muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 08 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Мукаррамлик тақво билан!

Қалблар хотиржам бўлиб қолмай, доим хавотир ва қўрқувда туриши учун Аллоҳ таоло амалнинг қабул бўлган-бўлмаганлигини бандаларидан беркитди.

Инсон умидни узмаслиги учун Аллоҳ таоло унга тавба эшигини очиб қўйди.

Ҳеч бир инсон амали билан ғурурланмаслиги учун Аллоҳ таоло ибратнинг хотима билан бўлишини жорий қилиб қўйди. Яъни кимнинг қандайлигини унинг хотимасига, қандоқ ҳолда ўлишига – иймонли ёки иймонсиз ҳолда вафот этишига боғлиқ қилиб қўйди.

Агар шакл ва жисм руҳдан кўра муҳимроқ бўлганида инсон вафот этганида руҳ юқорига кўтарилмаган, жасад эса тупроқ остига дафн қилинмаган бўларди.

Ер юзида қанчадан қанча машҳур кишилар бор, улар самода эътиборсиздир.

Ер юзида қанчадан қанча ҳеч бир инсон танимайдиган кишилар бор, улар самода машҳурдирлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ушбу оятга кўра, банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида яхши-ёмонлигининг меъёри – тақводир!

Ҳар қанча тақволи банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррамдир, ҳар қанча тақвосиз киши У Зотнинг ҳузурида мукаррам эмасдир.

Аллоҳ таоло барчамизни тақволи бандаларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

XI аср охирида Эронда юзага келиб, махфий равишда иш кўрган «Ҳашшошийлар» (арабча – ҳашиш (наша) чекувчилар, гиёҳвандлар) террорчилик оқими эса, ҳокимиятни эгаллаш мақсадида уларга хайрихоҳ бўлмаган ҳукмдорларга суиқасд уюштириш амалиётини олдинга сурган эди. Узоқ вақт ҳашшошийлар кўплаб ҳукмдорларга таҳдид солиб турган, ҳаттоки, айрим Европа мамлакатлари раҳбарлари ўз хавфсизликларини таъминлаш учун уларга тўлов тўлашга мажбур бўлган. Шу билан бирга, «ҳашшошийлар» замонавий террорчилар томонидан ҳам кенг қўлланилаётган, оддий кишилар ва ёшларга гиёҳванд моддаларни истеъмол қилдириб, ўлса шубҳасиз жаннатга тушишига ишонтирган.

Бузғунчилик ва зўравонликка асосланган, эътиқодий бирликка таҳдид солган бундай оқимлар фаолияти ўз даври уламолари томонидан қаттиқ қораланиб, султонлар томонидан таъқиб қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Масалан, Умавий ва Аббосий халифалар хорижийларни бутунлай қириб ташлаш сиёсатини олиб борган эдилар. Ислом моҳиятига ёт бўлган бундай оқимларнинг барчаси охир оқибатда таназзулга дучор бўлган.

Шундай бўлса-да, исломнинг моҳиятига бутунлай зид бўлган юқоридаги ғоялар ва амалиёт шакллари кейинги даврларда ҳам ривож топганини айтиш жоиз. Исломда «инқилобий кураш» таълимотини яратган суриялик Аҳмад ибн Таймия (1263-1328)нинг турли ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилди. Бунинг натижасида бугунги кунда ҳам фаолият юритаётган экстремистик ҳаракатлар ўзига байроқ қилиб олган сохта салафийлик ҳаракати шаклланишига замин яратилди.

Аслида «салафийлик» араб тилидаги «салаф» сўзидан олинган бўлиб, «аждодлар», «аввал яшаб ўтганлар» маъноларини англатади. Ҳадисларга кўра, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом замонида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар ҳақиқий салафлар саналади. Ислом уламолари илк мусулмонларни «салафи солиҳ», яъни «солиҳ аждодлар» деб ҳисоблашда якдилдир. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан «салаф» ёки «салафий»лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас. Бироқ сўнгги йилларда «салафи солиҳларга эргашиш» шиорини ниқоб қилиб олган мутаассиб кучлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Тарихий адабиётларда XVIII асрда ислом динини «асл ҳолатига қайтариш» байроғи остида «ад-Даъва ад-дамавия», яъни «қонли даъват» номини олган ҳаракатлар пайдо бўлган бўлса, XIX асрнинг иккинчи ярмидан ўз олдига халифаликка асосланган ислом давлатини барпо этиш вазифасини қўйган сохта салафийлик ғоялари «ислоҳотчилик», «панисломизм» ниқоби остида янгидан жонланди.

