www.muslimuz

www.muslimuz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.

 

Азиз мўмин-мусулмон юртдошлар! Куни кеча ижтимоий тармоқ саҳифаларида динимизнинг илоҳий манбаси ва энг муқаддас китоби – Қуръони каримга нисбатан ҳурматсизлик акс этган видеолавҳа тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди.

Маълумки, Аллоҳ таоло Қуръони каримни инсониятга ҳидоят ва эзгулик манбаи ўлароқ нозил қилган. Шу нуқтаи назардан, қолаверса, қонунчиликка кўра, инсон ким бўлишидан қатъий назар муайян дин вакилининг диний туйғулари, қадриятлари ҳурмат қилиниши шарт, уларнинг таҳқирланишига йўл қўйилмайди.

Ота-боболаримиз қадим-қадимдан Қуръони каримни кўксиларидан пастда тутмаганлар, жойнамозларини ҳам доимо баланд жойга қўйганлар. Масжид атрофидан оҳисталик билан ўтганлар. Азон айтилаётганда беҳуда сўз айтмаганлар. Ана шу жиҳатлардан келиб чиққанда, тарқалган видеолавҳадаги ҳолат юртимиз мўмин-мусулмонларининг кескин норозилигига сабаб бўлди.

Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони каримни оёқ ости қилиш ҳолатини қаттиқ қоралашини ҳамда бу ноинсоний ҳаракат ҳеч қайси диний таълимотга ҳам, ақлга ҳам, умуман олганда, инсонийлик тамойилига ҳам тўғри келмаслигини билдиради.

Кези келганда, мўмин-мусулмон юртдошларимизга бундай манфур хатти-ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки ақлни ишлатиб муносабат билдириш лозим эканини таъкидлаймиз. Чунки, қонун ҳужжатларига мувофиқ миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар жавобгарликка асос бўлади. Шундай экан, бу фуқаронинг қилмиши ҳам, албатта, қонуний асосда кўриб чиқилади.

Ўз навбатида, Қуръони каримни таҳқирлаган мазкур фуқаронинг шахсини аниқлаш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳамда конституция ва қонун ҳужжатларига зид равишда диний адоват чиқаришга йўналтирилган хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўрилишини таъкидлаймиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

29 октябрь / 12 рабиъул аввал, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида

Ҳазрати Али жомеъ масжиди имом-хатиби ФАЗИЛАТЛИ УСТОЗ САЛОҲИДДИН ДОМЛА «Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббат» мавзусида суҳбат

Сўнгги йилларда ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш, зиёратчиларга қулай шарт-шароит ва енгилликлар яратиш борасидаги ишлар, шубҳасиз янги босқичга кўтарилди. Буни ташкилий ишлар ҳамда Макка ва Мадина шаҳарларида юртдошларимиз учун яратилган янгилик ва қулайликлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Мазкур сафарларни ташкил этиш дунёда кечаётган мураккаб эпидемиологик вазият, қолаверса Саудия Арабистонидаги коронавирус касаллиги билан боғлиқ жиддий ҳолатдан келиб чиқиб, вақтинчалик тўхтатилган эди. Шундан буён “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши Саудия томони билан мазкур тадбирлар билан боғлиқ янгилик ва жараёнлар борасида мунтазам мулоқот қилиб келмоқда.

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўзининг расмий интернет нашрлари орқали тақдим этган маълумотларга кўра, Умра зиёрати тўрт босқичда, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклиф ва тавсиялари асосида қайта ташкил этиши баён этилган. Бугунга қадар умра тадбирлари 2 та босқичда қайта йўлга қўйилди. Шу йилнинг
4 октябрдан биринчи ва 18 октябрдан иккинчи босқичлар бошланди. Ҳозирга келиб кунлик зиёратчилар сони 15 мингтани ташкил этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу икки босқичда Умра ибодатини адо этувчилар сони чекланган бўлиб, махсус онлайн навбат дастури орқали рўйхатга олинмоқда ва зиёратчиларнинг Масжидул Ҳарам ҳудудига киришлари ташкилий равишда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ҳаж ва умра вазирлигининг баёнотида жорий йил 1 ноябридан эътиборан, Умра ибодатини адо этиш учун хорижлик зиёратчиларни қабул қилиш назарда тутилган эди. Рухсат этилган давлатлар рўйхати мамлакатларнинг эпидемиологик ҳолатидан келиб чиқиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилиши алоҳида таъкидланган.

Шу ўринда, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида жорий йилнинг 1 ноябрь кунидан эътиборан, хорижий зиёратчиларга умра қилиши учун рухсат берилмоқда, мазмунида тарқалган хабарга ойдинлик киритиб ўтиш лозим. 1 ноябрь кунидан хорижий фуқароларга рухсат бериш юзасидан билдирилган Ҳаж ва умра вазирлиги баёнотида Умра ибодатига келувчилар учун бир қанча шарт ва талаблар белгилаб қўйилган.

Жумладан, унда умра зиёратчисининг ёши 18 дан 50 ёшгача бўлиши (Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига кўра), коронавирусдан ҳоли эканини исботловчи манфий натижали ПЦР анализни тақдим этиши, ушбу анализ 72 соат ичида олинган бўлиши ва ишончли лабораторияда амалга оширилиши зарурлиги, "Умра қилдик" программаси орқали (Икки Ҳарамга кириш учун онлайн навбат) рўйхатдан ўтиб, ўз онлайн тартибига кўра умра ибодатини адо этиш, Масжидул Ҳаромда намоз ўқиш, Масжидун Набавийни зиёрат қилиш ва Равзаи шарифда намоз ўқиш билан боғлиқ режали ишлар учун олдиндан буюртма бериш, Саудия Арабистонига етиб келгандан сўнг белгиланган меҳмонхонада 3 кун карантинда бўлиши ва бошқа шу каби талаблар белгиланган.

Шунингдек, Саудия мутасадди идоралари томонидан эпидемиологик ҳолат бўйича Умра зиёратини ташкил этиш учун рухсат этилган давлатлар рўйхати алоҳида эълон қилиниши қайд қилинган.

Ўз навбатида, «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони расмийлари билан мазкур масалалар бўйича белгиланган карантин талаблари асосида Умра зиёратини ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда.
Шунингдек, ушбу тадбирларни ташкил этишга ваколатли ташкилот – Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртдошларимизнинг тўлиқ тиббий хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, расмий, ишончли, хавфсиз ва қулай Умра хизматларини тақдим этиш устида ҳамкорлар билан жадал иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, Умра сафари билан боғлиқ якуний қарорлар юзасидан тез кунларда расмий баёнот берилади.

Дин ишлари бўйича қўмита ва
Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Середа, 28 октябрь 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 174–176 ОЯТЛАР

إِنَّ ٱلَّذِينَ يَكۡتُمُونَ مَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَيَشۡتَرُونَ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلًا أُوْلَٰٓئِكَ مَا يَأۡكُلُونَ فِي بُطُونِهِمۡ إِلَّا ٱلنَّارَ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ ٱللَّهُ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمۡ وَلَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٌ١٧٤

174. Аллоҳ туширган Китобдаги нарсани яширганлар ва уни арзонга сотганлар қоринларини фақат оловга тўлдиришади. Қиёмат куни Аллоҳ улар билан сўзлашмайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир.

Одамларни куфр ва ширк исканжасида тутиб туриш учун, ўз шахсий манфаатлари йўлида Парвардигорлари томонидан нозил қилинган илоҳий ваҳийларга ишонмаган, ишониш уёқда қолиб, уларни одамлардан яширган ёки дунёнинг арзон матоҳларига алиштириб юборган жоҳиллар қоринларини дўзах олови билан тўлдиришгани аниқ! Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларнинг арзи-ҳолларига, баҳона-сабаблари ҳақида сўзлашмайди ҳам, уларга раҳмат назари билан қарамайди ҳам, уларнинг тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларидан покламайди ҳам. Уларга мангу қийноқлар, асло тугамайдиган азоб-уқубатлар тайёрлаб қўйилган. Аллоҳ таоло бундай дейди: "Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилади ва унинг борар жойи дўзахдир. Золимларга ёрдамчилар бўлмайди" (Моида, 72).

أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ ٱشۡتَرَوُاْ ٱلضَّلَٰلَةَ بِٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡعَذَابَ بِٱلۡمَغۡفِرَةِۚ فَمَآ أَصۡبَرَهُمۡ عَلَى ٱلنَّارِ١٧٥

175. Ана шулар ҳидоят эвазига залолатни, мағфират ўрнига жазони сотиб олганлардир. Улар дўзах ўтига шунчалик бардошлими?

Аллоҳ таолога ширк келтириш, яъни Унга бирор махлуқни шерик қилиш, Аллоҳдан бошқа бут-санамларга, тош, дарахт, ой-қуёш кабиларга сиғиниш энг улкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло қанча кўп гуноҳ бўлса ҳам мағфират этиши мумкин, аммо ширкни асло кечирмайди: "Чунки ширк келтириш энг катта зулмдир" (Луқмон, 13). Яъни ширк қабиҳ амал ва очиқ зулмдир. Ширкка мубтало бўлганлар ҳидоят йўлини тан олмай, залолатни танлаган бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг мағфирати ўрнига Унинг азоби-жазосини танлаган бўлади. Улар дўзах оловига шунчалик ҳам чидамлимики, тўғри йўл турганида залолатга юз буради? Аллоҳнинг мукофоти, жаннати турганида дўзахдаги азобини истайди? Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?" деб сўрадилар. Биз: "Ҳа", дедик. "Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

ذَٰلِكَ بِأَنَّ ٱللَّهَ نَزَّلَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّۗ وَإِنَّ ٱلَّذِينَ ٱخۡتَلَفُواْ فِي ٱلۡكِتَٰبِ لَفِي شِقَاقِۢ بَعِيدٖ١٧٦

176. Бу шунинг учунки, Аллоҳ Китобни ҳақ билан туширган эди, Китоб ҳақида тортишганлар эса, ихтилофда чуқур кетганлардир.

Мушрикларнинг адашувлари шундаки, улар Аллоҳнинг тавҳиди борасида ва Унинг ҳақ билан туширган китоби (Таврот) ҳақида бемаъни тортишувларга борганидир. Бундай тортишувчилар барча макон ва замонларда бўлган ва бўлади. Арасту фалсафаси тарафдорлари, "ваҳдати вужуд", жабария, мўътазила каби оқимларни ёқлайдиганлар, яҳудий ва насроний динидаги айрим олимлар Аллоҳнинг ваҳдонияти, Унинг зотий ва феълий сифатлари ҳақида ўринсиз тортишувларга бориб, ҳақ йўлдан адашиб кетишди. Улар адашувининг асл сабаблари эса ихтилофда чуқурлашиб кетганлари, Аллоҳнинг ҳақ Китоби туриб, инсонлар ўйлаб топган бошқа асосларга суянганларидадир.

Илоҳий китобларнинг бирортасини инкор қилган киши кофир бўлади. Бошқа илоҳий китобларга имон келтириб, Қуръони каримни инкор этувчи киши ҳам кофир бўлади. Булар – ҳақиқатдир, Аллоҳ таолонинг амридир. Зеро, илоҳий китобларда ҳидоят ва нур бор, илоҳий китоблар ўзидан олдинги китобни тасдиқловчидир. Аллоҳ таоло инсониятнинг камолот даражасига қараб олдинги ҳукмларига ўзгаришлар киритган, холос. Аввалги пайғамбарлар етказган ҳукмлар (шариат)ни кейин келган пайғамбарлар Аллоҳ иродаси билан бекор қилишган. Бунга Ҳазрати Исо алайҳиссаломнинг ўз умматларига: «Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад (Муҳаммад) исмли пайғамбар ҳақида хушхабар (башорат) етказувчиман» (Саф, 6) деган сўзлари далилдир. Аллоҳ таоло Ҳазрати Мусо алайҳиссаломга Таврот китобини туширган. Аммо Тавротнинг асли йўқолган, унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло Бани Исроилни илоҳий каломни давомли равишда бузиб келганларини бизларга билдирган. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга Тавротни туширганига имон келтирадилар ва бусиз имонлари бутун бўлмайди.

ИЖТИМОИЙ ТАРБИЯ МАСЪУЛИЯТИ

Ижтимоий тарбиядан мақсад – болани ёшлигиданоқ одамлар билан яхши муомала қилиш одобига ўргатиб, маънавий баркамол этиб вояга етказишдир. Бу тарбия ҳам муборак Ислом ақидаси ва чуқур имон туйғусидан озиқланади. Бундай тарбия кўрган бола жамиятда гўзал муомаласи, одоби, ақли билан ажралиб туради.

Шубҳасиз, бола тарбияси ота-она, мураббийлар учун муҳим масъулият ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳар қандай тарбия имон, хулқ ва нафс тарбиясининг умумий маҳсулидир. Ижтимоий назорат ва тўғри сиёсат таъсирида тарбия топган бола ўз бурчларини бажариб, одоб қоидаларига риоя қилади.

Тажрибадан маълум, жамият соғлом, кучли ва мустаҳкам бўлиши учун унинг ҳар бир аъзоси ҳар томонлама соғлом бўлиши зарур. Бу ўринда Ислом таълимотининг ижтимоий ва ахлоқий тарбиядаги беқиёс ўрнини алоҳида таъкидлаш муҳим. Устоз-мураббийлар ижтимоий тарбияда катта масъулият ва ғайрат кўрсатишлари керак. Ижтимоий тарбиянинг амалий услублари нималардан иборат? Бу услуб тўрт ишда кўринади.

  1. Фазилатли қалбни тарбиялаш.
  2. Бошқалар ҳақига риоя қилиш.
  3. Умумижтимоий одобларни ўргатиш.
  4. Назорат ва ижтимоий танқид.
  5. Фазилатли қалбни тарбиялаш. Ислом яхши тарбия қоидаларини катта-кичик, эркак-аёл, ёш ва кекса одамлар қалбида ҳаё, одоб ва эзгулик қоидаларига кўра қоим қилди. Исломий шахсият шу хислатлар билан мукаммал ва тўлиқ бўлади. Эзгу фазилатли қалбни тарбиялашга доир Исломнинг бебаҳо кўрсатма ва тўғри йўриқлари бор. Улар ижтимоий тарбияни етук ва мукаммал қилади. Натижада жамият ўзаро ҳамкорлик, ишончли бирдамлик, юксак одоб ва ўзаро муҳаббатга асосланган ҳолда тараққий топади. Бу йўриқлардан энг олдин­дагиси бола қалбида тақво уйғотишдир.

 

Тақво

Тақво Аллоҳдан ва азобидан қўрқиш, кечиришини ва савобини умид қилишдир. У нафсни назорат қилиш билан ҳосил бўладиган имон шуурининг табиий самараси ва муқаррар натижасидир. Уламолар унга қуйидагича таъриф берадилар:

“Тақво Аллоҳ қайтарган ишга яқин йўламаслик ва буюрган ишидан оғмасликдир”. Бошқа баъзи уламолар қуйидагича таърифлайди:

“Яхши амаллар ила Аллоҳ ғазабидан сақланиш ва Аллоҳдан яширин ва ошкор қўрқиш”. Қуръони карим кўп оятларда тақво фазилатига буюради ва унга қизиқтиришга аҳамият беради. Шунинг учун саҳобалар ва салаф олимлар тақвога катта эътибор беришган, уни топганлар, унга интилганлар ва у ҳақда сўраганлар.

