muslim.uz
12.04.2019 й. Мусулмон кишининг кундалик одоблари
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِى حَثَّ عِبَادَهُ عَلَى التَّحَلِّي بِالآدَابِ، وَوَعَدَهُم عَلَى ذَلِكَ جَزِيلَ الثَّوَابِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي سَيِّدُ أُولِي الْأَلبَابِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ الطَّاهِرِينَ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ أَمَّا بَعْدُ .
МУСУЛМОН КИШИНИНГ КУНДАЛИК ОДОБЛАРИ
Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом дини бир жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув яшашларига буюрар экан, уларни ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирларига нисбатан ҳурмат бўлишлигини талаб этади. Айни пайтда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган омилларни ҳам таълим беради. Буларни бир сўз билан ижтимоий одоблар, деб номланади. Биз қуйида ана шундай ижтимоий одобларнинг энг муҳимларидан баъзи бирларига тўхталиб ўтмоқчимиз.
- Биринчиси, ўзаро саломлашувни одатга айлантириш. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
وَالَّذِي نَفْسِيْ بِيَدِهِ، لاَ تَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَوَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهْ تَحَابَبْتُمْ؟ أَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ
رواه الامام مسلم
яъни: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсиз, то бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунингизча, мўмин бўлмайсиз. Мен сизларга бир нарсани ўргатайми, гар уни қилсангиз, бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўласиз?! Ўзаро саломлашиб юришни кенг жорий қилинг!” (Имом Муслим ривояти).
- Иккинчиси, бир неча киши ўзаро суҳбатлашиб турганда, уларни орасидан икки киши ажралиб чиқиб сирлашмаслик. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
إِذَا كُنْتُمْ ثَلاَثَةً فَلاَ يَتَنَاجَى اِثْنَانِ دُوْنَ الثَّالِثِ مِنْ أَجْلِ أَنَّ ذَلِكَ يُحْزِنُهُ
( رواه الشيخان)
яъни: “Қачон уч киши бўлсангиз, учинчини қўйиб, иккингиз сирлашмангиз. Чунки бу ишингиз уни хафа қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
- Учинчиси, ўзгаларга нисбатан тавозе ва ҳалим бўлиш. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсонлар орасида меҳр-муҳаббат қозонишларига сабаб бўлган энг гўзал фазилатлари айнан тавозе ва ҳалим бўлганликларида эканини баён қилиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
فَبِمَا رَحْمَةٍ مِنَ اللَّهِ لِنْتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ
яъни: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят). Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ: أَنْ تَوَاضَعُوا حَتَّى لَا يَفْخَرَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ ، وَلَا يَبْغِيَ أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Аллоҳ таоло менга: бир-бирингизга тавозе бўлинг, токи бирор кимса бирор кимсага мақтанчоқлик қилмасин, бирор кимса бирор кимсага тажовуз қилмасин, дея ваҳий қилди” (Имом Муслим ривояти).
- Тўртинчиси, ўзгалар билан муомалада ростгўй ва самимий насиҳатгўй бўлиш. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба сураси, 119-оят). Қуйидаги ҳадисда барчага бирдек самимий насиҳатгўй бўлиш – диннинг асоси эканлигини Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганлар:
الدِّينُ النَّصِيحَةُ، قُلْنَا: لِمَنْ؟ قَالَ: لِلَّهِ، وَلِكِتَابِهِ، وَلِرَسُولِهِ، وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ، وَعَامَّتِهِمْ"
(رواه الامام مسلم)
яъни: “Дин насиҳатдир” – дедилар. Биз: Кимга? – деб сўрадик. У зот: “Аллоҳга, Китобига, Расулига, мусулмонларнинг раҳбарларига ва мусулмон оммасига”, – деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).
- Бешинчиси, яхшилик ва тақво ишларида ўзаро ҳамкорлик қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шунга буюради:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى
яъни: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз” (Моида сураси, 2-оят). Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида айтадилар:
"انْصُرْ أَخَاكَ ظَالِمًا أَوْ مَظْلُومًا"، قِيلَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ نُصْرَتُهُ مَظْلُومًا، فَكَيْفَ أَنْصُرُهُ ظَالِمًا؟، قَالَ: " تَمْنَعُهُ مِنَ الظُّلْمِ، فَذَلِكَ نُصْرَتُكَ إِيَّاهُ"
(رواه الامام البخاري)
яъни: “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ёрдам беринг”, дедилар. Саҳобалар: Мазлумга қандай ёрдам бериш кераклигини биламиз. Аммо, золимга қандай ёрдам берамиз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулм қилишдан тўсасиз ва ана шу унга берган ёрдамингиз бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти).
- Олтинчиси, ўзгаларга нисбатан ишончли ва омонатдор бўлиш. Зеро, омонатдорлик мўмин кишига хос бўлган ахлоқлардандир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُؤْمِنُ مَنْ أَمِنَهُ النَّاسُ عَلَى دِمَائِهِمْ وَأَمْوَالِهِمْ"
(رواه الامام الترمذي)
яъни: “Ҳақиқий мусулмон киши – унинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган киши. Ҳақиқий мўмин эса – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган кишидир” (Имом Термизий ривояти).
- Еттинчиси, аҳдга вафо қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аҳдга вафо қилишга, ўзаро битим ва шартномаларни бажаришга буюрган. Жумладан, Моида сурасининг 1-оятини шундай бошлайди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!”. Бошқа бир оятда,
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
яъни: “Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир”, деб марҳамат қилган (Исро сураси, 34-оят).
Муҳтарам азизлар! Юқорида санаб ўтилганлар энг зарур кундалик одоблардан баъзилари бўлиб, буларга риоя қилиш жамиятда тинчлик ва барқарорликни вужудга келишига сабаб бўлса, буларнинг зидди бўлмиш такаббурлик, ёлғончилик, гуноҳ ва маъсият ишларда ҳамкорлик қилиш (коррупция), омонатга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик каби салбий иллатлар ҳам борки, улар жамиятда парокандалик ва турли хилдаги жиноятларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун динимизда амри маъруф ва наҳйи мункар фарз қилинганки, жамиятдаги кишиларнинг бир-бирларини доимо яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтариб туришлари жамиятнинг гуллаб яшнаши, турмушда файз ва бараканинг зиёда бўлишига асосий омил бўлади.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида намоздаги аввалги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
Сафларни аввалгисидан бошлаб тўлдириб бориш – суннатдир. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга турилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан учинчиси бошланмайди. Гоҳида иккинчи сафни масжидни бурчагидан бошлаганларни кўриб қоламиз, бу тўғри эмас. Аслида, иккинчи сафни тўлдириш имомнинг тўғрисидан бошланади ва икки томонни бир хил тўлдириб борилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафда намоз ўқишнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа илож топилмаса, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар. Агар намозга эртароқ боришда нима борлигини билганларида, унга мусобақа қилган бўлардилар. Агар хуфтон ва бомдодда нима борлигини билганларида, у иккисига эмаклаб бўлса ҳам келардилар” – дедилар”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Яъни, қуръа билан бўлса ҳам, биринчи қатордан жой олардингиз, дейилмоқда. Ўзини аввалги сафлардан орқага тортаётган кишиларни кўриб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдимизга тушади: “...Бир қавм доим ўзини орқага тортаверади, Аллоҳ ҳам уларни орқага суриб қўяди”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривоятлари). Шунинг учун ким масжидга биринчи келса, аввалги қатордаги бўш жойларни тўлдириб бориши керак бўлади. Ўзини орқага тортиб, охирги сафга ўтириб олиш – суннатга хилофдир.
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларни текисланглар, елкаларни баробар қилинглар, орадаги очиқ жойларни тўлдиринглар, биродарингиз қўлларига мулойим бўлинглар, шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (ўз раҳмати билан) уласин. Ким сафни узса, Аллоҳ уни (раҳматидан) узиб қўйсин” – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Одамларга озор бериб, уларнинг елкаларидан ҳатлаб ўтиб, олдинга интилиш мумкин эмас. Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жума куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётганларида бир киши одамларнинг елкасидан хатлаб олдинга ўта бошлади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўтир, сен одамларга озор бердинг” – дедилар" (Имом Абу Довуд ривояти).
Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолдирмасликлари керак. Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириши керак бўлади. Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб, намоз ўқиш макруҳдир. Намозга киришгандан кейин олдинги сафда очиқлик пайдо бўлса, уни тўлдириш мақсадида олдинга юриш ҳар бир рукн (қиём, рукуъ)да икки қадамдан ошмаслиги шарт. Агар ошса, намоз бузилади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз фаровонлигини бунданда зиёда айласин. Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “НАМОЗ – МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Нишонга урилган гаплар: “Баъзи одамлар бизнинг кўнглимизда келажакда уларга ўхшаганлардан қандай сақланишимиз бўйича тажриба қолдирадилар”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Улар “Бу иш амримаҳолдир” дейишди. Мен эса уларга: “Албатта, Аллоҳ таоло барча нарсага қодирдир” дедим.
