Мақолалар

Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар: Эътиборли бўлинг!

Эътиборли бўлиш керак:

  1. Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича уларга ёрдам бериш тавсия этилади.
  2. Биз ҳанафий мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг намозига эътибор бермаслик талаб этилади (ибодатлар масаласида элликбоши ёки ишчи гуруҳ аъзоларидан жавоб олиш мумкин).
  3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага матоларни турли ниятларда суртиш,  Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  4. Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
  5. Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилганда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
  6. Шифокорлар доимо хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
  7. Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар кузатилса, дарҳол гуруҳ раҳбарига мурожаат қилиш керак.
  8. Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чиптани гуруҳ раҳбари билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
  9. Ҳаж зиёратидан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида ибрат бўлишлари тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради.
  10. Аксинча Ҳаж зиёратидан қайтгандан сўнг исрофгарчилик билан эҳсонлар қилиш мумкинмас. Айниқса “ҳожи она” мақоми шаръий масалаларда ўзича фатво бериши мумкин эмаслигини яхши англаб етиш зарур.

Аллоҳ таоло Ҳаж ибодатингизни Ҳажжи мабрурлардан қилсин ва хайрли амалларда бардавом бўлишни  насиб этсин!

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

 

Read 901 times

Мақолалар

Top