Убай ибн Каъб Умар ибн Хаттобдан (розияллоҳу анҳу) тақво ҳақида сўради. У киши: “Тиконли йўлда юрганмисан?” дедилар. Убай: “Ҳа, юрганман”, деди. Умар ибн Хаттоб: “Қандай юргансан?” деб сўрадилар. У: “Кийимимни шимардим ва тиришдим”, деди. У киши: “Мана шу тақво”, дедилар.

Тақво мўмин қалбига Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг назоратида эканини англаш ҳиссини тўлдиради. У барча ижтимоий одоблар манбаи, гуноҳлар ва муфсидлардан сақловчи ягона йўлдир. Шунингдек, у жамиятни бут қилувчи омилдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тақво мана бу ерда”, деб уч бор кўкракни кўрсатганлар. Бундан эса ижтимоий тарбияда қалб катта аҳамиятга эга экани англашилади.

Тақвонинг таъсири ҳақида баъзи намуналар: Имом Ғаззолий “Иҳё” китобида ривоят қилади. Юнус ибн Убайднинг дўконида қиймати 400 дирҳамлик ва 200 дирҳамлик матолари бор эди. Бир куни намоз ўқиш учун масжидга кетишида ўрнига акасининг ўғлини қўйди. Бир аъробий келиб 400 дирҳамлик матони сўради. Сотувчи унга 200 дирҳамлик матони кўрсатди. У уни чиройли деб рози бўлди ва 400 дирҳамга сотиб олди. Йўлда унга Юнус рўпара келди ва матони таниб қолиб: “Қанчага сотиб олдингиз?” деб сўради. У: “400 дирҳамга”, деди. Юнус: “Бу мато 200 дирҳамдан баланд турмайди, уни қайтариб бер”, деди. Шунда аъробий: “Бизнинг шаҳримизда 500 дирҳамдан сотишади, мен бу нархга розиман”, деди. Юнус эса: “Мен билан қайт, чунки динимизда тўғрилик мол-дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, деди. Сўнгра уни дўконга олиб бориб, 200 дирҳам қайтариб берди. Ва акасининг ўғлига бу борада танбеҳ берди. Сўнгра: “Аллоҳдан уялмайсанми? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Мусулмонларни алдаб, пул фойда қиласанми?” деди. Шунда ҳалиги харидор: “Аллоҳга қасам, у рози бўлгани учун олдим”, деди. Юнус: “Ўзинг ундан рози бўлганингдек, унга ҳам рози бўлмайсанми?” деди.

Абдуллоҳ ибн Динор шундай ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан Маккага йўлга чиқдик, йўлда дам олиш учун тўхтадик. Тоғдан бир чўпон ёнимизга келди. Унга: “Эй чўпон, бир қўй сотгин”, дедик. У: “Мен қулман”, деди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) синаш учун: “Хўжангга бўри еди, деб айтгин”, деди. Шунда чўпон: “Хўжайинку ишонар, лекин Аллоҳни нима деб алдайман?” деди. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) йиғладилар, сўнгра қул билан билан бирга уйига бориб, уни хожасидан сотиб олди ва озод қилди. Сўнг: “Бу сўз сени бу дунёда озод қилди, охиратда ҳам (дўзахдан) озод қилишидан умидворман”, деди.

Она билан қиз ўртасида бўлиб ўтган ушбу қиссани кўпчилик билади: она сутга сув қўшиб, кўпроқ фойда кўришни хоҳлайди, қизи эса мўминлар амири бундан қайтарганини эслатади. Она: “Биз қаердамиз, амир қаерда? У бизни кўриб ўтирибдими?” дейди. Қиз эса қатъият билан қаршилик кўрсатади: “Мўминлар амири кўрмаётган бўлса ҳам, мўминлар амирининг Раббиси бизни кўриб турибди”, дейди.

Фарзандларни тақвога ўргатиш вожибдир.

  1. Қардошлик (биродарлик). У руҳий муносабат бўлиб, муҳаббат ва ҳурматга асосланади. Одамларни бир-бирига исломий ақида алоқалари ва имон, тақво хислатлари билан боғлайди. Қардошлик ўзаро ҳамкорлик ва бошқани ўзидан ортиқ кўришда, мулойим қалб ва кечиримлиликда кўринади, жамиятнинг мол-жони ва обрўларига зарар берувчи ҳар қандай нарсадан узоқ бўлиш ҳиссини пайдо қилади.

Ислом Аллоҳ йўлидаги қардошликка ундайди. Унинг мақсади, бурчлари Қуръон оятлари ва ҳадисларда баён қилинди.

إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ إِخۡوَةٞ

«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар...» (Ҳужурот, 10).

سَنَشُدُّ عَضُدَكَ بِأَخِيكَ ...

«Биз сени биродаринг (Ҳорун) билан қувватлантирурмиз...» (Қасас, 35).

وَٱذۡكُرُواْ نِعۡمَتَ ٱللَّهِ عَلَيۡكُمۡ إِذۡ كُنتُمۡ أَعۡدَآءٗ فَأَلَّفَ بَيۡنَ قُلُوبِكُمۡ فَأَصۡبَحۡتُم بِنِعۡمَتِهِۦٓ إِخۡوَٰنٗا

«...ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз...» (Оли Имрон, 103).

Имом Муслим ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмоннинг қардоши, унга зулм қилмайди, (душманга) топширмайди, хорламайди, таҳқирламайди. Мусулмон кишининг биродарларини таҳқирлаши унга ёмонлигига кифоя қилади. Мусулмонга бошқа мусулмоннинг қони, моли ва обрўси ҳаромдир. Тақво мана бу ерда”, деб уч марта айтиб, кўкракларига ишора қилдилар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти: “Одам ўзи яхши кўрган нарсани биродарига илинмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди”.

Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти: “Дўстлашиш, ўзаро меҳрибонлик ва раҳмдилликда мўминлар бир вужудга ўхшайди. Унинг бир аъзоси азоб чекса, бошқа аъзолари ҳам вақтни уйқусизлик ва иситма қилиш билан ўтказади”.

Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида ривоят қилади. Аллоҳ таоло қиёмат куни: “Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганлар қани? Менинг соямдан ўзга соя бўлмаган бу кунда уларни Ўз соямга олурман”, дейди.

Асрлар оша Ислом жамиятида одамларнинг ўзаро муомаласи, кўнгил сўраши, бошқаларни ўзидан устун қўйиши ва ўзаро ёрдамни аямаслиги Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва қардошлик (биродарлик) натижасидир.

Баъзи ибратли мисоллар билан танишсак.

Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилади: Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу) Ойша онамизга (розияллоҳу анҳо) 80 минг дирҳам юбордилар. У киши рўзадор эдилар. Эгниларида эски кўйлак. Бу пулларни ўша вақтнинг ўзида фақирлар, мискинларга тақсимлаб бердилар. Ундан бир дирҳам ҳам қолмади. Шунда у кишига хизматчиси: “Эй мўминлар онаси, ифтор қилиш учун ўзимизга ҳам бирор дирҳам олмадингизми?” деди. “Эй қизим, агар эслатганингда, албатта олардим”, дедилар у зот (розияллоҳу анҳо).

Табароний “Кабир”да ривоят қилади. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) 400 динор пулни ҳамёнга солдилар ва хизматкорига: “Буни Абу Убайда ибн Жарроҳга олиб бориб бер”, дедилар. Хизматкор пулни олиб борди ва: “Мўминлар амири сиз буларни ўз ҳожатингизга ишлатишингизни айтдилар”, деди. Абу Убайда: “Аллоҳ Умарга раҳмат ёғдирсин”, дедилар, сўнгра: “Эй хизматчи, бу етти динорни фалончига, бу беш динорни фалончига ва бу беш динорни фалончига олиб бориб бер”, деб пулни тақсимладилар. Хизматчи Умар (розияллоҳу анҳу) ёнига қайтиб, воқеани сўзлаб берди. Умар (розияллоҳу анҳу) яна шунча дирҳамни Муоз ибн Жабал учун тайёрлаб қўйган эди. “Буни Муозга олиб бориб бер!” дедилар. Хизматчи пулни олиб бориб берди ва: “Буни ўз ҳожатингизга ишлатишингизни мўминлар амири айтиб юбордилар”, деди. У киши: “Аллоҳ у кишига раҳмат ёғдирсин”, дедилар. Сўнгра: Эй хизматчи, бунчаси фалончига ва бунчаси фалончига”, деб тақсимлаётганларида бир аёл келиб қолди. У Муознинг хотини эди. У аёл: “Аллоҳга қасам, биз камбағалмиз, бизга ҳам беринг”, деди. Ҳамёнда икки дирҳам қолган эди. Муоз шу икки дирҳамни аёлга отди. Шундан сўнг хизматчи келиб, Умарга (розияллоҳу анҳу) воқеани айтиб берди. Бундан Умар (розияллоҳу анҳу) хурсанд бўлдилар ва: “Улар бир-бирлари билан қардош (биродар)дирлар”, дедилар.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврларида қаттиқ қаҳатчилик бўлди. Шомдан Ҳазрат Усмоннинг минг туяда озиқ-овқат ва либослари юкланган карвон келди. Тижоратчилар ҳар томондан бу карвондаги юкларни сотиб олиш истагида югуриб келишди. Уларга: “Қанча фойда берасизлар”, дейилди. Улар: “Беш фоиз фойда берамиз”, дейишди. “Бу фойдадан кўпроқ берадиганни топдик”, дейилди. Улар: “Бу фойдадан кўпроқ берадиганни билмаймиз”, дедилар. Уларга Усмон (розияллоҳу анҳу): “Мен бир дирҳамга 700 ва ундан кўпроқ берувчини топдим. Мен Аллоҳни топдим”, деди ва ушбу оятни ўқиди:

مَّثَلُ ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنۢبَتَتۡ سَبۡعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنۢبُلَةٖ مِّاْئَةُ حَبَّةٖۗ وَٱللَّهُ يُضَٰعِفُ لِمَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٌ٢٦١

“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара, 261).

Сизлар гувоҳсизлар, эй савдогарлар! Карвон ва ундаги буғдой ва ун, зайтун ва сариқ ёғ ҳаммасини Мадина фуқаро (камбағал)ларига ҳиба қилдим ва албатта, у мусулмонларга садақадир”, деди ҳазрат Усмон (р.а).

Имом Бухорий “Адаб ал-Муфрад” китобида Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир вақтлар келди, бирон киши динор ва дирҳамча мусулмон биродаридан ҳақлироқ бўлмади”.

Болаларимизни биродарлик, ўзаро меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш бизга вожибдир.

  1. Меҳрибонлик (раҳмат). У қалбдаги юмшоқлик, виждонда сезгирлик ва ақлда ўткирликдир. Меҳрибон қалб бошқаларга ачинади, улар учун азобланади, уларга раҳм қилади, ғам ва азият кўз ёшларини аритади (тўхтатади). Меҳрибонлик мўминга азият беришдан, жиноятдан асрайди. Бундай фазилат эгаси барча инсонларга тинчлик ва яхшиликни тилайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг бир-бирига меҳрибонлиги Аллоҳнинг уларга бўлган меҳрибонлигидир, деб таърифлаганлар.

Имом Термизий, имом Абу Довуд ва имом Аҳмад ривоят қиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Меҳрибонларга Аллоҳ меҳрибон бўлади, (ерда) бошқаларга меҳрибон бўлинглар, сизларга ҳам осмондаги Зот меҳрибон бўлур”, дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меҳрибонликдан маҳрум бўлганларни бахтсиз киши деб таърифлаганлар.

Имом Термизий, имом Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бахтсиз кишида меҳрибонлик бўлмайди” дедилар. Мўмин фақат мўмин қардошига эмас, бошқаларга ҳам меҳрибонлик кўрсатади.

Табароний ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобийларига: “Бир-бирингизга меҳрибон бўлмагунча мўмин бўлмайсизлар”, дедилар. Ҳазрат Умар: “Ё Расулуллоҳ, барчамиз меҳрибонмиз”,  деди. Шунда у зот: “У бирингиз ўз дўстига қилган меҳрибонлик эмас, балки халққа қилинган меҳрибонликдир”, дедилар. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кўрсатмаларидан маълум бўладики, меҳрибонлик фақат мусулмонларга эмас, балки барча инсонларга меҳрибон бўлиш экан. Ана шундай меҳрибонлик инсоннинг ҳақиқий мўминлигини кўрсатади. Агар бундай меҳрибонлиги бўлмаса, инсон комилликка етишолмайди. Мўмин киши тақво қилади ва бировга озор беришдан тийилади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир фоҳиша аёл итга сув бергани учун Аллоҳ гуноҳидан ўтиб, унга жаннат эшикларини очгани ва бошқа бир аёл мушукни қамаб қўйиб, унга сув ва нон бермай ўлдиргани сабаб, раҳмсиз аёлни дўзахга маҳкум қилгани ҳақида сўзлаганлар.

Демак, инсон одамларга, ҳайвонот ва набототга ҳам меҳрибон бўлиши керак. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бир киши қўйини сўйиш учун оёғидан судраб олиб бораётганини кўрди. Шунда унга: “Сенинг ҳолингга вой бўлсин! Уни ўлимга чиройли ҳолда олиб бор”, деди.

Исломий тарбия натижасида шаклланадиган меҳрибонликка айрим мисоллар келтирсак:

Тарихчилар ривоят қилади. Амр ибн Ос Миср фатҳида қурган чодирининг устига кабутар ин қурди. Амр кетмоқчи бўлганида инни кўриб қолди ва чодирни бузиб, қушга зулм қилишни истамади. Чодирни бузмай ташлаб кетди. Чодир атрофида аҳоли кўпайди ва бу жой “Фустот”, яъни “Чодир” деб аталувчи шаҳарга айланди. Бу Миср шаҳрининг эски номидир.

Умар ибн Хаттоб жоҳилият вақтларида қалби қаттик, раҳм-шафқатсиз деб танилган эди. Ислом тарбияси унинг қалбида меҳрибонлик (раҳмат) булоғини очгач, ҳар бир иши учун Аллоҳ ҳузурида масъулият сеза бошлади. Ҳатто йўл бермагани оқибатида йиқилиб ўлган хачир учун ҳам ўзини жавобгар ҳисобларди.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Усома ибн Зайд аскарларига: “Аёлларни, кексаларни ва гўдакларни ўлдирманглар, хурмо ва мевали дарахтларни кесманглар, уйларида ёлғиз ўтирган кишиларга тегманглар”, деб насиҳат қилган эди.

Ислом таълимоти аёллар, кексалар ва гўдакларга, мевали дарахтларга, уйда ўтирган тинч аҳолига уруш вақтида ҳам зарар етказмасликка ундайди. Ҳозирда дунёда рўй бераётган қўпорувчилик ва тинч аҳолини портла­тиш каби воқеалар Ислом таълимотига зид хатти-ҳаракатлардир.