“Фикр дурдоналари”
*****
Ақл бошқалар билан машғул бўлган пайтда кичрайиб, ўзи билан машғул бўлган пайтда катталашади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қўйлар умр бўйи бўридан қўрқиб яшайди. Аммо охирида қўйларни еювчи чўпоннинг ўзи бўлади. Яхши танимаган, билмаган, синамаган кишига қатиқ ишонч билдириб, дўст деб ўйлашдан эҳтиёт бўл!
“Фикр дурдоналари”
*****
“Кўпчилик мендан Сингапурнинг ривожлангани ҳақида сўраб, шундай савол беришади: “Қандай қилиб улкан давлатдан ажралиб чиқиб, миттигина ҳудуд билан ривожланган давлатга айландинглар? Бу “мўъжиза”ни қандай амалга оширдингиз?”
Уларга жавобан шундай дедим: “Мен Сингапурда мўъжиза яратмадим. Мен фақат Ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос. Давлат бюджетини таълимга йўналтирдим. Муаллимни энг қуйи табақадан Сингапурдаги энг юқори мартабага кўтардим. Давлатдаги “мўъжиза”ларни қилган инсонлар – муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган, камтар авлодни етиштириб чиқардилар. Бунинг учун улардан миннатдормиз!”
Ли Куан Ю,
Сингапур собиқ бош вазири
*****
Баъзи одамлар бизнинг кўнглимизда келажакда уларга ўхшаганлардан қандай сақланишимиз бўйича тажриба қолдирадилар.
“Сукутдаги садолар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Туркияда 210 нафар қори таълимни якунлади
Туркияда 210 нафар Қуръони карим ҳофизларининг битирув тадбирлари ўтказилди. Turk Press нашри берган маълумотларга кўра, битирув маросими Сакаря вилоятидаги Дор ал Ифта таълим муассасасида ўтказилган.
Туркия Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Али Эрбош томонидан тадбир якунида 210 нафар қорига сертификатлар топширилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Балиқ ови
Америкалик тадбиркорлардан бири кексайиб, умри охирлаб қолганда Мексика дарёларидан бирининг бўйидаги ҳашаматли уйида яшар, ҳар куни уйи олдидаги айвонда ўтириб, атрофни томоша қилар, тоза ҳаводан тўйиб нафас олар эди. Лекин унинг эътиборини уйи яқинида балиқ овлайдиган бир киши тортарди. Кекса киши уни кузатар, унинг қайиғи, балиқ тутадиган асбоблари ниҳоятда эски эканини, ёнида овланган балиқлар озгина эканини кўрарди. Бир куни балиқларни сотиб олиш учун овчини ёнига чақирди. Овчи тадбиркорнинг олдига келгач, ундан балиқларни сотиб олди ва: “Шу балиқларни овлаш учун қанча вақт сарфлайсан?” деб сўради.
“Кўп вақт кетмайди” деди овчи.
“Кўпроқ балиқ овлаш учун нега кўп вақт сарфламайсан?” деб сўради тадбиркор.
“Шу овлаганларим оилам эҳтиёжларига етади” деб жавоб берди овчи.
“Қолган вақтингда нималар билан шуғулланасан?” деб сўради кекса тадбиркор. Бу саволга жавобан овчи шундай деди:
“Етарлича ухлайман, бир муддат балиқ овлайман, фарзандларим билан ўйнайман, вақтимнинг бир қисмини аёлим билан ўтказаман, кечқурунлари дўстларим билан қишлоқни сайр қиламан, улар билан бирга ўтираман, гаплашаман, хуллас, вақтимни шу зайлда ўтказаман”.
Бу гапларни эшитган кекса тадбиркор овчини истеҳзо қилгандек бошини сарак-сарака қилди ва унга: “Сенга баъзи насиҳатларни айтаман. Мен америкалик тадбиркорман.
Аввало, кўп балиқ овлаш учун овга кўп вақт сарфла.
Орадан бироз вақт ўтиб, моддий имкониятингни яхшилаб олганингдан сўнг янги қайиқ сотиб ол.
Моддий томондан аҳволинг анча яхшиланганидан кейин ов учун бир неча қайиқлар сотиб ол.
Кейинчалик сен балиқчилик бўйича каттагина ширкат очиб, унинг раҳбарига айланасан. Энди ўзинг балиқ овлаб ўтирмай, ширкат ходимлари овлаган балиқларни сотувчиларга тарқатиш билан шуғулланасан.
Охирида эса балиқни қайта ишлаш, консервалаш заводини қуриб, заводнинг раҳбарига айланасан, кўп даромадларга эга бўласан. Кейин кичкина қишлоқдан Мексика шаҳрига, у ердан эса Америкага кўчиб борасан. Ана шундай қилиб одамлар бармоғи билан ишора қиладиган миллионерга айланасан. Кўрдингми, дўстим, тўғри фикрлаш қандай бўлади?!” деди.
