muslim.uz
Сизга уммат бўлиш – бахт!
Ё Расулуллоҳ! Сизнинг муборак ҳадисларингизни ўқиб, бу хулқи мукаммал зотнинг умматларидан бўлишга лойиқмиканман, деган савол мени қийнайди. Сийратингиз ҳақида мутолаа қилган сайин нима учун ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) дунёда Сизнинг баракотли юзингизга қарашдан кўра маҳбуб нарса йўқ деб ҳисоблаганини, ҳазрат Муоз (розияллоҳу анҳу) Сиз билан жаннатда рафиқ бўлишни орзу қилганини, ҳазрат Билол (розияллоҳу анҳу) Сизсиз Мадинада азон айта олмаганини англаб етдим. Сизнинг муборак ўгитларингизни ўқир эканман, каломингизга башариятнинг бирор сўзи тенг келолмаслиги, шу боис унинг ишқида Бухорий бобом жаҳон кезганини тушундим.
Сизнинг зиёратингиз учун қилган сафарим ҳаётимдаги энг бахтли воқеадир. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: Масжидингизга кирган заҳоти минглаб йиғлаётган умматларингизни кўриб, мен ҳам ўзимни тутолмадим. Равзангизга яқинлашган сари юрагим ҳаприқиб, бошқа бир дунёга тушиб қолгандек ҳис қилдим ўзимни. Тилимда фақат “Ас-солату вас-саламу алайка ё Расулуллоҳ!” ибораси айланади, холос. Бу не саодатки, Сиз яшаган макон, Сиз ибодат қилган жой, Сизнинг назарингиз тушган ашёларнинг ёнгинасидаман. Дилимдан ўтаётганларни Сизга изҳор этишга муштоқ бўлсам-да, юрак ютиб лом-мим деёлмайман. Йиллар давомида қилган гуноҳларим сабаб қаддим дол, юзим шувут. Сиздек хулқи буюк зот ҳузурида оғиз жуфтлашга нолойиқ биламан ўзимни...
Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, мендек ғофил бандасини ҳатто пайғамбарлар орзу қилган мақомга – Сизга уммат бўлишдек бахтга муяссар айлаган. Шунинг ўзи менга тасалли беради. Қалбим Сиз ўргатган муҳаббатга лиммо-лим. Сизни ўзимдан, ота-онамдан, аҳли оиламдан, қўйингки, жами махлуқотдан ортиқ яхши кўраман. Сизга бўлган муҳаббатим янада кучайишини, энг муносиб, суйган умматларингиз қаторида бўлишни сўраб, Аллоҳга илтижо қиламан.
Обидхон ИКРОМОВ
“Ҳидоят” журналидан
Умрачиларнинг кайфияти аъло
Юртимизда диний-маърифий соҳага катта эътибор берила бошлагандан кейин одамларнинг келажакка бўлган умиди янада ортди. Жумладан, ҳаж ва умра масалаларида ҳам янгича тартиб-қоидалар татбиқ этила бошланди. Ҳажга бориш квоталари оширилди, бу кўрсаткич 7200 нафарга етди. Умра квотаси эса олиб ташланиб, мунтазам Тошкент-Жидда-Тошкент қатнови йўлга қўйилди. Энди фуқароларимиз йил давомида умра зиёратини амалга оширишлари мумкин. Бу хушхабар катта тезликда бутун юртимиз бўйлаб тарқалиб, халқимизнинг қувончига қувонч қўшди. Ҳар хафтада рейслар амалга оширилиб, гуруҳларга тақсимланган зиёратчилар гуруҳ раҳбарлари ҳамроҳлигида аввал Мадина шаҳрига, кейин Макка шаҳрига бориб, умра ибодатини адо этмоқдалар. Ташриф буюраётган гуруҳлар орасида ибодатни бажаришда намуна ва ибрат кўрсатаётганлари талайгина. Кўпчилик бир жойга жамланиб, бир хил дуоларни ўқиб, бир хил амалларни бажаргани ҳамманинг кўнглини тоғдек кўтариб, ўзгача завқ бағишлади. Айтиладиган зикр ва дуоларни гуруҳ раҳбарлари навбати билан баланд овозда айтдилар, қолганлар эса мазкур дуоларни такрорлаб турдилар. Ибодат асносида зиёратчилар Каъбанинг рўпарасига ўтириб, ихлос билан баралла дуо қилдилар. Бунинг шукуҳини тасвирлаб бериш жуда қийин. Барчамиз кўзимиз тўла ёшу қалбимиз тўла ихлос билан дуога қўл кўтариб, Динимиз ривожи, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, бундай имкониятларни очиб бераётган муҳтарам Юртбошимиз бошчиликларидаги ҳукуматимиз ҳақига дуолар қилинди. Ибодатни адо этиб, биргаликда меҳмонхонага қайтдик. Умрачиларимизнинг амаллар ҳақидаги фикрлари билан қизиқсам, барчалари мамнун эканини, кўнгли тўлиб қайтганини айтишди. Аллоҳ таолодан халқимиз, юртимиз ҳақига қилинган дуолар ижобат бўлиб, барчанинг ибодатлари қабул бўлишини сўраймиз.
Нозимжон Иминжонов,
Тошкент шаҳри 8-гуруҳи раҳбари,
Макка шаҳри.
Ўтганлар қўним топган жойларга эътибор
Ўтганларни яхши сифатлар ила эслашлик, уларнинг қўним топган жойларини обод қилишлик динимиз кўрсатмаларидан бири ҳисобланади.
Шу кунларда вилоятимиз бўйлаб улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари жадал суратда олиб борилмоқда. Шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшилмоқда. Кўчаларимиз янада нурафшон, йўлларимиз эса текис-равон этилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишлари кўламида эса вилоятимиздаги қабристонлар ҳам янада обод этилмоқда. Ўтганлар қўним топган масканларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари жадал суратда амалга оширилмоқда. Бунинг мисолида вилоятимизнинг Избоскан туманидаги қабристонларни кўришимиз мумкин. Шу кунларда тумандаги марказий қабристонида ободонлаштириш ишлари жадал суратда олиб борилмоқда. Қабр четлари ғишлар билан ўралиб, бегона ўт-ўланлардан тозаланмоқда. Қабрлар ораларига махсус йўлаклар қилинмоқда. Зиёратчилар учун алоҳида шароитлар, қабристон ишчилари учун хизмат хоналари барпо этилмоқда.
Вилоят бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров жорий йилнинг 14-ноябрь куни ушбу масканга ташриф буюриб, у ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Қабристонларнинг ободонлаштиришда нималарга аҳамият бериш кераклиги ҳақида ўзининг кўрсатмаларини бериб ўтдилар.
Манашундай ободонлаштириш ишлари вилоятимиздаги қабристонларида яна давом эттирилмоқда.
ЎМИ Андижон вилояти вакиллиги ходими Н.Қодиров
Ҳадис илми мактабига бағишланган видеоролик
Мутойибада мўътадиллик
Агар аҳамият берсангиз кўчада, уйда, ҳатто таълим даргоҳларида ҳам кўплаб одамлар бир-бирлари билан ҳазиллашиб туришганини кўришингиз мумкин. Айниқса, ёшлар бир-бирлири билан ҳар хил мавзуларда ҳазиллашиб, мазаҳ қилишади. Хўш, Ислом динида ҳазиллашишга қандай қаралади ва унинг чегараси борми?
Қуйида шу мавзуда сўз юритилади.
Ҳазил-кулгу Ислом динида кенг тарқалган. Бунга қавлий далиллар ва Пайғамбар (алайҳиссалом), ҳамда саҳобaи киромларнинг ҳаётида бўлиб ўтган ҳодисалар ҳужжат бўлади. Ҳаёт қийинчиликлари ва оғирликларини оз бўлса-да енгиллаштиришга инсоннинг фитрий табиати муҳтож бўлгани учун ҳам ҳазил-кулгуга рухсат этилган. Бу борада ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу): “Ноёб ҳикматли сўзлар билан қалбларингизга ором беринг. Чунки у ҳам баданингиз чарчагани каби чарчайди”, деганлар.
Вақтичоғлик ва кўнгилхушликнинг бундай тури киши манзилига саломат етиши учун уловини йўл-йўлакай дам олдириб боргани каби, нафсини ҳам бирор ишни доимо ва бардавом қилиш учун тетиклаштириб турадиган ва уни малолланишдан сақлайдиган воситадир.
