Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Миср диний таълим муассасаларининг ҳамкорлиги муҳокама этилди

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Миср элчиси Амира Фаҳмийни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, учрашув давомида вазир икки давлат ўртасида илм-фан ва инновациялар соҳасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани ва эндиликда олий таълимни ривожлантириш борасида ҳам қатор ишларни режалаштирилганини айтди. Томонлар Қоҳира университети масс-медиа факультетининг малакали профессорларини Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида дарс беришга жалб қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик бўлажак журналистларни Мисрда таҳсил олишларини ташкил қилиш масаласини муҳокама қилдилар.
Маданият, кутубхоначилик, диний билимлар, туризм, музейшунослик, экология соҳаларидаги таълим бўйича ҳамкорликни ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Икки давлат халқларининг маданий жиҳатдан яқинлиги бунга замин яратиши ҳақида муштарака фикрлар билдирилди.
Элчи Ўзбекистондаги араб тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди. Бунда педагогларни Мисрга малака оширишга жўнатиш ёки мисрлик мутахассисларнини Ўзбекистонга таклиф қилиш мумкинлиги айтилди.
Томонлар, шунингдек, диний олий таълим муассасаларида толерантликни тарғиб қилиш, турли экстремистик оқимларнинг таъсирига иммунитет шакллантиришда икки давлат ўртасида тажриба алмашиш зарурлигини ҳам қайд этдилар.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги кутубхонасида махсус Миср бурчагини ташкил қилишга келишилди. Элчи китоблар фондини тўлдириш юзасидан элчихона қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 679 times

Янгиликлар

Top