muslim.uz

muslim.uz

Буюкликни оддийликдан барпо қилган,

Оддий мато – хурмо пўстин сарпо қилган,

Очликда ҳам тўқликда ҳам тақво қилган,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Орланмаган мискинлар-ла ўлтиришдан,

Фарқлолмаган сизни ҳатто бир кўришдан,

Қаср эмас, қароргоҳи оддий ғиштдан,

Сизми ўша ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Дастурхонга арпа нонлар хўб ярашган,

Фаришталар бир кўрай деб кўп талашган,

Сизни кўрган ҳар қандай кўз бир қамашган,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Ибн Масъуд йиғлаганди ҳолингиздан,

Бўйра изи чиққанида ёнингиздан,

Лек юпанди, маъво жаннат жойингиздан,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Қолган эмас сиздан мерос, минг-минг тева,

Тева эмас, ҳатто бир жуфт ёстиқ, кўрпа

Қолган бўлса, қолгандир-да бир қоп арпа,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Саҳобалар салобатни сиздан олган,

Олимларга илм сиздан мерос қолган,

Сизсиз уммат бугун бир оз ўйга толган,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Сўзларингиз сўзлар ичра шоҳ мисолдир,

Тинглаганлар тин оларлар, мисли болдир,

Душманлар ҳам ҳайратдадир, ҳайрон лолдир,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Нубувватга паноҳ берган ул ансорлар,

Қилган эди пойингизга жон нисорлар,

Бугунгача ансор аҳли меҳмон чорлар,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Машаққатга бериб бардош муҳожирлар,

Ансорларга бўлди қардош, ул  “тожирлар”,

Сабру тоқат, қаноатда гул тождирлар

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Билол айтган нидо ҳануз янграмоқда,

Сийратингиз бутун жаҳон тингламоқда,

Ислом недир башар аста англамоқда,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим,

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Сизни кўрмай севди ушбу қаро кўзлар,

Сифатлашга етмагай бу саноқ сўзлар,

Майли, ҳатто маҳшаргача тинмай бўзлар,

Сизми ўша, ул Сарвари коинотим

Фақирлару мискинларга қўш қанотим?

 

Саййид Аҳмад Маҳмуд ўғли,

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти ақида фани мударриси

samedi, 09 décembre 2017 00:00

У зотлар қалбга қарайди

Рабиул аввал ойининг бошларида Ҳазрати Имом масжидида жума намозидан олдин мавлид ўқилди, кўнгиллар сел бўлди, кўз ёшлар жола бўлди, масту мустағриқ бўлдик. Бир ажойиб дуолар қилиндики, илоҳо, меҳрибон Парвардигоримиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган муборак ойнинг фазилатидан, дуога қўл кўтарган улуғларимиз, олиму уламоларимиз иззатидан, минглаб намозхон бандаларининг илтижоси ҳурматидан ўша дуоларимизни мустажоб айласин.

Ўша манзарани бир даврада сўзлаб берганимда ўтирганларга ҳам таъсир қилди чоғи

– Саъдий Шеърозий ҳазратлари айтганидек, “Аҳмоқнинг бир душмани бўладики, дунёнинг қайси бурчига борса ҳам ундан қутула олмайди”, – деб гап бошлаб қолди суҳбатдошлардан бири. – Менинг эса иккита душманим бор. Биринчиси, қаерга борсам гуноҳга ботиб чиқаман. Тавба қилдим, ҳатто масжидга – Аллоҳнинг уйига борсам ҳам. Масжидда ўтирганимда бирортаси елкамга тиззаси билан туртиб ўтиб кетса, жоним чиқиб кетади. “Олдинги сафга ўтишни истаган одам вақтлироқ келмайдими!” дейман ичимда – масжидда бақир-чақир қилиб бўлмаса. Олдимда намоз ўқиётган одамнинг бели очилиб қолса, намоз тугагунча ўша одамни маломат қиламан: “Ҳай, ярамас, масжидга намозга бораман деб таҳорат оляпсан, йўл пули харжлаб келяпсан, шунча вақт сарфлаяпсан, сал узунроқ кийим кийиб келсанг бўлмайдими, бе ерга келиб орқанг очилиб ётибди – намозинг, намоз бўлдими?!” дейман, Аллоҳ асрасин, намоз вақтида шу гапларни ўйлаб ўтирганим учун ўзимнинг намозим намоз бўлдими, йўқми, билмадим.

