muslim.uz

muslim.uz

Германия Федератив Республикасида "Қуръони карим ва аёл" номли китоб немис тилида чоп этилди. Ушбу китоб муаллифи Бенжамин Идрис бўлиб, ушбу китоб Исломнинг улуғ китоби бўлган Қуръони каримда аёлга бўлган муносабат ҳақида ёзилган. Бу ҳақда iqnanews нашри хабар берди.

Идрис Бавариядаги Пензберг Ислом жамиятининг етакчиси ҳисобланиб, китобнинг содда тилда ёзилгани қайд этилган. Китобнинг ўта фойдали экани маълум қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Агар инсонларнинг қалбларини кўра олганингда, ҳар бир қалбда оғриқли қиссани кўрган бўлардинг. Шундай экан бир-биримизга раҳмли бўлайлик, шояд Аллоҳ таоло бизга раҳм қилса!

“Сукутдаги садолар”

*****

Илм - ёд олингани эмас, балки фойда берганидир.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ҳар қандай алоқанинг бошида ҳис-туйғулар кўринса, охирида ахлоқ кўринади.

Нажиб Маҳфуз

*****

Уч нарса ҳаётга бўлган қарашинг ўзгаришига сабаб бўлади:

  • Беморлик;
  • Мусофирлик;
  • Яқин кишисини йўқотиш.

“Сукутдаги садолар”

*****

Нозик дидли инсон бўлишни истасанг, одамлар ҳақидаги гапларингни озайтир!

Пок инсон бўлишни истасанг, одамлар ҳақида яхши гумон қил!

“Сукутдаги садолар”

*****

Замон ўзгармайди, балки замон фош этади.

“Сукутдаги садолар”

*****

Шар юзингга “пақ” этиб ёрилса, асабийлашма! Ахир унга керагидан ортиқ ҳажмни бериб шиширган ўзинг-ку! Баъзи одамлар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.

“Сукутдаги садолар”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Умримизнинг ўтаётган ҳар бир дақиқаси бизни тобора ўлим аталмиш ниҳояга етаклаб боради. Ундан қанчалик қочишга ҳаракат қилмайлик, шубҳасиз белгиланган вақтда бизга етиб келади.

Ҳаёт йўлларини босиб ўтаётган инсон ҳолати зинадан юқорилаб бораётган одамга ўхшайди. Зинага илк оёқ қўйиши бу туғилиши, ундаги ҳар бир пиллапоялар эса ўтиб бораётган йиллардир. Аммо у пиллапоялардан олдимизда яна қанчаси қолгани ва нечтасидан сўнг тўсатдан қаршимизда ўлим номли эшик очилиши номаълум.

Ҳамма бир кун келиб, балки бир лаҳзадан сўнг бу ҳаёт тугашига ишонади, аммо атрофдаги воқеалар ва кўча-кўйдаги одамларнинг кўплиги ўлимни жонли ҳис қилишимиздан чалғитади. Йигирма йил олдин шаҳар транспорт воситаларини тўлдириб юрган одамлар оломони ҳали ҳам мавжуд, балки янада кўпайган. Уларнинг камаймаётгани ўлимни бизнинг кўзимиздан узоқлаштиради, узоқ-узоқ орзулар қилишга ундайди.

Аслида-чи? Ўтган йил биз кўрган одамларнинг барчаси тирик-ми? Йўқ, албатта. Уларнинг анчаси бу дунёни тарк этишган. Аммо ўсиб келаётган ёшлар уларнинг ўрнини тўлдириб бораяпти.

Ўлим шунчалар бизга яқин бўлишига қарамай, биз унга ўта узоқ бир манзил сифатида қараймиз. Тилимизда жуда яқинлигини бонг урсакда, нафсимиз ҳали масофа узоқ дея кўзларимизни шамғалатади. Натижада гўё ўлим бизга эмас, бошқаларга битилгандек яшаймиз.

Ўлимни бунчалар яқиндан ҳис қилишимиз нима учун керак, нега ҳаёт лаззатларидан роҳатланиб яшайвермаймиз?

Бунинг сабабини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда чиройли тарзда баён этиб берганлар.

“Ўлимдан кўра (охиратни эслатувчи) яхшироқ воъиз йўқ”.

Хўш, ўлим орқали охиратни эслашдан нима манфаат ва бизнинг ҳаёт тарзимизга қандай таъсир кўрсатади?

Тасаввур қилинг, агар бизга эртага ўласан деб хабар берилса, бугун нима билан машғул бўлар эдик? Шубҳасиз, зиммамиздаги қарзларимизни адо этиш, ҳаммадан розилик сўраш, тинмай истиғфор айтиш ва ибодат қилиш каби ишлар билан ўтказар эдик. Ҳатто кечаси ҳам кўзимизга уйқу келмас, бир дақиқа бўлсада вақтимни яхшилик учун сарфлай, деган бўлар эдик. Кўнглимизга ўйин-кулгу сиғмас, унинг ўрнига охират учун фойдали иш билан машғул бўлар эдик.

Демак, ўлимни эслаш, баъзилар ўйлагани каби одамни тушкун кайфитга солиб, унинг қўл ва оёғини боғлаб, дунёдан узиб қўймайди, балки уни ёмонликлардан тўсади, бошқаларга зулм қилишдан, бировларнинг ҳаққини ейишдан тўсади. Охирати учун яхши амаллар қилишга, яратган Роббисига кўпроқ ибодат қилишга ундайди.

Ибодат эса, баъзи динларда бўлгани каби дунёни батамом тарк этиб, ибодатхонадан чиқмаслик эмас, балки масжидда ибодат қилиш ҳам, илм ўрганиб, уни ўргатиш ҳам, бирор касб ёки хизмат қилиб жамиятга фойда келтириш ҳам ибодатдир. Чунки динимиз шундай, ҳатто мубоҳ бўлган ишларни яхши ният билан савобга айлантириш ва уни охиратимизга захира қилиш имконини беради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қиёмат қоим бўлаётган пайтда қўлингда экаётган дарахт новдаси бўлса, уни эка олсанг эккин”, деган ҳадиси шарифлари ҳам ўлим яқин бўлиб қолган бўлсада бошқалар ва жамиятга фойда келтирадиган иш билан машғул бўлишга тарғиб қилади.

Ким яна бир неча йил эмас, балки бир неча лаҳза ҳаётда қолишга аниқ ишонади? Ҳеч ким. Бу савдо бошимизга эртага эмас, ҳатто бир неча дақиқадан кейин келиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунки кўча куйда автоҳалокатдан вафот этаётган одамлар ҳам эрталаб уйидан чиқиб кетаётган вақтда сиз билан биз каби чиқиб кетган. Унинг ҳам бугунги куни режасида “ўлиш” деган банди бўлмаган. Бироқ ўлим шундай, у тўсатдан келади.

Демак, ўлимни ҳақиқий маънода ҳис қилган одам умрини ғанимат билади, яхши амалларни кўпайтиради, бировга ёмонлик қилиб, тавбага улгурмай қолишдан чўчийди, ибодат қилишни ортга сурмайди ва доимо Аллоҳни ёдда тутади ҳамда вафотидан кейин ҳам ортидан бориб турадиган садақаи жорияларни жамият ва халқ учун қолдиришга ҳаракат қилади.

Барчамизни умр неъматини ғанимат билувчи бандаларидан қилсин.

 

Ш.Чўлпонов

Ризқ берувчи Холиқ яккаю ягона Аллоҳ таолони ақлсиз тентаклар сўкиб ҳақорат қилишади-ю, сиз ва биз каби осий бандаларни нечук айблашмасин?! Сиз ҳаётингиз давомида шундай аёвсиз курашларга дуч келасиз, уларни таъна-маломат қилганингиздан фойда йўқ. Сиз қанчалар мева бериб, бунёд этиб, таъсирингизни ўтказиб, гуллаб-яшнаган сарингиз, атайин сизни хўрлаб, синдиришни қасд қилувчилар чиқаверади. Сиз то чуқур қазиб ерга кирмагунингизча ёки осмонга шоти қўйиб чиқиб кетмагунингизча ундайлар ҳеч қачон сиз ҳақингизда жим турмайди. Доим улар орасидамисиз, демак, ҳали ёмонлик қилишларини, кўзингиздан ёшлар оқизишларини ва устингизга ахлатлар ағдаришларини кутиб яшанг.
Ерда ўтирган киши ҳеч қачон қуламайди. Одамлар ўлик итни ҳеч ҳам тепмайди. Лекин улардан салоҳият, илм, одоб ёки мол-дунё бобида устун турибсизми, сизга ғазабларини сочишади. Сиз Аллоҳ бераётган ана шундай неъматларни тарк қилиб, барча мақтовга лойиқ хусусиятлардан халос бўлмас ёки ҳеч нарса тушунмайдиган аҳмоқ, синган, эзилган кимсага айланмас экансиз, улар наздида тавбаси йўқ гуноҳкор бўлиб қолаверасиз. Уларнинг хоҳиши бундан бошқача эмас. Демак, одамларнинг танқидига, маломатига қарши Уҳуд тоғи каби мустаҳкам, ҳарсанг тош каби қаттиқ бўлинг. Тош мустаҳкам бўлгани учун ҳам устига ёққан дўллар парчаланиб кетади.
Бордию одамларнинг сўзларига қулоқ тутиб таъсирланадиган бўлсангиз, уларнинг "қимматбаҳо" орзуларини ҳаётингизни барбод этиш эвазига юзага чиқарасиз. Сиз улардан чиройли юз ўгиринг, қилаётган макрларидан ҳам сиқилманг, аҳмоқона танқидлари сиз учун яхшигина таржимаи ҳол бўлсин. Чунки ҳаётидаги вазнингиз, ўрнингиз даражасида таъна-дашномларга қоласиз.
Албатта, сиз ўша маломатчиларнинг оғзини ёпиб тилини боғлаб қўя олмайсиз. Лекин уларнинг танқидларини жим туриш эътиборсизлик ва совуққонлик билан кўмиб ташланг, гап-сўзларини "...Шу аччиқларингиз билан ўлиб кетинг!.." деб тарк қилинг.
Демак, фазилатларингизни кўпайтиришингиз, яхши тарбиянгиз, хатоларини тўғрилашингиз билан уларнинг тилини кеса оласиз. Агар сиз ўзингизни барча бирдай қабул этишини, ҳамма суйишини, айбсиз бўлишини хоҳласангиз, эҳтимолдан йироқ нарсани талаб қилиб, ушалмас орзуларга берилибсиз.

"Ўкинма" китобидан

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси 1 апрелдан бошлаб Тошкент-Жидда қатновини йўлга қўйди. Бу ҳақда podrobno.uz нашри хабар берди.

Тошкентдан Жидда шаҳрига бориш ва қайтишда мунтазам йўловчи қатновлари қуйидаги жадвалга мувофиқ (маҳаллий вақт) амалга оширилади:

HY-335 Тошкент 18:40 - Жидда 21:40
HY-336 Жидда 23:45 - Тошкент 06: 15 + 1

Йўловчиларга замонавий Боеинг-767 самолётлари хизмат кўрсатади.
Шу вақтга қадар Ўзбекистон миллий авиакомпанияси ўтган йилнинг 28 октябридан бошлаб ҳафтада икки маротаба Тошкент – Жидда қатновини йўлга қўйган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top