muslim.uz
"Тошкент сити" марказидаги қабрлар. Уларнинг тақдири нима бўлди?
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокими Баҳодир Ғойибназаров ушбу тарихий объектлар тўғрисида ўз фикрини ЎзА мухбирига билдирди.
Ҳокимнинг айтишича: “Тарихий объектлар бузилмайди, мисол учун энг замонавий лойиҳалардан бўлган “Тошкент сити”нинг қоқ марказида халқ орасида “Эшонзодалар сағанаси” номи билан машҳур бўлган қабрлар бор. Ана шу жой ҳам сақланиб қолинади. Тошкент йирик мегаполисга айланиб бораётган бўлса-да, шаҳарнинг тарихий намуналарини, барибир сақланиб қолаверади”. Туман ҳокими кунлик изчил иш режасидан чекиниб, мухбирларни сағана бошига етаклаган.
Шиша ойнали замонавий кўркам бинолар қаторида икки ғиштин сағана Тошкентнинг кечаги кунини, буюк аждодларини эслатиб туради.
Маълумотларга кўра, сағаналарнинг бири Хожи Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший қабри ҳисобланади. У халқ орасида “Қора салла Эшон” тахаллуси билан машҳур бўлган. Ҳозирда “Тошкент сити” яқинидаги маҳалла ва кўча номи ҳам айнан унинг номи билан “Қоратош” деб аталади.
Қоратоший ҳақида қисқача маълумот
Хожи Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший 1788-1889 йилларда яшаган. Халқ орасида “Аҳмад Маъдум” номи билан машҳур бўлган. “Аҳмад Маъдум” томонидан Жиззах, Зомин шаҳри, Ўратепа шаҳар (Тожикистон Республикаси) ва Шайхонтоҳур туманида жами 4 та масжид қурилган. Ушбу шахс исломий рисолалар ва шеърлар ёзган. “Аҳмад Шоший – Қоратоший”, деб имзо чеккан. У Баҳоуддин Нақшбанд тариқати давомчиси бўлиб, ўнлаб шогирдлар етказган. Улардан бири Обидхон Маҳдум саналади.
“Эшонзодалар сағанаси”да 60 га яқин шахс дафн қилинган. Ушбу ҳудуд 33 сотихга яқин бўлиб, унда “Сугул” масжиди ва ҳаммом бўлган. Афсуски, масжид ва ҳаммом 1986 йилда бузиб ташланган. Кейинчалик Тошкент шаҳри ҳокимининг 2007 йил 2 августдаги қарорига кўра “Сугул” масжиди ва Эшонзодалар 4 та сағанаси номи билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясига ўтказилган. “Эшонзодалар сағанасини” “Олмазор” кўчаси бузилишидан олдин мутасаддилар сақлаб қолиш, маданий ёдгорлик сифатида атрофи ўраб, тартибга келтириш режасини ишлаб чиқишган. Ҳозирда, сағаналарга зарар етмаслиги учун бу жой темир тўсиқлар билан ўралиб, атрофида “Тошкент сити”нинг қурилиши давом этмоқда.
Пойтахтнинг йирик мегаполисга айлантирилиши замон талаби, бироқ кечаги кунимизни ҳам ёддан чиқармаслик ва ўтган аждодларга ҳурматни сақлаб қолишимиз керак. Бизнинг келажак авлод олдидаги бурчимиз нафақат уларга янги техно-мегаполислар қуриб бериш балки буюк авлиё ва уламолар ёдгорлигини гард юқтирмай етказиб беришдан ҳам иборатдир.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қозонда Шариатга мувофиқ бизнес юритиш мактаби очилди
Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида Халқаро Ислом бизнеси, иқтисодиёти ва ҳуқуқи мактаби очилди. Бу ҳақда "golosislama.ru" нашри хабар берди.
Ислом бизнеси мактабида таҳсил олган 150 нафар талаба Шариатга мувофиқ иш юритиш кўникмаларини эгаллаганлиги тўғрисида КФУ (Татаристон), BIBF (Баҳрайн) ва DIEDC (Дубай) ўқув муассасаларининг сертификатларини қўлга киритишлари маълум қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Миланда ўзбек ўғлони номида кўча борлигини биласизми?
Иккинчи жаҳон уруши йилларида гитлерчилар Германияси, Италия, Япония босқинчилари ва улар билан ҳамкорлик қилганларга қарши миллий озодлик, антифашистик, демократик ҳаракатлар олиб борилди.
Бу ҳаракатлар тарихда қаршилик кўрсатиш ҳаракати номи билан маълум. Уларнинг асосий вазифаси фашистларга қарши тарғибот ишларини олиб бориш, Ватан хоинларига қарши курашиш, партизанлик ҳаракатини авж олдиришдан иборат эди.
