muslim.uz
Бу кунларда “йўл”га чиқиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди
Бугун, 13 июнь. Рамазоннинг 28 куни. Ҳамма саҳарлик қилиб, шодиёна руҳда тонг оттирди. Аммо Раббимиз бугун тонгда Ўзбекистон халқига, илм аҳлларига бошига оғир жудолик солганини кўпчилик ишга бораётиб йўлда эшитди. Машҳур воиз, нуктадон навоийшунос, етук муҳаррир, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 60 ёшида вафот этди...
Ҳозиргина кўзда ёш билан устознинг жанозасидан қайтдик. Минор масжиди фаолият бошлаганидан бери бунчалик кўп одамни кўрмаган бўлса керак. Ҳар жума шу ерга Анвар қорининг маърузасини тинглагани келиб, у кишининг маърузасидан тўлқинланиб кўзига ёш олган одамлар бугун унинг ўзининг тобутининг тепасида туриб кўз ёши қилдик.
Яҳудийлик, насронийлик ва Ислом динини қиёслаб ўрганган ҳинд олими – оти шу онда эсимга келмай қолди. “Мусулмонлар ўлим Аллоҳнинг ҳузурига бориш дейди. Унда улардан бири вафот этса нега йиғлайди?” деб ҳайрон бўлади. Бунинг жавоби оддий: мусулмонлар Анвар қоридек ажойиб воизидан, олимидан айрилгани боис ўзларининг ҳолига йиғлайди.
Бинобарин, биз бугунги айрилиқни мусибат деб эмас, жудолик деб атаганимизнинг сабаби ҳам шундадир.
Жалолиддин Румий ҳазратлари ўлимни висол кечаси деб таърифлаган. Бутун ҳаётини дини Исломга бағишлаган, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Ислом маърифатини тарқатган, не-не адашган юртдошларимизни тўғри йўлга солиб қўйган, ана шу ишлари йўлида бир неча йил бурун қуролли ҳужумга ҳам учраган Анвар қори аканинг вафоти ана ўша ҳужум асоратидан бўлгани боис у кишининг мақоми ҳам шаҳид бўлди. Боз устига устоз рамазони шарифда жон таслим қилдики, бунинг ҳам ўзига хос фазилати бордир. Ана шундай гўзал хислатлар билан Парвардигоримизнинг ҳузурига йўл олган қори акамизга ўлим, ҳақиқатан, висол оқшоми бўлади, деган умиддамиз.
Жаноза намозини ўқишдан олдин қисқагина маъруза қилган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, жумладан, бундай дедилар: “Рамазон ойининг гуноҳлар кечириладиган даҳасида, Лайлатул Қадр кечалари ўтказилгандан кейин Аллоҳнинг ҳузурига бориш жамики мўмин-мусулмонларнинг орзусидир. Бундай кунлар кимларга насиб этади, кимларга насиб этмайди. Анвар қори акамиз узоқ вақт қаттиқ хасталикдан азият чекиб ётдилар. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандасига шундай дард бериб, ўша дардни унинг жамики гуноҳларига кафорат қилади. Раббимиз муҳтарам қори акамизни ана шу дард билан поклаб, Ўзининг ҳузурига гуноҳлари тўкилган ҳолда чорлади”.
Анвар қори Турсуновнинг ихлосмандлари қалбидан жой олган амри маъруфлари унинг ҳаққига абадий дуолар ёғилишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ! Меҳрибон Парвардигоримиз устозни Ўз раҳматига олсин!
Дамин ЖУМАҚУЛ
Кўзи ожизлар билан суҳбат ташкил этилди
Бугунги кунда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар жараёнида аҳолининг ҳеч бир қатлами эътибордан қолмаслигига имкон қадар ҳаракат қилинмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан турли даражадаги ногиронлиги бўлган кишилар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг диний соҳага доир билимларини ошириш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 7 июнь куни Тошкент шаҳар Кўзи ожизлар жамияти аъзолари билан диний-маърифий ва ижтимоий масалалар ҳақида суҳбат ташкил қилинди.
Суҳбатда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакили Дилбар Аҳмедова ва Тошкент шаҳри отинойилари иштирок этишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов Рамазон ойи билан барча иштирокчиларни табриклаб, бу ойнинг фазилати ҳақида маъруза қилди. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов ҳозирги олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. Шундан сўнг Кўзи ожизлар жамиятининг бир нечта аъзолари ишсизлик, уй-жой масалалари борасида саволлар билан мурожаат қилишди. Саволларга Шуҳрат Турдиқулов жавоб бериб, ижобий ҳал қилиниши ҳақида сўзладилар. Баъзи жамият аъзоларининг коммунал тўловлардан қийналаётганликлари ҳақида ёзма мурожаат қилишди. бу масала Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин Абдураҳманов томонидан ҳал қилинди. Жамиятнинг ёши катта аёл ва эркакларидан ташқари, ёшларда ҳам илм олиш ва Қуръонга бўлган муҳаббатлари ҳақида сўзлаб беришди. ЎМИ мутахассиси Мунира Абубакирова яқин кунларда Кўзи ожизлар жамияти аъзолари учун Қуръон курслари очилиши ҳақида маълумот берди. Иштирокчилар ўтказилаётган тадбирдан хурсандликларини, бундай учрашувлар тез-тез бўлишини таклиф қилдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
13 июнда Тошкент шаҳрида хатмоналар якунланади
Бугун 13 июнь санасида Тошкент шаҳрининг қуйидаги масжидларида Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
1. “Катта қозиробод” жоме масжиди.
