muslim.uz
Саудия подшосининг ўзбекистонлик меҳмонлари ҳақида биласизми?
Муқаддас ойларда мусулмонлар учун фарз саналган Ҳаж зиёратини амалга ошириш учун бутун дунёдан 3 миллиондан ортиқ кишилар Макка ва Мадина шаҳарларига етиб бордилар. Улар учун яратилган шароитлар, ибодат жараёнлари борасида порталимиз орқали танишитириб бормоқдамиз.
Эндиликда сиз ўқувчиларимизга Саудия Арабистони подшоҳининг таклифига асосан Ҳаж зиёратини адо этиш учун борган ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида маълумот бермоқчимиз.
Ушбу гуруҳ жорий йилнинг 12 август куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига ташриф буюрдилар ва гуруҳга Салоҳиддин домла Шарипов бошчилик қилмоқдалар. Гуруҳ таркибида 17 нафар ватандошларимиз бўлиб, Макка шаҳридаги Дорул Байзоо меҳмонхонасида истиқомат қилган ҳолда ибодатларни адо этмоқдалар.
Юртдошларимизнинг зиёратлари жараёни ҳақида порталимизда қўшимча маълумотларни эълон қилиб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳаж ва умра савобига тенг ибодат
“Зуҳо” сўзи – “чошгоҳ вақти” деган маънони англатади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан” (Зуҳо сураси, 1-оят).
Қуёш чиққандан таҳминан ўн беш дақиқа ўтгач ушбу намозни ўқиш мумкин. Унинг энг афзал вақти бомдод намозини адо этгандан сўнг, ўша жойда қуёш чиққунча зикр билан машғул бўлиб, қуёш чиққандан кейин ўқишдир.
Зуҳо намози икки ракатдан ўн икки ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилганлар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким тўрт ракат зуҳо намозини мунтазам ўқиса, гуноҳи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).
Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зуҳо намозини баъзан узлуксиз ўқир эдилар. Биз энди бу намозни ҳаргиз тарк қилмайдилар, дердик. Гоҳида эса ўқимас эдилар, энди бу намозни ҳаргиз ўқимасалар керак, деб ўйлардик” (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зуҳо намозида “Шамс” ва “Зуҳо” сураларини ўқир эдилар.
Зуҳо намозининг 5 фазилати
- Энг афзал садақа.
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бирингиз бўғин ва суяклар устида тонг оттирганингиз учун бир садақа бор. Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа. Ҳар бир тамҳид (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) – садақа, ҳар бир такбир – садақа, яхшиликка буюришингиз ҳам, ёмонликдан қайтаришингиз ҳам садақадир. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намоз ўқишингиз кифоя қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
- Жаннатда уй қурилади.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким икки ракат зуҳо намози ўқиса, ғофиллардан деб ёзилмайди. Ким тўрт ракат зуҳо намози ўқиса, қаноатлилардан деб ёзилади. Ким олти ракат зуҳо намози ўқиса, у ўша кун учун унга кифоя қилади. Ким саккиз ракат зуҳо намози ўқиса, Аллоҳ таоло уни обидлардан деб ёзиб қўяди. Ким ўн икки ракат зуҳо намози ўқиса, у одам учун Аллоҳ жаннатда олтиндан бир қаср бино қилади” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Албатта, жаннатда бир эшик бор. У “Зуҳо” деб номланади. Қиёмат куни бўлганда, бир жарчи нидо қилиб: “Зуҳо намозини доим ўқувчилар қани? Бу сизларнинг эшигингиздир. Унга Аллоҳнинг раҳмати ила киринглар”, дейди» (Имом Табароний ривояти).
- Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) васият қилганлар.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Менга Халилим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутишни; икки ракат чошгоҳ – зуҳо ва ухлашимдан олдин витр намозларини ўқишни” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ривояти).
- Ҳаж ва умра савобига ноил этади.
Муоз ибн Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажри тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ берилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
- Бойликлар хазинаси.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Наждга қўшин жўнатдилар. Улар тезда Нажддан кўплаб ўлжаларни қўлга киритиб, қайтишди. Қўшин билан Наждга бормаган бир киши: “Бундан олдин бундай катта ўлжани шундай қисқа муддатда қўлга киритиб қайтган лашкарни кўрмаганман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга оз муддат ичида булардан ҳам кўпроқ бойликни қўлга киритган қавмнинг хабарини берайми? Улар бомдод намозини жамоат билан ўқиб, қуёш чиққунга қадар Аллоҳни зикр қилиб ўтирган, сўнг ортга қайтган қавм. Ана ўшалар тез ва катта ўлжа билан қайтган қавмдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади.
