muslim.uz

muslim.uz

Бирлашган Араб Амирликларида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг таваллуд айёмлари муносабати билан вазирлик масъуллари хусусий сектор вакиллари учун ҳам уч кунлик дам олиш куни берилганини эълон қилди. Бу ҳақда gulfbusiness.com нашри маълум қилди.

БАА Инсон ресурслари ва амирликлаштириш вазирлигининг қарорига асосан давлат хизмати ва хусусий соҳа ишчиларининг барчаси мавлид муносабати Раби ул аввал ойида уч кун дам олишлари мумкин бўлади.

Жорий йилнинг 18 ноябрь, якшанба куни хусусий сектор ишчилари учун ҳақ тўланадиган дам олиш куни бўлади. Бунга сабаб сифатида 20 ноябрда Мавлид кунининг нишонланиши экани таъкидлаб этилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Кириб келган Мавлид ойи муносабати билан Чеченистон Давлат университетида факультетлараро исломий мусобақа ташкил қилинди. Бу ҳақда muslimaat.uz нашри хабар берди.

Мусобақада жами 10 та факультетдан 4 тадан иштирокчи қатнашиб, талабаларнинг Қуръонга ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларига доир, саҳобалар ҳаёти ҳамда ҳадисларга оид билимлари синаб кўрилди.

Натижада Тиббиёт институти талабалари бошқа факультетлар талабаларидан ғолиб келиб, биринчи ўринни қўлга киритишган.

Қувонарлиси, мазкур Тиббиёт институти жамоасини юртимиздан борган ўзбек талабалари ташкил қилади. Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик 1-курс талабаси Одил Раҳимов Дониёр ўғли 1-ўринни олди. Барча ғолиблар фахрий ёрлиқ ҳамда Мусҳаф билан мукофотланишган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир. Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши ҳақиқий мусулмондир. Ёмонликларни тарк этган киши асл муҳожирдир. Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатган кирмайди” (Рамуз ал-аҳодис” ҳадислар китоби).
Ҳадиснинг бош қисмида мўминнинг ишончли киши экани, ундан бошқаларга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етиши гуноҳ экани уқдирилмоқда. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган юқоридаги ҳадисга биноан ўзимизни тафтиш қилсак, имонимизнинг даражаси маълум бўлади.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида айтилишича, асл муҳожир ёмонликларни тарк этган кишидир. Чунки инсоннинг яшаш жойи ўзгаргани билан ахлоқи, табиати ўзгармайди. Шунинг учун бир жойда яшаб туриб, ёмон хулқларни тарк этиш ҳақиқий муҳожирликка тенглаштирилмоқда.
Ҳадиснинг сўнгги қисмида эса жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қасам билан: “Нафсим қудрати қўлида бўлган Зотга қасамки, қўшнисига зулм қиладиган киши жаннатга кирмайди” деб таъкидлаётирлар.
Демак, жаннатга ноил бўлмоқ шартларидан бири қўшнига бирор жиҳатдан зарар етказмасликдир. Зарар етказадиган киши эса жаннатга – Аллоҳнинг буюк эҳсонига мушарраф бўлмайди. Аллоҳ барчамизни бундай бахтсизликдан асрасин.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг
“Мўминнинг сифатлари” китобидан

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва миллий қонунчиликда кафолатланган виждон ва эътиқод эркинлиги барча фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шароитларни яратди. Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири – бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаровий ўзаро аҳилликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдир.

Шунга асосан, ҳар йили 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш анъанага айланган. Тошкент ислом институти жамоаси ҳам ушбу анаънани давом эттирган ҳолда, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири С.Шерхонов, ЎМИ етакчи мутахассиси К.Бурҳонов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуровлар иштирок этдилар.

Тадбирни Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров олиб бориб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамкорлигида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар институт профессор-ўқитувчи ва талабаларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг тадбирнинг юқори савияда ва мазмунли ўтиши учун сўзни республикамизда виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва диний бағрикенглик тамойилларини тарғиб этишда нафақат мамлакатимизда, балки, дунё миқёсида юксак малакали ва катта тажрибага эга бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, ҳуқуқшунослик фанлари доктори, академик Акмал Саидовга берди.

Тадбирда академик А.Саидов ўзининг “Ўзбекистонда диний бағрикенглик: янги давр одимлари ва халқаро эътироф” мавзусида маъруза қилди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида кейинги даврда мамлакат Президенти бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

"Ушбу ташаббусларнинг замирида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда", – дейди академик Акмал Саидов.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббус кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланганини алоҳида қайд этиш даркор. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни камситишга йўл қўймасликка ёрдам бериш ҳисобланади.

Академик А.Саидов ўз маърузасида халқаро майдонда Ўзбекистоннинг дин ва эътиқод эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорлик, тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларининг самаралари эътироф этилгани, шубҳасиз, бу борада бизга янада катта рағбат бағишлашини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида талабалар томонидан мавзуга оид саволлар берилиб, А.Саидовдан мазмунли жавоблар олдилар. Суҳбат сўнгида, институт ректори мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Тошкент ислом институти жамоаси номидан академик А.Саидовнинг 60 ёши билан чин кўнгилдан ва самимий муборакбод этиб, эсталик совғалари билан тақдирланди.

Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими

Туркманистон Республикаси маблағлари эвазига Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудида масжид барпо этилиши маълум қилинди. Бу ҳақда islam-today интернет нашри хабар берди.

Туркманистон Республикаси президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ушбу масала юзасидан фармонга имзо қўйган. Ҳужжатга асосан барча қурилиш-таъмирлаш ишлари жорий йилнинг ноябрь ойида бошланиб, 2020 йилнинг декабрида якунланиши лозим.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top