Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslim.uz
Татбиқ: Вақтингиз етмаябтими
Жазоирда Қуръони карим тарихига оид кўргазма ўтказилди
Жорий йилнинг 1-5 апрель кунлари Жазоир мамлакати пойтахти Жазоир шаҳрида Каломуллоҳнинг босилиши тарихи ҳақида маълумот берувчи Қуръони карим кўргазмаси ташкил этилди.
Ушбу кўргазма Дин ва вақф ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилгани ҳақида akher.news веб-сайти хабар берди.
Кўргазмада Қуръони каримнинг дастлаб Жазоирга кириб келиш тарихи, уни қайта чопиш этиш ва такомиллашув жараёнлари ҳақида сўзловчи тарихий далиллар ўрин олган. Араб ёзуви санъати ва Усмон ёзуви асослари моҳир ҳаттотлар томонидан намойиш этилмоқда.
Кўргазма меҳмонларига Араб ҳаттотлигининг бошланғич усуллари ҳам ўргатилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Халқаро Қуръон мусобақасида 80 та мамлакат вакили қатнашади
2019 йил 9 апрель куни Қувайт пойтахтида Х халқаро Қуръон мусобақаси бошланадиБу ҳақда IQNA нашрига таяниб Ислом.уз хабар берди.
Мусобақанинг ташкилий қўмитаси раиси Фарид Амадининг куни кеча матбуот анжуманида берган интервьюсида, мусобақада 80 та мамлакатнинг вакиллари иштирок этишини маълум қилган.
Қуръон мусобақаси уч босқичда ўтказилади. Ташкилий қўмита раисининг билдиришича, бу йилдан бошлаб мусобақа низомига ўзгартириш киритилиб, унда ўсмирлар ҳам қатнашиш имкониятига эга бўлди. Ўтган йилги мусобақаларда Яман, Қувайт, Ливия давлати вакиллари биринчиликни қўлга киритган эди.
Аввалроқ, Муборак Абдул Азиз Ал Ҳисави номидаги миллий Қуръон мусобақаси жорий йилнинг 6 апрель куни Қувайтда бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Султон Саодат мажмуасини обод қилиш бўйича кўрсатмалар берди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳри яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилди.
Ушбу қадамжо X-XVII асрларга мансуб мақбаралар мажмуасидир. Бу ерда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Содот, яъни “Саййидлар султони” дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган.
Олимлар фикрича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан тахминан 865 йилда Термизга келиб, яшаб қолган. Шу тариқа бу ерда обрўли саййидлар сулоласи шаклланган. Ўрта асрлардаги давлатлар, хусусан, Амир Темур салтанати ривожида Термиз саййидларининг алоҳида ўрни бўлган. Соҳибқирон ва темурийлар пайғамбаримиз авлодларига ҳурмат кўрсатишни шараф деб билиб, бу ерда хонақоҳ ва мақбаралар қурдирган. Кейинги даҳмалар ўз даврининг услубига мос равишда барпо этилган. Шу жиҳатлари билан мажмуа улкан тарихий, маънавий, маданий аҳамиятга эгадир.
Давлатимиз раҳбари ушбу қадамжо улкан маънавий мерос, мусулмонлар учун табаррук маскан эканини қайд этиб, унинг тарихини мукаммал ўрганиш, халқимизга ва чет элликларга етказиш зарурлигини таъкидлади. Мажмуа ҳудудини археологик ўрганиш асосида уни ободонлаштириш, Имом Бухорий, Имом Термизий мақбараларидек катта ва гўзал зиёратгоҳга айлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев Ҳаким Термизий мақбарасини ҳам зиёрат қилди. Юртимизга тинчлик, қут-барака тилаб дуо қилинди.
Манба: https://president.uz
ТАЪЗИЯ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерхоновнинг синглиси Иботова Зебохоннинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳуманинг барча хайрли ишлари ва солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Охиратларини обод қилиб, ажру мукофотларини кўпайтирсин ва яқинларига чиройли сабр берсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Жаноза намози эртага (06.04.19) соат 14:00 да Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, Мойбулоқ қишлоғида ўқилади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.