muslim.uz
Саратовда йирик ифторлик тадбири ўтказилди
Саратов областидаги мусулмонларнинг тарихидаги энг оммавий ифторлик ўтган якшанба куни Алгай туманида ўтказилди. Бу ерда муқаддас Рамазон ойида 3000 дан ортиқ рўзадорларга ифторлик уюштирилган.
Кенг кўламли байрамга нафақат Волгаорти аҳолиси, балки бошқалар ҳам ташриф буюришган. Қозоғистоннинг олий муфтийси Серикбай-ҳожи Ораз ҳам меҳмон бўлиб келгани айтилган.
Ушбу тадбирдан лавҳаларни қуйида кўришингиз мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Рамазон ойида Ўзбекистон халқидан Афғонистонга кўмак кўрсатилди
Ўзбекистон қўшни Афғонистон Ислом Республикасига мамлакатда кузатилган қурғоқчилик сабаб 3100 тонна миқдоридаги ун-дон маҳсулотларини юбормоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. Ушбу инсонпарварлик кўмаги ўзбекистонликлар номидан Афғон халқига оғир вазиятларда кўрсатилган кўмак сифатида баҳоланмоқда. Бу сингари савобли ишларнинг Рамазон ойида амалга оширилиши икки қўшни мамлакатлар ўртасидаги ҳамкрлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини юбориши муносабати билан Ҳайратон шаҳрида (Афғонистон Ислом Республикаси) икки давлат ҳукумат вакилларининг учрашуви бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистондаги вакили Исматилла Эргашев, Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консуллик идораси консули Миродил Абдураззоқов, Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саййид Шаҳобиддин Темурий ҳамда ҳукумат вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Тошкент шаҳридаги 5 Июнь кунидаги Хатмоналар
Бугун 5 Июнь, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 20-кунларидир. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.
Бугун 05.06.2018 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
1. “Тўлқин Акром ўғли” жоме масжиди.
(Манзил: Олмазор тумани, Чиғатой Оқтепа маҳалласи, Форобий кўча 418-уй. Мўлжал: “Фаровон” ресторани. Телефон: +998 71 246 06 86, +97 450 05 58)
Масжид имом-хатиби: Сатимов Саҳобиддин Сойибжонович
Қорилар: Шодмонов Зиёдуллоҳ Тўлқин Ўғли, Сайдалиев Муҳаммад Ҳожи Мирзо Мўминжон ўғли
2. “Ҳазрати Умар” жоме масжиди.
(Манзил: Учтепа тумани, М.Уйғур кўча, 556а-уй. Мўлжал: ”Чароғон” ресторани. Тел.:+998 71 228 50 36)
Масжид имом-хатиби: Шерматов Ҳусанбой
Қорилар: Азимбоев Валихон Зоҳидхон ўғли, Мамадалиев Фазлиддин Мамасобирович,
3. “Ҳазрати Али” жоме масжиди. (Учтепа тумани, Назарбек кўчаси, 32-уй. 79, 20, 114, 87 автобусларнинг “Чевар” бекати. Тел.:+998 71 274 71 11)
Масжид имом-хатиби: Шарифов Салоҳиддин
Қорилар: Шамсиев Аҳмадхўжа Норхўжаевич, Жалолов Зайниддин Салоҳитдинович, Мажидов Муҳаммад Солиҳ Абдурасулович
4. “Аҳмаджон қори” жоме масжиди. (Олмазор тумани, Олимпия мавзеи, Мухбир кўчаси 15-уй. Телефон: +998 71 227 83 01. Масжид расмий веб-сайти: www.nasihat.uz)
Масжид имом-хатиби: Эргашев Мухаммадий
Қорилар: Эргашев Мухаммадий Туҳфатулла ўғли, Рўзиев Жаҳонгир Ўктамович
5. “Абу Бакр Қаффоли Шоший” жоме масжиди.
