, рағбатдан зоҳидликка  (чақирса ўтиринглар)”. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар”[3] деб айтган. Бу оят илмга тарғиб бўлиб, олиму уламоларнинг фазилатларини ёритиб беради.

  Демак, олимларнинг динимиздаги ўрни, мавқеи беқиёсдир. Сўзимизни Хасан Басрийнинг  гаплари билан қувватлаб айтамизки: “Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолса, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади. Олимнинг ўлими билан Исломда бўшлиқ пайдо бўлади. Вақт ўтса-да, бу бўшлиқни бирор нарса тўлдира олмайди”.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим

юрти мударрисаси  И.Нурмуҳамедова

 

[1]Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. -Т.: ТИУ,  2016.  Б- 437. 35:28

[2]Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. –Т.: ТИУ, 2016.   Б-517. 49-12

[3]Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. –Т.: ТИУ, 2016.  Б-60.   3:79

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони 

Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлашга, шунингдек, ёшларни террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар таъсиридан самарали ҳимоя қилишга қаратилган жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

 

Бунинг натижасида биргина 2017 йилда 18 мингдан зиёд содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтган фуқаролар террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилди. Уларнинг 10 мингдан зиёдига иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатилди. 

 

Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш мақсадида, шунингдек, инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда: 

 

1. Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) иловага мувофиқ таркибда тузилсин. 

 

2. 2018 йил 1 ноябрдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра: 

 

террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар (кейинги ўринларда – тақиқланган ташкилотлар) таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Комиссия хулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этилади; 

 

Комиссия томонидан салбий хулоса чиқарилган тақдирда барча ҳолатлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади. 

 

3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қуйидаги ҳолларда, ушбу Фармонга мувофиқ, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин: 

 

айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса; 

 

жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса; 

 

тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса; 

 

тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса; 

 

жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса; 

 

террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса; 

 

террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса; 

 

халқаро терроризмни молиялаштиришда иштирок этмаган бўлса; 

 

террористик, экстремистик ва бошқа бузғунчи ғоялар мавжуд бўлган материалларни адашиб ёки ахборот-коммуникация воситаларида тарқатишга қасд қилмаган ва бундай мақсадни кўзламаган ҳолда сақлаган бўлса. 

 

4. Комиссияга (Муродов О.) қуйидаги ваколатлар юклансин: 

 

тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш; 

 

мурожаат этган фуқароларнинг шахсини, шу жумладан, уларнинг содир этилган жиноятларга дахлдорлигини ҳар томонлама текшириш орқали ўрганиш; 

 

мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган хулосаларни дастлабки тергов органларига ўрнатилган тартибда тақдим этиш; 

 

содир этган қилмишига пушаймон бўлган ва айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилиб мурожаат этган фуқароларга нисбатан тақиқланган ташкилотлар аъзолари томонидан салбий таъсир этилишининг олдини олиш бўйича тегишли чораларни кўриш учун ваколатли органларга топшириқлар юбориш; 

 

жиноий жавобгарликдан озод этилган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишида, шу жумладан, бандлигини таъминлаш борасида кўмаклашиш ва мониторингини олиб бориш; 

 

жиноий жавобгарликдан озод этилган шахслар билан профилактик-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича ваколатли органлар ва ташкилотларга топшириқлар юбориш. 

 

5. Белгилансинки: 

 

ушбу Фармон фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш учун асос ҳисобланади; 

 

тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг қилмишига пушаймонлиги ҳамда айбини бўйнига олиши тўғрисидаги аризаси хорижда уларнинг яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига берилади; 

 

ушбу Фармон билан жиноий жавобгарликдан озод этилиб, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш билан боғлиқ жиноятни қайта содир этган шахснинг такрорий мурожаати кўриб чиқилмайди; 

 

Комиссия томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарор барча давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир; 

 

Комиссиянинг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади. 

 

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Олий суд билан биргаликда бир ой муддатда тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва жиноий жавобгарликдан озод этиш механизмларини назарда тутувчи Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин. 

