muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Аллоҳ таоло йўқотган нарсангнинг ўрнига бошқасини беради.

Аллоҳ таоло сени Ўз фазлида билан бой қилади.

Аллоҳ таоло сенинг синган қалбингни тузатади.

Сенинг заифлигингни, ҳожатингни, тадбиринг озлигини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат Унга суян, Ундан ёрдам сўра!

“Фикр дурдоналари”

*****

Барчамизнинг бошимизда айблардан иборат юкларимиз бор. Агар Аллоҳ таолонинг беркитиши бўлмаганда эди хижолатдан бўйинларимиз синиб кетган бўларди.

“Фикр дурдоналари”

*****

Поябзалим йўқлиги учун йиғлаётган эдим, икки оёғи йўқ одамни кўриб, йиғидан тўхтадим. Менга иккита оёқ берган Аллоҳга ҳамд бўлсин!

“Фикр дурдоналари”

*****

Ер юзида қанчадан қанча биров танимайдиган кишилар бор. Улар самода машҳурдирлар. Меъёр тақводадир, куч-қувватда эмас.

“Фикр дурдоналари”

*****

Оламни ўзгартиришга уринардим. Аммо ҳозир бир ҳикмат мени қуршаб олди. Энди ўзимни ўзгартиришга уринаман.

Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ғазабланиб турганингда, гапирма. Гоҳида (бундай пайтда) сўзинг тўғри бўлиши мумкин, лекин услубинг хато бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар бўрилар билан юзма-юз келиш қўлингдан келмаса, ўрмонга кирма.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бобонг улуғ инсон бўлган бўлса-да, агар сен ҳеч ким бўлсанг, бундан нима фойда?!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Етарлича босим остида нарсаларнинг ва инсонларнинг ҳақиқий маъдани зоҳир бўлади.

Маҳмуд Ироқий

*****

Агар шакл ва жисм руҳдан муҳимроқ бўлганида, руҳ самога кўтарилмаган, жисм эса тупроқ остига кўмилмаган бўларди.

“Фикр дурдоналари”

*****

Фақат сирингни сақлайдиган, айбингни яширадиган, яхшиликларингни ёядиган, солиҳ амалларга чорлайдиган киши билан дўст бўл!

“Фикр дурдоналари”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Середа, 23 Январь 2019 00:00

Белбоғ

Белбоғ – тўртбурчакли мато.

Эркаклар уни белига боғлиб юргани учун ҳам “белбоғ” деб аталади. Нима учун белбоғ қалин арқондан ёки нисбатан ингичкароқ калавадан тайёрланмаган? деб ҳеч ўйлаганмисиз?..

Халқимизнинг донишманлигини қарангки, боболаримиз асл вазифаси бугунги қайиш – камар бўлган белбоғдан жуда ҳам омилкорлик билан фойдаланганлар.

Хўп, ўша омилкорлик нималарда кўринади?

Демак, белбоғ:

белда шимни маҳкам ушлаб турган;

кези келганда жомадон бўлган;

ўрни келганда дастурхон бўлган;

сафарда баъзида салла;

гоҳида жойнамоз вазифасини бажарган;

зарурат туғилганда арқон вазифасини ўтаган;

иссиқда соябон бўлган;

қўл ювганда дастрўмол бўлган;

йўлда олиб кетилаётган таомлар устига чанг қўнмасин учун ёпишга бирор нарса топилмай қолганда ҳам белбоғ қўл келиб турган.

Баъзи кишилар ушбу атаманинг унчалик фаҳмига бормасдан атиги биттагина маъносига ишора қилиб ишлатаётган “белингда белбоғинг борми?” ибораси аслида ана шунча нарсага тайёргарлигинг борми? деган маънони англатади.

Гувоҳи бўляпмизки, халқимизнинг тутган буюмлари, кийган кийимлари ва бошқа ҳамма-ҳамма ишлари ва тутумларида муқаддас динимиз талаб қилган поклик,  сертараддулик, омилкорлик каби фазилатлар мужассам экан...

