muslim.uz

muslim.uz

Аввалроқ, Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири доктор Солиҳ Бентин таклифига асосан, «Ҳаж–2019» мавсумининг  ташкилий ишларини келишиб олиш мақсадида “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Кеча, 21 январь куни, соат 11:00 да Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари  ва делегация аъзолари  Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири ўринбосари билан учрашув ўтказдилар.

Учрашувда Ҳаж-2019 мавсуми юзасидан имзоланиши лозим бўлган шартнома шартлари ўзаро муҳокама қилиниб, ишчи гуруҳининг йиғилиши ҳам ўтказилди. Ушбу учрашувда шартноманинг бандлари муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур учрашувда томонлар ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалаларини келишиб олишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муқаддас Қуръони каримнинг папирус ўсимлигидан тайёрланган қоғозларга ёзилган қўлёзма нусхаси Жазоир Республикасида ўтказилган фестивал доирасида оммага намойиш этилди. Бу ҳақда al-Masa нашри хабар берди.

Ушбу Мусҳафнинг ёши минг йилдан ошиқроқ бўлиб, бу ҳақда ушбу қўлёзманинг эгаси маълум қилган.

Кенчела вилояти ал Завя қишлоғида ўтказилган Нур фестивали доирасида қадимий қўлёзма тақдим этилди ва бу жамоатчиликнинг қизиқишига сабаб бўлган. Қўлёзма авлоддан авлодга ўтиб келган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар билан диний-маърифий тадбирлар илк бор ўтган йили Диний идора ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бошланган эди. Кейинчалик Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳам шундай тадбирлар давом эттирилди.

Жорий йилнинг 20 январь куни Самарқанд вилоятида “СИЗ БИЗГА КЕРАКСИЗ!” мавзусида диний-маърифий суҳбат ўтказилди ва маърузаларнинг сурдо таржимаси олиб борилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди мутахассислари ва Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари иштирок этди. Самарқанд вилояти «Хўжа Исҳоқи Вали» жоме масжидида ўтказилган тадбирга вилоятда яшовчи 350 нафар эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахслар таклиф қилинди.

Тадбирда эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар эътиборга, эҳтиромга ҳақли экани, меҳр-оқибат кўрсатиш, қалбларга илиқлик улашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканига алоҳида урғу берилди. 

Сўзга чиққан вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов томонидан инсон мукаррам зот экани, барча башарият бир ота-онадан тарқалгани ҳамда инсонлар яхшилик, эзгу ишларга буюрилгани ҳақидаги панду насиҳатларни келтирди. Бундан ташқари, нотиқлар томонидан илм-маърифат олишга бошқалар сингари эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганларнинг ҳам ҳаққи борлиги, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва муаммоларини ечишда ҳар қандай ёрдамни аямасликка алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда дин ривожи, халқ манфаатлари, юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. Ушбу тадбир ҳам олиб борилаётган хайрли ишларнинг узвий давоми экани эътироф этилди.

Ташриф буюрганлар ичида тўғри йўлдан адашиб, кейин ҳидоят топган кишилар ҳам иштирок этди. Шу нуқтаи назардан, Ислом динининг мазмун-моҳияти, инсонпарварлик ғоялари ва меҳр-мурувватга доим буюриши тўғрисида ҳам сўз юритилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўраев томонидан бугунги кунда амалга оширилаётган хайрия ишлари, саховат тадбирлари ҳақида маълумот берилди ҳамда мана шундай инсонлар доимо Фонднинг кўмагида экани айтиб ўтилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова ушбу йўналишда Диний идора ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган шахсларга совғалар топширилди. Тадбирдан кейин вилоятдаги кўр, кар, соқов бўлган, жисмоний нуқсони бўлган ногирон кишиларнинг уйларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Келгусида шундай диний-маърифий тадбирлар Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларида манзилли ўтказилишига келишиб олинди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Аллоҳнинг неъмати

Аллоҳнинг тоатига ва Аллоҳнинг муҳаббатига чорлайдиган эрнинг муслима аёлга насиб этиши Аллоҳ таборака ва таолонинг ўша аёлга ато этган катта неъматидандир.

Муҳаммад ибн Муҳаммад Мухтор Шинқитий

*****

ҚАТТИҚ ИЛТИМОС

Агар қиёмат куни жаннатда орангизда мени топмасангиз, «Эй Роббим, фалон банданг Сени бизга эслатиб турарди» деб Аллоҳдан (гуноҳкор, ожиз банда бўлмиш) мени сўранглар, илтимос!

Аллоҳ таоло барчамизни Жаннатига ҳисобсиз ва азобсиз кирувчилар қаторида қилсин, омин!

*****

Бир кунда беш марта таҳорат қиладиган қизнинг макияж (пардоз-андоз)га эҳтиёжи тушмайди.

Можид Закий

*****

Кўчада кета туриб, қўлимиздаги бўшаган баклашка ва бошқа ахлатларни ерга ташлаётганимизда, уларни отамиз тенги инсонлар тозалашини унутмайлик!

*****

  • Бутун оламга нисбатан сиз оддий бир шахссиз.
  • Қайсидир шахс учун эса бутун бир оламсиз.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Бой инсонга айланганингдан кейин “яқинларинг” жуда ҳам кўплиги маълум бўлади.

Анис Мансур

*****

Эга бўлган нарсангнинг ҳаммасини кўрсатавермаслигинг ва билган нарсангнинг ҳаммасини гапиравермаслигинг ҳикматдандир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ватанлар урушлар сабабли вайрон бўлиб, ўлмайди. Балки улар ўз фарзандлари, фуқароларининг хиёнати сабабли ўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Зарафшон шаҳри ёшлари томонидан янги — «Текин такси» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа доирасида шаҳардаги қариялар, ногиронлиги бор шахслар, ёш болали ва ҳомиладор аёлларга кўмак бериш ниятида бозор, касалхона ҳамда жомеъ масжидлари ёнига бепул таксилар ташкил этилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри маълум қилди.

«Бир кунда 500 дан ортиқ аҳолига беминнат ёрдам кўрсатилди. Лойиҳа ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилади», — дейди Саидов.

«Умидли юлдузлар» МЧЖ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳага кўра, ҳар бир таксига бир нафардан Ёшлар иттифоқи фаоли бириктирилади.

«Шу кунларда ҳаво совуқ. Бундай вақтда кўчада пиёда юриш нуронийлар, болали аёлларга, беморларга оғирлик қилади. Бу лойиҳа биз қариялар учун айни муддао. Барака топишсин!», — дейди Рустам ота Салимов.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top