 

7. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ушбу Фармон мазмун-моҳиятини, шунингдек, унинг ижроси бўйича амалга оширилган ишларни мунтазам равишда аҳоли ўртасида кенг ёритиб борилишини таъминласин. 

 

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 6 сентябрдаги “Террорчи гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида”ги ПФ–2712-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

 

9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин. 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ 

 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 19 сентябрь


Одам фарзандини илм ва амал билан фазилатли қилган, илм берилганларни даражаларини кўтарган ва уларга охиратда зафарни ваъда қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. “Илм олмоқ ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”- деб марҳамат қилган саййидимиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га, аҳли оилаларига, ҳидоят юлдузлари бўлган саҳобаларга, шариат пешволари ва уламоларга чексиз саловоту саломлар бўлсин.

Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки  фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Ислом динида мавжуд.

Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган.

Ким Ислом динининг илмга муносабатини билмоқчи бўлса Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин. Ким Ислом динининг илмга муносабатини билмоқчи бўлса, тарихга назар солсин, Ислом динига амал қилинган пайтда ҳар бир мусулмон юртидан кўплаб алломалар чиққанига гувоҳ бўлсин, илм-фан, маданият мислсиз ривожланганини билиб олсин! Бу Ислом динининг илм ва илм аҳлига ғамхўрлиги нишонасидир. Шундай экан, ким илм ва илм аҳлига ҳурмат, эҳтиром, муҳаббат ила муносабатда бўлса, ўз мукофатини дунё ва охиратда олади. Акс ҳолда бундай бахтдан мосиво бўлиб қолиши мумкин.

Ҳозириги кунда турли ижтимоий тармоқларда илм аҳли, уламоларимиз ҳақида тарқаётган турли фикр мулоҳазалар муслмонман деган инсонни қаттиқ ранжитмоқда.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим”, деган эканлар. Имом Абу Довуд ва имом Термизий ривоят қилишган.  Ушбу ҳадисдаги “Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” дейилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан хулоса олган ҳолда Ушбу муборак зотдан бизга мерос қолган уламоларимиз, олимларимиз, имом-хатибларимиз жамики илм аҳли ҳақида бир фикр ёки бир сўз айтар эканмиз Ҳабибимиз, Расулимиз, суюклигимизнинг юқорида айтиб ўтган сўзларини эслаб қўяйлик. Албатта шунда бизнинг оиламиздан, фарзандларимиздан жаннатда бошларимизга нурдан бўлган тожни кийдирувчи қорилар, олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк меросхўрлари етишиб чиқади, инша Аллоҳ.

Ижтимоий тармоқларда уламоларимиз ҳақидаги айтилаётган сўзларга ўз муносабатларимизни билдирар эканмиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисга эътиборингизни қаратмоқчимиз: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир ҳидоятга чақирса унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса, уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди. Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди”, дедилар.

Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради.

Шу билан бир вақтда, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. “Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди”. Бир жоҳил одам кишиларни эалолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилгани учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларниг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан. Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи бўлиш учун урунмоғи лозим.

Қолаверса, илм қалбга ҳаёт бахш этади, кўзга нур беради, баданга соғлик келтиради, илм қулларни ҳурлар мақомига олиб чиқади. Подшоҳларга ҳамнишин қилади, дунё ва оҳиратда олийликка етаклайди.

Илм ҳақида тафаккур қилиш Рўза ибодатига тенглаштирилган. Илм амалнинг йўлбошчисидир, илм фақат бахтли кишиларга насиб этади. Бахтсизлар ундан бебаҳрадирлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Уламолар мисоли юлдузлардир, уларга эргашганлар ҳидоят топқусидирлар”, — дедилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илм аҳлига муҳаббатли қилсин ва ҳидоятдан айирмасин! Амийн!!!

Билим юрти ўқув ишлари бўйича

мудир ўринбосари Рустамжон Маҳмудов

ЎМИ Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top