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим ИНОМОВнинг Ўзбекистон халқаро ислом академиясига малака оширишга келган 8-гуруҳга ўқиган маърузасидан.

23.01.2019

Индонезиянинг Матарам шаҳридаги маҳаллий масжидда имо-ишора тили таржимонларини тайёрлаш бўйича лойиҳа ташкил этилди. Бундан мақсад сифатида эшитиш ва гапириш билан боғлиқ ногиронлиги бўлган шахсларга Қуръон мусобақасида иштирок этишда кўмак кўрсатиш экани айтилмоқда.

Ушбу лойиҳа бугунги кунда масжидда фаолият юритаётган беш нафар тажрибали сурдо таржимонлар томонидан ўтказилмоқда. Ат Тақва Катта масжиди ходимлари Қуръонни ёд олиш ва тиловат қилишни истовчиларга кўмак бўлиши ҳақида таъкидлаб ўтишган. Бунда мусобақа иштирокчиси қўл ҳаракатлари ёрдамида ёд олган сураларини айтиб беради.

Маълумот учун, дунёда 137 та имо-ишора тиллари бўлиб, улар бир биридан фарқ қилиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Середа, 23 Январь 2019 00:00

Солиҳлар ҳаётидан ажиб бир дарс

Кунларнинг бирида Ҳорун ар-Рашид Мадинаи Мунавварага сафар қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига қараб юриб борган эдилар, шогирдларига дарс бериб турган Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ уларни кутиб олдилар.

Ҳорун ар-Рашид Имом Молик ҳазратларига қараб, илм ўргангани олдингизга келсак зарар бериб қўямиз, шунинг учун бизнинг ҳузуримизга келиб дарс бермайсизми? дедилар.

Имом Молик эй Ҳорун илм келмайди, илм учун борилади, дедилар.

Ҳорун тўғри айтдингиз, албатта сиздан илм олгани масжидга келаман, дедилар.

Шунда Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ агар дарсга кеч келсангиз биринчи сафда ўтиришингиз учун сиз учун бир инсонни турғизиб жой қилиб бермайман, дедилар.

Ҳорун тушиндим Имом жаноблари, дедилар.

Аср намозидан сўнг Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ масжидда талабаларга дарс бериб ўтирган эдилар, Ҳорун ар-Рашид атрофида бир неча кишилар билан кириб келдилар. Ҳизматкорлар Ҳорун ар-Рашидни ўтиришлари учун бир курси келтирдилар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ курсисида ўтирган Ҳорунга қараб, айтаётган ҳадисларини тўхтатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар деб, гапни бурдилар. “Кимки Аллоҳ учун камтарлик қилса, унинг даражасини кўтаради. Кимки такаббурлик қилса, уни хор қилади”, дедилар. Ҳорун ар-Рашид ўша заҳотиёқ Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳни ҳадисни нима мақсадда айтганларини тушиндилар ва хизматкорларига курсини олиб ташлашни буюрдиларда, бошқа талабалар қатори ерга ўтириб олдилар.

Бу ҳолат буюкларнинг олимларга нисбатан ҳурамати ва итоати бўлса, иккинчи томондан уларнинг ўта камтар инсон бўлганликларига ҳам далилдир.

Манбалар асосида Тошкент шаҳаридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яхё

Аввалроқ, қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан ушбу мамлакатга ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик.

Жорий йилнинг 21 январь куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Истанбул муфтийлиги вакиллари ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. У ерда Топкапи Саройи кутубхонасининг ходими Гоксел Эрдоған ва Топкапи Саройи қўлёзмалар кутубхонаси ходими Рамазан Актемур билан учрашув ўтказилди.

Сарой кутубхона ходими кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг факсимил нусҳалари билан таништирди. Учрашувда нодир қўлёзмаларни сақлаш, уларга ишлов бериш масалалари юзасидан муҳокама ўтказилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан Топкапи Саройи кутубхонасига Ҳазрати имом ва ЎМИ фотосуратлари тўплами ҳадя қилинди.

Ташриф тафсилотларини бизнинг порталимизда кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top