muslim.uz
Рост гапирайлик!
Ислом динида мақталадиган, тарғиб этиладиган фазилатлардан бири ростгўйликдир. Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда ростгўйлик мадҳ этилган ва унинг зидди бўлган ёлғончилик қаттиқ қораланган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ
“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бандаларига ростгўйлар, самимий инсонлар билан бирга бўлишни, уларнинг ёнида юришни буюрмоқда. Инсоннинг ростгўй ёки ёлғончи бўлиши, аввало, унинг тақвосига, Аллоҳ таолодан қўрқиш даражасига, қолаверса, у яшаётган муҳитга ҳам боғлиқ бўлади. Ростгўйлар орасида яшаш, улар билан бирга юриш, суҳбатдош бўлиш кишининг ёлғондан узоқлашиб, ростгўйликни ўзлаштиришига катта ёрдам беради.
Аллоҳ таоло Қуръонда ёлғонни ва ёлғончиларни ёмонлаган.
وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ
“Ва Аллоҳ гувоҳли берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар” (Мунофиқун сураси, 1-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ёлғончи бўлишларини баён қиляпти. Демак, ёлғончилик мунофиқларнинг сифати экан.
Ҳадиси шарифларда ҳам ёлғончилик қаттиқ қораланган ва мунофиқнинг сифати экани баён қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисни шарҳ қилган уламоларимиз айтадиларки, кимда ушбу сифатларнинг уччови ҳам бўлса, у ҳақиқий мунофиқнинг сифатлари унда жамлангандир. Кимда бу сифатлардан бири бўлса, унда мунофиқликнинг битта аломати бор бўлади. Мунофиқларга бериладиган жазо ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга ёрдамчини топа олмассан” (Нисо сураси, 145-оят).
Аллоҳ таоло ёлғонни кимлар тўқиши ҳақида баён қилиб: “Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир”, деган (Наҳл сураси, 105-оят).
Бу оятда ёлғон гапирувчилар ҳақида янада оғирроқ гап айтиляпти. Бу ояти каримада уқтирилишича, аслида ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса, ёлғонни катта гуноҳ, деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.
Афсуски, ҳозирги пайтда ёлғон гапириш жуда кенг авж олди. Кўпчилик ўйламай-нетмай ёлғон гапирадиган бўлиб кетди. Одамларни алдаш ишига бепарволарча қарайдиган бўлиб қолинди.
Фарзандларимиз бизни алдаса, “Нега болам ёлғон гапиряпти?” дея ҳайрон бўляпмиз. Аммо уларга ёлғонни ўзимиз ўргатганимиз эсимизга келмайди. Дарвозамига биров бизни сўраб келса, “Дадам уйда йўқлар” дегин” дея боламизни чиқарамиз. Бундай вазифаларни олиб тарбия топган бола эртага ёлғон гапирса, айбни кимдан қидириш керак?
“Муроса учун” деб ҳамма бир-бирига ёлғона гапиряпти. Уламоларнинг таъбирлари билан айтганда, ҳозир одамлар ёлғон гап топилмай қолгандагина рост гапирадиган бўлиб қолишди.
Ота-она фарзандларини алдаса, фарзандлар ота-онани алдаса, ака укасини, ука акасини, опа-сингиллар бир-бирини алдаса, охири нима бўлади?!
Ёлғон кенг тарқалган жамиятда барака бўлмайди. Ёлғон кенг тарқалган жамиятда одамлар ўртасида ўзаро ишонч йўқолади. Ёлғон кенг тарқалган, мунофиқлик сифатини тап тормай қиладиган кишилар кўп яшайдиган оилада, маҳаллада, туманда, юртда барака бўлармиди?!
Эрталабдан кечгача меҳнат қиляпмиз. Юртимга, оиламга фойдам тегсин деяпмиз. Аммо тилимиздан ёлғон тушмаяпти. Шунча қилган меҳнатимизнинг натижаси, самараси, баракаси нима бўлади?!