Малайзияликлар бу йил энг тоза Ҳажни ўтказишмоқчи
2018 йилги Ҳаж мавсумида Малайзиядан 30 200 нафар зиёратчилар Макка ва Мадина шаҳарларига ташриф буюрдилар. Малайзиялик ҳожиларга Ҳаж хизматларини кўрсатувчи компания томонидан чиқинди учун халталар олишни ва ўзларига тегишли ҳудудни озода сақлаш таклифи берилди.
Малайзиянинг Ҳаджаж зиёрат фонди халқлар орасидаги "энг тозакор халқ" оммавий тадбирини ташкил этиш ва Минодаги чодирларнинг озода бўлишини таъминлашга оид ташаббус билан чиқди. «Gotong-royong» деб номланувчи оммавий машқлар Минодаги чодирларда ташкил этилади, ушбу машқлар малайзияликлар жамиятида жуда қадимий илдизга эга экани айтилган.
Ушбу оммавий тадбир орқали малайзиялик зиёратчилар 3 миллиондан ошиқ зиёратчилар яшайдиган Минони озода сақлашга ундайдилар. Ушбу тадбир Арофат ва Муздалифада ҳам давом эттирилиши қайд этилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фоторепортаж: юртдошлармиз Масжиди Набавийда кўпроқ ибодат қилишга ошиқишмоқда
Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилидаги нашрлари
Ҳозирги кунда ислом дини асосларини, айникса, Қуръони каримни илмий ўрганиш дунё микёсида шу даражада оммалашиб кетдики, бу мавзуда чиқаётган адабиётларни энг умумий тарзда ҳам камраб олиш имконидан ташқаридир.
Қуръони карим маъноларининг ўзбек тилига таржимасини Муҳаммаджон хожи Ҳиндистоний ўтган асрнинг 80-йилларида қилган эди. Лекин у таржима давр тақозоси билан чоп этилмай қолиб кетди.
Ватандошимиз Олтинхон тўра араб имлоси билан ўзбек тилига ўгирган Қуръони карим маъноларининг таржимаси мустақилликнинг илк даврларидаёқ ўзбек китобхонларига етиб борди. Араб имлосини мутолаа қила оладиган кишилар мазкур таржимадан баҳраманд бўлдилар. Бироқ ушбу китоб ўзбек тилида бўлса-да, араб имлосида экани кўпчиликка қийинчилик туғдирди.
Сўнгра Шамсуддин Бобохонов ўзбек тилига таржима қилган Қуръоннинг охирги жузи – Амма пораси, Алоуддин Мансурнинг тўла изоҳли таржимаси чоп этилди. Ушбу изоҳли таржима аввалига “Шарқ юлдузи” журналида мунтазам бериб борилди. Кейинчалик алоҳида китоб шаклида босилиб, мутахассислар учун қўлланма бўлди.
Шунингдек, 1992 йилдан бошлаб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол”и нашр этила бошланди. Бу дастлаб, Қуръони каримнинг охирги жузларини ўз ичига олган эди. Кейинчалик 114 та суранинг барчаси жилдларга бўлинган ҳолда “Тафсири ҳилол” номи билан босиб чиқарилди. Натижада халқимизнинг Қуръон илмлари борасидаги тушунчаларини ортишига сабаб бўлди. Ниҳоят шайх Абдулазиз Мансур амалга оширган, имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржима ҳам нашрдан чиқди. Ушбу изоҳли таржима дастлаб 2001 йили, орадан бир оз вақт ўтиб, аниқроғи 2004, 2017 йиллари қайтадан чоп бўлди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти таржимонлар жамоасининг ҳам Қуръони карим маъноларининг илмий изоҳли академик таржимаси нашр этилди. Бунинг эътиборли томони шундаки, китобнинг кириш қисмида Қуръони карим тарихига доир маълумотлар ҳам ўрин олган.
Айтиш мумкинки, кейинги йилларда ўзлигимизни англаш, муқаддас динимиз арконларини ҳар томонлама ўрганиш имкони пайдо бўлди. Қуръони карим маъноларнинг ўзбек тилига ўгирилиб халқимизга туҳфа қилиниши халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим аҳамият касб этди.
Худойберди Саидов
Олмазор туманидаги “Иброҳим ота” жоме масжиди имом-хатиби
манба:nasihat.uz
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.