muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 06 декабрь 2022 00:00

“Шоҳи зинда” масжиди: ўтмиш ва бугун

Ўзбекистон масжидлари туркумидан

“Шоҳи зинда” масжиди Самарқанд шаҳрининг энг тарихий обидаларидан бўлган “Шоҳи зинда” меъморий мажмуаси таркибидаги жомедир. Шарқ меъморчилик санъатининг дурдонаси, тарихий обидалар гултожи бўлган “Шоҳи зинда” мажмуасида 40 дан ортиқ мақбаралар мавжуд. Юқори қисм мақбаралари Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари томонидан XIV аср ва XV асрнинг бошларида барпо қилинган. Пастки қисм мақбаралари асосан Соҳибқирон набиралари Улуғбек Муҳаммад Мирзо томонидан XV асрда қурилган. Масжид-мажмуа – “Шоҳи зинда” (Қусам ибн Аббос) номи билан номланган. Бу зот Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакизодалари, хулқлари ва шакл-шамойил жиҳатдан у зотга жуда ўхшаган қариндошларидир. Ҳазрати Қусам ибн Аббоснинг “Шоҳи зинда” (“Тирик шоҳ”) деб аталиши Қуръони каримнинг шаҳидлар ҳақидаги ояти карималарига мувофиқдир. (Бақара сураси, 154-ояти ҳамда Оли Имрон сураси, 169-оятларида Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларни асло ўликлар деб санамаслик, улар Роббиси ҳузурида тирик эканлиги баён қилинган).

Ушбу мажмуадаги мақбаралар мустақиллик йилларигача жуда ҳароба ҳолатда бўлиб, 2004 йил 16 июнда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти И.Каримов ташаббуси билан “Шоҳи зинда” (Қусам ибн Аббос) ёдгорлик мажмуасини қайта тиклаш ва ободонлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Икки йил давом этган таъмир ишлари жараёнида барча мақбаралар қайта тикланди ва мажмуада улкан ҳажмдаги таъмир ишлари бажарилди.
Таъмир жараёнида мажмуанинг ичида XI-XII асрларда қурилган, Қорахонийлар даврига мансуб мақбара пойдеворлари топилди ва консервация (тарихий объектни узоқ муддат сақланиши учун зарур бўлган чора, амалиёт) ишлари амалга оширилган.

“ШоҳиЗинда” мажмуасида бир қатор номаълум мақбаралар мавжуд, ушбу мақбаралар таъмир жараёнида пойдеворидан бошлаб тикланган. Мажмуада мавжуд бўлган деворий ва пештоқ безаклари ҳам тикланди, шунингдек, арабий ҳуснихатлар, жумладан, Қуръон оятлари, ҳадислар ва улуғ ўтган мутафаккир олимларимизнинг ҳикматлари битилган битикларнинг аксари топилди ва тикланди.

Мажмуада 2 та масжид бор. Пастки қисмдаги масжидда 5 вақт, жума ва ҳайит намозлари адо этилади. Юқори қисмдаги масжид зиёратчилар учун ҳозирлаб қўйилган.

2007 йилдан бошлаб “Шоҳи зинда” мажмуаси тўлалигича Президент фармони билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига ўтди. “Шоҳи зинда” мажмуасига, айниқса, таъмирдан кейин келаётган хорижий сайёҳ ва маҳаллий зиёратчилар сони кўпайиб бормоқда.

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

“Салаф” сўзи луғатда – “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар”, “ўтмишдошлар” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони англатади. Яъни, Набий алайҳиссалом замонларида ва ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар “салафи солиҳ”, яъни, “солиҳ аждодлар” дейилади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай деганлар:

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بن مسعود رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: خَيْرُ النَّاسِ قَرْنِي، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ، ثُمَّ يَجِيءُ أَقْوَامٌ تَسْبِقُ شَهَادَةُ أَحَدِهِمْ يَمِينَهُ، وَيَمِينُهُ شَهَادَتَهُ

 

 (رواه الامام البخاري والامام مسلم)

 

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир. Сўнгра шундай инсонлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

Мазкур ҳадисга кўра, Ислом уламолари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни, “солиҳ аждодлар” деб тавсифлайдилар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу номлар қўлланилмайди.

 

Аҳли сунна вал-жамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар “халафлар”, яъни “кейингилар” деб аталади. Халаф яъни, кейинги аср олимлари дарахт ўз илдизидан озиқлангани каби салафи солиҳларнинг қарашлари асосида шаклландилар.

 

Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги сохта салафийлар барча ақидавий ва ҳукмий масалаларни ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилсаларда аслида, уларнинг қарашлари асосан 18-асрнинг ўрталарида яшаб ўтган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғоялари устига қурилгандир. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг қарашлари эса Ислом динида биринчи бўлинишга сабаб бўлган Хаворижлар ақидаси билан йўғирилган.

 

Бу оқим аъзолари диний масаланинг ечимини топишда фақат оят ёки ҳадисни узуқ-юлуқ ҳолда келтириб, унга юзаки ёндашиб, гўё муаммога жавоб топган бўлади. Уларнинг бу услуби авом халққа осон тушунилгандек, гўё тўғридек туюлади. Шу йўл билан ҳам улар ўз тарафдорлари сонини кўпайтиришга уринади.

 

Салафийлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва қарийб 13 асрдирки Ислом умматининг бирдамлигини таъминлаб келаётган фиқҳий мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол эмиш.

 

Гўёки бу билан улар Қуръон ва суннатни маҳкам тутишмоқда-ю, бутун уммат эътироф этган ва авлги 3 асрда яшаб ўтган мазҳаб бошилар уни маҳкам тутишмагани иддао қилишларини англаш қийин эмас.

 

Воқеъликда эса, улар мазҳаблар орасидаги жузъий ихтилофларни қоралаган ҳолда, ҳаммани мазҳабни ташлашга ҳамда Қуръон ва ҳадисларни ўрганиб, тушунганича уларга амал қилишга, бошқача қилиб айтганда, ҳаммани ўзи ижтиҳод қилишга чақирадилар. Бу эса, шубҳасиз, янада ихтилофлар ва қарама-қарши фикрларнинг кўпайишига олиб келади. Агар мазҳаблар орасидаги ихтилофлар маълум чегара билан чекланган бўлса, мазҳабсизликнинг бу даъвати эса чексиз ихтилофларга сабаб бўлади ва мусулмонлар ҳаётида даҳшатли фалокатларни келтириб чиқаради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,

Абдулатиф Турсунов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қозон ислом университети қошидаги Қуръон ҳофизлари ўқув марказида “Туҳфатул-атфол” оятларини ўқиш қоидаларини ўрганиш ҳуқуқини берувчи сертификат (ижоза) топшириш маросими бўлиб ўтди. Aсар муаллифи Сулаймон ал-Жамзурийга етиб борган шогирдлар силсиласи ҳужжати 21 шогирдни ўз ичига олди.

Сулаймон ал-Жамзурийнинг “Туҳфатул-атфол” номли араб тилидаги назм шаклидаги тажвид қоидалари тўпламига бағишланган дарсни “ал-Aзҳар” университети профессори, бир қанча асарлар соҳиби Шайх Ҳамдалла ас-Сафтий олиб борди. У китобнинг мазмунини батафсил тушунтириб берди ва муаллифнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Шайх йиғилганларнинг барчасига ушбу китобнинг тарқалиш тарихига ўз исмларини киритганликларини маълум қилди ва бу илмлар силсиласининг етказувчилар рўйхатини тўлиқ ўқиб чиқди.

Эътиборлиси, улар орасида атоқли татар илоҳиётшуноси ва педагоги Галимжон Ҳазрати Барудий ҳам бор. “Туҳфатул-атфол” 61 оят (байт)дан иборат бўлган Қуръони каримни тиловат қилишнинг шеърий қоидаларидир. Ислом уламоларининг ўнлаб авлодлари ушбу қўлланма асосида таълим олганлар.

ҚИУнинг Қуръон ҳофизларини тайёрлаш марказида 2010 йилдан буён бундай “Туҳфатул-атфол” назми бўйича ижозалар (сертификатлар) берилиб келинмоқда, деб хабар бермоқда Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Сторінка 6 з 3027
Top