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар банда ёлғон гапирса, унинг сассиқ амалидан фаришта ундан бир чақирим нарига узоқлашади”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).
Ҳадисда ёлғоннинг сассиқ ҳиди борлиги, ёлғон гапирган одамнинг ёнидан фаришталар қочиб кетиши айтилмоқда. Демак, ёлғончининг фариштаси бўлмас экан. Шунинг учун ҳам ёлғондан бутунлай сақланишимиз керак.
Биров билан кўришишга келишган бўлсак, борадиган жойимизга кеч қолсак, бизни кутаётган одам қўнғироқ қилиб, “Қаердасиз? Қанчада келасиз?” деса, ярим соатлик масофа узоқликда бўлсак ҳам “Фалон жойдаман, беш дақиқада бораман” деб, турган жойимизни ҳам, борадиган вақтимизни ҳам нотўғри қилиб айтамиз.
Одамлардан қўрқиб ёки обрўйимиз тушиб қолишидан хавфсираб ёлғон гапирамиз. Аммо Аллоҳ таоло бизни кўриб-билиб турганини, охиратда ҳар бир гапимиз учун жавоб беришимизни ўйламаймиз.
Азизлар, Аллоҳдан қўрқайлик ва ёлғон гапирмайлик!
Топадиган пулларимиздан, ризқимиздан, оиламиз, маҳалламиз, жамиятимиздан барака кетишига олиб борадиган ёлғонни бутунлай тарк этайлик!
Халқимизда “Бошингга қилич келса ҳам, рост сўзла!” деган мақол бор. Бу гап бежизшга айтилмаган.
Ҳадиси шарифларда банда рост гапириб юрса, охири Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” деб ёзилиши, агар ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” деб ёзилиши таъкидланган.
Шунинг учун ёлғондан ҳазар қилайлик! Тилларимизни ва фарзандларимизнинг тилларини ростгўйликка ўргатайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни сиддиқлардан қилсин ва жамиятимизни ёлғондан, ёлғончиликдан покласин!
Нозимжон Иминжонов тайёрлади.
Зиёратми ёки зиёфат?
Ўзбекистонимиз бой тарих ва улкан моддий-маънавий меросга эга диёр ҳисобланади. Қолаверса, бу заминда муқаддас қадамжолар ва азиз авлиёлар маскан топган зиёратгоҳлар ҳам талайгина. Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардаёқ марҳум биринчи Президент Ислом Каримов томонидан ушбу муқаддас қадамжоларни, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилгани барчамизга сир эмас. Бугун ҳам шу хайрли ишларнинг давом этиб бораётгани бутун ўзбек халқини қувонтиради, албатта. Бу яратилган ва яратилаётган қулайликлар ва шароитларнинг барчаси зиёратчилар ўз зиёратларини эмин-эркин амалга оширишлари учундир.
Аммо бугунги кунда амалга ошираётган зиёратларимиз шариатимизга ҳам шароитимизга мос келмоқдамикан? Биз зиёрат деб қилаётган ишларга динимиз нима деркан? Ҳеч шу ҳақида ўйлаб кўрганмизми?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилишга тарғиб қилганлар. Бир ҳадиси шарифда “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади” (Ибн Можа), дейилган. Шу ҳадисга мувофиқ қабрларни, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишдан мақсад, охиратни эслаш, ўлим барча яратилган мавжудоту махлуқотнинг бошига тушадиган иш экани ҳақида тафаккур қилиб, хайрли ва савобли ишларга бел боғлашни зиёрат чоғида қасд қилиш лозим бўлади. Зиёрат мобайнида киши бир муддат бўлса-да, дунё ташвишларини унутиб, охират, қабр ва ундаги ҳолат тўғрисида, Қиёматда бу дунёда қилиб ўтган яхши-ёмон амалларидан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисида ўйга толиши лозим.
Лекин минг афсуски, бугун зиёратгоҳларимиз ширк ва бидъат ишларга тўлиб тошган. Динимизга тамомила ёт бўлган мункар ишлар авж олган. Турли хил жонлиқлар олиб келиниб, ношаръий йўллар билан сўйилиб, зиёратгоҳлар “зиёфатхона”ларга айланиб кетмоқда. Аллоҳ номига қилиниши лозим бўлган қурбонликларни турли хил авлиёларнинг номига атаб сўйиб, ширкка олиб борувчи ишларни қилиб қўймоқдалар. Агар зиёратгоҳ тоғли, сўлим жойда жойлашган бўлса, тағин у ердаги базму жамшидни, у ердаги исрофгарчиликни кўраверасиз…
Ахир Аллоҳ таоло биз бандаларини берган неъматларига шукр қилиб, куфрона неъмат қилишликдан қайтармаганми?! Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида бундай марҳамат қилади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.
Зиёрат қасдида келиб, аслида нимага келганини унутиб қўяётган “зиёратчи”лар ушбу ояти каримага амал қилишлари лозим. Шундай тинч замонда, озод заминда яшаётгани учун Яратганга ҳамдлар айтиб, берган неъматларига шукр қилиб яшаш лозим. Аслини олганда, зиёратгоҳларга бориб, у жойда зиёфат, ичкиликбозлик, бақир-чақир, тўполон қилиб бошқа зиёратчиларга озор бериш нотўғри иш. Қанча зиёфат, қанча йиғину базмларни ният қилган бўлса, чойхона-ю тўйхоналарда ўтказаверсин. Киши зиёратга бордими, унинг одобларига риоя қилиши, қилаётган ушбу зиёрати учун бериладиган савобдан умид қилиб ҳаракат қилиши лозим.
Зиёратчиларимиздан қилаётган зиёратларининг одобларига риоя қилишларини, исрофга, ширкка сабаб бўладиган амаллардан эҳтиёт бўлишларини сўраймиз.
Маъруфхон Бурихонзода,
Бўстонлиқ тумани “Толи Бува” масжиди имом-хатиби
Андижонлик ҳожилар Маккада
Куни кеча Маккаи мукаррамадаги юртдошларимиз истиқомат қилаётган меҳмонхонага Андижон вилоятининг 15-,16-,17-,18-гуруҳлари ҳам етиб келиб, муборак умра ибодатини бажардилар. Андижонлик ҳожилар муқаддас Каъбаи муаззамани тавоф қилиб, Сафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиб, эл-юртнинг тинчлиги ва осойишталиги ҳамда мана шундай шароитларни яратиб берган юртбошимизнинг ҳақларида дуои-хайрларда бўлдилар. Аллоҳ барча юртдошларимизнинг ибодатларини қабул айласин.
манба: muslimun.uz
Муаммони ўзимиз пайдо қиламиз (Биринчи мақола)
Табиатимиз қизиқ. Йўқ жойдан фожеа ясаймиз, ўзимизга ўзимиз муаммолар чиқариб олиб дилгир бўлиб юрамиз. Бир қисмимиз дунёни ҳаддан ортиқ севганимиз, ундаги неъматларнинг ҳаммаси ўзимизники бўлишини истаганимиз боис шундай бўлсак, яна бир қисмимиз дунёдан безорлигимиз боис шундаймиз. Бир қисмимиз нафсимизнинг измига тушиб олганмиз, бир қисмимиз эса нафсимиздан гинадор бўлиб бу дунёни фақат азобу уқубатлар макони деган тушунчани онгимизга жойлаб олганмиз.
Аммо, борди-ю, бу дунё бўлмаганида биз Аллоҳ таолонинг ризосини қаерда туриб топишга интилган бўлар эдик! Агар нафсимиз бўлмаганида мақоми фаришталарникидан ҳам баланд бўлган муҳтарам зотлар бу юксак мақомга ниманинг ҳисобига эришган бўлар эдилар!