Яна жума намозида масжидга шошмайгина кирган одамларнинг чиқар чоғида орқасидан биров қурол ўқталиб тургандек жон ҳалпида эшикка қараб отилиши билан муроса қила олмайман. Ёзда бир жумани Чироқчида ўқидик, денг. Масжиднинг эшиги битта. Кун иссиқ кийимимиз юпқа, чиқаётганда эшикка тиқилиб боряпмиз. Қишлоқнинг чолларини биласиз, меҳнатда қотган тарашадек бармоғини биқинингизга нуқиб олади-да, сизни ўша бармоғи билан итариб кетаверади, бармоғи танангизни тешиб кириб бораётгандек бўлади. Ҳар дардим ичимда юриб келаётган эдим, ёнимда келаётган бир одамнинг гапи қулоғимга чалиниб қолди: “Илоҳо, қиёматда жаннатга ҳам шундай саф тортиб боришимизни насиб айласин!”

Қаранг! Қандай ажойиб, нақадар гўзал тилак! Мен нодон нимани ўйлаб юрибман!

Иккинчиси эса ўта тортинчоқлигим. Яқинда қишлоғимиздан бир одам меҳмонга келди. Ниҳоятда софдил, тўғри тилакли, ҳаммага яхшилик соғинадиган ихлосли инсон, кўнгил одами. У жуда мартабаси баланд, фазилатли бир зотнинг зиёратига бормоқчи экан, бизга ҳам бирга юринг деб қолди. Менинг дамим ичимга тушиб кетди. “Мен у кишининг қўл остидаги ташкилотлардан бирида ишлайман. Бирор нарса тамаъ қилиб борганга ўхшаб қоламан”, деб тайсалладим. Аммо у одам ушлаган жойини қўйиб юборадиганлар сирасидан эмас. Ҳоли-жонимга қўймаганидан кейин боришга рози бўлдим-у, фақат қаерда ишлашимни айтмайсиз деб шарт қўйдим.  У дарҳол рози бўлди.

Тортиниб-қимтиниб, уч киши етаклашиб алламаҳалда кириб бордик. Бориб ўтирар-ўтирмасимиздан мезбоннинг салобати босиб, бизни таништиришни бошлади ва менинг ҳам қаерда ишлашимни айтиб олди.

Мезбон хижолат ичида ўтирганимни сезиб ўтиргани учун мени ноқулай аҳволдан қутқариш ниятида ўзини унчалик эътибор қилмагандек кўрсатди. Ҳол-аҳвол сўрашилгандан сўнг гап орасида мезбон меҳмонга: “Касбида ҳазрати Султон Мир Ҳайдар зиёратгоҳи бор. Уч-тўрт киши бўлиб бориб ўша жойни зиёрат қилинг, файзини сезасиз”, деди.

Бу гапни эшитганим заҳоти у зотнинг илҳом билан сўзлаганини ҳис қилдим. Чунки унинг кароматига ўзим гувоҳ бўлган эдим. Рамазон ойида бир туш кўрдим. Тушимда у киши узоқроқда туриб менга ортимдан кел, дегандек ишора қилиб юриб кетди. Эртасига дам олиш куни эди, ўзимнинг ишларим билан бир жойда юргандим. Пешинга яқин ишхонадаги раҳбаримиз қўнғироқ қилиб, шошилинч Жиззахга боришим кераклигини айтди. Мен узоғроқда эканимни айтгандим. “Бир соат ичида уйингизга етиб келинг, машина олиб ўтиб кетади”, деди. Ишхонанинг машинаси айтган вақтда етиб келди. Йўлга тушдик. Одобли йўловчи бўлай деб хавфсизлик камарини тақиб олдим. Уни машина олингани бери биров тақмаган шекилли, чанг бўлиб кетган экан. Иссиқда терлаганмиз, чанг билан тер қўшилиб оппоқ куйлагимни қоп-қора қилибди. Машинадан тушсам, камарнинг изи узун чизиқ бўлиб қорайиб турибди. Манзилга етиб борсак, у киши ўша ерда экан. Ҳамма билан кўришди. Мен куйлагимдан уялиб чеккароқда турган эдим, келиб мен билан ҳам кўришиб, бир муддат қўлимни тутиб турди. Куйлагимнинг доғини кўриб қолди деб хижолат бўлдим. Орадан хийла вақт ўтиб, ўша нигоҳда “чақирганимизни эшитдингми?” деган савол йўқмикан, деб ўйладим.

