muslim.uz
Фарғонада «Ҳаж – 2019» мавсуми гуруҳ раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллигида жорий 2019 йилги йилги Ҳаж мавсуми учун вилоят бўйича тайинланган гуруҳ раҳбарлари (элликбошилар) билан учрашув ўтказилди. Вакиллик мутасаддилари, бош имом-хатиблар томонидан гуруҳ раҳбарларига муборак сафар билан боғлиқ ташкилий ишлар, зарурий кўрсатмалар тушунтирилди.
40-50 нафар зиёратчига масъул этиб бириктириладиган элиикбошиларнинг вазифаси ниҳоятда масъулиятли ва шу билан бирга савобли вазифа. Ҳар бир зиёратчини рози қилиш, уларнинг хизматида бўлиб, ибодат жараёни ва бошқа ташкилий ишларда йўл-йўриқ кўрсатиш учун гуруҳ раҳбарларидан етарли билим ва малака талаб этилади. Шу боис йиғилишда номзодларнинг тайёргарлик даражалари синаб кўрилди. Алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган барча масалалар тилга олинди. Сафар олдидан зиёратчилар билан кўпроқ учрашувлар ўтказиб, тайёргарлик ишларини маромига етказиш бўйича тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Катта Лангар Қуръони: Ҳақиқатми ёхуд афсона...
Катта Лангар Қуръони мавзусини теран тушуниш учун аввал Муқаддас Китоб, яъни Қуръони Карим тарихига назар ташлаш жоиз. У пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом воситасида Аллоҳ томонидан нозил қилинган. Қуръони Карим Ислом динининг асоси, қонун-қоидалари, Аллоҳнинг ўз бандаларига нисбатан буйруқлари акс этган илоҳий китобларнинг охиргисидир.
Қуръони Карим дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий келишига мос равишда, босқичма-босқич, оғзаки шаклда жамланган.
Қуръонни яхлит ҳажмда ёд олганларнинг сони қанча бўлгани тўғрисида олимларнинг фикрлари турлича. Айрим олимлар, Имом ал-Бухорийнинг ҳадисларидан бирига асосланган ҳолда, Қуръон ҳофизларининг сони 7 та бўлган деб ҳисоблаганлар. Яна бир ҳадисда Қуръонни ёддан билганларнинг сони тўртта, деб кўрсатилган, тарихчилар эса ўнлаб кишилар Қуръонни ёддан билганлар, деб ҳисоблайдилар. Тарихий ҳақиқат эса шундан иборатки, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан Қуръони Каримни тўлиқ ёд олганларнинг сони беҳисоб бўлган. Набий алайҳиссаломнинг вафотларидан кўп ўтмай содир бўлган Ямама яқинидаги жангларда ҳалок бўлганлар ичида етмишдан ортиқ қори саҳобаларнинг бўлгани ушбу фикрга далил бўла олади. Бу тўғрида имом Мовардий шундай дейди: “Ушбу тўртликдан бошқа ҳеч ким Қуръони Каримни комил ёд олмаган, деб чегаралаш мумкин эмас. Зеро, саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетган эдилар”.
Айни пайтда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонни ёзма кўринишда сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратганлар. Қуръон нозил бўлаётган пайтида ҳали қоғоз муомалада бўлмаган. Набий алайҳиссаломга ваҳий кела бошлаши билан, саҳобалар қўл остиларида ёзувга яроқли нима топсалар, шунга сураларни ёзиб олганлар. Хусусан, дарахт пўстлоғи, матолар, тери, ясси тошлар, курак суяклари... Пайғамбаримиз вафотларидан сўнг ички қуролли низолар оқибатида кўплаб қориларнинг вафот этишлари оқибатида Қуръоннинг йўқолиб кетиш хавфи туғилган.
Шунда халифа Абу Бакр (р.а.) саҳобалардан ҳайъат тузиб, уларнинг қўлларида сақланаётган суралар ва оятларни жамлатганлар ва китоб шаклига келтирганлар. Жамланган Қуръони Карим пайғамбаримизнинг бевалари Ҳафса (р.а.)га сақлаш учун топширилган. Учинчи халифа Усмон ибн Аффон пайтларида Қуръонни ўқиш, Қуръон тажвиди масалаларида ихтилофлар келиб чиққан. Чунки Қуръон турли ҳолатларда ҳар хил қоидаларга амал қилинган ҳолда ўқилган. Аҳвол шу даражага етиб борганки, мусулмонларнинг бирлигига раҳна тушиш ҳолатлари келиб чиқа бошлаган. Шунда халифа Усмон ибн Аффон саҳобаларнинг қўлида сақланаётган Қуръон қисмларини, халифа Абу Бакр тўплатган китоб шаклидаги Қуръонни олиб келтиради ва яна ҳайъат тузиб, мукаммал китоб ҳолида жамлайди.