Раббимиз Бақара сурасида:
لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْساً إِلاَّ وُسْعَهَا لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ رَبَّنَا لاَ تُؤَاخِذْنَا إِن نَّسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا رَبَّنَا وَلاَ تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْراً كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِنَا رَبَّنَا وَلاَ تُحَمِّلْنَا مَا لاَ طَاقَةَ لَنَا بِهِ وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا أَنتَ مَوْلاَنَا فَانصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ
“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам касбидан, зарари ҳам касбидан. Эй Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Раббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Раббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин.
Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил” (286-оят).
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сураи Бақаранинг икки оятини ўқи, улар менга аршнинг остидаги хазинадан берилган», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятини бир кечада ўқиса, кифоя қилади», деганлар...)
Модомики, Аллоҳ таоло тоқатимиздан ташқари нарсани зиммамизга юкламаган экан, бизнинг дунёдан хафа бўлиб юришимизга, нафсимиздан буткул воз кечишга уринишимизга не ҳожат? Аксинча, дунёни ва нафсимизни Аллоҳ таолонинг неъмати билиб, уларни У истаганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек, истеъфода этмоғимиз даркор.
Биринчи муаммо: уруш-низолар ҳамма нохушликлар сабабчиси
Дунёда инсонни ҳеч нарса инсон қадар кўп ўлдирмайди. Катта-кичик уруш-низоларнинг сабабини суриштириб келсангиз, уруш оловини ёқувчилар буюк ишларни иддао қилган бўлса-да, аслида ўша даъволарининг замирида моддий манфаатдорлик ҳирси ётганига гувоҳ бўласиз.
Инсоф билан айтиш керакки, кўҳна тарихда номус-ор, шон-шараф, дину диёнат, она Ватан учун курашлар ҳам бўлган. Лекин қарши тараф-чи?..
38 давлат иштирок этган Иккинчи жаҳон урушида 20 миллион одам қурбон бўлди, дейилар эди, яқинда эълон қилинган янги манбаларнинг бирида 27 млн. яна бирида 26.6 млн. инсон вафот этгани айтилди. Шунча одам ўлган урушда қатнашган ҳар бир давлатнинг моддий манфаатдорлиги бор эди, аммо улар нима эришдилар!..
Маълумингизки, урушда фақат отишмалар, найзабозликлар бўлмайди. Уруш қашшоқликни, вабони, касалликларни чақиради ва, энг даҳшатлиси, халқнинг тарбиясига жиддий зарар етказиб, ўта ахлоқсизликни келтириб чиқаради. Уруш-низолар давом этаётган давлатларда одамларнинг аксари умрининг ҳар сониясини ғанимат билиб, ундан завқланиб қолишга интилиб яшайди ва бу йўлда қандай имконият бўлиб қолса, ундан ҳеч ўйлаб ўтирмасдан фойдаланади. Бунинг оқибатида насллар бузилади. отасиз-онасиз, бетайин бир авлод дунёга келади...
Энди тасаввур қилайлик, ўша давлатлар ана шу қурбон бўлган 27 млн. одамни ишлатиб, уларнинг кучидан, ақлидан фойдаланганида нима бўлар эди! Олти йил умрини окопарда, жангу жадалларда ўтказган инсонлар, ёниб кетган танклар, портлаган самолётлар, қурол-яроғлар, техникалар... ана шуларнинг ҳамма-ҳаммаси тинчлик йўлида завод-фабрикалар қуриш, экин майдонларини ўзлаштириш, қўриқ ерларни обод қилишга сарфланганида ўша давлатларнинг ҳар бирининг моддий-маънавий аҳволи урушда ғолиб бўлган давлатникидан ҳам минг чандон яхши бўлмасмиди?..
Германия ва Япония урушда мағлуб бўлиб, шип-шийдам ери билан, ширяланғоч, оч-наҳор аҳолиси билан қолди. Уларнинг кучи кесилди, бошқа уруша олмас эди. Ана шунда улар чорасизликдан ақлига зўр берди ва тез орада бунинг самарасини кўрди. Шу вақтга қадар ўзларининг янглиш йўлда эканликларини фаҳмлаб, миллатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга бел боғлади. Кўп ўтмасдан бутун дунё уларнинг маҳсулотларига талабгор бўлиб қолди. Германия ва Япония космик тезликда ўзларини тутиб олиб, тараққиётда ғолиб давлатларга чангини ҳам кўрсатмай илгарилаб кетди.
Давлатлар миқёсидаги катта масалаларга чуқур кетмайлик-да, оддий инсонлар ҳаётига мурожаат қилайлик, мамлакатимизда жорий йилнинг 7 ойида 277та қотиллик бўлди. Бу жиноятнинг 116таси ёки 42 фоизи қариндошлар, 25таси ёки 9 фоизи қўни-қўшнилар ўртасида содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 95таси ёки 34,2 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғил ўртасида. Кўряпсизми, ўртада бегона йўқ – энг яқин қариндошлар бир-бирининг жонига қасд қиляпти.
Бири иккинчисининг жонига қасд қилиб молини ўзлаштириб олди ҳам дейлик. Аммо давлат ва жамият бу жиноятга индамай қараб турадими? Қотилни олиб бориб узоқ йилга қамайдилар. У энди юзи қаро бўлиб умрининг гуллаган даврини панжара ортида ҳасратда ўтказади, қамоқдан чиққанида эса ўзлаштирмоқчи бўлган нарсаси аллақачонлар йўқолиб ёки бошқа бировларнинг ҳисобига ўтиб кетган бўлади. Ўзининг эса белидан мадори кетган, ишлашга куч-қуввати, эл орасида ҳурмат-эътибори йўқ.
Бу азоблар бошланиши, холос, ҳақиқий азоб эса ҳали олдинда. Аллоҳ таоло: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93), деб огоҳлантириб қўйибди.
Инсон зоти мол-дунёга қанчалик ўч бўлса, меҳнат-машаққатдан шунчалик кўп қочгани оқибатида муаммони ўзига ўзи чиқариб олиб, икки дунёда хор-у зор бўлади. Мол-дунёни ҳалол йўл билан бировларга озор бермасдан топиб Аллоҳнинг ризоси учун сарфлаган кишилар эса улкан савобларга эришиб бу дунёси ҳам обод бўлади, у дунёсини ҳам обод қилиб, икки дунё саодатини қўлга киритади.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати
Илмнинг фазилати: бир саволга ўн жавоб
Динимиз инсониятни ўқишга, ўрганишга, билимли бўлиб унга амал қилишга чақиради. Қуръони каримнинг дастлаб нозил бўлган ояти ҳам ўқишга тарғиб экани ҳеч кимга сир эмас. Илм талаби билан боғлиқ ояти карималар кўплаб нозил бўлган ва бу борада ривоят қилинган ҳадиси шарифлар ҳам талайгина. Шу мавзуда ривоят қилинган ҳадислардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) дан ривоят қилинган:
قال النبى عليه السلام من تعلم بابا من العلم ينتفع به فى آخرته و دنياه اعطاه الله تعالى خيرا له من عمر الدنيا سبعة آلاف سنة صيام نهارها و قيام لياليها مقبولا غير مردود
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Ҳар ким устознинг олдига бориб, илмдан бир боб ўқиса, бундай киши дунёда ҳам, охиратда ҳам илмидан фойда топади. Аллоҳ таоло минг йилгача унга ҳар куни рўза тутувчи ва ҳар кечасини бедор ўтказиб ибодат қилувчининг савобини ато қилади.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:
فال النبى عليه السلام انا مدينة العلم وعلى بابها
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар, “Мен илмнинг шаҳридурман ва Али ўша шаҳарнинг дарвозасидир”.
Бу ҳадиснинг бир неча хаворижлар эшитиб, ҳасад қилдилар ва кенгашиб айтдилар. Бизлардан ўн киши ёлғиз-ёлғиз бориб, Алидан битта масалани сўраб кўрамиз. Агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммаднинг сўзи рост бўлади. Алининг олимлигини тан оламиз.
Шундай деб, Алини имтиҳон қилмоқчи бўлдилар. Улардан бири ҳазрат Али (р.а.)нинг ҳузурларига келиб:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми? – деб сўради.
Ҳазрат Али:
– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.
Ҳавориж:
– Қайси далил билан илм афзал? – деди.
Ҳазрат Али:
– Илм пайғамбарлардан қолган мерос, мол эса кофирлардан қолган меросдир, – дедилар.
Хавориж кетди, бошқаси келиб:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми? – деб сўради.
Ҳазрати Али (р.а.):
– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.
– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.
– Илм сенга сақловчи ва қўриқчидир, аммо сен молга қўриқчи ва қўрғон бўласан – дедилар Али (р.а.).
Шундан сўнг у ҳам кетиб, учинчиси келди ва сўради:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?
Ҳазрат Али (р.а.):
– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.
– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.
– Моли кўп кишининг душмани кўп бўлади, илмлик кишининг дўсти кўп бўлади, – дедилар Али (р.а.).
Сўнгра у ҳам кетиб, тўртинчиси келди ва сўради?
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?
– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).
– Қайси далил билан илм афзал? – сўради ҳавориж.
– Молни сарфласанг камаяди, илмни сарфласанг кўпаяди, – дедилар Али (р.а.).
У ҳам кетиб, бешинчиси келди ва сўради:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?
– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).
– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.
– Мол кўп киши бахиллик ва лаимлик номи билан эсланади. Илмли киши катталик ва ҳурматлик сиҳати билан ёдга олинади, – деб жавоб бердилар Али (р.а.).
Сўнгра у ҳам кетиб, олтинчиси келди ва сўради:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?
– Илм афзал, – жавоб берди Али (р.а.).
– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.
– Молни ўғридан асраш зарур, аммо илмни асрашнинг ҳожати йўқ, чунки уни ўғри ололмайди, – дедилар Али (р.а.).
Сўнгра у ҳам кетиб, еттинчиси келди ва сўради:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?
– Илм афзал, – дедилар Али(р.а.).
– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.
– Бой киши қиёматда молидан ҳисобга тутилади. Олим кишининг илмидан ҳисоб олинмайди, – дедилар Али (р.а.).
Сўнгра у ҳам кетиб, саккизинчиси келди ва сўради:
– Эй Али, илм афзалми ёки молми?
– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).
– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.
– Мол кўп турса эскириб, чириб қолиб, нобуд бўлади, аммо илм кўп замон турса ҳам тобора қувват ҳосил қилади, – дедилар Али (р.а.).
Шундан сўнг у ҳам кетиб тўққизинчиси келди ва сўради:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?
– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).
– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.
– Мол дилни хира ва қора қилади, аммо илм дилни равшан ва мунаввар қилади, – дедилар Али (р.а.).
Сўнгра у ҳам кетиб, ўнинчиси келди ва сўради:
– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?
– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).
– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.
– Кимнинг моли кўп бўлса, маст бўлиб, Фиръавндек худоликни даъво қилади, агар илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик билан бандалик қилади, – дедилар Али (р.а.).
Шундан сўнг ҳаворижларнинг ҳаммаси ҳазрати Али(р.а.)нинг олимлигига ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ростгўйликларига тасдиқ қилиб, мусулмон бўлган эканлар. Шунда Ҳазрати Али уларга:
– Агар умримнинг охиригача илмнинг фазилати ҳақида сўрасангиз ҳам ҳар бирингизга бошқа-бошқа жавоб берар эдим, – деган эканлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, илмнинг фазилати ҳақида яна бир қанча оятлар, ҳадислар ва олимларнинг бу борадаги шарҳлари мавжуд. Агар уларнинг ҳар бири қунт билан ўрганиб чиқилса илмнинг фазилатлари олимларнинг даражалари янада яққолроқ намоён бўлади.
Манбалар асосида Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Иброҳим ота” жоме масжиди
имом-хатиби Худойберди қори Саидов тайёрлади.
манба: nasihat.uz
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.