muslim.uz
Наманганда “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди
Наманган вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали ҳамкорлигида “Таъвилот ал-Қуръон” китобининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги раҳбарияти ва фаол имом хатиблар, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказининг Наманган вилояти минтақавий филиали тингловчилари ҳамда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.
Тақдимот тадбирида сўзга чиққан нотиқлар томонидан муҳтарам Юртбошимизнинг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида буюк алломаларимизнинг нодир асарлари мазмун-моҳиятини ўрганиш ва халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилишни ташкил этиш юзасидан берган кўрсатмалари ижросини таъминлаш асносида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи олимлари томонидан биринчи бор ўзбек тилига таржима қилинганлиги таъкидланди.
Имом Мотуридий ҳазратлари ушбу “Таъвилот ал-Қуръон” асарини Ҳанафий мазҳаби доирасида бошқа адашган фирқаларга раддиялар бериш, Аҳли суннани мухолиф йўналишлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзганликлари айтилди.
Асарда мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа каби ботил фирқаларнинг, инсонни соғлом фикрдан чалғитувчиларнинг қарашлари, ғоялари, иддаоларининг барчасига илмий асосда раддия берилганлиги алоҳида тўхталинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати
Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов ва Фарғона вилояти Тошлоқ тумани бош имом-хатиби Шукруллоҳ домла Эгамбердиев Россия Федерациясида бўлиб турибди.
Куни кеча уламоларимиз Москва шаҳридаги “Проспект мира” жоме масжидида шом ва хуфтон намозлари оралиғида ўқиш, илм олиш, ишлаш ва бошқа мақсадларда Россияга борган юртдошларимиз билан урашиб, уларга “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилайлик” мавзусида маъруза қилиб, жумладан, бундай дедилар:
«Ислом оламида минг йиллардан бери қоида бўлиб келаётган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, ёмонлик ва гуноҳда бир-бирига ёрдам бермаслик ҳам Исломнинг асосий ғояларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида сураси 2-оят).
Демак, шариатимизда буюрилган амалларни бажариш ва қайтарилган ишларни тарк қилиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишимиз ҳамда гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган ишларда бошқаларга ёрдам бермасдан, балки уни тўғри йўлга бошлашимиз – динимиз талабидир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда бундай дейдилар: «“Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам ёрдам беринг”. Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мазлум бўлса-ку, ёрдам бераман, лекин қандай қилиб золим бўлса ҳам ёрдам бераман?” – деб сўради. Айтдилар: “Уни зулмдан тўсасиз – мана шу унга ёрдам қилишдир”» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ҳадисда: “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Набий алайҳиссалом бировнинг омонатини сақлаб, сўралган вақтда адо қилган, яхшиликка вакил қилинган кишига ҳам ўша яхшиликни қилган кишидек савоб бўлишини баён қилиб шундай дейдилар: “Буюрилган нарсани бажарувчи ишончли мусулмон хазинабон омонатни буюрилган жойга тўла-тўкис ҳолда чин кўнгилдан топширса, садақа қилувчилардан бирига айланади” (Муттафақун алайҳ).
Динимиз киши ўз зиммасидаги ҳақлар ва масъулиятларни ҳеч нуқсонсиз тўлиқ бажаришга тарғиб қилади. Ихлосли, омонатдор, вазифадор киши мусулмонларнинг молини уларнинг манфаатлари йўлида тўғри сарфласа, худди ўз молидан сарфлаган кишидек ажрга эга бўлади.
Яхшиликка ёрдам беришнинг зидди – ёмонликда ҳамкорлик қилишдир. Ёмонлик ва гуноҳга ёрдам берган киши ўша ёмонликни қилган киши каби гуноҳкор бўлади.
Баъзан интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда чет элларда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар бир-бирини алдаб, пулини тортиб олди, бир-бири билан дўппослашди, ҳатто пичоқбозлик бўлди, мазмунидаги нохуш хабарларни эшитиб қоламиз.
Аслида, меҳнат қиламан, пул топаман, деган мақсадда чет элларга борган юртдошларимиз бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари, бир-бирларига кўмакларини аямасликлари зарур эмасми?
Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, сиз, азизлардан ўзбек деган улуғ ва шарафли номга муносиб бўлишларингизни, Ватанингизга, ота-онангизга гап теккизмасдан, мусофир юртда тинч-тотув ишлаб, яшаб юришларингизни эслатиб ўтамиз.
Албатта, барчангиз ақли расо, ўз юртини севадиган инсонларсиз. Лекин, гуруч курмаксиз бўлмагани сингари, айримлардан шундай ҳолатлар кузатилиши бутун Ўзбекистон учун иснод, ўзбек халқига ярашмайдиган ҳолатдир.
Ҳозирги кунда учраб турадиган уюшган жиноятчилик, оммавий муштлашишлар ва жанжаллар – гуноҳда ҳамкорлик қилишнинг бир кўринишидир. Мусулмон киши бундай ишларга гувоҳ бўлиб қолганда, унга қўшилиб кетмасдан, ўртани ислоҳ қилишга киришиши керак. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар осмон ва ер аҳлининг барчаси бир мўминнинг қонини тўкишда иштирок қилсалар, Аллоҳ таоло уларни дўзахга юзтубан йиқитган бўлар эди” (Имом Термизий ривояти), деганлар...»
Имом домлаларимизнинг сафарлари таассуротларга бой кечмоқда. Улар ватандошларимиз билан учрашиб, сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни айтиб беришмоқда.
Учрашувлар сўнгида ҳар бир ватандошимизга унинг ота-онаси, яқинлари, маҳалла-кўйи интиқлик билан кутаётгани, шу боис чет элларда барча тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиб, ишлашлари тушунтириляпти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Аллоҳ билан мулоқот
Уламолардан бирлари айтади: масжидлардан бирида намоз ўқиган эдим, намоздан кейин ёши улуғ бир киши менга қараб: биринчи сафдаги намозхонларга эътибор бериб қаранг, деди. Мен эътиборимни биринчи сафдагиларга қаратдим ва: сизни тушунмадим, нима демоқчисиз? – деб сўрадим. У киши: уларнинг орасида бирорта бадавлат ёки мансабдор ёки эътиборли кишини кўряпсизми? – деди. Мен: уларнинг орасида сиз айтган кишилар бўлса ҳам, жуда оз, деб жавоб бердим.
У: "Кўпчилиги оддий ишчи ёки хизматчилар, хайдовчилар ва ҳоказо, тўғрими?" деди. Мен: "Ҳа", деб жавоб бердим. Демак, бизнинг Аллоҳ таолонинг олдидаги даражамиз ҳам шундай. Энди, ўзимизга қаранг, биримиз тўртинчи, бошқамиз бешинчи сафдамиз. Қиёмат кунида ҳам шундай бўлади. Масжиддаги ҳолатимиз бизнинг Аллоҳнинг олдидаги даражамиздан дарак бермоқда.
Олим айтади: "Бу кекса кишининг айтган гаплари мени ҳайратга ва ҳатто дахшатга солди. Гўё юзимга бир шапалоқ тортгандек бўлди. Ва шу заҳоти Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ёдимга келди: “Пешқадамлар, пешқадамлар. Ана ўшалар Аллоҳга яқин зотлардир” (Воқеа сураси, 10-11-оятлар). Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Агар азон ва биринчи сафнинг савобини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келган бўлар эдилар”, деган ҳадислари ёдимга тушди.
Бу гап намозга кеч қолиб келаётган, биринчи сафга улгурмаётганлар ҳақида айтилди. Масжидга умуман келмайдиган ёки фақат жума намозига келадиганларнинг охиратдаги даражалари қандай бўлар экан?
Аллоҳим камчилик ва қусурларимизни Ўзинг афв эт.