Хуллас, Орадан икки ой ўтдими, билмадим, бир жойда ўтирган эдик, у киши шеригимга қўнғироқ қилиб, яна ўша муҳтарам зотнинг зиёратига бораётганини айтиб, бизнинг бирга бўлишимизни айтди. Мен шеригимга бора олмаслигимни айтиб уйга қайтдим. Эртасига дўстим қўнғироқ қилиб “Меҳмон сизни сўраяпти, гурунгга келинг”, деди.

Борганимда мени кўрар-кўрмасдан “Кеча нега бормадингиз? Жуда чиройли суҳбат қилиб бердилар...” деди.

Мен яна ўша эски гапимни такрорлаб: “Жуда ҳам боргим келган эди, аммо боришга уялдим”, дедим. Шунда у киши: “У зотлар қалбга қарайди...” деди ва бирмунча насиҳатлар қилди. Кейин ҳазрати Султон Мир Ҳайдарнинг зиёратига борганини, у ердан кўп файз олганини ва бирга юрган шериклари билан ҳам ўша ерда танишиб дўстлашиб олганини гапириб берди.

Ўшанда яна феълимдаги ноқислигим панд бериб шундай одамнинг зиёратидан, суҳбатидан бенасиб қолганимга афсусландим”.

У одам айтган гаплар, ўйлайманки, кўпчиликка таниш манзара бўлса керак. Биз мудом бошқаларнинг ноўрин хатти-ҳаракатини муҳокама қиламиз ва бунинг оқибатида ўзимизнинг асосий ишимиздан чалғиб қоламиз. Демак, бу билан ўзимиз ҳам хатога йўл қўйган бўламиз ва биз муҳокама қилаётган одамнинг амали билан бизнинг амалимиз ўртасида фарқ қолмайди. Шунингдек, ўта тортинчоқлик ҳам кўп ишларимизга панд беради. Арзимаган бир нарсани сабаб қилиб тортинамиз-у, хаёлимизга ҳам келмаган катта неъматлардан бебаҳра қолиб кетамиз.

Яна Шайх Саъдийга мурожаат қиламиз. “Болалигимда тун орасида отам билан таҳажжуд намозига турар эдик. Бир куни уйимизга меҳмонлар келди. Улар бизникида ётиб қолди. Одатимизга биноан отам иккаламиз тун ярмида туриб таҳорат олиб намозга ҳозирландик. Жойнамозни ёзаётиб пишиллаб ухлаб ётган меҳмонларга кўзим тушиб отамга: “Бу одамларнинг беғамгина ухлашини қаранг”, дедим. Отам: “Уларнинг ухлаганини маломат қилгунча кошкийди сен ҳам ухласанг эди”, деди”.

Шунингдек, тортинчоқлик ҳам унчалик яхши хислат эмасга ўхшайди. Тортинчоқ одам қаёқдаги бўлмағур нарсаларни ўйлаб, бир нималардан андеша қилиб ўзига ўзи муаммо чиқариб юради, Гапнинг индаллоси, ана шу феъли унинг яшашига, илм ўрганишига, улуғларнинг суҳбатидан файз олишига халақит қилади.

Шунинг учун инсон журъатлироқ бўлгани яхши, айниқса, илм ўрганиш, фазилат ҳосил қилиш борасида. Бунинг учун эса мана бу ҳадиси шарифни дастур қилиб олиш керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳикматли калима худди мўминнинг йўқотган нарсаси каби, мўмин уни қаерда топса ҳам, ҳақлироқдир», деганлар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

Янги оила барпо қилишга илк қадам совчиликдан бошланади.  Совчи – оила барпо қилишдек савобли ва масъулиятли ишни амалга оширувчидир. Шу боисдан совчилик мобайнида икки тараф нималарга эътибор қилиши кераклиги борасида динимиз кўрсатмаларига назар соламиз.

Совчилик – ёш йигитни ёки қизни никоҳлаш учун бир хонадонга бориш демакдир. Совчилик фақат йигит тарафидан эмас, балки қиз тарафдан ҳам бўлиши мумкин.

Совчиликнинг бу икки тури ҳам ўз навбатида икки қисмга бўлинади:

никоҳланувчининг ўзи совчи бўлиши;

совчилик учун бошқа бировни вакил қилиши.

Буларнинг ҳаммасини қўшиб айтадиган бўлсак, совчилик тўрт турга бўлинади.

Биринчиси, йигитнинг ўзи совчи бўлиши. Бу ҳолат саҳобаи киромлар орасида ҳам, ундан кейин ҳам кўп бўлган. Халқимизда бу турдаги совчилик урф бўлмаса-да, баъзи ҳолларда эшитиб қоламиз. Бу турдаги совчиликка мисол қилиб Али карромаллоҳу важҳаҳунинг Фотима онамизга совчи қўйганликларини келтиришимиз мумкин.

Иккинчиси, йигит совчилик учун бирор кишини вакил қилиши. Бу турдаги совчилик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам ҳозир ҳам совчиликнинг энг оммабоп тури бўлгани боис бунга ортиқча изоҳ беришга ҳожат йўқ. Бироқ, шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратишимиз лозим. Совчиликнинг бу турига оид кўплаб ривоятлар мавжуд. Бу ривоятларнинг деярли барчасида вакил бўлган кишилар эркак киши бўлган. Шулардан Билол розияллоҳу анҳунинг ўз укаси номидан, Умар розияллоҳу анҳунинг фарзандлари номидан қилган совчиликлари машҳур. Уларнинг ҳеч қайсиси мол-дунё, келин-куёвнинг сарполари ҳақида оғиз ҳам очмаган. Шу боисдан ҳам аёллар ўрнига эркаклар совчилик қилса, янги оила барпо қилишдек савобли ишга ўзлари бош бўлса арзимас дунё матолари деб кўплаб оилалар бузилиб кетмас эди. Мана шундай қатъият, яхши ният, ихлос билан қурилган оилалардан Умар ибн Абдулазиздек одил инсонлар, Имом Бухорий, Имом Термизийдек забардаст олимлар дунёга келган бўлар эди.

Учинчиси, қиз ёки аёлнинг ўзи совчи бўлиши. Динимизда совчиликнинг бу тури ҳам мавжуд. Бироқ, аёлларнинг шаънини улуғлаш учун бу совчилик деб эмас “таклиф” деб юритилгани ҳамда бизнинг урфимизда бу ҳолат деярли содир бўлмагани учун одамлар мумкин эмас деб ўйлаб қолишган. Бу турдаги совчиликка мисоллар жуда кўп. Хадича онамиз никоҳига олишлари учун ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таклиф қилганликлари ҳам айни ҳақиқат. Аслида, никоҳ ўз умрини бирга ўтказиш  учун солиҳ, одоб-ахлоқли, хушфеъл ва салоҳиятли жуфт топиш билан бўлади. Шу боисдан ҳам Хадича онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги омонатдорлик, гўзал одоб-ахлоқни кўргани учун аёллигига ҳам, ёшининг катталигига ҳам қараб турмасдан ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таклиф қилдилар. Натижада, бутун инсониятнинг саййида аёлларидан бирига айландилар. Қиёматгача одамлар яхши ном билан, муҳаббат билан, дуолар билан тилга оладиган инсонга айландилар.

Тўртинчиси, қиз ёки аёл номидан вакил кишининг совчи бўлиши. Совчиликнинг бу тури ҳам жуда машҳур. Аллоҳ таолонинг каломи шарифида ҳам совчиликнинг бу тури борасида қуйидагича оят мавжуд:

قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنْكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَى أَنْ تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ

(Шуайб алайҳиссалом) айтди: “Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман...” (Қасас сураси, 27-оят).

Оятда Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга ўз қизларидан бирини таклиф қилгани келтирилмоқда. Бундай турдаги совчилик ҳам жуда машҳур. Умар розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобалар, қолаверса, кўплаб уламоларимиз ҳаётида ҳам ўз қизлари учун совчи бўлганини учратишимиз мумкин.

Совчилик қандай турларга бўлинишини билиб олдик. Энди мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган ҳолатларини мулоҳаза қилиб кўрсак.

Динимизда бирор бир кишининг никоҳи (ёки унаштирув) остида бўлмаган, мусулмон ёки аҳли китоб аёлларга совчи қўйишга изн берилади.

Қуйидаги ҳолатларда эса аёлларга совчи қўйиб бўлмайди:

1 Бошқа бир мусулмоннинг аёли бўлса;

Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида шундай буюради:

“... Яна, эрли хотинлар... (никоҳи ҳам ҳаром қилинди)...” (Нисо сураси, 24-оят).

  1. Бошқа бировга унаштирилган бўлса;

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши бошқа бир мусулмон қўйган совчи устига совчи қўйишдан қайтарганлар. Икки совчининг бир вақтда келиб қолиши совчилик устига совчи қўйиш ҳисобланмайди.