Динимизда ҳазил-ҳузул, ўйин-кулгунинг мубоҳлиги борасида бирор шак-шубҳа йўқ, лекин бу ҳам ҳад-чегаралар ва маълум шартлар асосида бўлиши лозим. Уларни қуйида келтириб ўтамиз.
- Ҳазилга ёлғон аралашмаслиги лозим. Ҳазиллашиш вақтида ёлғондан жуда эҳтиёт бўлиш керак.
Чунки Пайғамбар (алайҳиссалом): “Инсонларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган одамга вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин”, деб уч бор таъкидлаганлар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳазилларида ҳам фақатгина ҳақ гапни айтардилар.
- Агар ўзи рухсат бермаса, ҳазиллашиш бошқа бирор одамни тахқирлаш ва уни устидан кулиш бўлиб қолади. Шу сабаб ҳазиллашиш бу каби ҳолатлардан холи бўлиши лозим. Саҳиҳ ҳадиси шарифда “Киши мусулмон биродарини тахқирлаши унинг ёмонлигига кифоя қилади” дедилар.
- Бошқа одамни қўрқитиб ёки чўчитиб ҳам ҳазиллашиш жоиз эмас.
Нўмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Биз Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бирга юрган эдик. Бир одам улови устида мудрай бошлади. Шунда бошқа бир одам ўқдонидан ўқ олиб уни уйғотди. Ҳалиги одам уйғонганида, ўқни кўриб чўчиб кетди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Кишига мусулмон одамни чўчитиши ҳалол эмас”, дедилар. Ҳадиснинг маъносидан ўқ билан чўчитган одам ҳазиллашиб бу ишни қилганини тушунамиз.
Бошқа бир ҳадисда ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Сизлардан бирортангиз биродарининг нарсасини ўйнаб ёки жиддий бўлиб ҳам олмасин”, деганлар. Бу ҳадисдан ҳам киши биродарининг нарсасини ҳазиллашиб бўлса ҳам олиб қўйиш билан уни қўрқитиши мумкин эмаслигини биламиз.
- Жиддий ўринларда, ҳазиллашмаслик ва йиғлаш керак бўлган жойларда кулмаслик лозим. Чунки ҳар бир нарсанинг ўз ўрни бўлади. Ҳар бир гапнинг ўрни бор, ҳар бир жойнинг гапи бор деганлари ҳам шундан. Ҳикмат дегани ҳам ҳар қандай нарсани ўз ўрнига қўя олишдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳам ҳадисларда: “Уч нарса борки, унинг ҳазили жиддий, жиддийси ҳам жиддийдир. Улар никоҳ, талоқ ва қул озод қилиш”, деганлар. Қуръони каримда ҳам Аллоҳ таоло мушрикларни Қуръон оятларини эшитган пайтда кулганлари учун уларни айблаб: “Бу сўздан сизлар ажабланасизларми ва куласизлар-у йиғламайсизларми? Ҳолбуки, сизлар бепарвосизлар”, дея марҳамат қилган.
- Ҳазил ақл қабул қиладиган ва соғлом табиат рози бўладиган, жамият ҳам ижобий қаршилайдиган бўлиши, шу билан бирга Аллоҳ ва одамларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслиги шарт.
Ислом дини ҳар бир нарсада, ҳатто ибодатда ҳам исроф ва ҳаддан ошишдан қайтарганидай, қандай қилиб ҳазилда ҳаддан ошишдан қайтармасин?! Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг “Кўп кулманг. Зеро, кўп кулиш қалбни қорайтиради”, деган сўзларидан ҳам ўйин-кулгунинг маълум чегарадан ошмаслиги кераклигини тушуниш мумкин. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу): “Гапингизга овқатингизга туз қўшганингиз миқдорича ҳазил гапларни ҳам қўшинг”, деган ҳикматли гапларидан биз ҳазилдан бутунлай юз ўгирмаслик ёки умуман ҳазилга берилиб ҳам кетмаслигимиз лозимлигини биламиз.
Ишларнинг яхшиси ўртачасидир. Бу эса Ислом динининг мукаммал йўли ва бошқалардан афзал тарафидир.
Олий маъҳад ўқитувчиси
Шерзод Чўлпонов тайёрлади.