(Манзил: Олмазор тумани, генерал К.Ғофуров кўча 101-уй. Телефон: +998 71 227 61 92)
Масжид имом-хатиби: Турсунов Қурбонбой
Қорилар: Абдумажидов Ҳасанхон Яҳёевич, Жалилов Набийиддин Неъматуллаевич
6. “Собитхон ҳожи” жоме масжиди. (Чилонзор тумани, Ҳ.Қодирий 3-тор кўчаси 19-уй. Тел: +998 98 367-08-78)
Масжид имом-хатиби: Рустамов Эргаш
Қорилар: Юсупов Носирхон Ҳабибуллаевич, Исмоилов Неъматуллоҳ Ҳабибуллоҳ ўғли
7. “Искандархўжа” жоме масжиди. (Олмазор тумани, Уста Олим кўчаси 46а-уй. Телефон: +998 71 240 67 28)
Масжид имом-хатиби: Шокиров Абдуллахон
Қорилар: Қодиров Зойиржон Адҳамжонович, Тошбоев Аъзамжон Юсубжонович
8. “Ал Бадр” жоме масжиди.
(Манзил: Миробод тумани, Сарикўл маҳалласи, Фидоийлар кўчаси 26-уй. Телефон: +998 71 299 50 38.)
Масжид имом-хатиби: Холмуродов Одилжон
Қорилар:Акбаров Аловуддин Хайрулло ўғли
9. “Оқилон” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарбоза кўчаси 27-уй. Тел.: +998 71 242 50 63)
Масжид имом-хатиби: Аҳроров Исомиддин
Қорилар: Артуккариев Абдуносир Муртазаханович, Исроилов Самихон Абдуллаевич, Миркомилов Икром Абдулахад ўғли
10. “Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди. (Яшнобод тумани, Ғалабанинг 40 – йиллиги Тузел маҳалла биринчи мавзе, Чўлпон кўчаси 1-уй. Телефон: +998 71 294 43 99)
Масжид имом-хатиби: Аллоёров Фазлиддин
Қорилар: Мирсодиқов Нуруллоҳ Қудратиллаевич, Сиддиқов Юнус Қобилович
11. “Бешқайрағоч” жоме масжиди.
(Манзил: Учтепа тумани, Маннон Уйғур кўчаси 555-уй. Тел.:+998 71 247 73 94, +90 319-26-27)
Масжид имом-хатиби: Ибн Турсун Билол қори
Қорилар: Хамидов Абдурашид Абдушакирович, Умарходжаев Мурод Улуғбекович, Музаффархонов Абдуллоҳхон Авазхон ўғли, Абдукаримов Абдухамид Абдураззоқ ўғли
12. “Доруссалом” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Ўзбекистон маҳалласи Қушқўнди кўчаси 8-уй. Тел.: +998 90 167 75 96)
Масжид имом-хатиби: Йўлдошев Абдуллоҳ
Қорилар: Турғунов Ҳамидуллоҳ Абдубанноевич, Хисоров Эркин Аҳмадҳожи ўғли
13. “Олтинхонтўра” жоме масжиди.
(Манзил: Чилонзор тумани, “Мевазор” маҳалласи, Токзор кўчаси, 17-уй. Тел: +998 71 216 02 72, +97 755 49 94)
Масжид имом-хатиби: Аминов Баҳодир
Қорилар: Хошимов Асилхон Хусанхон ўғли
14. “Имом Ҳасан” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Ибн Сино 2-мавзеси, “Шодлик” маҳалласи, 2а-уй. Тел.: +998 71 218 63 57)
Масжид имом-хатиби: Даминов Махмуд
Қорилар:Юсупов Иноятуллоҳ Убайдуллаевич, Абдукаримов Абдулбосит Абдулҳамид ўғли.
Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
“Ухла, олабўжи келди”
Ёлғон ва рост: Қайсини қўпроқ ишлатамиз?
Катта-ю кичик ҳамма ўзини ростгўй ҳисобласа-да, унча-мунча одам “Мен ёлғончи эмасман”, деб баралла айта олмайди. Айтганлари ҳам шу вақтгача тўқилган ёлғонларини яна битта ёлғон билан бойитиб қўяди, холос.
Нега дунёда ростгўйлар бармоқ билан саналарли-ю, ёлғончиларнинг сони бунчалик кўп?