(Чилонзор тумани, Катта Қозиробод маҳалласи, Чилонзор кўчаси, 82а-уй. Мўлжал: "Бунёдкор" стадиони.)
Масжид имом-хатиби: Юнусов Абдуқаҳҳор
Қорилар: Мирзаев Шамсиддинхон Мухаммадулло ўғли, Нурмухаммедов Алишер Ражаб ўғли
2. “Фирдавс” жоме масжиди.
(Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Боғкўча маҳалласи 21а-уй. Тел.: +998 71 242 25 08, +93 539-72-33)
Масжид имом-хатиби: Сатторов Бахтиёр
Қорилар: Рахмонберди Абдулазиз Рустамжон ўғли
3. “Маҳкамбой ҳожи ота” жоме масжиди.
(Манзил: Учтепа тумани, Оқшом кўча, 25А-уй. Тел. :+998 71 228-63-35, +98 367-59-60)
Масжид имом-хатиби: Зокиров Ҳабибуллоҳ
Қорилар: Мирзақулов Ғайрат Шербаевич, Саипов Баходир Юлдашевич, Йўлдошев Муҳаммадамин Шуҳрат ўғли.
4. “Нўғойқўрғон” жоме масжиди.
(Сирғали тумани, Нўғойқўрғон маҳалласи, Султонхўжанов кўчаси 34-уй. Тел: +998 71 215 84 70, +90 946-68-71)
Масжид имом-хатиби: Қултоев Ёрқинбек
Қорилар: Уралов Мансур Уролович, Муртазаев Аҳлиддин Абдумажид ўғли
5. “Омина” жоме масжиди.
(Манзил: Юнусобод тумани, Обод маҳалласи, Ўртасарой кўчаси 30 уй. Тел.: +90 374-28-07)
Масжид имом-хатиби: Ҳамидов Маъруфхўжа
Қорилар: Обиджонов Машҳурбек, Шодиев Юсуф
6. “Қатортол” масжиди.
(Манзил: Чилонзор тумани, 2-Қатортол маҳалласи, Машраб 1-тор кўчаси, 2а-уй. Тел. : +998 93 509-17-27)
Масжид имом-хатиби: Алимов Аброр
Қорилар: Алимов Аброр Афзалжонович
7. “Иброҳимбой ва Орифжонбой” масжиди.
(Олмазор тумани, «Гузар боши» маҳалласи, Ҳуррият кўчаси 23-уй. Тел. : +90 935-56-38, +97 711-12-48)
Масжид имом-хатиби: Холмурзаев Элмурод
Қорилар: Жўрабоев Икромжон Абдуллажон ўғли, Холиқов Мансур Қўчқоралиевич, Турғунбоев Абдулло Бахтиёр ўғли
8. “Салом” масжиди.
(Манзил: Олмазор тумани, Зарқайнар кўча 74-уй. Тел: +998 98 570 12 22)
Масжид имом-хатиби: Камолов Музаффар
Қорилар: Азимов Дилмурод Неъматович, Аминов Муҳаммадисмоил Раҳматуллоҳ ўғли, Давлатов Ҳикматуллоҳ Нормўминович, Худойбердиев Фаррух Аманкелдиевич.
Хатми Қуръон савоблари таниқли олим, марҳум устоз Анвар қори Турсуновга бағишланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Намоз вақтида акса уришнинг ҳукми қандай?
Савол: Киши намозда акса уриб, “Алҳамдулиллаҳ” деса, намози бузиладими? Акса уриб, ҳамд айтганга намоздаги одам жавоб берса-чи?
Жавоб: Намозда акса уриб, ичида ҳамд айтган кишининг намози бузилмайди. Аммо сукут сақлагани яхшидир (“Хулоса”). Агар бу киши имомга эргашган бўлса, у ичида ҳам, ташида ҳам ҳамд айтмайди (“Темиртоший”). Бундай киши намозини битиргач, ҳамд айтади.
Акса урганга намозда туриб жавоб бериш билан эса намоз бузилади (“Муҳит”).
"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Муборак Рамазон ҳайити арафасида 226 киши авф этилди
2018 йил 12 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ илк маротаба муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган 226 нафар фуқаро афв этилди.
Афв этилган шахсларнинг 102 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 71 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 39 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади, бошқача қилиб айтганда, 212 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.
Афв этилганларнинг 40 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 39 нафарини чет эл фуқаролари, 37 нафарини аёллар, шунингдек, 51 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларнинг муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
ЎМИ Матбуот хизмати