Мақолалар

Уламоларнинг фазли

Аллоҳ тарло  Ўз каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримда: “Бандалари ичида Аллоҳдан қўрқадиганлари-олимдаридир[1] деган. Бу ояти карима бандалар ичида олимларнинг фазлини, мартабасини белгилаб берибгина қолмай, уларнинг сўзларини аҳамиятини, айтган гапларини қувватини ҳам белгилаб беради. Демак, уламо Аллоҳдан қўрқиб бирор сўз айтар экан, уни қабул қилишимиз, уни айтганини сўзсиз қабул қилишимиз даркор.

Аллоҳ азза ва жалла бошқа бир оятда: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?[2]деб марҳамат қилган. “Ҳужурот” сурасидаги бу оятда Аллоҳ таоло мўъмин-мусулмон бандаларини ғийбатчиликдан қайтармоқда. Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар.  Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканини ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб билан баён қилинмоқда.  Бундан келиб чиқадики олимлар устидан гапириш, уларни ғийбат қилиш гуноҳ устига гуноҳ, охирига етиб бўлмайдиган шармандаликдир.

Айтишадики, олимлар мажлиси, уларнинг суҳбати-диннинг ислоҳи, жасаднинг зийнатидир. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам олимларни “пайғамбарларнинг меросхўрлари”  деб атайдилар. Бу “меросхўрлар” модомики дунёга берилмасалар, ўзларидаги омонатга ҳиёнат қилмасалар буларга нисбатан беҳурмат бўлишимиз, уларни кетларидан ғийбат қилишимиз заҳарли гўштни ейишимиз кабидир.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳамма олимларнинг ҳам олдида ўтираверманглар, агар бешта нарсадан бешта нарсага чақирса ўтиринглар. Гумондан ишончга, кибрдан тавозуга, душманликдан насиҳатга, риёдан ихлосга, рағбатдан зоҳидликка  (чақирса ўтиринглар)”. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг китобини одамларга таълим бериб ва ўзингиз ўқиб ўрганиб, ёлғиз Парвардигорга ибодат қиладиган кишилар бўлинглар”[3] деб айтган. Бу оят илмга тарғиб бўлиб, олиму уламоларнинг фазилатларини ёритиб беради.

  Демак, олимларнинг динимиздаги ўрни, мавқеи беқиёсдир. Сўзимизни Хасан Басрийнинг  гаплари билан қувватлаб айтамизки: “Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолса, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади. Олимнинг ўлими билан Исломда бўшлиқ пайдо бўлади. Вақт ўтса-да, бу бўшлиқни бирор нарса тўлдира олмайди”.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим

юрти мударрисаси  И.Нурмуҳамедова

 

[1]Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. -Т.: ТИУ,  2016.  Б- 437. 35:28

[2]Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. –Т.: ТИУ, 2016.   Б-517. 49-12

[3]Мансуров А.  Қуръони карим:маъноларининг таржимаси ва тафсири. –Т.: ТИУ, 2016.  Б-60.   3:79

Read 3554 times

Мақолалар

Top