Сохта салафийларнинг асосий мақсади дунёвий давлат тамойилларини қоралаш ва инкор қилиш, давлатни тўнтариш орқали ҳокимиятни қўлга киритиш ҳамда халифаликка асосланган тузумни ўрнатишдир. Қандай шаклда чиқмасин ва қандай ғоя остида ҳаракат қилмасин, сохта салафийликнинг бузғунчилик моҳияти ўзгармай қолмоқда. Буни уларнинг Қуръон оятларнинг мажозий маъноси борлигини рад этиш, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган кунини нишонлашни инкор этиш, ўзларига эргашмаган мусулмонларни кофирликда айблаш, бугунги кун билан эмас, балки ўрта асрлар тафаккури доирасида яшаш каби ислом асослари бузилишига олиб борадиган ғоялари мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, ҳар қандай янгиликнинг «бидъат» ҳисоблаш, анъанавий мазҳабларни инкор қилиш, тасаввуфни умуман тан олмаслик, марҳумлар руҳига Қуръон тиловат қилиш ва хайр эҳсон қилиш мумкин эмас, деб ҳукм чиқариш ҳам сохта салафийликка хосдир.

Юқорида қайд этилганидек, Ибн Таймия ва унинг издошлари ақида ёки ибодат масалаларига кўпроқ эътибор қаратишган бўлса, сохта салафийликнинг кейинги давомчилари таълимотларида сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини байроқ қилиб кўтардилар. Бу исломнинг сиёсийлашиши ва «ислом халифалигини тиклаш» ғояларининг кенг ёйилишига олиб келди. Ҳозирда сохта салафийлик ғоялари остида асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳар акатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланган.

Бугунги кунга келиб, ўзини «Салафийлар» деб атаётган диний-сиёсий гуруҳлар «Ислом жамиятини қуриш давлатчиликнинг асоси бўлиши керак», деган шиор остида одамларнинг онги ва турмуш тарзидан миллий қадрият, урф-одатларни сиқиб чиқариш, шариат аҳкомларига кўр-кўрона риоя қилишга мажбурлаш, амал қилмаганларга нисбатан қаттиқ жазо қўллаш каби хатарли мақсадларни кўзлаб ҳаракат қилмоқдалар. Мутаассиблик кўринишларидан бўлган сохта салафийлик миллий маънавиятимиз, мустақиллигимизга реал таҳдид сифатида намоён бўлмоқда. Шундай экан, юртимиз тинчлиги, осойишталиги, равнақи ва фаровонлиги доимий ҳамда қатъий ҳаракатларни талаб этади.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
Бувайда туман бош имом-хатиби

 

الجمعة, 08 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

«Фиқҳи акбар» китоби 

5-қисм

Пайғамбарларга берилган мўъжизалар ва авлиёларга ато этилган кароматлар ҳақ ва ростдир. Аммо ахборларда ривоят этилган Иблис, Фиръавн, Дажжол каби Аллоҳнинг душманларига берилган ва бериладиган ғайри табиий имкониятлар мўъжиза ҳам эмас, каромат ҳам дейилмайди, балки уларнинг ҳожатларини раво этиш деб саналади. Зеро Аллоҳ таоло ўз душманларига уқубат сабаби бўлсин деб уларни ўз майлларига қўйиб берди ва ҳожатларини ҳам (вақтинча) раво этиб туради. Улар бундан мағрурланиб, тажовузкорлик ва куфрда давом этадилар. Буларнинг ҳаммаси жоиз ва мумкин ишлардандир.

Аллоҳ таоло яратмай туриб ҳам яратувчи (холиқ) эди. Ризқ бермай туриб ҳам розиқ эди.

Аллоҳ таоло охиратда кўрилади. Мўъминлар Уни жаннатда ўз кўзлари билан ташбеҳсиз, кайфиятсиз, кўрувчи билан Унинг ўртасида маълум бир масофа бўлмаган ҳолда кўрурлар.

Имон – бу иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Осмонлару Ер аҳлининг имонлари имон келтирувчи нарсалар жиҳатидан кўпаймайди ҳам, камаймайди ҳам. Аммо ишонч ва тасдиқ жиҳатидан озайиб­кўпайиб туради. Мўъминлар имонда, тавҳидда, ўзаро тенгдирлар, аммо амалда бир­бирларидан ортиқ­камдирлар.

Ислом – бу Аллоҳнинг буйруқларига таслим ва итоат этишдир. Имон билан Ислом ўртасида луғавий жиҳатдан фарқ бўлса­да, лекин исломсиз имон, имонсиз ислом бўлмас. Уларнинг иккиси астар билан овра ёки ич билан таш кабидир. Дин эса имон, ислом ва шариат аҳкомларининг йиғиндисидир.

Аллоҳни барча сифатлари билан Китобида ўзи тавсиф этганидек ҳақиқий маърифат билан таниймиз. Лекин ҳеч ким Унга лойиқ, ҳақиқий ибодат билан ибодат қила олмайди. Лекин Китобида буюрганидек, Расулининг суннатида кўрсатилганидек ибодат қилиши мумкин. Демак, барча мўъминлар маърифат (Аллоҳни таниш)да, ишончда, таваккулда, муҳаббатда, ризода, хавфда, умидда ва имонда тенгдирлар. Бундан ташқари амалларда эса, бир­бирларидан фарқ қилурлар.

 

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

الجمعة, 08 تشرين2/نوفمبر 2019 00:00

Исроф, манманлик, орсизлик, уятсизлик

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда исрофни қоралаб, шундай марҳамат қилган:

وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً

“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Аллоҳ таоло бу оятда исрофчиларни шайтонларнинг биродарлари деяпти. Демак, исрофчилар саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар, ихлосли мўминларнинг эмас, балки шайтонларнинг биродарлари бўлар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар” деб таъкидлайдилар. Имом Насоий ривоятлари.

Шариатимизда исроф қилиш қаттиқ қораланганини ҳис қилиб, исрофдан тийилиб, тежамкор бўлишимизни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин!

Тўйхона пештоқининг икки тарафига келин-куёвнинг катта расмлари илинган. Ташриф буюрувчи эркакларнинг ўша расмга кўзи тушишини била туриб, бўлажак аёлининг расмини илишларига индамаган эркак жинсига мансуб мавжудотларнинг ҳамиятли, рашкли, мард эркак бўлишларини Аллоҳ таоло насиб этсин!

Келиннинг уйи олдига бориб, аёл-қизларга хос нозиклик ва назокат билан эгилиб-эгилиб “куёвсалом” қилаётган “эркак”ларга Аллоҳ таоло ор-номус берсин!

“Нега даданг менга италянский костюм-шим қилмай, ўзимизда чиққанини қилди?” деб келинга таъна қилаётган “ўғил бола”ларга Аллоҳ таоло фаросат берсин!

Тўйхона ташқарисидаги жиҳозлар, турли ясатиладиган чироқлар, шарлар, гуллар, пояндоз учун солинадиган қизил гиламлар ва ҳоказолар учун 2000-3000 доллар сарф қилаётганлар учун Аллоҳ таоло озгина ақл, фаҳм берсин!

Тўйхонада ҳамма қатори битта ош бериш ўрнига, битта товоқда уч хил - девзира, лазер ва яна бошқа навдаги гурунчда дамланган ош тарқатиб, мақтанчоқлик қилувчиларга Аллоҳ таоло ақл берсин!

Тўйида дастурхонни битта пиёла қўйишга жой қолмайдиган даражада тўлдириб, бошқа тўйларда топилмайдиган товус гўшти, чиғаноқ ва ҳоказоларни топиб қўядиган ва буларнинг ҳаммасини одамлар гапириши, машҳур бўлиш, мақтаниш, керилиш учун қиладиганларга Аллоҳ таоло камтарлик, синиқлик, тавозуъ неъматини ато этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Аввалроқ, Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ўтказилаётган 38-халқаро китоб кўргазмасида 300 метр узунликдаги Мусҳаф қўлёзмаси намойиш этилгани ҳақида маълумот берган эдик.

Ушбу кўргазма доирасида яна бир нодир асар намойишга чиқарилди. Кўргазма иштирокчилари Қуръони каримнинг лотин тилига таржима қилинган биринчи намунаси намойиш этилди.

Ушбу кўчирма 1143 йилда Англияда Роберт Кэтон томонидан Қуръони каримнинг қўлёзмасига асосланиб таржима қилинган.

16-асрга келиб ушбу таржимага асосланиб лотин тилидаги дастлабки Қуръони каримнинг таржимаси чоп этилган.

islamisemya.com нашрининг ёзишича, ушбу нусха Европада исломни ўргниш учун ягона манбаа бўлиб келган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top