muslim.uz
Ҳайит куни қабристон ичида намоз ўқиса бўладими?
Савол: Қабристонда намоз ўқиш гуноҳ деб эшитдим. Ҳайитда айрим кишилар масжид ёнидаги қабристон ичида туриб, имомга эргашишади. Уларнинг намози дуруст бўладими?
Жавоб: Қабристонда, йўл ўртасида, туянинг ётоғида, ахлат-чиқинди ташланган жойларда, кушхоналарда (қассобхона), ҳожатхона ва таҳоратхоналарда, Каъбанинг устида, ҳаммомда (ювиниш жойларида), ўтиш жойлари ва йўл устида намоз ўқиш макруҳдир (“Фатовойи Ҳиндия”, “Фатовойи Қозихон”).
Қабрларни босиб ўтиш одобдан эмас.
Иложи борича ибодатларимизни камчиликсиз, тўлиқ адо этишга ҳаракат қилишимиз лозим.
"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳайит куни нафл рўза тутса бўладими?
Савол: Қайси кунлари нафл рўза тутиш макруҳ бўлади?
Жавоб: Ашуро кунида (Муҳаррам ойининг ўнинчи куни) тўққизинчи ё ўн биринчи кунини қўшмай иккала ҳайит куни ва ташриқ кунлари (қурбон ҳайитидан кейинги уч кун), фақат жума куни, фақат шанба куни рўза тутиш макруҳ бўлади. Лекин кунора рўза тутишни одат қилиб олган кишилар учун у икки кунда нафл рўза тутиш макруҳ бўлмайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таолога энг севикли рўза Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзасидир. Довуд (алайҳиссалом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эдилар», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Шунингдек, шак куни рўза тутиш ҳам макруҳдир.
"Сўраган эдингиз" китоби асосида тайёрланди
ЎМИ Матбуот хизмати
Туя сеники бўла қолсин, фақат сендан илтимос...
Туясини миниб чўлда кетаётган бадавий ҳар сафар дам олиш учун туясини чўкаллатганда Аллоҳ таолога ўзи ва ўлкаси учун ҳеч бир нарсанинг тескари келмаслигини сўраб дуо қилар эди. Бир вақт қаршисидан ўзига қараб тўғри келаётган бир кишини кўриб қолди. Яхши ниятли инсон бўлгани туфайли учратган одамидан бирор ёмонликни гумон қилмади. Сувсизликдан лаблари қуриган одам бадавийдан сув сўради. Бадавий туясининг устидаги озгина суви қолган бидонни олиб унга узатди. Сувни сўнгги томчиси қолгунича симириб ичган одам бадавийни итариб ташлаб туяни етаклаб қочишга тушди.
Бадавий унинг орқасидан хотиржам овозда:
– Майли, туя сеники бўла қолсин, фақат сендан илтимос, бу туяни мендан олиб қочганингни асло бировга айта кўрма, – деди.
Бу гапни эшитган одам ҳайрон бўлиб тўхтади ва ундан бунинг сабабини сўради. Ниҳоятда яхши тилакли бўлган бадавий унинг саволига:
– Агар бу воқеани бирор кишига гапириб берсанг, у хабар тезда атроф-оламга ёйилиб кетади. Натижада инсонлар чўлда қолган муҳтожларга асло ёрдам бермай қўядилар... – дея жавоб берди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Умиддан айирмасин!
Тўртта шам ёниб турган эди. Атроф жим-жит бўлгани боис уларнинг айтган сўзлари эшитилиб турарди.
Биринчиси айтди: “Мен хотиржамликман!
Энди ҳеч ким менинг ёниб туришимни таъмин этмайди, сўнадиганга ўхшайман”. Олови бирдан пасайди ва бутунлай ўчди.
Иккинчиси бундай деди:
“Мен ишончман!
Деярли ҳар бир киши мени энди ҳеч кимга керак эмас деб ўйлаяпти. Шундай экан, энди ёниб туришимнинг ҳеч ҳам кераги йўқ”, деб гапини тугатгани заҳоти бир енгил шамол эсди ва уни ўчирди.
Навбати келишини хафаҳол тарзда кутиб турган учинчи шам тилга кириб:
“Мен севгиман!
Ёниб туриш учун бошқа қувватим қолмади. Инсонлар мени бир чеккага улоқтириб юборишди ва аҳамиятимни англашмади, ўзларининг энг яқин одамларини ҳам севишни унутдилар”, деди ва бирданига ўчиб қолди...
Хонага бир болакай кириб келди ва учта шамнинг ўчиб қолганини кўрди. “Нега ўчиб қолдингиз, сиз тугагунга қадар ёнишингиз керак эди”, деди ва йиғлай бошлади.
Шунда тўртинчи шам тилга кириб: “Қўрқма, ҳозирча мен ёниб турган эканман, қолган шамларни ҳам қайта ёқа оламиз. Чунки мен умидман!” деди.
Дунё аёллари нега Исломга кирмоқда?
Агар дунё бўйича қайси дин энг кўп қизиқишга сабаб бўлаётганини билмоқчи бўлиб интернетга онлайн-сўроқ бериб юборсангиз, Ислом динини чиқариб беради. Иккинчи жиҳати, айнан аёллар оммавий равишда Исломга интилмоқда. Интернет фойдаланувчилари Исломга рағбати бўлиб, бу динга ўзини мансуб деб биладиган аёлларнинг нималарни ҳис қилишларига қизиқади.
Ана шундан келиб чиқиб, дунёнинг турли мамлакатларида яшайдиган (Россия, Австралия, Буюк Британия, Кения) тўртта аёлнинг Исломга кирганидан сўнг нималарни ҳис қилгани ва ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлгани билан таништиришни лозим топдик.
Юлия, Россия: “Аёллар Исломда жавоҳирга ўхшайди!”
Менинг отим Юлия, Исломий исмим эса Айсил. Мен россияликман. Аллоҳ таолонинг марҳамати ила ярим йил бурун Исломга кирдим. Бундан жуда ҳам бахтиёрман. Тан олишим керак, ана шу воқеадан кейин ҳаётимда ижобий ўзгаришлар бўлди. Мен яратган Раббимизга имон келтирдим ва У имонимни сабаб қилиб менга куч-қувват ато этди, яна шундан хурсандманки, Парвардигоримиздан нимани сўрасам, ўшани берди. У менга алҳамдуллиллаҳни берди, умид қиламанки, барча одамлар бир куни келиб ана шу туйғуни ҳис қилади, иншоаллоҳ.
Исломда аёллар гўёки қимматбаҳо жавоҳирдек ҳимоя қилинади. Ана шу асраб-авайлаш барча масалада намоён бўлади – оилавий муносабатларда, ҳатто ажрим бўлган вақтларда ҳам. Эркакларга бир оз қийинроқ, Негаки, Исломда кўп вазифалар уларнинг зиммасига юкланган. Бу борада аёлнинг иши осон – унинг вазифаси эрининг ўнг қўли бўлиб, унга итоат қилиши, қўллаб-қувватлаши, яхши аёл ва она бўлишининг ўзи кифоя.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига жуда чиройли муомалада бўлганлар. Бир сафар Оиша онамиз розияллоҳу анҳо туяга минмоқчи бўлганида Пайғамбар алайҳиссалом қўлларини тутган эканлар, Оиша онамиз у зотнинг муборак қўлларига оёқ қўйиб худди зинадан кўтарилгандек бўлиб туяга миниб олган эканлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу ишлари мусулмонларга аёлни эъзозлаш, уни қадрлаш борасида гўзал намунадир. Бугунги эркаклар Пайғамбаримизнинг ана шундай гўзал одатларини ўрганмоғи даркор.
Алана, Буюк Британия: “Миш-мишларга эмас, Қуръони каримга эргашинг!”
Менинг отим Алана. 23 ёшдаман. Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида яшайман. Менинг Исломга қадар бўлган ҳаётим ҳам худди ҳар бир европаликники каби эди. Мен олий таълим олиб ишга жойлашдим. Исломга уч ярим йил олдин кирдим. Бу меҳнат таътилига Испанияга борганимда мусулмонлар билан танишганимда рўй берди. Уларнинг масжидга қандай кириб-чиқишларини кузатдим. Менинг мамлакатимда ҳам мусулмонлар кўп бўлса-да, аммо мен Испанияда улар билан юзма-юз бўлдим. Уйга қайтганимдан сўнг бир йиллар атрофида тадқиқотлар олиб бордим – кўплаб китоблар ўқидим ва интернетдан турли видеороликлар томоша қилдим. Дастлаб динимни ўзгартириш ниятим йўқ эди, шунчаки Исломга қизиққан эдим. Бу дин ҳақида фақат ОАВда эшитганим сабабли кўпроқ билишни истардим.
Исломни ўрганишни бошлаганимга бир йил бўлди ва мен масжидга бориб калима шаҳодатни айтиб муслима бўлдим. Бу ҳақда энг яқин дўстларимдан бошқа ҳеч ким билмас эди, ўша куни жуда қаттиқ ташвишга тушдим. Рамазон ойи бошланганда ота-онамга муслима бўлганимни айтиб бошимга рўмол ўраб намоз ўқимоқчилигимни ва рўза тутмоқчи эканимни билдирдим. Менинг гапларимни эшитиб улар хурсанд бўлишди ва бу менинг танловим эканини, нимани истасам, ўшани қилишим ҳаққим эканини айтишди.
Исломга кирганимдан сўнг менинг Исломда аёлга муносабат масаласидаги тушунчаларим ўзгарди. Дастлабки кезларда ОАВда ўқиганларимга ишониб Ислом аёлни таҳқирлайди деб ўйлардим ва шундан қаттиқ ташвишда эдим. Аммо ўзим муслима бўлганимдан кейин бу қарашим ўзгарди. Мен аёл киши авратларини яшириб юриши зарурлигини тушундим. Гап шундаки, муайян мажбуриятлар ва қоидалар Исломда фақат аёлларга эмас эркакларга ҳам юкланган. Аммо улар инсонларнинг фойдасига хизмат қилади.
ОАВ нималар деётган бўлса, уларнинг ҳаммасига ишониш шарт эмас. Қуръони карим нима деяпти, унга ишонмоқ керак! Мен бунга қатъиян ишонаман. Мен муслима бўлганимдан сўнг қаршимда кўплаб ҳақиқатлар очилиб кетганига гувоҳ бўлдим.
Оиша, Кения: “Аллоҳ таоло менда умид уйғотди”
Менинг исмим Оиша. Кенияда туғилганман. Аммо Италияда вояга етдим. Кейин Австралияга кўчиб келдик. Исломга киргунимга қадар стюардесса бўлиб ишлаган эдим, жуда ҳам тўқ ва бадавлат яшар эдик. Менинг ақлу ҳушим Голливудда бўлиб у ерда юз бераётган ҳар бир ҳодисани жону дилим билан кузатиб борар эдим.
Мен Исломни умримнинг энг зимистон палласида топдим – мен ўзлигимни йўқотган эдим. Нима учун яшаётганимни билмасдим, даҳшатли депрессияга тушиб қолган эдим – спиртли ичимликлар ичардим ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилардим. Мен ўзимни йўқотган эдим ва бундан қаттиқ азият чекар эдим. Аммо Аллоҳ таоло менга умид берди. Кунларнинг бирида телевизорда Малкольм Икснинг қандай қилиб Исломга киргани ҳақидаги телекўрсатувни томоша қилиб ўтирган эдим. Ўшанда дунёнинг кўплаб инсонлари Ислом динига кириб кетаётганини эшитиб ҳайратга тушдим. Алҳамдулиллаҳ, ана шу кўрсатув менинг ҳаётимда кескин бурилиш ясади. Мен ўзимни қутқариш учун тезкорлик билан нимадир қилмасам, ақлдан озишим аниқлигини тушуниб қолдим.
Менга энг катта таъсир кўрсатгани Қуръони карим бўлди. Мен уни Аллоҳ таолонинг бутун инсониятга мурожаати деб тушундим. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсини ва у зотнинг охирги пайғамбар эканини билганимдан сўнг Исломга киришга бошқа иккиланиб ўтирмадим.
Ана шундан кейин ҳаётим ўзгариб кетди. Аллоҳ таолонинг борлигини, Унинг Расулини ва саҳобалар ҳаётини ўргангач ҳаётга қарашим бутунлай бошқа узанга тушиб олганини ҳис қилдим. Аллоҳ таоло ато этган бир илҳом ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрини ва сабр қилишдан роҳатланишларини ўзлаштирдим. Менинг ҳаёт йўлимга энг гўзал намуна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаёти бўлди. Мен ўша кунданоқ бир муслима аёл сифатида ҳар бир ҳаракатимни у зотнинг суннатларига амал қилиш билан давом эттиришга қарор қилдим. Ана шу ёндашув ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди.
Нима учун доим глобусни олиб юраман, биласизми? Чунки бу дунёнинг унчалик катта жой эмаслигини ва биз бу дунёга аниқ мақсад билан келганимизни ёдда сақлаб туриш учун шундай қиламан. Шуниндек, дунёда менга ўхшаган ва менинг олдинги кунларимдагига ўхшаб Ислом дини ҳақида ҳеч нарса билмайдиган одамлар жуда ҳам кўп. Умид қиламанки, ҳечқурса уларнинг муайян қисми бўлса ҳам Исломни таниб қолса, Аллоҳ таоло уларнинг қалбини Ўз нури билан мунаввар айласа, иншоаллоҳ...
Сара, Австралия: «Исломдан олдин мен бунга ўхшаш бирор нарса кўрмаган эдим»
Қачон намоз ўқимоқчи бўлиб жойнамознинг устига чиқсам қалбим шу қадар фараҳбахш туйғуга лиммо-лим бўладики, Исломга қадар бундай ажойиб ҳиссиётни сезмаган эдим.
Мен австралиялик мусулмон эканимдан фахрланаман. Бироқ мен Исломга қараб жуда узоқ йўл босиб келдим – Исломга оид китоблар ўқидим, интернетдан роликлар томоша қилдим, маърузалар эшитдим. Мен насронийлик ва католиклик кайфияти ғоят устувор бўлган шаҳарда улғайдим. Исломга эса университетнинг психология факультетида ўқиётганимда кирдим. Ислом инсон бахтли яшаши учун ҳамма саволларга жавоб беради ва уни тўғри йўлга солиб туради. Ислом инсонга маънавий уйғунликни топишига ёрдам беради. Мен бурунги эътиқодимдан айнан шу нарсани топа олмаган эдим.
Ота-онам ва яқинларим менинг Исломга оид асарларни ўқиётганимни кўрганида ва мен муслима бўлганимни эълон қилганимда унчалик ҳайратга тушмади. Чунки яқинларим менинг яхши тарафга ўзгараётганимни кўргани боис бу қароримни қўллаб-қувватлашди.
Бугун Ислом ҳақида салбий фикр эшитиб қолгудек бўлсам, дарҳол қўлимга Қуръони каримни олиб уни ўқишга тушаман. У – менинг ҳаётимдаги йўлбошчим. Ана, Қуръони каримни ўқиб кўрсинлар... унда низокорлик, фитнакорлик, зинокорлик қилиш, одамларга азоб-қуқбат ёғдириш ҳақида нималар ёзилганини ўргансинлар... Менинг мамлкатимда яшайдиган мусулмонлар тинчликсевар, хушмуомала, оиласи ҳақида қайғуриб, бахтли ҳаёт кечираётган гўзал ахлоқли инсонлар. Аммо бу ҳақда ОАВда кўп ёзишмайди...
Муаллиф: Саида ИБРОҲИМОВА
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