Халифа Усмон жамлатган Қурон нусхаларининг бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланади ва жуда кўпчилик олимларнинг фикрича, бу айнан асл, биринчи нусха ҳисобланади. Ушбу тарихий манбаларни айтиб ўтаётганимизнинг сабаби шуки, Аллоҳ бизни мана шундай буюк бир неъмат билан тақдирлаган.
Энди бевосита Катта Лангар Қуръони тақдирига эътибор қаратсак. Қашқадарё вилояти Қамаши туманида Катта Лангар қишлоғи бор, атрофи тоғли ҳудуд. Ана шу қишлоққа XIV аср бошларида дарвешлар, сўфийлар кўчиб келганлар. Муҳаммад Содиқ деган ўз замонининг машҳур тасаввуф шайхи шу томонларда қўним топиб, қишлоқ масжидига асос солади. Мазкур табаррук манзил аввал ҳам, ҳозир ҳам зиёратгоҳ вазифасини ўтаб келмоқда. Унда Муҳаммад Содиқнинг отаси ва ўғиллари ҳамда ўзларининг қабрлари бор. Маълумки, тасаввуф тарихида Яссавия, Кубровия, Нақшбандия каби сўфийлик тариқатлари бўлган. Биз зикр этаётган қишлоқда эса Ишқия тариқатининг шайхлари фаолият юритганлар.
Кўпчилик учун кема лангарини англатадиган сўз, ўрта асрларда қароргоҳ, дарвешлар учун қурилган хонақо маъноларида қўлланилган. Соҳибқирон Амир Темур даврида дарвешлар, сўфийлар алоҳида эътибор билан эъзозланган ва улар учун махсус лангархоналар барпо этилган. Уларнинг аксарияти шажаралари Пайғамбар алайҳиссаломга ёки у кишининг куёвлари Ҳазрат Алига ёки набираларига бориб тақалади, дейилади. Ишқия шайхлари Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга муҳаббат боғлаш мумкинмас, деган йўлни тутиб, асосан Яратганнинг зикри билан ҳаёт кечирганлар. Таассуфки, Катта Лангарга Ишқия шайхлари қаердан келиб қолишгани, уларнинг миллатлари номаълум. Йиллар, асрлар оралиғида шайхлар ўзбеклашиб, маҳаллий аҳоли билан қариндош бўлиб кетганлар. Баъзи манбаларда уларнинг ироқлик эканликларига ишоралар учрайди. Лекин илмий жиҳатдан ушбу тахминлар чуқур ўрганилмаган. Эътиборли томони шундаки, айнан Ишқия шайхлари ўзлари билан бирга Катта Лангар Қуръони деб аталаётган Қуръонни олиб келишган. Ушбу муқаддас китоб Иккинчи жаҳон урушидан олдин ҳам, кейин ҳам олимлар томонидан маълум даражада тадқиқ этилган. Таъкидланишича, урушдан олдин Қуръон тўлиқ, яъни 498 саҳифадан иборат бўлган. Кейинчалик саҳифаларнинг сони камайиб боргани тасдиқланган. 2003 йилда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Пьер Шювен деган олим Дин ишлари бўйича қўмитага Катта Лангар қишлоғидаги Қуръон саҳифалари йўқолиб кетаётганини маълум қилади. Тез фурсатда олим ва уламо Абдураззоқ Юнусов (Аллоҳ раҳмат қилсин, ўша пайтлар мусулмонлар идораси раиси ўринбосари вазифасида эдилар) хизмат сафарига юборилади. У киши қишлоқ аҳли билан маслаҳатлашиб, уларнинг розилигини олиб, Қуръоннинг қолган 12 саҳифасини Тошкентга олиб келади. Ҳозир Лангар қишлоғида айнан шу 12 саҳифанинг хаттотлар томонидан кўчириб берилган нусхаси сақланмоқда. Асл нусха эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг музейида махсус шароитларда асраб келинмоқда.
