Мақолалар

Мукаррамлик тақво билан!

Қалблар хотиржам бўлиб қолмай, доим хавотир ва қўрқувда туриши учун Аллоҳ таоло амалнинг қабул бўлган-бўлмаганлигини бандаларидан беркитди.

Инсон умидни узмаслиги учун Аллоҳ таоло унга тавба эшигини очиб қўйди.

Ҳеч бир инсон амали билан ғурурланмаслиги учун Аллоҳ таоло ибратнинг хотима билан бўлишини жорий қилиб қўйди. Яъни кимнинг қандайлигини унинг хотимасига, қандоқ ҳолда ўлишига – иймонли ёки иймонсиз ҳолда вафот этишига боғлиқ қилиб қўйди.

Агар шакл ва жисм руҳдан кўра муҳимроқ бўлганида инсон вафот этганида руҳ юқорига кўтарилмаган, жасад эса тупроқ остига дафн қилинмаган бўларди.

Ер юзида қанчадан қанча машҳур кишилар бор, улар самода эътиборсиздир.

Ер юзида қанчадан қанча ҳеч бир инсон танимайдиган кишилар бор, улар самода машҳурдирлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ушбу оятга кўра, банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида яхши-ёмонлигининг меъёри – тақводир!

Ҳар қанча тақволи банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррамдир, ҳар қанча тақвосиз киши У Зотнинг ҳузурида мукаррам эмасдир.

Аллоҳ таоло барчамизни тақволи бандаларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2872 times

Мақолалар

Top