  1. Талоқ иддасида ўтирган аёлга;

Бироқ, бунда бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Агар аёл талоқ иддасида эмас, балки эри вафот этгани сабабли идда ўтирган бўлса, иддаси вақтида эркак киши унга уйланиш истаги борлиги ҳақида яқин қариндошлари орқали ишора қилиб қўйиши мумкин.

  1. Мушрика аёлга;

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Мушрика аёлларни, то иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг...” (Бақара сураси, 221-оят).

Ота-боболаримиз муқаддас динимиз буйруқларини ўз ҳаётига дастурул-амал қилиб олганлар. Бунинг исботини ҳаётнинг турли соҳаларида кўришимиз мумкин. Хусусан, никоҳ борасида ота-боболаримиз диндор ва салоҳиятли бўлишга эътибор қаратганлар.

Ҳар бир мусулмон киши ўз ҳаёт йўлида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромларини ўрнак қилиб олади. Совчилик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай йўл тутгани барчамиз учун айни муддао.

Шу сабабдан ҳам  Али розияллоҳу анҳунинг Фотима онамизга совчи бўлгани воқеасини яна бир бор эсга оламиз.

Мусулмонлар ташвишлари кўпайиб кетганидан Фотима онамиз никоҳи тўғрисида унутилаёзди. Шу боисдан саҳобаи киромларнинг улуғлари Фотима онамиз ёшлари ўтиб бораётганидан хавотирга тушдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Умар розияллоҳу анҳу совчи қўйиб кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлмадилар. Саҳобаи киромлар Али розияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб Фотима онамизни сўрашини тавсия қилдилар. Али розияллоҳу анҳу эса: “Абу Бакр ва Умардек кишиларга бермадилар-ку, менга қандай қилиб Фотимани беришлари мумкин”, дедилар. Саҳобийлар: “Фотима учун сендан ҳам муносиброқ бошқа бировни кўрмаяпмиз. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени жуда яхши кўрадилар, албатта, сенга беради”, дедилар. Қиссани давомини Али розияллоҳу анҳу қуйидагича давом эттирадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотимага уйланмоқчи эканим ҳақида айтишни ўйлаб юрдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига бориб, у зотнинг ҳузурларига кирдим. Дилимдаги ўйлаб юрган фикрлар ҳақида айтмоқчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қарадим. Шунда у зотнинг салобатлари босиб, хижолатдан юзларим қизарди, тилимга бирор калима ҳам келмай қолди. Менда хижолат ва уятдан шундай ўзгариш бўлдики, бу фақатгина Аллоҳга аён. Жим туриб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар-да, шундай дедилар: “Ҳой, Али, гўёки Фотимани (никоҳингга олмоқни) хоҳлаётганга ўхшайсан-а?!”. Мен: “Ҳа, эй Аллоҳнинг  Расули”, дедим. У зот: “(Уйланиш учун) молинг борми?” дедилар”.

Ҳолбуки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳунинг бирор нарсаси йўқлигини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳунинг қўй жунидан тўқилган бир кийими бўлиб, кечаси ўшанинг устида ухлар, кундузи эса устига ташлаб, ўраниб юрар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир бор: “Бирор бир маблағинг борми?!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Ҳеч қандай мол-давлатим йўқ, эй, Аллоҳнинг Расули”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўйлаб кўрчи!”  дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, менда на дирҳам бор ва на динор. Ҳатто хурмо ҳам, дон ҳам ва ё забиб ҳам йўқ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшилаб ўйлаб кўр! Ҳеч қандай қурол-аслаҳанг ҳам йўқми?!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Икки дирҳамга ҳам етмайдиган совутим бор, мен уни жанг майдонида кийиб юраман”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни келтиришни буюрдилар. Али розияллоҳу анҳу чиқиб, хижолатомуз ҳолда уйга бордилар ва совутларини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келдилар. Совутни У зотнинг олдиларига қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу – Фотиманинг маҳридир. У (Фотима) рози бўлди. Сен ҳам уни қабул қилдингми, эй Али!” дедилар. Али розияллоҳу анҳу: “Қабул қилдим”, деди. Шундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энди Фотима сенинг жуфти ҳалолингдир”, дедилар. Сўнгра Али розияллоҳу анҳу Фотима розияллоҳу анҳони олиб уйга бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алига: “Тўй дастурхони ёз”, деб буюрдилар. Али розияллоҳу анҳу: “Менинг ҳеч вақоим йўқ, ё Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар оналарининг уйларига боринглар, бирор егулик сўранглар!”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари учун алоҳида-алоҳида хоналар қилинган эди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бирида ухламоқчи бўлиб ётсалар, хона кичкина ва торлигидан У зотнинг бошлари хонанинг иккинчи тарафига тегиб қолар эди. Саҳобаи киромлар Умму Салама розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар. У ердан бир қанча нон бўлаклари топишди. Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига бордилар. Оиша онамиз: “Аллоҳга қасамки, менинг олдимда ҳеч бир егулик қолмаган”, дедилар. Зайнаб онамизнинг ҳузурларига бориб, у ердан забиб топдилар. Бошқа бир онамизнинг уйларидан сут топилди. Барча егуликлар тўплангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни менинг олдимга олиб келинглар, барака сўраб дуо қиламан”,  дедилар. Сўнгра Али ва Фотималарнинг таомларига барака сўраб дуо қилдилар. Аллоҳнинг изни билан барча одамлар тўйдилар. Али ва Фотима розияллоҳу анҳумолар Аллоҳнинг зикри ила янги оилани барпо эта бошладилар.

