muslim.uz
Рамазондан самарали фойда олиш учун нима қилиш керак?
- Қуръони каримни кўп ўқиш. Ўқиганда ҳам оятларнинг мазмунини тушунишга уриниб, уларда ифода этилган масалалар юзасидан кенг тафаккур юритиб ўқиш.
- Нафл намозларини кўпроқ ўқишни одат қилиш.
- “Мен кимман?” “Қаердан келдим ва қаёққа кетяпман?” “Аллоҳ таоло мендан нима истайди ва Унинг қошидаги бурчларим нималардан иборат?” деган саволлар устида кўп фикр юритиш
- Ўтмишдаги яхши-ёмон амалларни тарози палласига қўйиш, шунингдек, ҳозирги ҳолатга ҳам боқиб келажак ҳақида ўйлаш.
- Ҳар тунда йўл қўйган хатолар учун астойдил тавба қилиб, шу тунни умрнинг сўнгги туни сифатида тасаввур қилиш.
- Имкон қадар кўпроқ зикр қилиш.
- Нимадир сабаб бўлиб бирор мўминни ранжитиб қўйган бўлса, ундан дарҳол кечирим сўраб ярашиб олиш.
- Жанжаллашиб қолганларни яраштириш ва ғамга ботганларга далда бериш.
- Муҳтожларга садақа бериш, етимлар ва беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга яхши муносабатда бўлиб моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш.
- Туғишганлар ва яқинларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам бериш.
- Намозларни жамоат билан ўқиш
- Ўтганларни хотирлаб, уларнинг ётган жойларини зиёрат қилиш.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Рўзанинг бузилиш ҳолатлари
Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси – қазо ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар ҳисобланади. Қуйидаги ҳолатларда рўзаси бузилган киши ҳар бир куннинг қазоси билан бирга каффорат сифатида муттасил равишда икки ой рўза тутиб беради. Агар бунга қодир бўлмаса 60 та мискиннинг қорнини тўйғизади:
- Қасддан озиқ-овқат маҳсулотларидан еса;
- Қасддан ичимлик ичса;
- Қасддан жинсий яқинлик қилса;
- Рўзадорлигини била туриб, дори-дармон истеъмол қилса;
- Оғзига кирган ёмғир сувини қасддан ютса;
- Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан ёки шаҳват билан ушлаганидан кейин “Рўзам очилиб кетди”, деган ўй билан қасддан еб-ичса.
Иккинчиси – фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар. Қуйидаги ҳолатларда рўзадорнинг рўзаси бузилган ҳисобланиб, бир кунига бир кун қазо рўза тутиб беради:
- Майда тош, тупроқ ёки тангага ўхшаш одатта ейилмайдиган нарсаларни ютиб юборса;
- Қасддан оғзини тўлдириб қусса; Аммо оғзи тўлмай ёки рўзалиги эсдан чиқиб ёки беихтиёр қусган ёки таом эмас, балки балғам қусган бўлса рўзаси очилмайди.
- Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани еса;
- Тишининг орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ таом қолдиқларини оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса;
- Қуёш ботди, деб ўйлаб, еб-ичса, кейин ботмагани маълум бўлиб қолса;
- Тонг отмади, деб ўйлаб, еб-ичса, аслида тонг отган бўлса;
- Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса;
- Таҳорат қилаётган пайтида, эҳтиётсизлик қилиб, томоғидан сув ўтиб кетса;
- Ўз амали билан ичига тутун киргизса;
- Бурундан дори қабул қилса;
- Қулоғидан мой томизса; Аммо сув томизса, рўзаси очилмайди.
- Сақич чайнаб, тупугини ютса;
- Бошқа кишининг мажбурлаши ёки алдови сабабли рўзасини очса;
- Данак, пахта, қоғоз, тери каби нарсаларни еб қўйса;
- Одатда шу ҳолатида ейилмайдиган, инсон табиати ейишга мойил бўлмайдиган: хом гуруч, пишмаган хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни еб қўйса;
- Беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон истеъмол қилса;
- Рўзадорлиги эсида йўқ таом еган бўлса ёки сув ичиб қўйган бўлса, унинг рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди, деб, яна таом еса ёки сув ичса рўзаси бузилади ва фақат бир кунига бир кун қазо рўза тутиб беради.
Манбалар асосида
ТИИ проректори
Ибодулла Аҳроров
тайёрлади.
Янги масжид муборак
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва раҳбарлигида жорий йилнинг 31 май куни Шеробод туманида Имом Термизий зиёратгоҳи ва жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этди. Дастлаб мажмуада шом намози адо этилди, сўнгра, ифторлик дастурхони ёзилиб, дуолар қилинди. Янги жомеда Хуфтон ва таровиҳ намози ўқилди. Намоздан сўнг, муфтий ҳазратлари тинчлик ва шукроналик ҳақида маъруза қилдилар.
Мажмуада қад ростлаган янги масжидда Таровиҳ намозини адо этиш учун бир ярим мингга яқин намозхон ташриф буюрди. Қуйида масжиднинг очилиш маросимига оид фотолавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати
Бугун Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
1 июнни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни деб номлаш тўғрисидаги қарор 1949 йил Парижда Халқаро аёллар демократик конфедерацияси конгрессида қабул қилинган эди. 1950 йилдан эса болалар байрами сифатида нишонлана бошланди. Бизнинг болажон халқимиз ҳам бу байрамни зўр шодиёна билан кутиб олади, боғларда болалар учун байрам ва концертлар уюштирилади. Болажонларга шоду хуррамлик тилаб улар ҳақидаги оят ва ҳадислардан намуналар келтирамиз.
Боланинг ҳақлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фарзанднинг ота олдидаги ҳақларидан бири ота фарзандининг онасини тўғри танлашидир”, деганлар.
* * *
"Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига этказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир... Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин!" (Бақара сурасининг 233-ояти).
* * *
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочининг оғирлиги миқдорида кумуш садақа қил”, дедилар. Мен уни тортиб кўргандим, оғирлиги бир дирҳам ёки ундан камроқ чиқди” (Термизий ва Ҳоким ривояти. Ривоят санади ҳасан).
* * *
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Ҳинд бинти Утба: Ё Расулаллоҳ!, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя киладиган нарсани бермайди. Унга билдирмай олсам бўлурми", деди. "Ўзингга ва болангга етарлисини ол", дедилар у зот» (Бухорий ривояти).
Боланинг тарбияси
"Ҳар бир туғилган чақалоқ соф фитратда туғилади. Ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди. Шу тариқа боланинг тили ёки шукр килувчи ёки куфр қилувчи бўлади".
* * *
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Сизларнинг бирортангиз боласига гўзал одоб бера олиши, ҳар куни ярим соъ (тўрт юз гр) садақа беришидан афзалдир".
Боланинг сифатлари
"Мол ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир" (Каҳф" сураси 46-оят).
***
"Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз" (Таҳрим сураси 6-оят).
***
"Болалар жаннатнинг гўзал капалакларидир" (Муслим ривояти).
***
“Солиҳ фарзанд жаннат райҳонларидан бир райҳондир" (Ибн Можа).
***
"Солиҳ фарзанд солиҳ оиланинг мевасидир" (Термизий ривояти).
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
"Ҳувайдо" жоме масжидида таровеҳ намози
Раҳмли ва меҳрибон Раббимизнинг амри ила майингина эсиб турган саррин шабода туфайли бугун ҳам чанқоқни сезмасдан рўзамизни тутиб олдик.. Ана энди таровеҳга ҳозирланамиз. Таровеҳ намозининг фазилатларидан бири шундаки, йил бўйи кўрмаган таниш-билишларингизни учратиб дийдорлашасиз.
Мана, “Ҳувайдо” масжиди ҳам ҳар кунги намозхонлар билан гавжумлашмоқда. Намоз бошланишидан олдин имом-хатиб рўзанинг, силаи раҳмнинг, ижтимоий ёрдамнинг, тунлари намоз ўқишнинг фазилатларидан гапириб берди ва сўзини қуйидагича якунлади:
Имом Термизий ҳасани саҳиҳ деб, Имом Ҳоким саҳиҳ деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Эй одамлар! Саломни ошкора қилинглар, (бир-бирларингизга, очларга) таом беринглар, қариндошларга силаи раҳим қилинглар ва одамлар ухлаётганда кечаси намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат кирасизлар!”