Овчи бироз жим турди. Кейин кекса тадбиркордан: “Бундай муваффақиятга эришишим учун қанча вақт керак бўлади?” деб сўради.
Тадбиркор: “Ўн беш йилдан йигирма йилгача кетади” деди.
Шунда овчи: “Йигирма йилдан кейин нима бўлади?” деб сўради.
Тадбиркор кулди ва: “Ана энди мавзунинг муҳим жойига етиб келдик. Ўшанда ширкатингни ва барча маҳсулотларингни сотасан. Ана ундан кейин дунёнинг энг бой кишиларидан бирига айланасан. Миллионлаб долларларинг бўлади” деди.
Соддагина кийиниб олган овчи суҳбатдошининг кўзига тикилиб турди-да, “Миллионлаб долларга эга бўлганимдан кейин нима бўлади?” деб сўради.
Бу саволга кекса тадбиркор: “Табиийки, истеъфога чиқасан. Қолган умрингни дам олиб ўтказасан. Қишлоқдан катта дала ҳовли сотиб оласан-да, ўша ерда аёлинг ва фарзандларинг билан фароғатда яшайсан, аёлинг билан суҳбатлашасан, болаларинг билан ўйнайсан, дўстларинг билан қишлоқ айланиб, сайр қилиб, суҳбатлашиб ўтирасан, шунингдек, кўпроқ ухлаб дам оласан” дея жавоб берди.
Шунда овчи: “Демак, мен ҳозирги яшаб турган ҳаётимни яшашим учун йигирма йил тинмай ишлашим, оилам, фарзандларимга кам вақт ажратишим, чарчашим, соғлигимни йўқотишим керак эканда?! Насиҳатингиз учун раҳмат сизга!” деди-да, уйига жўнаб кетди.
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Неъматга шукр қилиш ҳақида улуғлар ҳикмати
“Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз”. (Зуҳо сурасидан)
Неъмат оддий эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни рози қиладиган неъмат. Умрининг сўнггида «Умматим, оҳ, умматим!» деган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса умматлари нажот топса, барчаси ортларидан жаннатга кирса, шунда рози бўладилар.
Эй Роббим! Севикли Расулингнинг биз умматларини жаннатга киритиш ила у зот алайҳиссаломни рози қилгин!
*****
Товус раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар Аллоҳ азза ва жалла бир бандага неъмат берса, кейин одамларнинг эҳтиёжини ўша бандага тушириб қўйса, банда бунга сабр қилса ва бардошли бўлса, Аллоҳ таоло неъматни унда бардавом қилади. Бордию (одамларнинг унинг олдига келишларига) сабр қилмаса, неъматни заволга учратади”
*****
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ушбу неъматларни кўп зикр қилинглар! Чунки уларни эслаш, зикр қилиш ҳам шукрдир”.
*****
Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар ҳар бир неъмат бандани Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирмаса, бас, у балодир”.
*****
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг неъматларини Аллоҳ таолога шукр қилиш билан боғлаб қўйинглар!”
*****
Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ юк кўтариб кетаётган ҳаммолни кўриб қолдилар. У устида юки билан “Алҳамдулиллаҳ”, “Астағфируллоҳ” деб кетаётган эди. Бакр ҳазратлари уни бироз кутиб турдилар. У юкларини ерга қўйгандан сўнг ундан: “Бундан бошқа ҳасанотларни ҳам бажарасанми?” деб сўрадилар. У “Ҳа, албатта, бажараман. Кўп яхши амаллар қиламан, Аллоҳнинг Китобини ўқийман. Лекин банда неъмат ва гуноҳ ўртасида бўлади-да. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг менга берган неъматларига ҳамд айтиб, гуноҳларимга истиғфор айтаман” деб жавоб берди. Бу гапни эшитган Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Ҳаммол Бакрдан фақиҳроқ экан” дедилар.
*****
Муовия ибн Қурра раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ким янги либос кийганда “Бисмиллаҳ валҳамдулиллаҳ” деса, гуноҳлари кечирилади. Ким таом еганда “Бисмиллаҳ валҳамдулиллаҳ” деса, гуноҳлари кечирилади. Ким ичимлик ичганда “Бисмиллаҳ валҳамдулиллаҳ” деса, гуноҳлари кечирилади”.
*****
Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Эй Одам боласи, агар Аллоҳнинг сенга берган неъматининг қадрини билмоқчи бўлсанг, кўзларингни юмиб кўр!”
*****
“Солиҳларнинг дурдона сўзлари” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.