muslim.uz

muslim.uz

Савол: Сажда қилганида қуймичи, белининг паст қисми очилиб қолган кишининг намози дуруст бўладими?

Жавоб: Намозда аврат аъзоларининг тўртдан бири ёки ундан кўп қисми очилиб қолишининг ҳукми ўша аъзонинг ҳаммаси очилиб қолганининг ҳукми кабидир. Намозда ёпилиши керак бўлган аврат аъзоларининг тўртдан бири очилиб қолса ва шу ҳолда бир рукнни адо этса, намоз бузилади. Агар иккита аврат аъзонинг тўртдан биридан ками очилиб қолиб, улар қўшилганида бир аъзонинг тўртдан бирига тўғри келса, намоз бузилади. Аммо очилган авратни дарҳол ёпиб олган кишининг намози билиттифоқ бузилмайди. Аврат бўлган аъзонинг тўртдан биридан кам қисми очилиб қолса, зарари йўқ. Авратининг тўртдан бири очилиб, бир рукн адо этилиши муддатича турган кишининг, Имом Абу Юсуф наздида, намози бузилади. Имом Муҳаммад эса бузилмаслигини айтган (“Фатовойи Ҳиндия”).

Демак, сажда қилганида қуймичи, белининг киндикдан пастки қисми очилиб қолган одамнинг намози дуруст бўлмайди.

 

“СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...” китобидан

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимни дўзахдан узоқлашиши ва жаннатга кириши хурсанд қилса, вафот этадиган пайтда Аллоҳга ва охират кунига иймон келтириб вафот этсин. Ҳамда ўзига қилинишни маҳбуб кўрган муомалани ўзига ҳам, бошқаларга ҳам раво кўрсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Дўзахдан узоқлашишни  ва жаннатга киришни истамайдиган  мусулмон йўқ бўлса керак оламда. Дўзах ҳақида эшитган инсон борки, ундан паноҳ тилайди, ўз нафсини ундан қутқариш учун ҳаракат қилади. Жаннат ҳақида билган киши эса, унга тезроқ етишиш илинжида, ундаги роҳат ва мукофотларга эришиш ниятида жидду-жаҳд қилади.

Бу ҳадиси шариф эса айнан шундай кишиларга дастуруламал ва орзуга эришиш учун йўлланмадир. Ушбу йўлланмани ёзиб берган зот эса энг ишончли, энг ростгўй инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Йўлланмада эса содда ва тушунарли қилиб икки сабаб кўрсатилган:

1) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда, қатьий ишонч ва ушбу ишонч исботи йўлида қилинган солиҳ амаллар қуршовида вафот этиш;

2) Ўзгалар тарафидан ўзига қандай муомала қилинишини яхши кўрса, ўзи ҳам ўзгаларга шундай муомала қилиш. Демак, ўзингга нисбатан:

- Алдашларини ёқтирмайсанми? Сен ҳам алдама!

- Хиёнатни ёмон кўрасанми? Хиёнат қилма!

- Зулм қилинишидан қўрқасанми? Зулм қилма!

- Ғийбатни ёмон кўрасанми? Ғийбат қилма!

- Ёрдам берилишини истайсанми? Ёрдам бер!

- Кечирилишни яхши кўрасанми? Сен ҳам кечир!

- Айб ва нуқсонларингни беркитилишини истайсанми? Ўзгалар айбини ёп.

- Сенга инфоқ қилинишини хуш кўрасанми? Саҳий бўл!

- Ҳурмат қилинишни яхши кўрасанми? Ҳурмат қил!

- Хизмат қилинишни истайсанми? Хизмат қил!

Хуллас, ўз нафсинг учун нимани яхши кўрсанг, ўзгаларга ҳам раво кўр. Ва ўз нафсинг учун ёқтирмаган нарсаларингни бошқалар учун ҳам раво кўрма. Шундагина иймонинг комил бўлади. Шундагина жаҳаннамдан узоқлашиб, жаннатга эришасан. Ягона йўл шудир. Бошқа йўл излаб ҳалок бўлма.

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

 

«Ҳилол» нашриётида чоп этилган Мусҳафи шарифнинг навбатдаги нашри бугун сотувга чиқарилди. Бу ҳақда онлайн китоб дўконида сотувга қўйилган Мусҳафлардан билиш мумкин. Китоб дўконлари олдида юзага келган узун навбатлар тасвирланган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 24 август куни Тошкентдаги Россия ҳамкорлик марказида "Жаҳон динлари - чегаралар орқали диний кўприк" мавзусидаги анжуман ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари Иброҳим Иномов иштирок этди.

Давра суҳбатида мусулмонлар идораси ва православ насронийлар ташкилоти ўртасида диний экстремизмга қарши курашдаги Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги, ўзаро алоқаларнинг юқори босқичга чиқаётгани муҳокама қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Атирау вилояти Қизилкогин туман суди ушбу туманда яшовчи шахсни жума намози вақтида баланд овозда ибодат қилгани учун 84 минг тенге миқдоридаги жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилди.

Мияли қишлоғидаги Байтерек масжидида ўтган жума намозида имом намоз вақтида "Амин" сўзини жуда баланд овозда айтгани учун тўхтатишга мажбур бўлган. Имомнинг огоҳлантиришига қарамасдан ушбу шахс масжид тартибини бузишда давом этган.

Судда тартиббузар намоз вақтида "Фотиҳа" сураси ўқилгач баланд овозда "Амин" дейиш кераклигини онлайн-дастурдан ўрганганлигини айтган.

Ушбу шахс маъмурий қоидабузарлик содир этганликда айбланиб жаримага тортилган.

Айбдор намоз ўқиш қоидаларини тушунишда хатога йўл қўйганини тан олган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top