www.muslimuz

www.muslimuz

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг илк битирувчиларига тантанали равишда диплом топширилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жорий ўқув йилида марказни тамомлаган 96 нафар битирувчига ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналиши бўйича бакалавр дипломи берилди.

Афғонистонлик ёшлар икки йил давомида марказда ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олишди. Машуғотларни самарали ташкил этиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг малакали профессор-ўқитувчилари ҳам дарс жараёнига жалб қилинди.

Ҳозирда марказда 25 нафар афғонистонлик талаба темир йўл соҳаси йўналишида таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркиянинг Диёр бакир шаҳрида оммавий Қуръонни ўргатиш курслари бошланмоқда. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар беради.

Режага кўра, ёз фасли давомида 75 минг киши курсни тамомлаши кўзда тутилмоқда. Yeni Safak маълумотига кўра, бундай шарт-шароитлар Туркия Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилиб, ушбу курсларда таълим олувчиларнинг ёши чегараланмаган.

Бу ерда Қуръон мухлислари тажвид илмини ўрганишади ва дарслар нафақат масжидда балки тайёрлов ўқув марказларида ҳам бўлиб ўтади. Қўмитанинг мониторинги бўйича ҳозирги кунда 64 минг киши таълим олмоқда ва уларнинг сони 75 мингдан ортиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётган Халқаро Пресс-клубда бу ҳақда маълумот берилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Спичрайтер Х.Султонов ўз фикрларини билдирди:

“Мамлакатимизда сўнгги йилларда китобхонликка жуда катта эътибор қаратилмоқда. Китоб, адабиёт нафақат ўз маданиятимизни бойитадиган, халқаро дипломатик муносабатларда ҳам таъсирчан восита эканлиги Президентимизнинг олиб бораётган сиёсати мисолида яққол англаш мумкин.

Президентимиз ўтган икки ярим йиллик фаолиятлари давомида дунёнинг жуда кўп мамлакатларида бўлганида ўша давлатларнинг раҳбарларига улуғ мутафаккирларимиз асарларини совға қилиш амалиётини йўлга қўйдилар. Бу эса ижобий натижа бермоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига бўлган расмий давлат ташрифлари давомида мамлакатимизда чоп этилган БАА Вице-президенти, Дубай амирлиги ҳокими, машҳур давлат ва сиёсат арбоби Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумга муаллифнинг юртимизда нашр қилинган иккита “Менинг тарихим”, “Менинг тасаввурим” номли китоблари давлатимиз раҳбари томонидан совға қилинди.

Мен шунга гувоҳ бўлдимки, китоб совға қилинган вақтда Президентимиз Амирга “Китобингизнинг бешинчи саҳифасида бизнинг буюк бобомиз Имом Бухорий ҳазратларининг муборак ҳадислари келтирилган экан”, деб қайд этганларида сиёсатчининг жуда қаттиқ тўлқинланганига гувоҳ бўлдик”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш бўйича Давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси делегацияси “ҳалол-туризм” ривожланишининг маркази ҳисобланган Ломбок (Индонезия) оролида музокаралар ўтказди.

Ғарбий Нуса вилояти губернатори ўринбосари Сити Рохми Жалилах билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди. Қайд этилишича, Ломбок ороли бутун дунёда Индонезия “ҳалол-туризм” ривожланишининг маркази ҳисобланади, бу ерга ҳар йили 4 миллиондан ортиқ сайёҳлар ташриф буюради.

Ташриф якунларига кўра, вилоят туризм бошқармаси, туристик агентликлар, меҳмонхоналар ва ресторанлар маъмуриятлари билан 5 та шартнома имзоланди, улар ушбу йўналишда икки мамлакат ҳудудларининг ҳамкорлиги учун асос бўлиб хизмат қилади.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, шу йилнинг август ойида индонезиялик ҳудудий делегация Бухорого ташриф буюради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2019 йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Марокаш Подшоҳлигининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Боку шаҳрида) Муҳаммад Одил Эмбаршни қабул қилди.

Ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросимидан сўнг Вазир Элчини Ўзбекистонга тайинлангани билан қутлади ва Ўзбекистон-Марокаш муносабатларини мустаҳкамлашда муваффақият тилади.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Марокаш Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги делегациялари ўртасида Тошкент шаҳрида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш долзарблиги тасдиқланди. Янги даражадаги ҳамкорликнинг асосларини яратиш мақсадида муносабатларнинг шартнома-ҳуқуқ базасини кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон томони 2018-йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиншда фаол қўллаб-қувватлагани учун Марокаш томонига миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Бухоро шаҳри 2020-йилда ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ташкил этиладиган тадбирларни ўтказишда ҳамкорлик қилишга томонлар тайёр эканлиги қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top