muslim.uz

muslim.uz

Бугун, Ислом тараққиёт банкининг исломий молиялаштириш бўйича департаменти директори Восим Абдулваҳҳоб жаноблари бошчилигидаги делегация Диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонлар “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов билан мулоқот ўтказди.
Искандар Халилов “Вақф” фонди ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, амалга оширилаётган хайрия тадбирлари ҳамда ташкилий ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Восим Абдулваҳҳоб жаноблари “Вақф” фонди томонидан олиб борилаётган ишларга катта баҳо бериб, Ўзбекистонда исломий молиялаштириш ва “Вақф” қонунчилигини ишлаб чиқишга яқинда кўмак беришларини алоҳида қайд этди. Шунингдек, меҳмонлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Ҳақиқатан, жаҳон тажрибасида исломий тамойилларга асосланган молиялаштириш механизмлари, банк амалиёти ва вақф тизими изчиллик билан ривожланиб бормоқда. Юртимизда ҳам ушбу тизимни илмий-амалий ўрганиш ва амалиётга тадбиқ қилиш бўйича жадал хатти-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ислом тараққиёт банки вакиллари, юртимиздаги банк ва молия мутахассислари, “Вақф” фонди раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мана шундай амалий ҳамкорлик ишлари, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Ёшлар тарбияси ҳар нарсадан устун. Ҳар бир инсон ўз туғилиб ўсган Ватанига садоқатли, ҳалол инсон бўлиб камол топиши керак. Бунда эса тарбия билан бир қаторда таълим ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу кунларда вилоятимиз имом-хатиблари ҳам вилоятдаги таълим муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида маънавий-маърифий учрашувлар ўтказмоқдалар.
Ана шундай учрашувлардан бир бугун 15 ноябрь куни Олтинкўл туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари билан Олтинкўл тумани бош имом-хатиби Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов учрашув ўтказди.
Ўтказилган тадбирда таълим олаётган ўқувчиларга “Ёшларни турли зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш” ва “Ёшларни ёт ғоялардан асрайлик” каби мавзуларни ҳаётий мисоллар билан кенг ёритиб берилди.


Нуруллоҳ Қодиров,
ЎМИнинг Андижон вилоят
Вакиллиги ходим

Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам аёлларнинг Исломдаги ўрни масаласида турли хил фикрлар билдирилган. Ажабланарли томони шундаки, мусулмон аёлларнинг ўзлари ҳам Ислом уларга нақадар қадр-қиммат берганидан кўп ҳолларда бехабардирлар. Шу боис бу нозик масаланинг асосий ҳақиқатларидан бир қисмини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
1. Албатта, башарият отаси Одамни Аллоҳ яратди ва сукунат топиши учун унинг жуфтини ҳам яратди. Уларнинг орасига муҳабббат ва раҳматни солди.
2. Албатта, аёллар эркакларнинг тенгдошларидир, улар орасида фазл ўлчови Аллоҳга тақво қилиш ва амали солиҳ билан бўлади.
3. Аёл киши, ҳудди эркак кишидек, барча шаръий таклиф ва буйруқларни бажаришга масъулдир. Албатта, қудрати ва табиий имконлари даражасида.
4. Ислом аёлнинг шаънини кўтариш учун келди. Ислом қадимда ва ҳозирда баъзи дин ва тузумларда баён қилинганидек, аёлни камситадиган, эркаклардан пастга қўядиган жоҳилий тасаввурларни инкор этади.
5. Ислом аёл кишининг комил инсон, мустақил шахс эканини эътироф этади, унга мулкка эга бўлиш ҳаққини, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик билан тасарруф қила олиш, таълим олиш ҳаққини, эътиқод ва ихтиёр эркинлигини, насиҳат ҳаққини, ўз исми, лақаби, отаси ва оиласининг исмини сақлаш ҳаққини беради.
6. Ислом аёл кишига инсоният ҳаёти тараққиётида ижобий ва фаол қатнашиши учун муносиб ўрин берган. Унинг вазифасини насл кўпайтириш ва лаззат талабига боғлаб қўйган эмас.
7. Исломда аёл кишининг ҳаётдаги ўрни эркакнинг ўрнига мувофиқ ва уни тўлдирувчидир. Бу борада ҳеч қандай хусумат, жиддият ёки талашув йўқ.
8. Исломнинг эркак кишини аёл устидан раҳбар қилиб қўйиши эркак зиммасига кўпроқ масъулият юклаш маъносидадир.
9. Ислом аёл кишини она сифатида улуғлаб, оилани ва солиҳ жамиятни барпо этишнинг кўп соҳаларини унга топширди ҳамда жаннатни унинг оёғи остига қўйди. Шунингдек, аёлни хотин сифатида ҳам улуғлади, эркакларнинг энг яхшиси хотинларига кўпроқ яхшилик қилганидир, деди. Эрга хотинининг ҳурматини сақлашни, унга нафақа беришни, ҳожатларига жавоб беришни юклади. Оилада аёлнинг саодати кафолатли бўлишини, қийинчиликлардан ҳимоя қилишни ва хорликдан сақлашни топширди. Ислом аёлни қиз сифатида ҳам улуғлади. Уни яхши тарбиялаш, одобли қилишни ота-онанинг зиммасига юклади ва бу ишни жаннатга киришларига сабаб қилди.
10. Ислом ушбу имтиёзлар муқобили ўлароқ аёлга ҳам эрига, ота-онасига, жамиятига нисбатан бурчлар юклади. Унга осон бўлсин учун эркаклардан талаб қилинган баъзи шаръий таклифларни ундан енгиллатди.
11. Албатта, Аллоҳ аёллардан имонда солиҳа ва тақвода олий даражага етганларини ўрнак қилиб қўйди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ҳамда биби Марямлар шулар жумласидандир.
12. Ислом аёлни она, сингил, қиз ва хотин сифатида эъзозлашни тоат амалларидан бир амал ва жаннатга йўл қилди.
13. Ислом аёлни беҳурмат қилишни, обрўйини тўкишни, йўлдан уришни, уни восита қилиб фитна ва зийнат учун, ахборот воситаларида фисқ йўлида ишлатишни катта жиноят, улкан гуноҳ ҳисоблайди ва буни умматлар ҳамда жамиятлар тубанликка юз тутишининг сабаби деб билади.

Сурайё Зоҳир тайёрлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой – Робиъул аввал ойи муносабати билан ислом дунёсида, хусусан юртимизда Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ насаблари, пок фитратлари, ибрат ва ҳикмат тўла муборак ҳаётларини тараннум этгувчи мавлиди шариф ўқилиши эзгу анъанага айланган.

Бир ой давомида Жума намозларида пойтахтимиз масжидларида ҳам Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” ва ўзбек тилидаги саловоти шарифлар ўқилади.

Эртага, насиб бўлса, 16.11.2018 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Жума намози олдидан  Мавлиди шариф ўқилади:

Учтепа тумани:

1.“Бешқайрағоч” жоме масжиди. (Манзил: Маннон Уйғур кўчаси 555-уй.  Тел.:+998 71 247 01 62, +93 512-84-15)
2. “Лабизах” жоме масжиди. (Манзил: Учтепа тумани, “Хуршид” маҳалласи, Атоий 2-тор кўчаси 1-уй.  Тел.:+998 93 490-88-85, +97 470-70-11.)

Юнусобод тумани:

3. “Минор” жоме масжиди. (Манзил: Минор маҳалласи Минор берк кўчаси 1-уй. Тел. :+998 71 235 17 33. Веб-сайт: minor.uz)
4. “Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди. (Манзил: Мирзохожиев кўчаси, 19 уй. Тел. :+998 71 212 44 20.)

Олмазор тумани:

5. “Ҳазрати имом” жоме масжиди. (Олмазор тумани, Қорасарой кўча, 49-уй. Телефон: +998 71 240 00 23)
6. “Тўхтабой” жоме масжиди. (Олмазор  тумани, Фаробий кўча, 13-уй. Телефон: +998 71 244 55 93.)
7. “Иброҳим ота” масжиди. (Олмазор тумани, Иброҳим Ота кўчаси 20-уй. Телефон: +99893 532-27-50)

Мирзо Улуғбек тумани:

8. “Мулла Қосим” жоме масжиди. (Мирзо Улуғбек  тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси 31 уй. Мўлжал: “Саёҳат” меҳмонхонаси орқа тарфи. Тел.: +998 71 268 81 72, +998 99 842 30 46)

Шайхонтоҳур тумани

9. “Хўжа Аҳрор Валий” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Чорсу майдони, Гулзор маҳалласи, Ҳақиқат кўчаси, 22-уй. Тел.: +998 71 242 23 88)
10. “Имом Ҳасан” жоме масжиди. (Ибн Сино 2-мавзеси, “Шодлик” маҳалласи, 2а-уй. +998 71 218 63 57)
11. “Фирдавс” жоме масжиди. (Боғкўча маҳалласи 21а-уй.+998 71 242 25 08)
12. “Фотимаи Заҳро” жоме масжиди. (Чўпон ота маҳалласи, Шокир Алимов кўчаси 47-уй. +998 71 273 59 33)
13. “Яҳё қори” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, “Обиназир” маҳалласи, Шомаҳмудов кўчаси 50-уй. Тел.:+90 949-25-93)
14. “Коҳ ота” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Коҳ ота кўчаси 105а-уй. Мўлжал: Себзор даҳаси йўли “Нурафшон” кўчаси кесишмаси. Тел.: +998 97 711-36-22, 170-79-03)
15. “Эшонгузар” жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Каттабоғ кўчаси, 58-уй. +97 769-10-48, +93 551-12-98)
16. “Ҳувайдо” жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Хувайдо 2-тор кўча 49а-уй. Тел.: +998 71 249 96 17, +93 509-17-27)

Яккасарой тумани

17. “Яккасарой” жоме масжиди. (Яккасарой кўчаси 5-уй. +998 71  250 54 09)

Яшнобод тумани

18. “Гўзал” жоме масжиди. (Яшнобод тумани Сокин кўча 50 -уй. Тел: +998 71 297-99-27, +90 323-41-09)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳ этилган, саловот айтилган давраларга нур ёғилади, қалблар Ул муборак зотнинг исмлари, муборак сийратлари билан ҳушбўй мушк таратади. Бу онда дуолар мустажоб бўлади. Фурсатни бой берманг азизлар, Мавлиди шарифларга марҳабо!

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлик фаолиятида ўзига хос имижи, ҳаётий принциплари бор. Булар – халқ ичига кириб, одамлар ҳаётини бевосита кўздан кечириш, улар билан мулоқот қилиб, талаб ва истакларини эшитиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати билан жойида танишиб, долзарб масалаларни ҳал қилиш, истиқболга мўлжалланган вазифаларни белгилаб бериш.

Шунинг учун давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ҳудудларига тез-тез сафар қилади. Шундай сафарларнинг навбатдаги босқичи бошланмоқда. Бу гал ҳам илк манзил Қорақалпоғистон.

Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни Нукусга жўнаб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабар берди.

 

Top