Мусулмонлар ҳузуридаги вақф мол-мулклари:

  1. Уйсизлар вақфи – уйсизларни очликдан сақлаш, бошпана билан таъминлаш учун махсус ажратилган мол-мулк. Одамлар мол-мулкли бўлгунича ёки вафот этгунича ҳам шу ерда яшайверган.
  2. Тўйлар вақфи – хурсандчилик ва тўй муносабати учун кийим ва зеб-зийнатларни камбағалларга эвазсиз вақтинча бериладиган вақф тури. Бу билан камбағал хурсандчилик кунини тоза кийимда гўзал шаклда ўтказади, кўнгли хотиржам бўлади, кўпчилик орасида ўксинмайди.
  3. Ғариб ва касал кишилар дўстлик вақфи. Оғир беморларнинг касалини енгиллатиш учун махсус шинаванда одам тайинланади. У чиройли ҳикоя, ри­воят, шеър ёки қўшиқлар билан хастанинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилади.
  4. Тортиқ вақфи – бирор-бир буюмни синдириб ёки бериб юборган хизматкор хўжайин ғазабига учрамаслиги учун жорий этилган. Бошига шундай ташвиш тушса, хизматчи вақф идорасига синган буюмни бериб, ўрнига янгисини олади ва бу билан ғазабу азобдан нажот топади.

Шунингдек, очни тўйдириш, чанқаганга сув бериш ва яланғочга кийим бериш, майитни кўмиш, етимни кафилликка олиш, изтироб чекаётган кишига ёрдам бериш ва ожизнинг кўнглини сўрашга йўналтирилган вақфлар ҳам бор.

Шубҳасиз, вақф ва хайрия жамғармалари илм даргоҳлари ва бошқаларга кўмак бериши, яхшиликка интилиш кабилар Аллоҳ мўминларнинг кўнглига солган меҳрибонлик (раҳмат)дан қолган излардир.

Бу қадриятлар асрлар оша қон-қонимизга сингди, маданиятимизга айланди. Биз ҳам фарзандларимизда шундай фазилатларни тарбиялашимиз лозим.

  1. Бошқани ўзидан ортиқ кўриш. Бу руҳий туйғу инсоннинг яхшилик ва фойдали ишларда бошқани ўзидан устун қўйишидир. Бу ишда Аллоҳ ризолиги ният қилинса, имон содиқлиги, хулқ ва руҳ поклигининг биринчи қоидалари бажарилган бўлади.

Бизга Қуръони каримда Ислом жамияти аъзоси бўлган ансорийларнинг сифатлари келтирилгани ибратдир. Бу сифатлар ўзаро мулойимлик, бошқаларни афзал кўриш ва ҳамдардликда кўринади.

وَٱلَّذِينَ تَبَوَّءُو ٱلدَّارَ وَٱلۡإِيمَٰنَ مِن قَبۡلِهِمۡ يُحِبُّونَ مَنۡ هَاجَرَ إِلَيۡهِمۡ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمۡ حَاجَةٗ مِّمَّآ أُوتُواْ وَيُؤۡثِرُونَ عَلَىٰٓ أَنفُسِهِمۡ وَلَوۡ كَانَ بِهِمۡ خَصَاصَةٞۚ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفۡسِهِۦ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ٩

«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳожирларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчилардир» (Ҳашр, 9).

Ўз ихтиёри билан ўзидан бошқани афзал кўриш ва ижтимоий ҳамдардлик ансорийлар хулқида жилоланди, башарият тарихида уларнинг ўхшашини топа олмайсиз. Ансорийлар динлари учун қувилган ва ватанларидан ҳайдалган, дунё зийнатлари ва матоларидан узилган муҳожир биродарларини ўзларига шерик қилдилар. Уларга ёрдам бердилар. Ҳаёт насибаларида уларни ўзларидан афзал кўрдилар. Агар улардан бири вафот этса, иккинчилари меросхўр бўлишди.

Жамиятда бошқани афзал кўриш намуналари. Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” китобида Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

У киши: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан бирига бир қўй калласи ҳадя қилинди. Шунда у: “Мендан ҳам муҳтожлар бордир”, деди ва қидириб топиб, унга берди. У ҳам ўзидан муҳтожроқни излаб топиб, унга берди. Шу тарзда биридан бошқага ўтиб, ҳатто етти кишидан сўнг яна биринчи саҳобага қайтиб келди», деди.

Мўминлар онаси, Асад қабиласидан бўлган Зайнаб бинти Жаҳш “уммул масакин”, яъни “фақирлар онаси” лақабини олганлар. Бунга ўзларидан бошқани афзал кўриш ва ҳамдард бўлишлари сабаб бўлди.

Ибн Саад “Табақот” асарида ривоят қилади.

Бараза бинти Бойиъ айтиб берди. Ҳадялар йиғилганида, Умар ибн Хаттоб унинг (Зайнабнинг) улушини бериб юборди. Юк ташувчи кирганида: “Аллоҳ Умарни мағфират қилсин! Биродарларим орасида буни тақсимлашга мендан кўра у муносиброқ”, деди. Шунда улар: “Бунинг барчаси сенга”, дейишди. “Субҳаналлоҳ”, деб кийими билан уни беркитди ва: “Тўкинглар ва устига кўйлакни ташланглар”, деди. Қиссачи айтади: “Сўнгра менга: “Қўлингни тиқ ва қисмлаб олиб фалончининг болаларига етказиб бер, фалончининг болаларига ҳам... деяверди, ҳатто ҳадядан фақат кўйлак остидагиси қолди”. Зайнаб бинти Жаҳшга Бараза бинти Бойиъ: “Сизни Аллоҳ мағфират қилсин, эй мўминлар онаси, Аллоҳга қасам, бунда менинг ҳақим бор эди”, деди. Шунда: “Кўйлак остидаги сизга”, деди. Бизлар кўйлакни олиб қарасак, саксон беш дирҳам қолган экан.

Олдинги саҳифалардан бирида Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) минг дирҳамга тенг бўлган ҳадяларни фақир ва камбағалларга тақсимлаб, ўзларига ифторлик қилишлари учун бир дирҳам ҳам қолдирмаганлари ҳақида ривоят келтирилган эди. Агар хизматчилари эслатганида, Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) албатта олар эдилар, лекин бошқаларни хурсанд қилиш учун ўзларини унутган эдилар.

Қуртубий ривоят қилади: «Ярмук куни амакимнинг ўғлини излаб чиқдим. Қўлимда сув бор эди. Ва мен: “Агар чанқаган киши бўлса, сув бераман”, дедим. Ногоҳ амаким ўғлини кўрдим ва: “Сув берайми?” дедим. У боши билан “ҳа” деб ишора қилди. Шунда бошқа киши “оҳ... оҳ...” дерди. Амаким ўғли сувни унга беришимни ишора қилди. Борсам, у Ҳишом ибн Ос экан. Унга: “Сув берайми?” дедим. У “ҳа” деб ишора қилди. Шунда бошқа бир киши “оҳ... оҳ...” деганини эшитдим. Ҳишом унга олиб бориб беришимни ишора қилди. Унга борганимда у ўлган экан, шунда тезлик билан Ҳишомга борсам, у ҳам ўлган. Шундан сўнг амакимнинг ўғлини йўқладим, афсус, у ҳам ўлган экан». Улар ўзларидан бошқани афзал кўргани учун биронтаси сув ичмадилар. Яхшиликни ўзидан кўра бошқаларга илиниш, бошқаларни деб ўзидан кечиш улуғ хулқ, улуғ фазилатлардандир.

  1. Афв (кечириш). Афв (кечириш) Аллоҳ ато этган улуғ руҳий туйғу бўлиб, кишига бировдан руҳий ёки жисмоний зарар етса-ю, уни қайтаришга қурби етатуриб, ҳаддан ошган кишидан ўзини паст тутишдир. Ва бу Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Кечиримли бўлинглар”, деган таълимларига биноандир. Лекин кечиримлилик ҳам меъёридан ошмагани дуруст, чунки бундай афв хорлик, хўрланиш, ўзини пастга уриш ва ожизликни билдиради. Кечириш имоннинг мустаҳкамлигига далолат, хулқий сифат ва улуғ исломий одобдир.

Қуръони карим шунга буюради ва кўп оятларда унга чақиради:

وَأَن تَعۡفُوٓاْ أَقۡرَبُ لِلتَّقۡوَىٰۚ وَلَا تَنسَوُاْ ٱلۡفَضۡلَ بَيۡنَكُمۡۚ

«...Кечиб юборишингиз тақвога яқиндир. Ўзаро бир-бирингизга фазл (мурувват) қилишни унутмангиз...» (Бақара, 237).

«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34).

وَعِبَادُ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلَّذِينَ يَمۡشُونَ عَلَى ٱلۡأَرۡضِ هَوۡنٗا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ ٱلۡجَٰهِلُونَ قَالُواْ سَلَٰمٗا٦٣

«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда, “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон, 63).

وَٱلۡكَٰظِمِينَ ٱلۡغَيۡظَ وَٱلۡعَافِينَ عَنِ ٱلنَّاسِۗ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٣٤

“...ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 134).

Маълумки, мўмин киши ҳалим, кечирувчан ва мурувватли бўлса, у мулойимлик, олий хулқ ва чиройли ҳис-туйғуда бошқаларга ўрнак бўладиган даражага етади. Бамисоли пок, соф фариштадек бўлади. Ҳалим, кечирувчан, мурувватли бўлиб ўтган салафларнинг ҳаётларидан баъзи намуналар келтирамиз:

Абдуллоҳ ибн Тоҳир бундай ҳикоя қилади: Маъмуннинг ҳузурида эдим. У хизматчисини “Эй хизматчи!” деб чақирди. Ҳеч ким жавоб бермади. Сўнгра иккинчи бор қичқириб: “Эй хизматчи!” деди. Шунда бир турк хизматчи кириб келди ва: “Хизматчи еб-ичмасинми, ҳар қачон ёнингиздан кетсак, эй хизматчи, эй хизматчи, деб қичқирасиз?” деди. Маъмун бошини узоқ вақт эгиб турди ва менга қараб: “Эй Абдуллоҳ, агар хожасининг хулқи чиройли бўлса, хизматчисининг хулқи ёмон бўлар экан. Мен хизматчимнинг хулқи яхши бўлсин деб, ўзимнинг хулқимни ёмон қила олмайман”, деди.

Зайнул Обидин ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) хизматчисини икки марта чақирди, у жавоб бермади. Шунда Зайнул Обидин: “Чақирганимни эшитдингми?” деб сўради. Хизматчи: “Эшитдим”, деди. Шунда у киши: “Жавоб беришдан сени нима қайтарди?” деди. Хизматчи: “Сиздан тинчман ва хулқингиз ҳалимлигини биламан, шу боис жавобда эриндим”, деди. У киши: “Хизматчимни мендан тинч-омон қилган Аллоҳга шукрлар бўлсин”, деди.

Яна шу кишидан ривоят қилинади:

Бир куни у киши масжидга чиқди. Масжидда бир одам уни ҳақоратлади. Шунда у кишининг хизматчиси уни урмоқчи бўлган эди, Зайнул Обидин уни қайтарди. Ва уларга: “Қўлларингни тийинглар” деб, сўнгра ўша одамга қараб: “Ҳой, мен сен айтганингдан ҳам зиёдман. Мен сен билганингдан кўпини биламан. Агар хоҳласанг, айтиб бераман”, деди. Шунда у одам уялиб, қилган ишидан хижолат чекди. Сўнгра Зайнул Обидин кўйлакларини ечди ва унга минг дирҳам беришга буюрди. У одам кетар экан: “Гувоҳлик бераман, албатта бу йигит Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) авлодларидан”, деди.

Яна у кишидан ривоят қилинади.

Бир кун хизматчиси сопол офтобада сув қуйиб турганида, офтоба тушиб кетиб синди, Зайнул Обидиннинг оёқлари жароҳатланди. Хизматчи шошиб: Эй хўжайин, Аллоҳ:

وَٱلۡكَٰظِمِينَ ٱلۡغَيۡظَ

«...ғазабларини ютадиган...» (Оли Имрон, 134) деди.

Шунда Зайнул Обидин “ғазабимни ютдим”, деди. Ва хизматчи деди:

وَٱلۡعَافِينَ عَنِ ٱلنَّاسِۗ

«...одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир» (Оли Имрон, 134).

Шунда у киши: “Сени кечирдим”, деди. Хизматчи яна:

وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٣٤

«... Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134) деди.

Шунда Зайнул Обидин: “Аллоҳ йўлида озодсан”, деди. Хизматчи қул эди, озод бўлди.

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Уйайна ибн Ҳасан келгач, амакисининг ўғли Ҳарр ибн Қайс уйига тушди. У киши Умарга яқин кишилардан эди. Чунки у киши мўминлар амирининг кекса ва ёш машварат асҳобларини меҳмон қилар эди. Уйайна мўминлар амирига: “Киришга изн беринг”, деди. Унга изн берди. У киргач: “Эй Ибн Хаттоб, Аллоҳга қасам, бизга кўп бермадинг ва бизнинг ўртамизда одиллик билан ҳукм чиқармадинг”, деди. Умар ғазабланди, ҳатто унга ташланмоқчи бўлди. Шунда Ҳарр: “Эй мўминлар амири, Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай деди:

خُذِ ٱلۡعَفۡوَ وَأۡمُرۡ بِٱلۡعُرۡفِ وَأَعۡرِضۡ عَنِ ٱلۡجَٰهِلِينَ١٩٩

«Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф, 199).

Аллоҳнинг каломи ўқилганида у тўхтади.

“Сабаби нузул”да келади. Мусаттаҳ исмли киши Абу Бакрга (розияллоҳу анҳу) холавачча эди. У мунофиқлар ифк ҳодисасида Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) обрўларини тушириш учун тарқатган миш-миш туфайли тақво қилмади. Мусаттаҳ шу ўринда Ислом ҳақини, яқинлик ва ўзаро бирдамлик ҳақини унутди. Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) жаҳлини чиқарди ва ўртадаги яқинликни узиш учун борди-келди қилмасликка қасам ичди. Шунда бу оят нозил бўлди:

وَلَا يَأۡتَلِ أُوْلُواْ ٱلۡفَضۡلِ مِنكُمۡ وَٱلسَّعَةِ أَن يُؤۡتُوٓاْ أُوْلِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينَ وَٱلۡمُهَٰجِرِينَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِۖ وَلۡيَعۡفُواْ وَلۡيَصۡفَحُوٓاْۗ أَلَا تُحِبُّونَ أَن يَغۡفِرَ ٱللَّهُ لَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٌ٢٢

«Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Нур, 22).

Шундан сўнг Абу Бакр уни кечирди, қучоғига олди ва  “Аллоҳ мени мағфират қилишини яхши кўраман”, деб аввалгидек ҳадялар бера бошлади.

Саҳобаларнинг бу хулқлари қанчалар ибратли, улуғ бўлган. Улардан ўрнак олиб ҳалимликни, мурувватпешаликни фарзандларимизга ҳам сингдирсак, унинг меваси қанчалар тотли бўлар эди.

Имом Абу Довуд Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: У зот: “Ким қодир бўлатуриб ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ халойиқ ичида чақиради, ҳатто, “ҳури айн”дан танлаш ихтиёри берилади”, дедилар.

Табароний Уббод ибн Сомитдан ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга нима билан Аллоҳ биноларни баланд ва даражаларини юқори қилишининг хабарини берайми?” дедилар. Улар: “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, дедилар. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Сенга жоҳиллик қилганга ҳалим бўл, зулм қилганни афв қил, сенга бермаганга бергин ва сендан узилганга боғлан”, дедилар.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмалари ва ибратли хулқлари инсоннинг улуғ даражага кўтарилишига сабаб бўлади. У кишининг кўрсатмаларига кўра, ўч олишга кучи ета туриб афв қилган кишига қиёматда ҳурлардан танлаш ихтиёри берилиши жуда катта мукофотдир.