Катта Лангар Қуръонининг яна бир саҳифаси Ўзбекистон Фанлар академиясининг қўлёзмалар институтида, бир алоҳида саҳифа Мусулмонлар идораси кутубхонасида, яна икки саҳифа Бухоро ўлкашунослик музейида сақланмоқда. Бухородаги саҳифалар ўз вақтида амирнинг ўғлига тегишли кутубхонадан музейга олинган. Шундай қилиб, юртимизда жами 16 саҳифа Катта Лангар Қуръони деб аталган ноёб Қуръон қўлёзмаси сақланади. 1998 ва 2003 йиллари Санкт-петербурглик қуръоншунос олим Ефим Ризван уни тадқиқ қилади ва Голландияда рентген углерод таҳлилидан ўтказади. Аниқланишича, мазкур Қуръон VIII-IX асрларга тегишли экан. Россиянинг Шарқшунослик қўлёзмалар институтида Катта Лангар Қуръони деб аталган Қуръоннинг 81 саҳифаси борлиги маълум. Айрим мутахассислар Катта Лангар Қуръонининг 81 саҳифасини машҳур шарқшунос олим Крачковский Россияга олиб кетган, деган фикрни илгари сурадилар. Аслида, тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 30-йилларидаги очарчилик даврида Нофаль исмли ливанлик арабнинг беваси Қуръон саҳифаларини Крачковскийга сотган. Унинг эри октябрь инқилобидан аввал Россия Мудофаа вазирлигида араб тилидан сабоқ берган. Мантиқий хулоса шуки, нусхаларни Санкт-Петербургга Нофаль олиб келган, у ҳам кимдандир сотиб олган ёхуд унга кимдир асраб қўйиш учун берган бўлиши мумкин. Ливанлик арабнинг Ўзбекистонга келиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳеч қайси манбада бу ҳақда маълумот йўқ. Энг қизиғи, Франция миллий кутубхонасида худди шундай ўлчамларда, худди шундай ёзувда Қуръон саҳифалари сақланмоқда. Унинг бир қисмини Наполеон Бонапарт Мисрни босиб олган чоғида, фаранглар консули коллекция йиғиш мақсадида харид қилади. Ватанига қайтгач, Франция миллий кутубхонасига топширади. Париж миллий кутубхонаси, Петербург қўлёзмалар институти ва биздаги саҳифалар бир-бирини тўлдиради. Бизда бор қўлёзма саҳифалари уларда йўқ, улардаги саҳифалар бизда йўқ. Катта Лангар Қуръони ҳақидаги тарихий маълумотлар мана шулардан иборат.
Ҳозир “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси асосида юртимиз илмий-тарихий ва маданий ёдгорликларининг чет эл коллекцияларидаги асл манбалари ўрганилмоқда. Биз лойиҳа раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов билан изчил ва фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Мамнуният билан қайд этамизки, Санкт-Петербургдаги ҳамда биздаги саҳифаларни қўшган ҳолда Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси яратилди. Факсимиле нусхалар соҳа илмий текшириш муассасаларига топширилди.
Шу ўринда бошқа бир қизиқарли маълумотга тўхталиб ўтсак. Англиянинг Бирмингем шаҳрида XX аср охирларида бир аспирант йигит тасодифан кутубхонадан икки саҳифа Қуръонни топиб олади. Қизиғи, ёзув усули ва ўлчами бир хил бўлишига қарамай, улар Катта Лангар Қуръони саҳифалари эмас, Усмон Қуръонига ҳам мос келмайди. Бу икки саҳифа олимлар томонидан қайта-қайта текширилди. Жумладан, ўтган йил Бирлашган Араб Амирлигининг қўлёзмалар марказидан экспертлар атрофлича ўрганишди. Саҳифалар халифа Абу Бакр даврида ёзилган бўлиши ва Усмон Қуръонидан ҳам, Катта Лангар Қуръонидан ҳам қадимийроқ эканлиги тўғрисида фикрлар билдирилди. Лекин Бирмингемдаги Қуръон билан Катта Лангар Қуръони саҳифалари, албатта, қиёсий ўрганилиши керак, негаки, иккала Қуръон ҳам ҳижозий ёзувида битилган. Шу боис илм аҳлини катта ишлар кутиб турибди.
Усмон Қуръони ҳамда Катта Лангар Қуръонининг юртимизга келиб қолганлигининг ўзи илоҳий мўъжиза. Ана шундай улуғ мукофотга сазовор бўлганлигимиз юртимизга берилган барака ва фаровонликдан далолатдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказига тарихимиз, аждодлардан қолган буюк илмий-маърифий меросни тадқиқ қилиш, уни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш вазифаси юклатилган. Мамлакатимизда сақланаётган Қуръони Карим қўлёзмалари ҳам ана шу мероснинг таркибий қисми сифатида тадқиқ қилинмоқда.
Шоазим МИНОВАРОВ,
Ислом цивилизацияси маркази директори.
Хайрия тадбирлари давом этмоқда
Инфоқ-эҳсон қилишнинг савоби борасида ҳадиси шарифларда жуда кўп маълумотлар бордир. Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Савоблар кучайтирилиб бериладиган ушбу улуғ кунларда саховатпеша инсонлар хайр-саховат ишларини қилишга интилмоқда. Бундан ёрдамга муҳтож инсонлар ва оилалар мамнун.
Рамазон ҳайити қувончлари бардавом бўлиб, масжид имомлари ҳомийларни жалб этган ҳолда жойлардаги ёрдамга муҳтож инсонларга ва оилаларга моддий ва маънавий ёрдамлар бермоқда. Жумладан 13-июнь куни Хўжайли тумани «Пирим Эшон бобо» жоме масжиди томонидан тумандаги 26 макон фуқаролари йиғинларида яшовчи ёрдамга муҳтож 60 оилага озиқ-овқат махсулотларидан моддий ёрдам берилди.
Кўрсатилган бундай мурувват тадбирларидан кўнгиллари қувончга тўлиб, юртимизнинг ободлиги ва тинчлиги, шунингдек, мазкур тадбирни ташкил қилган инсонлар ҳақларига дуолар қилиб, ўз миннатдорчилигини билдиради «Кун нури» макон фуқаролари йиғини турғуни Қәдембай Пиржанов.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти.
Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит
Қиёмат қоим бўладиган кун – ниҳоятда оғир, даҳшатли кундир. Аллоҳ таоло у куннинг нақадар қўрқинчи эканини баён қилиб шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ إِنَّ زَلْزَلَةَ السَّاعَةِ شَيْءٌ عَظِيمٌ يَوْمَ تَرَوْنَهَا تَذْهَلُ كُلُّ مُرْضِعَةٍ عَمَّا أَرْضَعَتْ وَتَضَعُ كُلُّ ذَاتِ حَمْلٍ حَمْلَهَا وَتَرَى النَّاسَ سُكَارَى وَمَا هُم بِسُكَارَى وَلَكِنَّ عَذَابَ اللَّهِ شَدِيدٌ
“Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, (қиёмат) соати зилзиласи улкан нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир” (Ҳаж сураси, 1-2-оятлар).
Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат куни қуёш халқларга жуда яқин келтирилади, ҳатто бир мил миқдорида қилинади. Шунда одамлар амаллари миқдорига қараб тер ичида бўладилар. Баъзилари тўпиқларигача, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача (терга ботади), айримларини тер юганлаб олади”, шундай деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан оғизларига ишора қилдилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Тер қиёмат куни ерда етмиш қулочгача кетади, у одамларнинг оғизларигача ёки қулоқларигача – ровий шак қилган – етади” (Имом Муслим ривояти).
Ана шундай оғир кунда одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. Аммо у кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўша соя ҳақида тушунча берганлар.
Абу Ҳурайра, Абу Саид Ал-Худрий ва Салмон Ал-Форсий розийаллоҳу анҳулардан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Етти тоифа мўминларни Аллоҳ таоло Ўзининг (Арши) соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган Кунда Ўзининг сояси ила соялантиради.
Улар қуйидагилар:
- Адолатли имом – раҳбар.
- Аллоҳнинг ибодати-тоатида улғайган йигит.
- Қалби доимо масжидларга талпиниб турадиган киши.
- Аллоҳ йўлида севишиб, ана шу Аллоҳ йўлидаги муҳаббат билан жамланиб, ана шу муҳаббат устида тарқалиб яшаган кишилар.