Ҳадисда айтиладики: “Ким Аллоҳ билан мулоқот қилишни истаса Аллоҳ ҳам у билан мулоқот қилишни истайди. Ким Аллоҳ билан мулоқот қилишни истамаса Аллоҳ ҳам у билан мулоқот қилишни истамайди” (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ билан мулоқот қилиш фақат ўлимдан кейин бўлиши шарт эмас. Намоз ҳам мулоқотнинг бир кўриниши, зикр ҳам, дуо ҳам, Аллоҳнинг неъматлари устида фикр юритиш ҳам, садақа қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам, одамларга меҳр билан муносабатда бўлиш ҳам, илм олиш, уламоларга эҳтиром кўрсатиш ҳам Аллоҳ билан мулоқот қилишнинг бир кўриниши.
Энди ўзимизга савол бериб кўрайлик, қанча фурсатимизни Аллоҳ билан мулоқот қилиш учун сарфладик?
“Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни шерик қилмасин!” (Каҳф сураси, 110-оят).
Ҳомиджон домла Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари.
ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозири: сайловлар халқаро меъёрларга мос равишда ўтди
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Президент сайловининг халқаро кузатувчиси сифатида Ўзбекистонда бўлиб турган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозири билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, ИҲТ раҳбари Ўзбекистон Президенти сайлови юксак сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий савияда ўтганлигини таъкидлади ҳамда аҳолининг сайлов жараёнида фаол иштирок этганини алоҳида қайд этди. Унга кўра, сайлов халқаро стандарт ва меъёрларга тўла мос равишда ташкил этилди.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ИҲТ ҳудудида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақа ичида саноат кооперациясини кенгайтириш, ўзаро сайёҳлик оқимларини кўпайтириш ва маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишлари
Имомул анбиё вал-мурсалин, Саййидул аввалина вал-охирин, ҳазрати Муҳаммад мустафо ва жаноб Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йили, баҳор мавсуми, рабиъул аввал ойининг (бир ҳисобга кўра) тўққизинчи тарихида, душанба кунининг субҳи (тонги) тулуъ қилиб (отиб), қуёш чиқмай туриб, волидаларининг қоринларидан Маккаи мукаррамада, (амакилари) Абу Толиб уйида дунё юзига келдилар. Бу тарих ийсавий (милодий) тарихнинг (19, 20, 21,) 22 (ёки 23) апрель, беш юз етмиш биринчи (йили)га мувофиқ келур.
Ҳазрат Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам отадан ҳам, онадан ҳам ёлғиз фарзанд эдилар. Дунёга келмай туриб, меҳрибон оталаридан она қорнида туриб, етим бўлган эдилар.
Бу жаноб туғилган соатларида волидалари боболари Абдулмутталибга одам юбордилар. Келиб, янги мавлуди (чақалоғи) муборакни кўриб, ниҳоятда хуш бўлди. Қучоғига олиб, кўтарган ҳолда, Ҳарами шарифга олиб борди ва Каъбаи шарифага олиб кириб, ҳақларига дуолар қилди. Бу фарзанди аржумандни берган Худога шукрларини арз (баён) этди. Яна олиб келиб, онасига топширди ва номларини Муҳаммад қўйди.
Еттинчи куни бўлганда, Қурайш қабиласини тамоми умумий даъват қилди ва жонлиқлар сўйди. Даъватга келган уруғ бошлиқлари Абдулмутталибга савол бердиларки: «Бу янги набира номларини нима қўйдингиз?». Абдулмутталиб: «Номини Муҳаммад қўйдим», деб жавоб берди. Улар таажжуб қилиб, дедилар: «Ота-боболарингиз қўйиб келган номни қўймай, нечук Муҳаммад қўйдингиз?» Абдулмутталиб деди: «Менинг бу фарзандим бутун дунё забонида ҳамма тарафдан таърифу сано (мақтов)га мустаҳиқ (ҳақли) бўлсин, деб Муҳаммад қўйдим». (Далоилун-нубувва, Тариху Димашқ)
Жаноб Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунлари душанба бўлди. Бу кунда ажиб бир хусусият борки, Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вилодат (таваллуд)лари, нубувват (пайғамбар бўлиш)лари, (Мадинага) ҳижратлари ва вафотлари ҳаммаси шу кунда бўлган.
Давоми бор…
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Абдулазим Зиёуддин
Нурул Басар китобидан