  1. Журъат (жасорат). У бандаси учун берилган руҳий қувватдир. Фарзандларимиз Аллоҳнинг якка-ягоналигига, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, яхшию ёмонлик етиши Худодан эканига, охират кунига имон келтириш, пок суннатларга амал қилиш ва оиладаги гўзал тарбия орқали журъатли бўлиб борадилар. Шунингдек, журъатли бўлиш учун ўзи яшаётган жамиятнинг низомларини, қомусини яхши билиш керак. Бу ўз-ўзидан яна оила ва мактабдаги таълим-тарбияга бориб тақалади. Хўш, инсондаги журъат фазилати қай пайтларда яққол намоён бўлади? Яна саҳобалар ҳаётига мурожаат қиламиз.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кейинги мўминларнинг энг афзали бўлганлар. У киши ҳақида: “Аллоҳга қасам, агар Абу Бакрнинг имони билан ер аҳли имонини тарозига тортилса, албатта, Абу Бакрнинг имони оғир келади”, деганлар.

Абу Бакрнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этган кундаги ҳолатлари. Мусулмонлар саросимага тушган, қайғу уларни эс-ҳушидан айирган. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Ким Муҳаммад ўлди деса, бўйнини шу қиличим билан кесаман!” деди. Шу ўринда Абу Бакр тўхтаб, баланд овозда азон айтди ва: “Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, у вафот этди, ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, У тирик, барҳаёт”, деди ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ўқиди:

وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٞ قَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهِ ٱلرُّسُلُۚ أَفَإِيْن مَّاتَ أَوۡ قُتِلَ ٱنقَلَبۡتُمۡ عَلَىٰٓ أَعۡقَٰبِكُمۡۚ وَمَن يَنقَلِبۡ عَلَىٰ عَقِبَيۡهِ فَلَن يَضُرَّ ٱللَّهَ شَيۡ‍ٔٗاۗ وَسَيَجۡزِي ٱللَّهُ ٱلشَّٰكِرِينَ١٤٤

«Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етказа олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлагай» (Оли Имрон, 144).

Ундан кейинги ҳолатлари. Мусулмонлар Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлимидан олдин режалаштирилган Усома аскарларини Шомга юбориш борасида иккиланиб қолдилар. Саҳобалар Абу Бакрдан бу аскарларни тўхтатишни талаб қиладилар, сабаби Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин нималар бўлишини ҳеч ким билмасди. Лекин Абу Бакр уларга қатъият билан жавоб берди ва: “Абу Бакрнинг жони кўлида бўлган Зотга қасамки, агар йиртқич мени олиб кетишини ўйласам ҳам, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюргандек, Усомани жўнатаман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўллари билан боғлаган тугунни ечмайман. Агар қишлоқда мендан бошқа ҳеч ким қолмаса ҳам, албатта уни жўнатаман”, деди.

Абу Бакрнинг Исломдан қайтиб, закотдан бош тортган муртадлар жангидаги ҳолати. Мусулмонлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларидан кейин, худди Ойша (розияллоҳу анҳо) айтганларидек, ёмғирли кечада қолган қўйларга ўхшаб қолдилар. Ҳатто баъзи мусулмонлар Абу Бакрга: “Эй Расулуллоҳ халифаси, арабларнинг ҳаммаси билан курашишга сизнинг тоқатингиз етмайди. Уйингизга киринг ва эшикни беркитиб, сизга ҳақиқат хабари келгунча Раббингизга ибодат қилинг”, дедилар. Абу Бакр Аллоҳдан қўрқиб, тезда кўзига ёш олувчи, ипакдек юмшоқ, онадек меҳрибон, ҳалим киши бўлдилар. Аммо ҳақиқат олдида денгиздек жўшқин, шердек журъатли кишига айландилар. У киши ҳазрат Умарга қараб: “Жоҳилият даврида кучли бўлган одам Исломда заифми?! Батаҳқиқ, ваҳий тўлиқ мукаммал бўлди. Аллоҳга қасам, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бериладиган туялар закотидан мени ким ман қилса, албатта, улар билан урушаман. Аллоҳга қасам, қўлим қилични ушлар экан, албатта улар билан жанг қиламан”, деб қичқирди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Батаҳқиқ, Аллоҳ Абу Бакр қалбини жангга очди”, деди. Билдик, у ҳақ эди (Устоз Юсуф Қарзовийнинг “Имон ва ҳаёт” китобидан).

Ҳақиқатни айтишга жасорат фазилати энг улуғ жидду жаҳддир. Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади:

У зот (алайҳиссалом): “Жаҳднинг афзали ҳақ сўзни султон (подшоҳ)га айтишдир”, дердилар. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаерда бўлса ҳам, саҳобаларидан ҳақиқатни айтишга ваъдаларни олар эдилар.

Имом Муслим “Саҳиҳ” китобида Уббода ибн Сомитдан ривоят қилади: “Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчилик ва енгилликда ҳам итоат қилишга, иш аҳлида очиқ куфрни кўрганида ва Аллоҳдан далил бўлганда қарши чиқишга ва қаерда бўлса ҳам Аллоҳ йўлида маломатчилар маломатидан қўрқмасдан ҳақиқатни айтишга сўз бердик”, деди.

قَالَ مُتۡرَفُوهَآ إِنَّا وَجَدۡنَآ ءَابَآءَنَا عَلَىٰٓ أُمَّةٖ وَإِنَّا عَلَىٰٓ ءَاثَٰرِهِم مُّقۡتَدُونَ٢٣

«...у жойнинг маишатпарастлари: “Албатта, бизлар ота-боболаримизни (маълум) бир дин узра топдик ва албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз”, деганлар» (Зухруф, 23).

Шундан сўнг султон ўша қовоқхонани ёпишга буйруқ берди.

Абу Ҳозим деб куняланган Салама ибн Динор Муовиянинг ҳузурига кирганида: “Ассалому алайкум, эй ходим”, дер эди. Шунда Абу Ҳозимга: “Ассалому алайка, эй амир”, деб айт дейишди. Абу Ҳозим бундан бош тортди ва Муовияга боқиб: “Сен бу халқнинг ходимисан, Раббинг уларнинг риояси учун сени ёллаган”, деди.

У билан Сулаймон ибн Абдулмалик ўртасидаги суҳбатни эсга олиш ҳам фойдадан холи эмас. Сулаймон: “Эй Ҳозим, нимага биз ўлимни ёмон кўрамиз?” деди. Абу Ҳозим: “Чунки сизлар охиратингизни хароб қилиб, дунёни гуллатиб-яшнатгансиз. Шундай экан, гуллаб яшнаган жойдан хароб жойга ўтишни ёмон кўрасизлар”, деди.

Сулаймон: “Эртага (қиёматда) Аллоҳ ҳузурига бориш қай ҳолда бўлади?” деди. Абу Ҳозим: “Муҳсин (мурувват кўрсатувчи) киши худди ғойиб бўлгандан кейин ўз аҳлига келгандек бўлади. Аммо ёмон ишга сабабчи бўлувчи киши худди қочган қул ўз хожасининг олдига келгандек бўлади”, деди.

Сулаймон: “Энг одил сўз қайси?” деди.

Абу Ҳозим: “Ўзи қўрқадиган ва ҳайиқадиган киши ҳузурида тўғри сўз айтиш”, деди.

Сулаймон: “Мўминларнинг энг аҳмоғи ким?” деди.

Абу Ҳозим: “Золим биродари истагига ўзини қўйган киши ва дунё учун охиратни сотган киши”, деди.

Сулаймон: “Эй Абу Ҳозим, бизга эргашасанми? (Агар эргашсанг) биздан бирон фойда олурсан ва биз сендан бирон фойда олурмиз”, деди.

Абу Ҳозим: “Аъузубиллаҳ” (Аллоҳдан паноҳ сў­рай­ман), деди.

Сулаймон: “Нега ундай дейсан?” деди.

Абу Ҳозим: “Сизларга озгина суяниб қолишдан қўрқаман. Шу сабабли менга Аллоҳ ҳаёт ва ўлим танглигини тоттирмасин”, деди.

У туриб кетаман деб турганида Сулаймон: “Эй Абу Ҳозим, менга насиҳат қил”, деди.

Абу Ҳозим насиҳат қилди: “Раббингни улуғла ва Уни сени қайтарган ишда кўришидан ва буюрган ишда йўқолиб қолишингдан покла (қайтарган ишни қилма, буюрган ишни қолдирма)”, деди.

Буларнинг барчаси жасорат ва матонат тарбиясида биз учун қимматли дастурлардир.

 

Қалб илдизи

Қалб илдизи бу Ислом таълимотидир. У фақат қалбга экилади. Қачон, деган савол туғилади? Болаликдан, тар­бия орқали, деб жавоб берамиз. Ўтмишда ҳам, илм-фан ривожланган бугунги кунда ҳам исломий тарбиянинг нақадар устунлиги, барқарорлиги тан олинмоқда. Бу ҳол имон ва эътиқодда, тақвода, бағрикенгликда, меҳрибонликда, бошқаларни ўзидан устун қўйишда, ҳалимлик ва журъатда яққол кўзга ташланади. Бундай таълим олган ёшлар вожиб амалларни бир умрга ижро этадилар. Бунинг сабаби таълим илдизи соғлом ва бақувватлигидир. Акс ҳолда, фарзандларимиз куз келмай барглари сарғая бошлаган дарахтга ўхшаб қоладилар. Ниҳоли касалланса, миришкор боғбонлар бунинг сабабини кўпроқ илдиздан кўрадилар. Кишилик жамиятида ҳам худди шундай. Бирор одам қандайдир нуқсон содир этса, “Ҳа, тарбия кўрмаган”, дейишади. Бу маломат ўша одамнинг ота-онаси, болаликдаги тарбиячисига ҳам қаратилган, албатта. Аксинча, бошқа бир одамда яхши фазилат кузатилса, “Яхши тарбия кўрган экан”, деб қўйишади. Бу олқиш, албатта, ўша одамнинг ота-онасига, тарбиячиси, устозига қаратилган бўлади. Таълим негизига чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, ҳаёт фақат таълим ва тарбиядан иборатлигини кўрамиз. Фақат инсон эмас, ҳатто оддий жонивор ҳам ўзига хос тарбияга муҳтож бўлади. Шундай қилинмаса, у одамзотга бўйсунмайди, жиловини тутқазмайди. Қайси жамият тинч ва осойишта яшаб, гуллаб-яшнар экан, демак, унинг таълим ва тарбия илдизлари соғлом, дея яна бир марта такрорлаймиз.

 

ХУЛОСА

Халқимиз азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Албатта, фарзандга меҳр қўйиш, қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин уларни ёшлик чоғидан бошлаб таълим-тарбияли, ахлоқ-одобли, юксак маънавиятли қилиб вояга етказиш биз учун доимо муҳим аҳамият касб этади. Бу масалага эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналарга, балки бутун жамият учун жуда қимматга тушишини кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин.

Ёш авлодни буюк аждодларимизга муносиб, шу билан бирга, замон талабларига жавоб берадиган қилиб  тарбиялашдек масъулиятли ва шарафли вазифани ўз зиммасига олган, бу йўлда куч-қуввати, қалб қўрини аямасдан меҳнат қилаётган фидойи ўқитувчи ва мураббийларга ҳар қанча таҳсинлар айтса арзийди.

Ҳеч кимга сир эмас, инсоннинг қалби ва онгини эгаллаш, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини заҳарлашга қаратилган турли хавф-хатарлар ҳам кучайиб бораётган бугунги кунда ўзининг кимлигини, қандай буюк зотларнинг авлоди, қандай бебаҳо мерос ворислари эканини теран англаб, она юртга муҳаббат ва садоқат ҳисси билан яшайдиган, имон-эътиқоди мустаҳкам ёш авлодгина муқаддас заминимизни ёт ва бегона таъсирлардан, бало-қазолардан сақлашга, Ватанимизни ҳар томонлама равнақ топтиришга қодир бўлади.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деганлар.

Демак, ҳар бир ота-она ёки мураббий фарзанднинг имон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларига мунтазам аҳамият бериши лозим. Фарзанд – ота-онаси учун бир синов, унинг қалби покиза гавҳар. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, оқил фарзанд бўлиб  камол топади. Унинг савобига ота-она ва мураббий шерик бўлади, аксинча бўлса, унинг гуноҳи валийига ҳам тегади.

Фарзанддан яхши хулқ ва мақтовга лойиқ сифат намоён бўлса, уни тақдирлаш ва оила даврасида эътироф этиш лозим. Баъзан арзимас беадаблик қилса, кўпчилик орасида билмаганга олиб, айбини ошкор айтмаслик керак. Лекин вақти, ўрнини  топиб чиройли одобга ўргатиш шарт.

Ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсган ўғил-қизлар ота-онага меҳрибон, Ватани ва халқига муҳаббатли бўлади, яхшилик ва меҳр-муҳаббат қалбидан мустаҳкам ўрин олади.

Имом Ғаззолий “Эй фарзанд!” китобида солиҳ инсонларга хос вазифаларни баён этиб, бундай дейди: “Бола бир асалари муми кабидир. Мураббий уни истаган шаклга солиши мумкин. Бола ота-онасининг ёнида бир пок саҳифа кабидир. Унинг қалбига ҳеч бир нақш ё сурат солинмаган. Аммо бундай қалб ҳар қандай нақшни олишга ҳозир, яъни ҳамма нарсага мойилдир. Шунинг учун ҳам уни гўзал амаллар билан банд этиш лозим. Бу қалб эзгуликлар ва билимлар билан тўлдирилса, фарзанд баркамол инсон бўлиб етишади”.

Бундай фарзандлар етишиб чиқишининг гарови ота-она ва мураббийлар масъулиятни тўлиқ адо этишларидадир. Динимиз эса фарзанднинг баркамол инсон бўлиб етишиши учун барча улуғвор кўрсатмаларни берган.

Масъулиятни ҳис қилиш мураббийнинг виждонидан келиб чиқади. Бу жавобгарлик фарзанднинг имони ва ахлоқи, ақли ва ижтимоий тарбиясида катта ўрин тутади. Ота-она фарзанд тарбиясида ғофил қолса, оқибати яхши бўлмайди, бу борадаги лоқайдлиги учун надомат чекиши, кўз ёш тўкиши фойда бермайди. Шу боисдан динимиз барча ота-она ва мураббийлар зиммасига фарзанд тарбиясини юклайди.

Маънавий юксалишнинг фидойилари бўлган зиёлиларимизнинг, кўплаб жонкуяр ўқитувчи ва муаллимлар, устоз ва домлаларнинг Ватанимиз тараққиётига қўшаётган улкан ҳиссасини эътироф этамиз, уларга ҳамиша чуқур ҳурматда ва эҳтиромдамиз.

Ўзаро бирдамлик асослари жамиятда тинчликни барқарор қилади. Тинчлик бор жойда ҳамма соҳада ўсиш, ривожланиш, тараққиёт бўлади. Юртбошимиз Ислом Каримов жаноблари таъкидлаганларидек: “Барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаравон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради”.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

УЧИНЧИ КИТОБ

Тарбиянинг нозик жиҳатлари

Жинсий тарбия масъулияти

Изн сўраш одоби

Назар солиш одоби

Top