muslim.uz
Доғистонда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га тегишли буюмлар кўргазмаси ўтказилмоқда
Шу кунларда Доғистон Республикасида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам фойдаланган буюмлар кўргазмаси ташкил этилган. Ушбу кўргазма жорий йилнинг 10-15 ноябрь кунлари Гергебил қишлоғида ўтказилади.
Кўргазмага ташриф буюрганлар Аллоҳнинг расули бўлган зотнинг буюмларини кўриш шарафига муяссар бўладилар. Муҳаммад (с.а.в.)нинг мўйлари ва бошқа буюмлари аллақачон Доғистонга келтирилган.
Кўргазманинг очилиш маросимида Доғистон муфтийси шайх Аҳмад Афанди, ҳукумат вакиллари, уламолар иштирок этган. Ушбу кўргазманинг Раби ул аввал ойида ўтказилиши ҳам мусулмонлар учун туҳфа экани қайд этилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
"Кордай" мадрасасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбай ҳожи Ўраз Жамбил вилоятига ташрифи доирасида "Кордай" мадрасасининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда muftyat.kz нашри хабар берди.
Динлар ва миллатлараро тотувлик сабаб Қозоғистонда масжид ва мадрасалар сони кундан кунга кўпайиб бораётгани таъкидланди.
Маълумот учун, ушбу янги очилган мадрасада 100га яқин талабалар таълим оладилар. Мадраса Кордай туманининг Масанчи қишлоғида очилгани таъкидланди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бирлашган Араб Амирликларида бағрикенглик миллий фестивали ўтказилади
Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида бағрикенглик миллий фестивали ўтказилмоқда. Ушбу фестивални ўтказишдан мақсад сифатида сабр қилиш маданиятини ривожлантириш, БАА ҳудудида яшовчи бошқа турли миллат вакиллари билан биргаликда ва биродарликда яшашга чақириш экани айтилган.
The National нашрининг хабар беришича, ушбу фестивал жорий йилнинг 16 ноябрига қадар давом этади ҳамда унинг доирасида 100 дан ортиқ тадбир ва маросимлар ўтказилади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Халқаро фестивал иштирокчилари Диний идора ва Хастимомга келди
Бухорода ўтказилган “Нақшбанд туризм фестивали” халқаро тадбири иштирокчилари жорий йилнинг 11 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрганлари ҳақида маълум қилган эдик.
Дунёнинг 18 та давлатидан ташриф буюрган 160 га яқин меҳмон Имом ал-Бухорий мажмуаси, Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳамда Шоҳи Зинда мажмуаларини зиёрат қилдилар.
Бугун, 13 ноябрь куни халқаро фестивал иштирокчилари Тошкент шаҳридаги Хастимом мажмуасини зиёрат қилдилар. Уларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари ҳамроҳлик қилдилар. Меҳмонлар дастлаб Хастимом мажмуасида жойлашган Мусҳафи шарифни кўришга таклиф қилинди ва уларнинг кўпчилиги ўзларининг миннатдорликларини намоён этдилар.
Нақшбандия тариқати намоёндалари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида учрашув ўтказилиб, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов меҳмонларни қабул қилди. Учрашувда юртимизда амалга оширилаётгн ислоҳатлар, зиёратчилар учун яратилган шароитлар хусусида маълумотлар берилди.
Меҳмонлар мусулмон оламида машҳур алломалар, тасаввуф намояндалари, Нақшбандия тариқати асосчилари ватани бўлган заминни зиёрат қилганликларини орзулари ушалгани билан тенглаштирдилар.
Маълумот учун, жорий йилнинг 7 ноябрида “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” халқаро фестивали бошланган эди. Ушбу фестивал иштирокчилари Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги зиёратгоҳларни зиёрат қилдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати