muslim.uz
Бишкекда янги масжиднинг очилиш маросими ўтказилди
Бугун, 4 апрель куни Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкек шаҳринг 7-миттитуманида янги масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросимда мамлакат бош муфтийси Мақсат Тўқтомушев ва Республиканинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев иштирок этган.
Азон интернет нашрининг маълум қилишича, мазкур масжид учун ер майдони ва керакли маблағни Алмазбек Атамбаев ажратган. У масжид қурилишида дўстлари ҳам моддий ёрдам кўрсатганини айтиб ўтган.
Масжид Қирғизистонда 2010 йилнинг 7 апрелида юз берган инқилобда ҳалок бўлганлар шарафига “7 апрель шаҳидлари” деб номланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Қўрқув билан шодланувчилар...
- Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қўрқувчилар ҳақида сўрадилар: “Уларнинг қалблари қўрқув билан шодланиб турувчидир ва уларнинг кўзлари йиғлаб турувчидир. Улар айтадиларки, биз қандай қилиб шодланайликки, ўлим ортимизда ва қабр олдимизда турган бўлса ва қиёмат бизга ваъда қилинган жойимиз бўлса ва йўлимиз жаҳаннам устидан ўтса ва Раббимиз олдида тўхтаб туришимиз аниқ бўлса!..” деб жавоб бердилар.
- Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир йигитни учратиб қолдилар. Йигит ҳаддан ортиқ қаттиқ куладиган қавм билан кулишиб ўтирган эди. Ҳасан Басрий ҳазратлари унга: “Эй йигит! Сиротдан ўтдингми?” дедилар. “Йўқ”, деди йигит. “Жаннатга киришинг ва дўзахдан қутулишингни билдингми?” дедилар. “Йўқ”, деди йигит. Ҳасан Басрий ҳазратлари: “Эй болам, модомики, Сиротдан ўтмаган экансан, жаннатга киришинг ва дўзахдан қутулишингни билмас экансан, у ҳолда бу кулги ниманинг хурсандчилигидан?” дедилар. Шундан сўнг ўша йигитнинг кулганини ҳеч ким кўрмаган экан.
- Ҳаммод ибн Абди Роббиҳ агар ўтирсалар икки оёғининг устига ўтирар эканлар. “Хотиржам жойлашиб ўтирсангиз бўлмайдими? дейишганда “Хотиржам ўтириш хотиржам кишиларнинг ўтиришидир. Лекин мен билмасдан туриб Аллоҳга осийлик қилиб қўйган бўлсам қандай қилиб хотиржам бўламан. Мен ўзимнинг ҳолимдан қўрққаним учун шундай ўтираман”, деб жавоб берган эканлар.
- Умар ибн Абдулазиз айтган эканлар: “Аллоҳ таоло ғафлатни бандаларининг қалбига раҳмат қилиб қўйган. Агар ғафлат бўлмаганида одамлар Аллоҳнинг азобидан қўрққанларидан ўлиб қолган бўлардилар. Кўп валийлар ва олимлар қалблари ғафлатдан узоқ бўлганидан баъзилари энг камида оғриқни кўтара олмай ўтириб олган, баъзилари касал бўлиб қолган, баъзилари беҳуш бўлган ва баъзилари ўлиб қолган. Улар ана шу қўрқувдан Қуръони карим, ҳадиси шариф ва саҳобалар ижмоъларига суяниб қутулишини билганлар ва шу ишга қатъий киришганлар. Ўтган олимларимиз кўп хатм қилган шу аснода Аллоҳнинг буйруқ ва наҳйларини энг камида бир марта ўқиш билан минг хил маънода миясида айлантириб турган ва минг хил фазилатли маънога муяссар бўлишган. Шу сабабдан дунёнинг мужмал масалалари уларни сира ҳам довдиратиб қўймаган.
- Машҳур тасаввуф олими Молики Динор раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини жуда ҳам паст санаб айтганларки: “Мен орқамда қолганларга буюришни қасд қилдим: қачон ўлсам мени кишанланглар ва буйнимга занжир осинглар, сўнгра ўзининг эгасидан қочган қўл ўз эгасига олиб борилгандек қилиб қабрга олиб бориб ташланглар”.