- Мансаб ва гўзаллик соҳибаси бўлган аёл (зинога) чақирган пайт “Мен Аллоҳдан қўрқаман” деб (зинодан ўзини узоқ тутган) киши.
- Ўнг қўли билан инфоқ қилганда, берган садақасини чап қўли ҳам билмай қоладиган (даражада сир сақлаган, ихлоси кучли) киши.
- Аллоҳни ёлғиз қолган пайтида зикр қилиб, кўзидан ёш оққан киши”.
(Муттафақун алайҳи)
Бу ҳадисда оғир кунда арш соясида турувчилардан бири Аллоҳнинг ибодатида униб-ўсган йигит экан. Хўш, нега йигит дейилди?
Одатда, кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги шаҳвоний истаклар ёшларникидек бўлмайди. Унинг устига уларга тез-тез беморлик етиб туради. Кўп ҳолларда кекса кишилар гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлиб, ибодатга мойилроқ бўладилар. Ҳа, уларга ибодат қилиш жуда осон ва енгил бўлади.
Аммо ёшларда шаҳвоний истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлганидан ибодатга мойиллик, истак кексаларникидан камроқ бўлади. Шунингдек, ёшлар ўлимни узоқ нарса деб ўйлашади. Уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади. Масалан, “Ҳали ёшман-ку. Тавба қилиб, ибодатни қилишга улгураман” деган ўй-хаёллар уларни кўп чалғитади. Ана шундай хаёлларга учмай, ўзларидаги гуноҳ, шаҳвоний ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, масжидга борганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун улар қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар. Чунки, улар нафснинг истакларини енгиб, ибодатни ундан устун қўя олдилар.
“Аллоҳнинг ибодати” деганда йигитнинг фақат масжид бурчагида ўтириб олиб Қуръон тиловат қилиши, намоз ўқиши ёки уйида намоз ўқиб, Қуръон тиловатига машғул бўлишини тушуниб қолмаслик керак.
“Ибодатда ўсган йигит” деганда дунёдан, яқинларидан, оиласидан юз ўгиришни тушунмаслигимиз керак.
Биз “Ибодат” деганда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзларни айтиш, У Зот рози бўладиган зоҳирий ва ботиний амалларни бажаришни назарда тутяпмиз. Йигит ва қиз Аллоҳ рози бўладиган ишларда жисмини, руҳини, вақтини, молини ишлатса, Аллоҳнинг берган неъматларини У Зот рози бўладиган ўринларга сарф қилса, шу ишлари билан Аршнинг соясида туришга ҳақли бўлади.
“Роббининг ибодатида ўсган” деганимизда университетда, институтда ва бошқа таълим даргоҳларида илм олаётган, шу илми билан Динга, ўзига, умматга фойда келтиришни ният қилган талабани ҳам айтаётган бўламиз.
“Ибодатда ўсган йигит” деганимизда ота-онасига яхшилик қилаётган, Роббининг розилигига эришиш учун ота-онасини рози қилишга уринаётган фарзандни назарда тутган бўламиз.
“Ибодатда ўсган йигит” деганимизда фарзандларига исломий тарбия бераётган ёш отани, ота ўрнида ота бўлиб, укалари ва сингилларининг солиҳ инсон бўлишларига қайғуриб, шу йўлда ҳаракат қилаётган ёш акани, кекса ота-онасини, кичик укаларини, аёли ва фарзандларини боқиш учун ҳалол касб қилиб, зиммасидаги вожиб амални бажариш умидида юрган ёш оила раҳбарини назарда тутаётган бўламиз.
У шундай йигитки, Аллоҳ таоло уни ёшлик чоғларидан солиҳ амаллар қилишга, гўзал амалларни яхши кўришга ва гуноҳ-маъсият ишларни ёмон кўриб, уларни тарк қилишга муваффақ этгандир. Йигитнинг бундай солиҳ бўлиб тарбия топишига ё салоҳиятли оилада ўсгани ё солиҳ дўстлар билан бирга юргани ёки яхши устознинг таълим-тарбиясини олгани сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло у йигитни бошқа кўплаб йигитлар мубтало бўладиган гуноҳлардан, ўйин-кулгудан, вақтни зое қилишдан, намозларни қолдиришдан, ота-онаси, оила аъзолари ва яқинларининг дилларига озор беришдан асраган.
