muslim.uz
Швецияда жума куни азон чақирилишига рухсат берилди
Швециянинг Кроноберг шаҳрига қарашли Ваксо провинциясида жума куни азон чақирилишига рухсат берилди. Бу ҳақда Islam.ru сайти хабар тарқатди.
Ҳукуматга тегишли бўлган "SR" радиоси орқали берилган маълумотга қараганда, полиция жума куни соат 13.00 да азон айтилишига рухсат берган.
Мусулмонларнинг намозга чақириғи мактаб ва давлат муассасалари жойлашган ҳудудларда 45 децибеллдан, қолган ҳолатларда эса 110 децибеллдан ошмаслиги зарурлиги қайд этилган.
Маълумот учун, Швецияда азон илк бор 5 йил аввал Стокҳолмдаги Боткирка провинциясида жаранглаган эди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўйи мубораклари топилди (Видео)
Мамлакатимизда муқаддас динимизни, уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада мухим қадам бўлди.
Яқинда Тошкент вилоятининг Пискент туманига ижодий сафарда бўлганимизда туманнинг диққатга сазовор жойларини тасвирга олдик. Оҳангарон дарёси шу жойда Туябўғиз сув омборига қуйилади. Табиати ғоят гўзал.
Дарё бўйидан унча узоқ бўлмаган жойда Ҳаким Полвонов номидаги жамоа хўжалиги бор экан. Маълум бўлишича, ушбу жамоа хўжалигида истиқомат қилувчи Қўйдинисо Қуронова хонадонида 4 авлоддан бери Пайғамбаримиз Муҳаммад айлаҳиссаломнинг муборак мўйлари сақланиб келинаркан. Биз уни тасвирга олишдан аввал Ўзбекистон мусулмонлари идорасига мурожаат қилдик. Бу топилма уларни ҳам қизиқтириб қолди.
Қишлоқдаги оддий хонадонда 14 асрга тенг мўйи муборакнинг борлиги, тўғриси, барчани ҳайратга солади. Пайғамбаримизнинг мўйлари кичкина шиша идишдаги сувда сақланаркан. Шайх ҳазратлари бошчилигидаги ижодий гуруҳ уни диққат билан ўрганиб чиқди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари: “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлган буюмлар, уй анжомлари ҳозирги кунда дунёнинг саноқли давлатларидагина сақланади. Мўйи муборак Ориф акага бобосининг акасидан мерос. У тўртинчи авлод вакили ҳисобланади”, дедилар.
Бугун мамлакатимизда диний қадриятларимизни асраб-авайлашга катта эътибор қаратиляпти. Ўзбекистонда Ислом цивилизация маркази ташкил этилиши, якунланиб бораётган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг эълон қилиниши бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги поғонага олиб чиқади.
У.Ҳамроқулов,
журналист
БАА ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг 46-анжуманига мезбонлик қилади
Бирлашган Араб Амирликлари 2019 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 46-давра анжуманини ўтказишга мезбонлик қилиш талаби билан чиқди. Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида ўтказилган 45-давра анжумани якунида қабул қилинган баённомада Бирлашган Араб Амирликларининг мазкур талаби қўллаб-қувватланди.
Ўз навбатида ИҲТ Ташқи ишлари вазирлари 2019 йилда ИҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирокида Гамбия пойтахти Бангол шаҳрида ўтказиладиган 14-олий анжуманга мезбонлик қилишга тайёргарлик кўраётган Гамбия республикаси раҳбарларига миннатдорчилик изҳор этдилар.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.
Рамазонда умра зиёратчиларига қулайлик
Саудия Арабистони ҳукумати умра ибодатини осон ва қулай адо этишлари мақсадида рамазон ойининг бошидан охирига қадар тавоф майдонини фақат умра зиёратчилари учун хослашга кўрсатма берди. Маккаи мукаррама амири ва Ҳаж олий қўмитаси раиси Амир Холид ал-Файсал рамазонда ҳукумат режалари ва тайёргарлик ишларини ўрганишга бағишлаб ўтказилган Ҳаж олий қўмитаси йиғилишида шуни таъкидлади.
Унга кўра, тавоф майдонида умра зиёратчиларига шом намозидан сўнг таровеҳ намози тугагунга қадар умра тавофини қилишга рухсат этилади.
Шунингдек, мазкур кўрсатмага мувофиқ, намозхонлар Масжидул Ҳаромнинг ички хонақоҳлари, таъмирдан чиққан бинолар ва Ҳарами шарифнинг шимолий тарафдаги кенг майдонда таровеҳ намозини адо этадилар.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Меҳрга муҳтож ёшларнинг кўнглига хурсандчилик улашилди
“9 май Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари меҳрга муҳтож ёшларнинг кўнглига хурсандчилик улашиш мақсадида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ташриф буюрдилар. Ҳомийлар кўмагида ташкил этилган эсдалик совғалари интернат ўқувчиларига топширилди.
ЎМИ Матбуот хизмати