- Ҳотамул Асом раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: “Солиҳ кишиларнинг ўрнида турганинг учун ғурурга кетма. Аслида Жаннатдан кўра бирорта салоҳиятли макон йўқ. Мадрасанинг ичида турган бўлсанг ҳам мен яхши жойда турибман деб, алдоқчи ғурурга бормагин. Одам алайҳиссалом нимага йўлиққан бўлсалар жаннатнинг ичида йўлиқди. Сен бўлса, масжидда турибман, мадрасада турибман, деб кериласан. Ибодатинг кўплиги билан ҳам ғурурга кетиб қолмагин, барибир иблисча ибодат қилганинг йўқ. Иблис узун ибодатидан кейин нимага йўлиққан бўлса, шунинг орқасидан йўлиқди. Илмнинг кўплиги билан ҳам ғурурланма. Чунки Балъам ибн Баур деган киши Аллоҳнинг исми Аъзамини биладиган, дуо қилса дуоси қабул бўладиган одам бўлган. Бас у нимага йўлиққанига қара! У охири қилган ибодатларига ҳаволаниб муртад бўлиб ўлди. У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида баён қилиб ўтганлар. Кўп олимлар ҳар қанча олим бўлсалар ҳам лекин исми Аъзамни билмайдилар. Солиҳларни кўрганинг билан ҳам ғурурланиб қолма. Аллоҳнинг наздида ҳар қандай улуғ устоз бўлса ҳам Мустафо солаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра буюкрок устоз йўқдир. Набий алайҳиссаломга йўлиқиш у зотнинг яқинларига ҳам, душманларига ҳам фойда бермаган. Абу Лаҳаб Пайғамбаримизни кўрган, лекин кўргани унга заррача фойда бермаган. Шу сабабдан мен кўп улуғларни кўрганман деб ўзингни кўп алдама. Бу алдаш фақат ўзингга зарар етказади, холос.
- Сирри Сақатий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Қилган гуноҳларим оқибатида юзим қорайиб кетмадимикан, деб қўрққанимдан ҳар куни 100 марта кўзгуга қарайман.
- Абу Ҳафс Кабийр раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “40 йилдирки, Аллоҳ таоло менга ғазаб назари билан қараяпти, деган қўрқувдаман. Чунки амалларим шунга далолат қилади. Аллоҳга қилаётган амалларим нуқсонлидек туйилаверади”.
Ўрол Мустонов
Тошкент шаҳар “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом ноиби
Хушхабар: бир ойда 7000 нафар киши умрага боради
Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишлар самарадорлигини янада ошириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш ҳамда кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 март кунида № 154-Ф Фармойиши қабул қилинди.
Унга кўра Ишчи гуруҳи тузилиб, улар жорий йилнинг 7-10 март кунлари “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини ташкил этиш механизми ва бозорларни ўрганиш мақсадида Саудия Арабистони қироллигига хизмат сафарини амалга оширишди.
Сафар давомида Ишчи гуруҳ аъзолари Макка ва Мадина шаҳарларида хизмат кўрсатувчи компаниялар томонидан тақдим этилаётган меҳмонхона, транспорт, овқатланиш ва бошқа хизматларнинг сифатига, шу жумладан таклиф этиладиган қўшимча шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратишди.
Аввал хабар қилганимиздек, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, қолаверса фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланган эди. Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишларни яна ҳам такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сафарга отланган юртдошларимизга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси ходимларидан иборат мутахассислар иштирокида Умра ибодатининг фазилати, уни мукаммал адо этиш, сафар давомида эътибор қаратиш керак бўлган муҳим жиҳатлар ва бошқа мавзуларда тизимли равишда ўқувлар ташкил этилмоқда.
Шу ўринда зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Зам-зам Пулман” ва Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Кисва” меҳмонхонасида истиқомат қилишаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур меҳмонхоналарда ўзбек ошпазлари тайёрлаган тансиқ таомлар зиёратчиларга тортиқ қилинмоқда. Уларнинг соғлиқларини доимий назорат қилиш мақсадида 24 соат давомида бепул тиббий хизмат йўлга қўйилган.
Юртимиз зиёратчилари учун Мадина шаҳридаги Уҳуд тоғи, Икки қиблали масжид, Қубо масжиди ва Макка шаҳридаги Савр ва Нур тоғлари, Арафот майдони, Мино, Муздалифа водийсига саёҳатлар уюштирилмоқда. Малакали гуруҳ раҳбарлари мазкур зиёратгоҳларнинг ислом тарихидаги аҳамияти, у ерларда содир бўлган муҳим жараёнлар ҳақида атрофлича маълумот беришмоқда.
Энди эса, эътиборингизни бир қатор муҳим янгиликларга қаратмоқчиман.
Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, 28 октябрдан ҳафтада 3 та авиақатнов амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 31 март кунидан эътиборан ҳар куни биттадан авиапарвоз йўлга қўйилди. Олдинги йилларда бир йилда 10 000 нафар зиёратчи Умра сафарига борган бўлса, ҳозирда фақатгина бир ойда 7000 нафар юртдошимиз муборак зиёратни адо этмоқда.