Чунки мурғаклигимизданоқ олган тарбиямиз шунақа. Бу ҳам камлик қилгандек болаларимизни ҳам шу йўсинда тарбияламоқдамиз. Масалан, уларни чақалоқлигиданоқ “олабўжи келяпти, ажина келди, тез ухла”, деган ёлғонларимиз билан қўрқитамиз. Бола бечора уйқуси келмаган бўлса ҳам, қаттиқ қўрққанидан ўзини мажбурлаб ухлаб қолади. Баъзан уйқусидан чўчиб уйғониб чириллаб қолса, “ёмон туш кўрди, шайтон қўрқитди-да”, деб ўзимизнинг айбимизни шайтонга ағдарамиз. Болани ўйнатишимиз ҳам ажойиб: бирор ўйинчоқни орқамизга яширамиз-да, “йў-ўқ” деймиз. Биздан ўрганиб у ҳам такрорласа “уу, қитмир”, деб уни рағбатлантирамиз. Болакай эса қиқир-қиқир кулиб “ду-ук” деб алдашда давом этади. Тез орада олабўжининг ҳам, ажинанинг ҳам, йўқ нарсалар эканини билиб олади-да, бизнинг ўзимизни олабўжидан қўрқита бошлайди. Биз эса ўзимизни худди қўрққан кишидек кўрсатиб яна алдашда давом этамиз. Бола бундан завқланади.
“Мен уйда йўқман”
Кейинчалик болакай гапга тушунадиган, росту ёлғонни фарқига борадиган бўлганда уни рост гапиришга ундай бошлаймиз. Афсуски, бу ишимиз ҳам амалсиз одамнинг насиҳатлари бўлгани боис унга таъсир кўрсатмайди. Бир куни нимадандир гап очилиб, етти ёшдаги ўғлимнинг мени алдаётганини сезиб қолдим. Табиийки, фарзандининг келажагини ўйлайдиган ота сифатида бу каминани ташвишга солди. Ахир қайси ота кўзининг оқ-у қораси ёлғончи бўлиб улғайишини хоҳлайди? Уни ёнимга чақириб кўп насиҳатлар қилдим. Ёлғончиликдан келадиган турли офатларга ўтмишдан бир неча мисоллар келтирдим. Унга ўгит бериш асносида юз-кўзидан ифодани кузатиб бордим. У менинг гапларимни жон қулоғи билан тинглар, кўзлари катта-катта очилиб ҳайратга тушарди. Айниқса, у ёлғончи қул ҳақидаги ҳикоядан таьсирланди. Ҳикоя кўпчиликка таниш бўлгани учун батафсил сўзлаб ўтирмасдан, мазмунига бироз тўхталиб ўта қолай: бир бой бозордан қул сотиб олмоқчи бўлади. Қулжаллоб сотилаётган қулнинг биргина айби борлиги – ёлғончилигини айтиб, уни огоҳлантиради. Бой эса бунга кўп эътибор қилмайди. Натижада қул турли уйдирмалар тўқиб бой билан хотини ўртасига нифоқ солади. Бой жаҳл ва гумон устида хотинини ўлдириб қўяди, хотиннинг қариндошлари бойни ўлдиради, бойнинг қариндош-уруғлари уларга ҳужум бошлайди, улар – буларга. Хуллас, уруш-жанжал қабилалар ўртасидаги росмана жангга айланади, кўплаб одамнинг қони тўкилади.
Ўғлимни мазкур ҳикоя воситасида ёлғондан юз ўгирадиган ҳолга келтириб тургандим. Бахтга қарши шу пайт телефон жиринглаб қолди-ю, менинг ҳамма ваъз-насиҳатларимни йўққа чиқариб, ўзимни уятли аҳволга солиб қўйди. Телефон гўшагини олиш учун ўрнидан турган ўғлимга беихтиёр: “Мен уйда йўқман”, деб юбордим. Аслида ким биландир гаплашгим келмай ҳам юрганим йўқ эди, шунчаки ўрнимдан қўзғалгим келмаётганди, холос. Шахдам қадамлар билан кетаётган болакай таққа тўхтаб, менга бир қараб олди, сўнг: “Дадам бир жойга кетувдилар”, деб гўшакни жойига қўйди-да, кўчага шаталоқ отиб ўйнагани чиқиб кетти. Мен мулзам бўлиб қолавердим.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса, Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирган эдилар. Онам менга:
«Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамдан:
«Унга нима бермоқчи эдинг», деб сўрадилар.
«Хурмо бермоқчи эдим», деди.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар бирор нарса бермайдиган бўлганингда, сенга бир ёлғон ёзилар эди», дедилар.
Ҳай Аллоҳ, у ҳолда бизга нечта ёлғон ёзилган экан, Раббимизнинг Ўзи мағфиратини дариғ тутмасин!
“Мени деб ёлғон гапирманг!”
Бир ҳамкасбимиз бундай ҳикоя қилади: ”Ишхонамизда вазифамга кўра икки раҳбар ўртасидаги одамман. Икковига ҳам ниҳоятда ҳурматим баланд. Улар фақат раҳбар сифатидагина эмас, шахс сифатида ҳам ҳурмат ва ҳавас қилишга арзийдиган инсонлар. Шароит тақозосига кўра, бош раҳбар лавозими каттароқ бўлган иккинчи раҳбарнинг ишининг натижасини ҳам мендан сўрайди. Буниси ҳам ҳадеганда раҳбарнинг топшириғини бажара қолмайди. Менга эса бу ёқдан зуғум кучаяди. Шундай кунларнинг бирида ўша ижро муддати чўзилиб бораётган иш юзасидан гаплашаётганда иккинчи раҳбарга дағалроқ муомала қилиб қўйдим чоғи, у норози оҳангда ўзининг ва каминанинг кимлигини эслата бошлади. Мен шу дамда яна бир қовун туширдим. “Устоз, шу ишни бажаришга кўп вақтингиз кетмайди-ку, мендан “катта” талаб қиляпти, сизни деб ёлғон гапиришга ҳам мажбур бўлдим”, дедим. У эса мен каби мулойим табиатли йигитдан бундай гап кутмаган эканми, “Мени деб ёлғон гапирманг, умуман ёлғон гапирманг, нега ёлғон гапирасиз?” дея баттар авж олди. “Хўп”, деб хонамга чиқиб кетдим.
Суфён ибн Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг катта хиёнат сенга ростгўйлик қилаётган биродарингга ёлғон гапиришингдир», дедилар». (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган).
Бу одамнинг ёнини оламан, икки кишининг ўртаси бузилмасин деб ёлғон гапиришга мажбур бўлганим ва бу ҳам камдек, ўзим тарафини олган кишининг ўзи мени ёлғончиликда айблагани кайфиятимга жуда ёмон таъсир қилди. Иш вақти тугагунча хонамда сиқилиб ўтирдим. Кечга бориб, ҳа энди уники ҳам феъл-да, балки мен ошириб юборгандирман деган ўйда узрхоҳлик қилиб, аразларни ёзиш мақсадида “Қайтмаймизми?” деб хонасига мўраладим. “Қайтамиз”, дея у нарсаларини йиғиштира бошлади. “Хайрлашиб кетмаймизми?” дея раҳбарнинг хонасига ишора қилдим. У бир тараддудланиб олди-да, “Мени кетиб қолибди” деб қўя қолинг, деди.
Шунақа гаплар, муҳтарам юртдош! Биз, ўзини ростгўй санайдиганлар ёлғонсиз кун ўтказа олмаймиз. Чунки айтиб ўтганимиздек, тарбиямиз шунақа.
Аслида дунё ёруғлик ва зулмат, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик... каби қарама-қарши кучларнинг муросасиз кураши асосида яралган. Бунда катта ҳикмат бор: бу қарама-қаршиликлар инсоннинг ақл-фаросатини ўлчовчи мезонлардир. Одамзод маънавий баркамолликка эришмас экан, курашлар давом этаверади. Ҳалигача улардан бирортаси иккинчисининг устидан тўлиқ ғалаба қозона олмаганининг ўзиёқ инсониятнинг ақлида қусур борлиги исботидир. Ҳатто, одамларда шундай тушунча пайдо бўлганки, улардан бирортаси буткул ғолибликни қўлга киритса, ҳаёт ўз рангини йўқотадигандек. Рост ва ёлғон ҳам шундай. Халқимизда “Арафа куни ёлғон гапирганнинг Намоз (Ҳайит) куни юзи қора”, деган мақол бор. Шундай экан, азизлар, ўзимизга ва бошқаларга яхшилик тиласак, ёлғондан тийилайлик, ростгўйлар сафида бўлайлик. Ана шундагина юзимиз ёруғ бўлади.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
ЎМИ Матбуот хизмати