Худди шундай, Югославия халқ озодлик армияси сафларига кирган бошқа миллатлар қаторида ўзбек ўғлонлари ҳам қаҳрамонликлар кўрсатган. Озодлик кўнгиллилар корпуси отрядининг жангчиси сифатида самарқандлик Шариф Саматов ҳам ушбу армия сафида хизмат қилган. У отрядда разведкачи, бўлинмага бошчи бўлган. Урушдаги қатор операцияларда фаол иштирок этаётган пайти Ш.Саматовни "эсэс"чилар қўлга тушириб, "Сан-Витторе" қамоқхонасига ташлашди. Бу ерда у барча қийноқларга дош бериб, дўстларини ошкор этмади. 1945 йилнинг 1 майида фашистлар уни отиб ўлдиришга ҳукм қилишган. Бу орада Италия миллий озодлик ҳаракати халқни ғалаёнга чорлаб, мамлакатнинг шимолий ҳудудларини озод қилади. Улар қаторида оғир аҳволда бўлган Шариф Саматов ҳам омон қолади. Италия ҳарбий госпиталида даволаниб чиққач, Ўзбекистонга қайтади.
Унинг қаҳрамонликлари муносиб тақдирланган. Италиянинг Милан шаҳридаги кўчаларнинг бирига Шариф Саматов номи берилган. Она шаҳри Самарқандда ҳам унинг номидаги кўча мавжуд.
Унинг фарзанд, набиралари ҳар доим бобоси айтиб берган уруш қийинчиликларини хотирлашади, у киши билан фахрланади.
Манба: zarnews.uz
Норин туманидаги масжид қайта бунёд этилади
Юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидлар кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда.
Мана шундай ишларни узвий давом эттириш йўлида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилоятидаги сафарлари чоғида қайта қурилиши режалаштирилган Норин туманида жойлашган “Қурбон ота” жоме масжиди фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Қурбон ота” жоме масжидининг мавжуд биноси қабристон ҳудудида жойлашган бўлиб, 1991 йилда қурилган. Ҳозирга келиб анча таъмирталаб бўлиб қолган. Масжид асосий йўлдан анча ичкарида жойлашгани сабабли, қишнинг қировли, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида намозхонлар ора кўчалар орқали келишга тўғри келади. Шунинг учун масжид қавмининг илтимосини инобатга олиб, ушбу масжидни асосий йўл бўйида қайтадан бунёд этиш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди. Ўз навбатида масжид ҳудудида жойлашган Қурбон ота исмли авлиё мақбараси ҳам обод этилиб, мўъжаз зиёратгоҳга айлантирилади.
Муфтий ҳазратлари “Қурбон ота” жоме масжидининг янги биноси лойиҳаси билан танишар экан қурилиш ва таъмирлаш ишларини замонавий ва миллий меъморчилигимизга мос, мўмин-мусулмонлар учун қулай шаклда барпо этиш бўйича тавсиялар бердилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат ила меҳнат қилишади. Зеро, масжид қуриш, уни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида кўп баён этилган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинади: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
“Қурбон ота” жоме масжиди қавми давлатимиз Раҳбарининг аҳоли талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлидаги ташаббусларидан чексиз мамнун эканларини изҳор қилишди. Бундай ёруғ ва кенгчилик кунлар учун Яратган Парвардигорга ҳамду сано айтишаётгани ва диёримиз гуллаб яшнаши йўлида дуолар қилишаётганини билдиришди.
Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади.
Наманган вилояти Норин туманида янгидан қад ростлайдиган ушбу жоме масжид мўмин-мусулмонларимиз учун муносиб туҳфа бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат ташрифидан ўксик кўнгиллар кўтарилди
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатдан кейинги энг афзал амаллардан бири – мўминлар қалбига хурсандчилик улашиш”, деб марҳамат қилганлар.
Ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланади. Мана шундай ҳикматни ўзига шиор қилиб олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси савобли ишлар қилишда давом этмоқда.
Наманган вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов, туман бош имом-хатиби Шокиржон Мансуров ҳамда туман ДХХ раҳбари Орифжон Хомидов ҳамроҳлигида Учқўрғон тумани Нуробод кўчасида истиқомат қилувчи Зокиржон Саиталиевнинг хонадонига ташриф буюришди.
Маълум бўлишича, Зокиржон Саиталиев қарийб 20 йилдан буён жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда. Унинг рафиқаси Тожихон Саиталиева юртимиздаги ижобий ўзгаришлар натижасида, эри қаттиқ тартибли колониялардан манзиллисига ўтказилганини айтиб, эндиликда турмуш ўртоғи авфнома ёзгани, давлатимиз Раҳбарининг оқилона ислоҳотлари натижасида, турмуш ўртоғининг озодликка чиқишига умидвор эканини айтди. Шунингдек, Тожихон Саиталиева ўтган давр мобайнида жуда қаттиқ қийинчиликларни бошидан ўтказгани, диёримизда аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган хайрли ишлар кўнглини ёриштиргани, айниқса, мана шундай дин пешволари ва мутасадди шахсларнинг унинг хонадонига ташриф қилишлари катта хурсандчилик бахш этганини кўзида ёш ила сўзлади.
Шундан сўнг, муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимизнинг халқ дардини ўйлаб, олиб бораётган доно сиёсатлари натижасида, қилган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тўғри йўлга қатъий ўтган маҳкумларнинг авф этилаётганини тушунтириб, Саиталиев Зокиржоннинг ҳам яқин кунларда озодликка чиқишини Яратган Парвардигордан сўраб дуолар қилдилар. Шунингдек, хонадон аҳлларига тасалли бериб, уларнинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзларни айтдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати