muslim.uz
“Араб тили” ўқув курси тингловчилари учун давра суҳбати ташкил этилди
Хабарингиз бор, Тошкент ислом институтида “Араб тили” ўқув курси фаолият юритмоқда.
2018 йил 2 апрелдан бошланган навбатдаги ўқув машғулотларида билим юртининг тажрибали мударрислари ЎМИ томонидан тасдиқланган дастур асосида дарс ўтмоқдалар.
“Араб тили” ўқув курси тингловчилари учун ҳар ойда бир маротаба маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш режалаштирилган. Шу боисдан 2018 йил 17-18 май кунлари ТИИ ректори Уйғун Ғафуров иштирокида “Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Суҳбат давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, Ислом цивилизация маркази, Ислом академияси, ТИИда махсус сиртқи бўлим ташкил этилганлиги ва яқинда ниҳоясига етган Республика Қуръони карим мусобақаси ҳам юқорида айтиб ўтилган диний ислоҳотларнинг ёрқин намунаси эканлигига эътибор қаратилди.
Суҳбат якунида тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда бундай хайрли ишларга бош бўлган юртбошимиз, муфтий ҳазратлари, институт жамоаси ва бошқа масъулларга миннатдорчилик изҳор қилиб, диёримизда бўлаётган мана шундай гўзал ислоҳотларга нисбатан эътиборли бўлиш, бефарқ бўлмасдан, аксинча бу каби хайрли ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.
Маълумки, мазкур “Араб тили” курсларининг дастлабки ўқув машғулотлари 2018 йил 2 январь куни бошланган эди. Уч ой давом этадиган дарс жараёнлари учун тўлов миқдори энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил давомида ЎМИ тасарруфидаги таълим муассасаларида “Қуръони каримни ўргатувчи махсус курслар” ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Манба: http://islaminstitut.uz/
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми”
Инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Одам алайҳиссаломнинг фаришталар таъзимига сазовор бўлиши ҳам айнан у зотда илм бўлганидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг каломида илмсиз кишилар ҳеч қачон илмли кишилар билан тенг бўла олмаслигини алоҳида таъкидлаб, бундай дейди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар,9), деб марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканини бир неча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши ҳақида гапиришди, уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди”, дедилар” (Термизий ривояти).
Илм – руҳ озиғи. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Аллоҳ таоло илм аҳллари ҳақида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” деб марҳамат қилади. (Мужодала, 11-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен муаллим (илму ҳикмат ўргатувчи) қилиб юборилдим”, деб марҳамат қилганлар. Халқимиз илм ўрганувчи ва илм ўргатувчиларни ҳамиша эъзозлаган. Устоз-шогирдлик анъаналари қадимдан ривожланган. Бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Инсон маънавий камолот чўққисига устозсиз ета олмайди. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари:
Агар шогирд шайхулислом, ёхуд қозидур,
Агар устоз рози –Тангри розидур, – дейди.
Қадимдан ота-боболаримиз фарзандини: “Эти сизники, суяги бизники”, дея устозга топширган. Устоз ҳам шогирдига илму-ҳунар ўргатишга астойдил бел боғлаб, бор билимини беришга интилган, болага одоб-ахлоқни ўргатган. Оилавий муҳитда етарли талабчанлик кўрмаган болани қатъий тартиб-қоидага кўниктирган. Ана шу тартибда халқимиз азалдан илм-ҳунар ўрганган ва ўргатган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирлар кўп чиққанининг сабаби ҳам шундан. Аждодларимиздан нафақат зиёлилар, балки оддий ҳунарманд, косиб ёки деҳқонлар хонадонларида ҳам узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний ва илмий китобларни ўқиб берган. Ота-боболаримиз ҳамиша илмга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ҳам ўргатган. Ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз ҳаётида биз учун устозлик борасида етарлича ибрат бор. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий, Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбеклар ўртасидаги устоз-шогирд муносабатлари шулар жумласидандир. Биз муҳтарам устозларимиз олдида ҳамиша ўзимизни қарздор деб биламиз.
Мустақиллик даврида кўплаб миллий қадриятларимиз халқимизга, ҳаётимизга қайтди. Шулар қаторида бугун биз сўз юритган бобомерос қадрият, устоз-шогирдлик анъаналарини янги шароитда, янги мазмунда ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари очилди. Бугун мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиётган фарзандларимиз ўз муаллимларига “устоз” деб мурожаат қилиши урфга кирган. Бу – яхшилик аломати. Зеро, тилда қайта-қайта такрорланган калом вақти келиб, қалбга муҳрланади. Устозлар илмидан унумли фойдаланган ёшларимиз бугун илм-фан ва бошқа соҳаларда юртимиз байроғини юксак кўтаришмоқда. Умид қиламиз, келажакда фарзандларимиз орасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби етук олимлар етишиб чиқади, иншоаллоҳ!
Бунинг учун ҳар биримиз масъулмиз. Ана шу масъулиятимизни ҳис этган ҳолда фарзандларимизнинг илмли, ҳунарли бўлишлари ва бунинг учун энг аввало устозларни ҳурмат қилишлари лозимлигини уқтириб боришимиз лозим.
Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,
Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби
Умматнинг ишончли кишиси
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қўлидан тутиб, “Албатта, ҳар бир умматнинг амийни бўлади. Бу умматнинг амийни Абу Убайда ибн Жарроҳдир” деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зотус салосил ғазоти бўлаётган пайтда Абу Убайда розияллоҳу анҳуни бир қанча қўшин билан Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга мадад кучи қилиб юборганлар. Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг қўшини орасида Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумо каби саҳобалар бор эди.
“Амийрул умаро” лақабига илк бор Абу Убайда розияллоҳу анҳу эга бўлганлар.
Абу Убайда бўйлари баланд, жисмлари озғин, юзлари нурли, соқоллари сийрак, тишлари тушган, яъни олдинги иккита тишлари тушган инсон эдилар.
Умар розияллоҳу анҳу “Агар мен вафот этаётганимда Абу Убайда ҳаёт бўлса, уни халифа қилиб қолдираман. Охиратда Роббим мендан уни халифа қилиб қолдирганим ҳақида сўраса, мен “Аллоҳнинг амийнини ва Расулининг амийнини халифа қилиб қолдирдим” дейман” деганлар.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъватлари билан исломни қабул қилдилар. Бу пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали Арқамнинг ҳовлисига кирмаган эдилар.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Иккинчи Ҳабашистон сафарида иштирок этдилар. Бадр, Уҳуд ва бошқа барча маъракаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлиш учун Ҳабашистондан қайтиб келдилар.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг, ундан кейин Умар розияллоҳу анҳунинг ёнида бўлдилар.
Дунёни ортларига улоқтирган, охират сари юзланган, зоҳид, парҳезкор, обид, омонатдор киши эдилар. У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилганларидан сўнг шунга содиқ қолдилар ва вафот этгунларича жонларини, молларини, бор имконият ва иқтидорларини Аллоҳнинг динининг нусрати учун фидо қилдилар. Бирор марта ўз нафсларининг ҳиссасини, улушини ўйламадилар.
Уҳуд ғазотида Абу Убайда розияллоҳу анҳу мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга ҳарисликларини сезди ва ўзига ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан жилмасликка сўз берди. Урушдаги айрим вазиятлар уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлашишга мажбур этарди. Узоқда уришар экан, икки кўзи севиклиги жойлашган тарафда эди. Урушар экан, кўзларида Ҳабибининг ёнларига тезроқ бориш истаги ва безовталик бор эди. Душманлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб бораётганини кўргач, тезда улардан олдин Набий алайҳиссаломнинг ёнларига келди. Уруш роса авжига чиққан пайтда Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг атрофларини бир нечта мушриклар ўраб олдилар. Улар билан урушар экан, кўзи худди бургутнинг кўзларидек севикли ҳабибининг уруш қилаётган жойларида эди. Уни душман ҳамон қуршаб урушмоқда эди.
Бир пайт Абу Убайда розияллоҳу анҳу бир мушрикнинг отган ўқи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб текканини кўрди. Бу манзарани кўрган буюк саҳобийнинг ҳуши бошидан учиб кетай деди. Шу пайтда атрофини ўраб турган душман билан шунақа олишдики, унинг қўлида битта эмас, юзта қилич борга ўхшарди. Душманни ер тишлатиб, тезда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига югурди. Бориб қараса, у зот алайҳиссаломнинг муборак бошларидан чиққан қон юзларига оқиб тушибди. Шу онда Набий алайҳиссалом кўзларини очиб, “Набийларининг юзини қонга белаган қавм қандай нажот топади? Ахир ўша Набий уларни Роббилари йўлига даъват қилмоқда-ку!” деганча ўнг қўли билан юзларидаги қонни артаётган Абу Убайдани кўрдилар.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаалмнинг икки яноқларига санчилиб кириб қолган икки ҳалқани кўрди. Бу ҳалқалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламининг ҳимоя кийимларига тегишли бўлиб, ўқнинг зарби қаттиқлигидан ўша кийимдаги ҳалқаларни муборак яноқларига ботириб, киритган эди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу бу ҳолга чидаб тура олмади ва муборак яноққа яқинлашиб, олдинги икки тишлари билан ҳалқани тишлаб, тортиб чиқарди. Шунда унинг ўша икки тиши синди.
Бу воқеани бизга Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўзлаб берсинлар: “Уҳуд куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқ отилганда, яноқларига кийимларининг иккита ҳалқаси ботиб кириб кетди. Дарҳол у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам томонга шошдим. Бир инсон ҳам машриқ томондан учиб келаётган эди. Иккимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига етиб келганимизда, қарасам, у Абу Убайда экан. У мендан олдин етиб келган эди.
“Аллоҳ ҳаққи, эй Абу Бакр сиздан ҳалқаларни чиқаришни менга қўйиб беришинингизни сўрайман” деди. Бу ишни унга қўйиб бердим. Абу Убайда ҳалқалардан бирини олд тиши билан тортди. Ҳалқа ерга тушди. У билан бирга битта тиш ҳам тушди. Кейин иккинчи ҳалқани яна бир тиши билан тишлаб, тортди. Ҳалқа ва тиш ерга тушди. Шундан кейин Абу Убайда одамлар орасида “икки тиши синган” дея аталди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда розияллоҳу анҳуни жуда яхши кўрар эдилар. Бир куни Яманнинг Нажрон деган жойидан бир гуруҳ инсонлар мусулмон бўлиш учун Мадинага келдилар. Улар Набий алайҳиссаломдан ўзлари билан бирга Қуръонни, Суннатни ва Исломни ўргатадиган бир кишини юборишларини илтимос қилдилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Сизлар билан ўта ишончли, омонатдор, амийн бўлган кишини юбораман” дедилар.
Воқеани Умар розияллоҳу анҳу давом эттирадилар: “Ҳеч қачон амирликни яхши кўрмадим. Аммо ўша куни ўша ишончли одам мен бўлишимни орзу қилдим. Пешин намозига эртароқ келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан пешинни ўқиганларидан сўнг ўнг тараф-чап тарафга қарадилар. Мени кўрмай қолмасинлар деб бўйнимни чўзиб турдим. Кўзлари билан излай-излай, охири Абу Убайдага қарадилар ва “Тур ўрнингдан. Улар билан бирга бориб, ихтилоф қилаётган масалаларида ҳақ ила ҳукм чиқариб бер!” дедилар. Абу Убайда улар билан бирга кетди”.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қандай яшаган бўлсалар, у зот алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин ҳам ишончли киши бўлиб қолдилар.
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Рум императорига қарши Ярмук жангида қўшинга қўмондонлик қилаётган пайтда Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар. У кишидан кейин халифалик Умар розияллоҳу анҳуга ўтди. Умар розияллоҳу анҳу Ярмук жангидаги қўшинга Абу Убайдани қўмондон қилиб, Холидни мансабидан озод этдилар. Бу ҳақда келган мактубни Абу Убайда розияллоҳу анҳу Холид розияллоҳу анҳуга билдирмай, яширдилар. Уруш тугагач, мактубни Холидга кўрсатдилар.
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу у кишидан “Аллоҳ сизни раҳм қилсин, эй Абу Убайда. Бу мактубни келган пайтида менга айтишдан сизни нима тўсди?” деб сўрадилар.
У киши Холид розияллоҳу анҳуга “Мен сизнинг урушингизни синдиргим келмади. Биз дунё султонлигини хоҳламаймиз. Дунё учун амал қилмаймиз. Барчамиз Аллоҳ йўлида биродармиз” дедилар. Шу билан Абу Убайда розияллоҳу анҳу “Амийрул умаро” дейила бошладилар. У киши Шомда Амийрул умаро бўлдилар. Қўл остиларида жуда катта сонли қўшин бор эди. Аммо ўзлари қўшин аъзоларидан биридек кўринардилар.
Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида биродарлари Абу Убайда розияллоҳу анҳуни сўрадилар. Бироздан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу етиб келдилар. Икки дўст қучоқлашиб кўришдилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳу Абу Убайда розияллоҳу анҳуга “Бизни уйингга олиб бор” дедилар. Икковлари биргалашиб Абу Убайданинг уйига бордилар. Умар розияллоҳу анҳу бориб, унинг уйидан ҳеч нарса топмадилар. “Матоинг қани? Ахир сен амирсан. Мен эса фақат кигиз, меш ва лаганни кўряпман. Уйингда таом борми?” деб сўрадилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу туриб бориб, чарм идиш ичидан нон бўлакларини олдилар. Буни кўриб Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар. Абу Убайда розияллоҳу анҳу “Дунёдан дам олишга етадигани кифоя қилади” дедилар. Буни эшитган Умар розияллоҳу анҳу “Эй Абу Убайда сендан бошқа ҳаммамизни дунё ўзгартириб юборибди” дедилар.
Амвос деган жойга вабо келди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу қўшин билан бирга ўша ерда эдилар. Умар розияллоҳу анҳу унга вабо етишидан қўрқиб, мактуб юбордилар. Унда ушбу сўзлар бор эди:
“Агар мактубим кечқурун етиб борса, тонгни кутмай менинг олдимга йўлга чиқишингни, агар тонгда етиб борса, кеч киришини кутмай менинг олдимга йўлга чиқишингни талаб қиламан. Менинг сенда ишим бор”.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу халифанинг мақсадларини фаҳмладилар ва у кишига шундай мактуб юбордилар:
“Эй мўминларнинг амири, менга мактубингиз етиб келди. Мақсадингизни билдим. Мен мусулмонлар қўшинининг бир аъзосиман. Уларга етган нарса менга ҳам етади. Мени қасдингиздан озод қилинг, эй мўминларнинг амири”.
Мактуб Умар розияллоҳу анҳуга етиб келганда, у киши йиғладилар. Атрофда турганлар “Абу Убайда вафот этибдими?” деб сўрашди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Шунга яқин қолибди” дедилар.
Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўттиз олти минг қўшинга раҳбар эдилар. Вабо тарқалгач, қўшиндан олти минг киши қолди. Қолганлар вафот этишди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳам шулар қаторида 18-ҳижрий йилда “Амвос вабоси” сабабли вафот этдилар.
Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин!
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Тошкентдаги йирик дўконлар тармоғи Ифторлик акциясини бошлади
Тошкент шаҳрида бир қанча дўконларга эга бўлган Korzinka.uz тармоғи савобли ишга қўл урди.
Ушбу ойда рўзадор бўлган юртдошларимиз ифторлик вақти кирганда кўча ёки бирор ташвиш билан юрган бўлсалар, ўзларига яқин жойда жойлашган Korzinka.uz тармоғида ташкил этилган Ифторлик дастурхонида ифторлик қилишлари мумкин.
Дўкон бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилган.
Юртимиз мусулмонлари учун яратилаётган бундай хайрли ишларнинг давомий бўлиши тилаймиз!
Рамазон ойидаги ибодатларимизни Аллоҳ таоло қабул айласин!
ЎМИ Матбуот хизмати
Рамазонни бой бермайлик, рамазонни (Шеър)
Биродарлар, шукроналар айтинг бугун,
Дуолар-ла ўтказайлик отган тонгни.
Гуноҳларни, мағфиратлар этсин учун
Рамазонни, бой бермайлик, рамазонни.
Фаришталар ҳамроҳ бўлсин изингизга,
Парвардигор нурин сочсин дилингизга,
Иймон тиланг ўғлингизга, қизингизга,
Рамазонни, бой бермайлик, рамазонни.
Гоҳо билмай гуноҳ қилдик – ожиз банда,
Туғилгандай, покланмоқлик, жисм танда,
Улуғ ойнинг фазилати ҳар қадамда,
Рамазонни, бой бермайлик, рамазонни.
Таровеҳлар ўқилгайдир нурли ойда,
Хатмул Қуръон зиёдадир, нурли ойда.
У дунё - чун, қиёматда берар фойда,
Рамазонни, бой бермайлик, рамазонни.
Занжирларга банди, бўлди лаъин шайтон,
Охиратни обод қилмоқ бизда имкон,
Огоҳлик-ка, чорладим-да, эй мусулмон,
Рамазонни, бой бермайлик, рамазонни.
Рўза тутинг, Тангрим берсин сабрингизни,
Малоиклар кўкка элтсин қадрингизни,
Аритсинлар юракдаги дардингизни,
Рамазонни, бой бермайлик, рамазонни.
Биродарим шукроналар айтинг бугун,
Лаббай-ка, деб қарши олинг, Ҳақ азонни.
Яратганнинг жаннатига етмоқ учун
Рамазонни, бой бермайлик рамазонни.
Рамазонни, бой бермайлик рамазонни!..
Абдувоҳид СУВОНОВ