Аллоҳ таолонинг ибодатида ўсган йигит жанг майдонида аскар, бозор ва дўконларда савдогар, далада деҳқон, шифохонада шифокор, корхонада муҳандис, ишчи, жамиятнинг солиҳ бир аъзоси бўлиши мумкин. Агар уларни бир яхшилик қилишга чорланса, дарҳол лаббай деб ўша ишни бажарига келадилар. Агар бир ёмонликни кўриб ёки эшитиб қолсалар, дарҳол уни қўл биланми, тил биланми қайтаришга уринадилар.
Ҳа, улар, бир ҳадисда айтилганидек, кексайишидан олдин ёшлигини, ўлишидан олдин тириклигини, касал бўлиб қолишидан олдин саломатлигини ғанимат биладиган йигит-қизлардир.
Шаҳвоний истакларига эгалик қила олган, нафсининг сўзига кирмаган, улфатларига ўхшаб гуноҳларга ботмаган, бу дунёга нега келганини унутмаган, болалигидан тоатга ўрганиб, яхши ўғил, яхши эр, яхши ота, яхши қўшни, яхши дўст, яхши мусулмон бўлган йигит-қизларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!
Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Шунчалик оғир юк Ерга қулаб тушмайди!
Қуръони Каримда “само” сўзининг бир неча маънолари бор. Само деганда биз кўпроқ осмонни тушунамиз. Луғатларга эътибор берсак, “само” сўзининг қуйидагича маънолари борлиги маълум бўлади:
- Фалак;
- Биздан тепадаги ҳар бир нарса;
- Биздан юқорида, бизни соябондек ўраб турган нарса;
- Булутлар;
- Ёмғир.
Биздан юқорида, бизни ўраб турган ҳаво қобиғи – атмосфера ҳам “само” сўзининг маъноларидан биридир. Маълумки, булутлар ташкил топиши ва ёмғир ёғиши айнан атмосферада содир бўлади. Соҳа олимлари атмосфеаранинг вазни жуда юқори бўлиб, у ушбу оғирлиги билан ерга қулаб тушишидан огоҳлантирмоқдалар. Унинг вазни 5 квинтиллион (5 рақамидан кейин 18 та нол) килограм экан. Ушбу улкан оғирликдаги ҳаво қобиғи тортишиш ва зичлик қонуниятлари сабабли ерга қулаб тушмаслиги айтилади.
Олимларнинг айтишича, агар ушбу қонуниятлардан бирида ўзгариш, бузилиш юз берса, атмосфера қобиғи ўзидаги ҳаво ва сувли булутлари билан бирга ерга қулаб тушиб, ерда ҳаётнинг тугашига сабаб бўлиши мумкин экан.
Маълумки, Қуръони Карим нозил бўлган пайтда бирорта одам Ернинг атмосфера деган қобиғи ниҳоятда оғирлигини, унинг ерга қулаб тушишини билиши у ёқда турсин, ҳатто ҳаво қобиғи ҳақида тасаввурга эга эмасди. Лекин ўша пайтда нозил бўлган Қуръон мана ўн тўрт асрдан бери ҳаво қобиғининг нега қулаб тушмаслигини айтиб келади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ وَالْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِأَمْرِهِ وَيُمْسِكُ السَّمَاء أَن تَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ إِلَّا بِإِذْنِهِ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَؤُوفٌ رَّحِيمٌ
“Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга бўйсундириб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга шафқатли ва меҳрибондир”. (Инсоф билан фикр ишлатиб қаралса, Аллоҳ таоло ер юзидаги ҳамма нарсаларни инсон фойдаси учун, унга бўйсунадиган, унга беминнат хизмат қиладиган қилиб қўйган. Ҳаводан тортиб, тошу тоққача, набототу жамодот, катта-кичик жонзотлар, ҳамма-ҳаммаси инсон учун хизматкор. Уларнинг эвазига инсондан ҳақ талаб қилинмайди.) (Ҳаж сураси, 65-оят)
Бу оятда Аллоҳ таоло осмонни (унинг бир маъноси атмосфера) ерга қулаб тушишидан тутиб туришини баён қиляпти. Ҳа, У Зот устимиздаги ҳаво қобиғини бошимизга тушишидан ва бизни ҳалок қилишидан сақлаб туради. Чунки, Роббимиз одамларга шафқатли ва меҳрибондир!
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси