muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 28 март 2019 00:00

Энг яхши ҳадя гўзал ахлоқдир

Фарзанд қалб райҳони, гулидир. Гўдаклигида уларни  эркалаб кўнглимиз ҳузур қилса, улғайганида ёрдамларига муҳтожлик сезамиз. Дунёдан ўтганимиздан кейин эса номаи аъмолларимизга улар қилган солиҳ амаллар ва дуолари баракотидан узлуксиз савоблар етади.

 Аллоҳ таоло: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...” дея марҳамат қилган(«Каҳв» сураси, 46-оят).

Ота фарзандларига меҳр кўрсатиши, ҳамда яхши тарбия бериб, илм ўргатиши зарур бўлади. Шунингдек, уларга ҳар фурсатнинг қимматли эканини тушунтириши, ҳалол, пешона тери билан топилган ризқ-рўзда барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилиши ҳамда  қизиқишию хоҳишларига қараб касб-ҳунарга йўналтириши мақсадга мувофиқдир.  Шундагина фарзанд отанинг айтган йўлидан юради ва унинг насиҳатларидан таъсирланиб, ўгитларига амал қилади.

Таътил пайтларида ҳам болаларни бўш қўймаслик, яъни гиёҳвандлик каби зарарли иллатлар ва турли ёт ғоялар тузоғига илинишидан ҳимоя этишимиз талаб қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ёшлик вақтингизни кексаликдан олдин, бўш вақтингизни  машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!”(Имом Термизий ривояти).

Фарзанднинг ахлоқ-одобига ёмон дўсту ёрларнинг ҳам таъсири катта бўлади. Уларнинг нима билан машғуллиги, атрофидаги суҳбатдошлари ким эканига эътиборли бўлиш жуда муҳимдир.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбат мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчига ўхшайди. Сен мушки анбар сотувчининг мушкидан сотиб олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўласан, темирчининг босқони уйингни ёки кийимингни ёндириб юбормаган тақдирда ҳам, унинг бадбўй ҳидидан кўнглинг беҳузр бўлади”.

Фарзандларимиз тўғри эътиқодда, эзгу фазилат ва юксак ахлоқли бўлиб тарбия топиши учун уларни ҳалолликка, эзгу ишларга, инсоф-адолатга, бошқаларга яхшилик қилишга чорлаш зарур. Донишманд халқимиз: «Қуш уясида кўрганини қилади”, дея бежиз айтмаган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳар бир даврнинг ўрганилиши лозим бўлган илму ҳунарлари бўлиб, уни пухта билиш ва эгаллаш шу даврда яшаб турганларнинг вазифасига киради. Оилада фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини унутмаслигимиз ҳамда уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз лозим.

Чиройли одоб-ахлоқ инсондаги барча фазилатларнинг асосидир. Яхши инсонларнинг ёрдами доим оиласига, жамиятга ва Ватанига етиб туради. Демак, Юртбошимиз айтганларидек: “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хавф-хатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги лозим”.

Ёшларни кийиниш, еб-ичиш, бошқалар билан муомалада бўлишда бой миллий қадриятларимиз руҳида камолотга етказиш, айниқса, муҳимдир. 

Фарзандлар бизнинг меросхўрларимиз, улар биздан сўнг амалларимизнинг давомчиларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Инсон вафот этгач, унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса сабаб унинг номаи аъмолига узлуксиз савоб етиб туради. Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) болаларни эркалаб, “Улар - жаннат райҳонларидир”, деганлар. Улар бундай мақомга муносиб бўлишлари  учун эса чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб тарзда тарбияланиши лозим.

 

Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ, 

Шайхонтоҳур тумани «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом-хатиби

Четвер, 28 март 2019 00:00

Илтимос қалбни қотирманг

Шу кунларда атрофдаги ва ижтимоий тармоқларда бўлаётган кўплаб холатлар менда бази саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бугун қайсики сайт, телеканал ёки ижтимоий тармоққа кўз ташласангиз ҳақорат қилди, сўкди, дўппослади, пичоқлади, ўлдирди каби эшитганда одамни сескантирадиган янгилик, овозли хабар ёки видеороликлар оқимининг гувоҳи бўласиз. Улардан хафсалангиз пир бўлиб бошқасига ўтсангиз одоб, миллий қадриятларни четга суруш тугул иймонингизни заифлаштирадиган турли махсулотлар, шоулар, янгидан янги либос ва кераксиз буюмлар, фахш ва баҳаёликни тарғиб қилувчқи  рекламалар уммонига ғарқ бўласиз. Афсуски, бу “хабарлар”нинг инсонларга фойдасидан кўра кўпроқ зарари тегмоқда. Қандай? Жавоби, қисқа ва лўнда: бу каби янгиликлар, рекламалар ва айниқса аудо-видео махсулотлар инсонларнинг дийдаси қаттиқ, такаббур, кераксиз орзулар оғушидаги тайёр истеъмолчи манқуртга айланишига олиб келади. Хўш бунинг нимаси хатарли? Бу саволга жавобни улуғ аллома ватандошимиз Абу Лайс Самарқандийнинг асарларидан топдик.

Қуйида Абу Лайс Самарқандий ҳазратларининг асарларида келтирилган бази ўгитлар билан яқиндан танишинг. Зеро, бу ўгитлар бугун аксариятимизга сув билан ҳаводек зарур:  

  • Ҳакимларнинг сўзи аҳмоқлар учун эрмак, овунчоқдир ва аҳмоқларнинг сўзи ҳакимлар учун ибратдир. 
  • Хатоларнинг оналари уч нарсадир: ҳасад, ҳирс ва кибр. Кибрнинг асли иблисдандир. У такаббурлик қилган вақтда сажда қилмоқдан бош тортди. Сўнгра лаънатланди. Аммо ҳирс Одам алайҳиссаломдан эди. Унга айтилган эди: «Жаннатнинг ҳаммаси сенга ижозатдир, фақат бу дарахтга яқинлашма». Уни ҳирс кўтариб, дарахт мевасидан емоқликка ундади ва жаннатдан ҳайдатди. Ҳасаднинг асли Одамнинг ўғли Қобилдан эди. Укасини ўлдирган вақтда кофирга айланди ва унинг жойи абадий дўзах бўлди. 
  • Ким орзуларни камайтирса, қисқа қилса, Аллоҳ таоло тўрт хил кароматлар билан ҳурмат қилади;

Биринчиси, тоатда кучли қилади. Чунки банда яқинда ўлимини билса, унга юзланадиган нохуш нарсаларга аҳамият бермайди. Тоатларда кўп ҳаракат қилади ва амалларни кўпайтиради.

Иккинчиси, ғамларини камайтиради, чунки яқинда ўлишини билса, рўбарў келган кароҳиятларни ўлим санамайди.

Учинчиси, ози билан рози бўлади. Чунки яқинда ўлимини билса, кўп нарсани талаб қилмайди. Унинг ғами фақат охират ғами бўлади.

Тўртинчиси, унинг қалбини нурли қилади. 

  • Қалбинг нури тўрт нарсадир: Биринчиси, оч қорин (рўза). Иккинчиси, солиҳ дўст. Учинчиси, ўтган гуноҳларни эслаш. Тўртинчиси, қисқа орзу.

Албатта, кимки орзуни кўп қилса, тўрт нарса билан азобланади. Биринчиси, итоатлардан дангаса бўлади. Иккинчиси, дунёда ғамлари кўпаяди. Учинчиси, мол йиғишга ҳарис бўлади. Тўртинчиси, қалби қаттиқ бўлади. 

  • Қалбнинг қаттиқ бўлиши тўрт нарсадан:

Биринчиси, тўлиб қолган қорин.

Иккинчиси, ёмон дўстнинг суҳбати.

Учинчиси, ўтган гуноҳларни унутиш.

Тўртинчиси, узун орзулар.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Ҳозирги кунда мактаб кутубхоналари давлатимиз томонидан анчайин бойитилмоқда. Шубҳасиз, китоблар ўқувчилар тарбияси, хулқ-атвори учун энг зарурий манба бўлади. Зеро, муборак динимизни тўғри ўрганган ҳар бир ёш йигит-қиз руҳий баркамол, маънавий баркамол инсон бўлиб етишади.
Мана шундай мақсадларни кўзлаган давлатимиз Раҳбари томонларидан китобхонлик маданиятини ошириш ва китоб мутолаасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу хайрли ишнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаган имом-хатиблар томонидан билим юртларига китоблар совға қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти Бўз тумани бош имом-хатиби Абдулаҳад домла Тожибоев томонидан ўзи таълим олган мактабнинг ахборот ресурс марказига ўзининг шахсий кутубхонасидаги адабиётлардан туҳфа этди. Ўқитувчилар ушбу китобларни севиб мутолаа қилишларини изҳор қилишди.
Имом-хатиблар томонидан китоблар совға қилиш давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Президент ташаббусини ўзига шарафли бурч деб билган Тошкент шаҳри Чилонзор тумани бош имом-хатиби ва “Катта Қозиробод” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ўзи таълим олган мактабнинг ахборот-ресурс марказига ўзининг шахсий кутубхонасидан китоблар совға қилди. Тақдим этилган адабиётлар орасида диний-маърифий ва илмий-оммабоп китоблар борлигини алоҳида таъкидлаш керак.
Ушбу китоблар мактаб ўқувчиларининг янада чуқур билим олиши, дунёқараши кенгайтиши, маънавиятини ривожланишга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим.
Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади.
Барчани шундай савобли ишда фаол иштирок этишга даъват этамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китобхонлик маданияти ва мутолаасини ошириш ташаббус энг аввало, ўсиб келаётган ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.
Шундай савобли ишларга ҳисса қўшишни ўзига шиор қилган Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мудири Жамол домла Мавлянов ўзи ўқиган Бухоро шаҳар 17-ўрта таълим мактабига бадиий ва илмий китоблар жамланмасини ҳадя қилди.
Биз фарзандларимизни китоб мутолаасига жалб этиш орқали уларнинг фикрлаш доирасини кенгайтирамиз ҳамда келажаги порлоқ бўлишига замин яратамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top