muslim.uz

muslim.uz

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифига Ҳиндистон матбуоти ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Жумладан, “India Blooms” интернет-портали Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида 1992 йил 25 октябрда дипломатик муносабатлар ўрнатилгани тўғрисида “Ўзбекистон билан БАА савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди" номли мақола чоп этди.

Нашрнинг таъкидлашича, 2018 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 400 миллион АҚШ долларини ташкил этган ва бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан кўпдир. Шунингдек, мақолада ташриф доирасида ўзаро муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, инновацион, банк-молия ва маданий-гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилингани қайд этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон билан БАА ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланган. Ўзбекистоннинг тарихий обидалари ва муқаддас қадамжолари, бой маънавий ва маданий мероси, гўзал табиати Амирликлар аҳолисида катта қизиқиш уйғотади. Ўтган йили БААдан юртимизга келган саёҳлар сони 1,5 баробар ўсди.

Ҳиндистоннинг энг оммабоп «News18.com» ахборот портали Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида инвестиция, молия ва муқобил энергия манбалари каби соҳаларда ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилганига урғу берди.

«Diplomacy India», «Diplomacy Today» ва «Sarkaritel» онлайн нашрлари ҳам давлатимиз раҳбарининг ташрифга бағишланган мақолалар эълон қилди. Ушбу мақолаларда Ўзбекистон Республикаси билан БАА ўртасида Қўшма баёнот қабул қилингани алоҳида таъкидланади. Шунингдек, томонлар инвестициялар, молия, муқобил энергия, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмуриятчилиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзолагани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Россия фанлар академияси Доғистон илмий маркази Тарих, археология ва этнография институти архивида рақамлаштириш чоғида олимлар Қуръони карим ва Тавротнинг ноёб нашрларини топишди, хабар бермоқда Islam-today нашри.

«Бизда VI асрга тегишли грузин тилидаги Инжилнинг таржимаси мавжуд. Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг шахсий коллекциясига тегишли бўлган улкан форматдаги Қуръоннинг етти жилдлари бор. Ушбу китоб кейинчалик доғистонлик ҳукмдорлардан бирига туҳфа этилган», - дейди Россия фанлар академияси Доғистон илмий маркази Тарих, археология ва этнография институти Шарқ қўлёзмалари фонди мудири Шамиль Шихалиев.

Айтилишича, рақамлаштирилган барча ҳужжатлардан яқин орада эркин фойдаланиш имкони яратилади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Янги Зеландиялик спортчи, регби ўйинчиси Офа Туунгафаси бир ҳафта олдин терроричилик ҳужумига учраган Крайстчерч масжидига ташрифи чоғида исломни қабул қилди.

Ummamag.kg хабарига кўра, ушбу масжидга у ўз жамоадош дўсти Сонни Билл Вильямснинг таклифига кўра борган. Вильямснинг онаси ҳам шу куни исломни қабул қилди.

azan.ru нашрининг маълум қилишича, Сонни Билл Вильямснинг ўзи исломни 2008 йилда Сиднейдаги масжидда намоздан кейин қабул қилган. Офа Туунгафаси ва унинг жамоадошлари террорчилик ҳужуми чоғида яраланган жабрланувчиларнинг ҳолидан хабар олиш ва уларга далда бериш мақсадида касалхоналарга боришган. Яраланганлар уларнинг қўлларини сиқиб, суратга тушишган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган барча масжид имом-хатиблари ва имом-ноибларининг доимий равишда малакаларини ошириб бориш, уларнинг илмий салоҳияти ва касбий маҳоратларига алоҳида эътибор бериб, ошириб боришга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида жорий йилнинг 26 март кунидан бошлаб йигирма кунлик малака ошириш ўқув-курслари бошланди.

Малака ошириш ўқувлари Андижон шаҳридаги Траспорт коллежида ташкил қилинган бўлиб, унда Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси ва бир қатор олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари белгиланган мавзулар бўйича маъруза ва семинарларни олиб бормоқдалар.

 

ЎМИ Масжидлар бўлими

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббуси ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Шундай савобли ишларга ҳисса қўшишни ўзига мақсад қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари ушбу ишларда жонбозлик кўрсатмоқдалар. Жумладан, Диний идора бўлим мудири Рустам Жамилов Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган 274 -сонли мактабга бадиий ва илмий китоблар жамланмасини ҳадя қилди. Кутубхона мудири Камолиддин Маҳкамов эса Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 122-сонли мактабга диний-маърифий китоблар жамланмасини тақдим этди.
Биз фарзандларимизни китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирамиз ҳамда келажаги порлоқ бўлишига замин яратамиз, - дейди Р.Жамилов.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 март куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини яхшилаш ва китобхонликни тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган эди.
Мактаб маъмурияти совғалар учун чуқур миннатдорчилик билдирди, қилинган мурувват ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга катта туртки бўлишини таъкидланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top