muslim.uz
Зикрнинг фойдалари ҳақида солиҳларнинг сўзлари
Умму Дардо розияллоҳу анҳо Аллоҳ таолонинг “Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир” деган ояти каримасини қуйидагича тафсир қилганлар: “Намоз ўқишинг ҳам Аллоҳни зикр қилишдандир. Рўза тутишинг ҳам Аллоҳни зикр қилишдандир. Қиладиган ҳар бир яхши амалинг ва гуноҳ бўладиган ҳар бир ишдан сақланишинг ҳам Аллоҳни зикр қилишдандир. Бундан ҳам афзали эса Аллоҳни нолойиқ бўлган сифатлардан поклашдир”.
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг “Бас, мени эслангиз, сизни эсларман”деган ояти каримани: “Мен буюрган ибодатларни бажариш билан мени эсга олинглар. Мен ҳам сизларни қилган гуноҳларингизни мағфират қилиш ила сизларни эсга оламан” деб, тафсир қилганлар.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига бир аёл келиб, “Эй Абу Саид! Аллоҳни зикр қилганимда қалбим юмшайди. Зикр қилмаганимда эса нафсим мени ёмон ишларга ундайди” деди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Сен қалбингни ислоҳ қиладиган нарсани қилавер, яъни Аллоҳни зикр қилишда бардавом бўлавер”, дедилар.
Абу Убайда раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Инсон Аллоҳни зикр қилиб юрганида худди намоздаги киши каби бўлади. Агар зикр вақтида тили ва қалби ҳаракатланса, бу янада фазилатдир.”
Суҳайл ибн Ҳанзала раҳматуллоҳи алайҳ атадилар: “Менга айтилишича, қайси бир қавм Аллоҳни зикр қилиш учун тўпланса, ўринларидан туришларидан олдин уларга: “Гуноҳларингиз кечирилган ҳолатда туринглар. Батаҳқиқ сизларнинг ёмон ишларингиз ҳасанотга алмаштирилди” деб, нидо қилинади.
Манба: Доктор Ваҳба Зуҳайлий. “Усулул иймон вал ислом”. 180-бет.
azon.uz
Саудия Арабистони: Зиёратчилар сони маълум қилинди
Ҳаж ибодатини адо этиш учун Саудия Арабистонига қарийб 1 миллион 700 минг зиёратчи етиб келди. Бу ҳақда IslamNews´га таяниб Азон интернет нашри хабар берди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, 1 684 629 зиёратчи паспорт назоратидан ўтган бўлиб, улардан 890 минг нафари эркаклар, 731 минг нафари аёллардир.
Бундан ташқари, 233 740 нафар маҳаллий мусулмонлар ҳам зиёратчи сифатида рўйхатдан ўтган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ғафлатда қолманг! Арафа кунининг фазилатлари
Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб айтган дуосидир”, дедилар.
Маъноси: “Яккаю ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Мулк Уникидир. Унга ҳамд бўлсин. У ҳар бир нарсага Қодирдир” (Имом Термизий ривояти).
Бу кундан кўра дўзахдан кўп озод бўладиган кун йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳим! Бизларни, ота-оналаримизни, фарзандларимизни, аёлларимизни, дўстларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни жаҳаннам оловидан асра!
Бу куннинг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
Бу кун тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорот бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ғафлатда қолманг! Арафа куни рўзасини тутишни ўтказиб юборманг! Буни бошқаларга ҳам эслатинг. Эҳтимол сиз сабабли бошқалар ҳам рўза тутар.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари (45-қисм): Арафа куни дуоси
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) арафа куни:
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”, деб дуо қилар эдилар.
ЎМИ матбуот хизмати
Жаннат хушхабари берилган кишилар ва амаллар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким масжидга эрта бориб, кеч қайтса, ҳар бир эрта бориб, кеч қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонларга йўл ўртасида озор бераётган дарахтни кесиб ташлаган бир кишининг жаннатда хузур-ҳаловат ила яшаётганини кўрдим”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки салқин(даги намозни – бомдод ва аср)ни ўқиса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рад қилганлардан ташқари умматимнинг барчаси жаннатга киради”, деганларида, улар: “Ё Аллоҳнинг Росули, рад қиладиганлар ким ўзи?” дейишди. Шунда у зот: “Ким менга итоат қилса, жаннатга киради. Ким менга осийлик қилса, батаҳқиқ у рад қилибди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳоҳ ўзига қарашли, ҳоҳ бегона етимни ўз қарамоғига олган киши билан икковимиз жаннатда бирга бўламиз”, дедилар. Молик ибн Анас ишора ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлидаги биродарини зиёрат қилса, бир нидо қилувчи: “Пок бўлдинг, юришинг ҳам пок бўлди ва жаннатдан ўзинг учун жой тайёрлаб қўйдинг”, деб нидо қилади ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади “Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамайман, деб кафолат берса, мен унинг жаннатга киришига кафолат бераман”, деганларида: “Мен” дедим. Ҳақиқатда Савбон ҳеч бир кишидан бирор нарса сўрамадилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жаннат аҳли уч тоифадир: 1. Адолатга муваффақ бўлган шоҳ; 2. Қариндошлари ва мусулмонларга раҳмли ҳамда қалби юмшоқ киши; 3. Болалари кўп ва ўзи мухтож бўла туриб ҳам тиланчилик қилмайдиган киши ”, деб айтганларини эшитдим. (Имом Муслим ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бир мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон бир банданинг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандамнинг фарзанди рухини олдиларингми?” дейди. “Ҳа”, деб жавоб беришади улар. “Қалбининг мевасини қабз қилдиларингми?” дейди сўнг. “Ҳа”, деб жавоб беришади яна. “Бандам нима деди?” деб сўрайди Аллоҳ таоло. Фаришталар: “Сенга ҳамд ва истиржоъ (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун) айтди”, дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар”, дейди ”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: “ Дунё аҳли ичидаги севимли кишисини қабз қилганимда савоб умид қил(ил сабр қил)ган мўмин бандам учун Менинг хузуримда жаннатдан бошқа мукофот йўқ!” (Имом Бухорий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир мусулмон кишининг балоғатга етмаган уч фарзанди вафот этса, Аллоҳ уларга бўлган раҳматининг фазли туфайли уни албатта жаннатга киритади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.“ Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини яхши кўраман”, деганида, у зот: “Албатта, буни яхши кўришинг сени жаннатга киргизади”, дедилар. (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Умму Ҳабиби розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Бир мусулмон банда Аллоҳ таоло учун ҳар куни ўн икки ракат фарздан ташқари ихтиёрий намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у кишига жаннатда уй қуради ёки жаннатда уй қурилади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умра (кейинги) умрагача иккаласи орасидагиларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир мусулмон оилага хурсандчилик киритса, Аллоҳ таоло мана шу киши учун жаннатдан бошқа мукофот бўлишига рози бўлмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Тошкент шаҳридаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби
Ёрбек ИСЛОМОВ
тўплади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.