Ўтган йилнинг 28 октябрь кунидан жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар 15 минг фуқаро Умра зиёратини адо этди. Рамазон ойигача ушбу кўрсаткич 30 мингга етиши режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад – ҳозирги кунда умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатини бартараф этишдир.
Ҳурматли журналистлар, яқин кунларда ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ахборот тақдим этилиб, унда Ҳаж мавсумида Ҳожиларимиз учун яратилган имкониятлар,арзонлашган нархлар ва шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Масжидлар қуриш ва уларни обод қилишнинг фазли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб макон қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир. Шаҳарларнинг Аллоҳга ёқимсиз жойи – бозорларидир” деганлар (Муслим ривояти).Бунинг сабаби – масжидларда Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингани, у ерларда Унинг исми зикр этилгани, у ерларда Унинг буйруқ ва қайтариқлари эълон қилингани, у ерларда мусулмонлар ибодатларнинг турли кўринишлари, жумладан, намоз, зикр, Қуръон тиловати, эътикоф, тасбеҳ, дуо кабилар билан Унга қурбат ҳосил қилганлари, у ерларда нафслар гуноҳ ва исён кирликларидан поклангани, у ерларда роҳат, унс, хотиржамлик, иймон, Аллоҳга муножот лаззати пайдо бўлгани учундир.
Масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида ораларида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди.
Масжидларда мусулмон авлод тарбия топади. Тавҳидни, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишни, Аллоҳни яхши кўришни, Унга юзланиб, тавба қилишни, Унинг ибодатларига бўлган рағбатнинг кучайишини, Унга исён қилишдан узоқлашишни, Ундан қўрқишни, Ундан умидвор бўлишни, Унга ихлос, таваккул қилишни, Унга ибодат қилишни, Унга бандалик қилишни ўрганадилар.
Аллоҳнинг дини масжидлардан тарқала бошлайди. Масжидлардан Аллоҳга берган аҳдларида содиқ бўлган кишилар чиқадилар. Улар Роббиларини яхши кўриб, Унинг уйини обод этадилар. Улар Унинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтадилар. Улар намозга бўлган чақириққа “Лаббай” дейдилар ва Унинг ҳузурига киришга ошиқадилар.
Аллоҳ таоло Қуръонда каримда шундай деб марҳамат қилган: “Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар. Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси, 37–38-оятлар).
Масжидлар динни ўрганиш, Қуръонни каримни ёдлаш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини таълим олиш учун илм ва зикр мажлислари ташкил этиладиган бўстонлардир. У ерда одамлар бир-бирларидан тарбия, ахлоқ, одоб ўрганадилар.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида камбағал мусулмонлар масжидларда яшашган. Элчилар масжидларда кутиб олинган. Турли мамлакатларга мусулмон элчилар масжидлардан тарқалишган. Аллоҳ таоло масжидларни ширк ва куфр ифлосликларидан тозалашга буюриб: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”деган (Жин сураси, 18-оят).
Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда каримда: “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар” деб айтган (Нур сураси, 36-оят).
Аллоҳ таоло масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бериб шундай деди: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят).
Масжидларда Аллоҳни зикр қилишдан тўсадиган, масжидларнинг бузилишига сабаб бўладиган кимсаларни У Зот дунёда хорлик, охиратда улкан азоб билан қўрқитди, таҳдид қилди. У зот Қуръон каримда шундай деган: “Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир” (Бақара сураси, 114-оят).
Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган йўл деб эълон қилган.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради», деганларини эшитганман».
Бошқа бир ривоятда: «Жаннатда бир уй», дейилган.
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”. Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким унда Аллоҳ зикр қилиниши учун масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар.
Насоий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун какликнинг тухумларини қўядиган еричалик бўлса ҳам, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар.
Аҳмад ривоят қилган.
Аллоҳ таоло бизларни масжид бино қилишга буюрганидек, масжидларни обод қилишга ҳам буюрган ва бу ишни иймоннинг аломатларидан бири қилиб қўйган. Қолаверса, масжид бино қилиш садақаи жорий бўлиб, кишининг вафотидан кейин ҳам савоби бориб туради.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Еттита иш борки, бандага, у вафот этганидан кейин қабрида ётганида ҳам ажри етиб туради: ким илм ўргатса ёки дарё кавласа ёки қудуқ қазиса ёки хурмо экса ёки масжид бино қилса ёки Мусҳафни мерос қилиб қолдирса ёки вафотидан кейин унга истиғфор айтадиган фарзанд қолдирса”. Баззор ривоят қилган.
Мўмин одам Аллоҳнинг уйларини обод қилишга, унга инфоқ қилиб, моддий ободлигини зиёда қилишга, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилишга уринар ва қалби доим масжидларга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракасига эришади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.