Бу қисса ҳақида ортиқча мулоҳаза билдириб ўтирмаймиз. Буни ўқиган барча ўзига нима керак эканини хулоса қилиб олади.

Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, чиройли ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Сайёҳлар учун 12 та тилда Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари тўғрисида маълумот берувчи QR-код тизими ўрнатилиши ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хабар берилди.

 

Жорий йилнинг 6 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ҳамда “Теҳно Даргоҳ” МЧЖ ўртасида уч томонлама келишув меморандумини имзоланган ва ушбу меморандумга кўра, юртимизнинг SMART туризм малакати сифатида халқаро туризм бозоридаги имиджини ошириш ва сайёҳларга қулайлик яратиш учун IТ-технологияларидан фаол фойдаланиш мақсадида томонлар “Verum QR” қўшма лойиҳасини амалга оширишнинг амалий босқичини бошлаб юбордилар.

 

Замонавий сайёҳ ўзига керакли маълумотни олишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, биринчи навбатда, смартфонлардан фойдаланишга ўрганиб қолган. Ҳозирги кунда жаҳонда SMART туризм концепцияси жуда ҳам ривожланиб бормоқда, Ўзбекистонда эса бу технология илк бора ҚР-кодлар ёрдамида сайёҳларга тақдим этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида сайёҳ QR-код тасвирига ишора қилган ҳолда бир неча сониядан сўнг ўз смартфонига 12 та тилда осон ва қулай кўринишда юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳақидаги барча маълумотни қабул қилиб олади. Шу билан бирга фойдаланувчиларга нафақат сайёҳлик обектлари ҳақида, балки энг яқин меҳмонхоналар, ресторанлар, санъат галереялари ва бошқа архитектура ҳамда тарихий ёдгорликлар ҳақида ҳам маълумот берилади.


Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Теҳно Даргоҳ” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида амалга оширилган дастлабки иш натижалари аллақачон Хива шаҳрида синов тарзида ишга туширилган эди.

samedi, 09 décembre 2017 00:00

Аслида бу бир зиёрат эди

Тошкент вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов бошчилигида, Оҳангарон туман имом-хатиблари ҳомийлигида ушбу тумандаги “Саховат” интернат уйининг нуроний отахонлари ва дуоггўй оналари учун байрамона дастурхон тузатилди.

Мазкур даргоҳга кириб борар экансиз, ундаги ўзига хос таъсирчан сукунат, айниқса, дуогўй нуронийларнинг соғинчли нигоҳлари сизни ўзига ром айлайди. Уларнинг аксари ёлғиз кексалардир. Қулоғингизга худди аллақайдан “Болам, келдингми…” деган сас чалингандек туюлади.

Бу ердаги шароитлар ҳавас қилса арзигулик даражада. Фақат уларни вақти-вақти билан зиёрат қилиб турилса бас…

Хайруллоҳ Турматов нуронийларга гўзал тилаклар билдириб, уларга аталган совға-саломларни топширди. Сўнгра дастурхонга ош тортилди.

Уларнинг илтимоси шундай бўлди: “Домлажон, узоқ соғиртирмасдан тез-тез келиб туринг-а!”.
Миннатдорлик билан термилиб қолган нуронийларнинг дийдалари юмшаб, юзлари табассумдан ёришиб, кўзларида раҳмат ёшлари думалади.
Аслида эса бу бир кичик эътибор ва зиёрат эди.

Янгиликлар

Top